Ўзбекистон: Украинанинг жанг кечаётган ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб чиқиш бошланди ва машина ҳайдаш энди қийинлашадими? O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, Skrinshot/TIV
- Жанг ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб чиқиш бошланди - ТИВ;
- Йўл ҳаракатини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди;
- Яна 2,2 миллион доза Модерна келтирилди;
- Ўзбекистондаги аёллар сони маълум қилинди;
- Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари доимий иш режимига қайтади;
- "Дунё" номини яна "Жаҳон"га ўзгартирмоқда;
Сумидан эвакуация
23 нафар ўзбекистонлик талаба Украинанинг жанг ҳаракатлари кечаётган Суми шаҳридан халқаро гуманитар ташкилотлар шафелигида эвакуация қилинган.
Улар автобусда Львов шаҳрига юборилган.
ТИВ, эндиликда, асосий эътибор уруш ҳаракатлари кузатилаётган чекка ҳудудларда қолиб кетган ватандошларни олиб чиқишга қаратилаётганини маълум қилган.
Вазирлик 8-9 март кунлари яна 250 нафар Ўзбекистон фуқароси Польша орқали олиб келинганини хабар этган.
Шу тариқа, Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 5,037 нафарга етган.
Бундан аввал ТИВ Ўзбекистон дипломатлари Молдовага қочиб ўтган ватандошларни эвакуация қилиш режаси устида ишлаётганини хабар қилган эди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон матбуотини русофобияда айблаган россиялик журналистга чора кўриш талаб қилинмоқда. Видео
- Ўзбекистон: Рекламалар давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилади ва ўзбекистонликларнинг қанчаси ишсиз?
- Бугун 8 март. Ажиб олам: Бу дунё аёллар учун мўлжалланмаганми?
- Ўзбекистон: Россиядан пул ўтказмалари қанчага камаяди ва Кремль ўзбек матбуоти овозини ҳам бўғмоқчими?
"Машина ҳайдашда ўпкани босинг"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Депутат Расул Кушербаев автомобиль ҳайдашда масъулиятни "ўн карра" оширувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган.
Депутатнинг ёзишича, "Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасида фуқаролар манфаатларининг устуворлиги, пиёда ва велосипед ҳаракатланиши учун шароит яратиш, очиқ ва жамоатчиликни ўз вақтида хабардор этиш кабилар йўл ҳаракатини ташкил этишнинг асосий принциплари этиб белгиланмоқда.
Шу билан бирга, ушбу қонун асосида амалдаги "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Кушербаев янги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати ва ҳайдовчилик ҳуқуқини олгандан кейин транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати белгилашдан иборат эканини маълум қилган.
"Кўриб турганимиздек, бундан буён автомобиль ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Масъулият бир эмас, ўн баравар ошади. Албатта масъулият ошиши ҳайдовчилар билан бир қаторда назорат қилувчи органларнинг ходимларида ҳам параллель равишда кечмоғи лозим.
Шу боис, ўртоқлар автомобиль ҳайдашда "ўпкани босиб", ҳушёрликни оширишни ҳозирданоқ бошлайверайлик", дея ёзган у.
Яна келган Moderna

Сурат манбаси, Reuters
9 март куни Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,2 миллион дозадан иборат Moderna вакцинасининг навбатдаги йирик партияси олиб келинган.
ССВ, шу тарзда, мамлакатда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 59 миллион дозадан ошганини хабар қилган.
Вазирликнинг маълум этишича, шу вақтга қадар оммавий эмлаш жараёнларида 46 миллион дозадан зиёд вакцина қўлланилган.
Айни вақтда мамлакатнинг вакцина захираси 12,7 миллион дозани ташкил этмоқда.
Аёллар сони қанча?

Сурат манбаси, BBC O'zbek
7 март соат 18:00 ҳолатига кўра, мамлакатда доимий яшовчи аёллар сони 17,587,908 нафарга етди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.
Маълум қилинишича, аёллар мамлакат доимий аҳолисининг 49,7 фоизни ташкил этмоқда.
Январь ойида қўмита мамлакат доимий аҳолиси 35,2 миллиондан ошиб, Ўзбекистон аҳоли сони бўйича дунёда 43-ўринни қайд этганини хабар қилган эди.
Бундан аввал қўмита 1991 йилда аёллар сони мамлакат доимий аҳолисининг 50,6 фоизини ташкил этганини маълум, қилган эди.
Одатий иш режимига қайтиш

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
15 мартдан бошлаб Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти одатий иш режимига ўтказилади, дея ёзмоқда Тожикистоннинг "Ховар" Миллий ахборот агентлиги.
Агентликнинг билдиришича, Тожикистон ҳукумати мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгани ортидан шундай қарор олган.
Эндиликда, кўрсатилган санадан бошлаб Тожикистон ҳудудига киришда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги сертификат тақдим этилганда, қўшимча вирусологик текширувдан ўтиш талаб этилмайди.
Шу билан бирга, Тожикистон Ўзбекистон соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари ҳамда МДҲнинг бошқа давлатлари томонидан COVID-19'га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни расман тан олиши ҳам хабар қилинмоқда.
"Жаҳон"га қайтаётган "Дунё"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги ўзининг аввалги номи - "Жаҳон"га қайтиш қарорини эълон қилди.
Агентлик бу қарорни "шу номдаги ёки унга ўхшаш номларга эга бўлган кўплаб тижорий ва бошқа тузилмалар пайдо бўлгани" билан изоҳлаган.
"Агентлик веб-сайтининг Интернетдаги электрон почта манзилларига, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги каналларга ўзгартиришлар ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади", дейилади расмий хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















