Ўзбекистон: Россиядан пул ўтказмалари қанчага камаяди ва Кремль ўзбек матбуоти овозини ҳам бўғмоқчими? O'zbekiston, yangiliklar

poland

Сурат манбаси, "Dunyo" AA

  • ТИВ Украинадан эвакуацияга доир янги маълумотларни улашди;
  • "Россия 24" ўзбек матбуотини танқид этиб чиқди;
  • Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми камайиши кутилмоқда;
  • Маҳкум қамоқдан туриб экстремистик гуруҳ тузгани аниқланди;

Жанг вақтидаги эвакуация

28 февралдан 7 мартга қадар Украинанинг уруш бўлаётган ҳудудларидан 4,359 Ўзбекистон фуқароси олиб келинган.

ТИВ 6-7 март кунларининг ўзида Польша орқали 674 нафар ўзбекистонлик қайтарилганини хабар қилган.

Вазирлик Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 350 дан ортиқ фуқароси қолаётгани, 7 март куни ҳам яна бир рейсни амалга ошириш режалаштирилганини қўшимча қилган.

ТИВ Ўзбекистон дипломатлари эвакуация ишларини Украинанинг жанглар давом этаётган ҳудудларида ҳам амалга ошираётганини маълум этган.

Дипломатлар Украинанинг турли нуқталарида, шу жумладан, жанг ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларда бўлиб, фуқароларимизни эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқдалар.

Бир вақтнинг ўзида ТИВнинг "Дунё" ахборот агентлиги 6 март куни Украина ҳудудида 5 нафар ўзбекистонлик юк машиналарида қолиб кетганини ёзган.

"Вазият барқарорлашиб, хавфсиз ўтиш имконияти юзага келгач, уларнинг чегарага етиб келиши кутилмоқда", дейилади агентлик хабарида.

Алоқадор мавзулар:

"Россия 24" танқиди

russia

Сурат манбаси, Skrinshot/Rossiya24

"Россия 24" давлат телеканали Украинадаги уруш тафсилотларини ёритиб бораётган айрим Ўзбекистон ОАВ ва блогерларини қоралаб чиққан.

Телеканал эфирга узатган лавҳада россиялик журналист Роберт Францев Ўзбекистонда оммабоп Kun.uz, Gazeta.uz нашрлари ва блогер Никита Макаренкони тилга олиб, уларни Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини Кремль талқинидан ўзгача ёритиш орқали Ўзбекистон-Россия муносабатларига зарар етказиш, миллатлараро нафрат қўзғашга уринишда айблаган.

"Россия 24"нинг бу лавҳаси Ўзбекистон жамоатчилик фаолларининг кескин танқидига сабаб бўлган.

Кўплаб фаол блогер ва журналистлар Россияда сўз ва матбуот эркинлигини кенг кўламда бостираётган Кремлни "ўзбекистонликларнинг ҳам овозини ўчиришга уриниш"да айблаганлар.

21 фоизлик қисқарув

remittance

Сурат манбаси, BBC O'zbek

2022 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга қисқаради, дея прогноз қилмоқда Жаҳон банки.

Банкнинг янгиланган прогнозларига кўра, жорий йилда Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми, умумий ҳисобда, 25 фоизга камаяди.

Жаҳон банки бу ҳолатни Украина инқирози сабаб Россия иқтисодиётининг чўкиши ва рублнинг кескин қадрсизланиши билан изоҳлаган.

Банк маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1-3-чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмаларининг 55 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Қамоқдан тузилган гуруҳ

Сирдарёда олти йиллик озодликдан маҳрум этилиш жазосини ўтаётган маҳкум қамоқдан туриб экстремистик ғояларни тарқатиб келаётгани айтилмоқда.

ЎзАнинг ёзишича, экстремистик гуруҳ тузган 31 яшар маҳкум халқаро террорчи ташкилотга аъзолиги учун озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб келаётган бўлган.

"У республиканинг турли вилоятларидаги жазони ижро этиш манзил колонияларида сақланаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликда юрган фуқаро билан алоқада бўлиб, бузғунчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланган ва келажакда Суриядаги жангарилар сафига чиқиб кетишни режалаштирган", ёзган ЎзА.

Бунинг ортидан ДХХ ва ИИВ Сирдарё вилояти бўйича бошқармалари ҳамкорлигида 31 нафар фуқаронинг жазони ўташ ва яшаш манзилларида тезкор-тергов ҳаракатлари амалга оширилган.

"Аниқланган ашёвий далиллар ва электрон ташувчи мосламаларда сақланган материалларда ақидапарастлик ғоялари мавжудлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитадан олинган экспертлик хулосасига биноан, Сирдарё вилояти ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 244 прим 1-моддаси 3-қисми "а, г" бандлари билан жиноят иши қўзғатилди", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek