Ўзбекистон: нега ҳамма рубль олмоқда, Украинадан эвакуация давом этмоқда ва мамлакат газдан воз кечадими? O'zbekiston, yangiliklar

poland

Сурат манбаси, TIV

Ўқилиш вақти: 3 дақ
  • ТИВ Украинадан эвакуацияга доир янги ахборот берди;
  • Ўзбекистон банклари бир кунда 60 миллиондан зиёд рубль сотди;
  • Болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилди;
  • UNICEF Афғонистонга $2,3 миллионлик ёрдам юборди;
  • Ўзбекистон газ, кўмир ва нефтдан воз кечиш режасини эълон қилди;

"Барча фуқаролар қайтарилади"

4 мартга қадар 2,579 нафар ўзбекистонлик Украинадан Польша орқали қайтариб олиб келинган.

ТИВ шу кун ҳолатига кўра, Польшада 1,480 нафар Ўзбекистон фуқароси қолаётганини маълум қилган.

"Улардан 700 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 780 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган", дейилади вазирлик хабарида.

Польшага ўтган Ўзбекистон фуқаролари - видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Шу вақтга қадар бўлган барча 11 та эвакуация рейслари бепул амалга оширилган.

ТИВ Польшанинг Катовице аэропортида ўзбекистонликлар учун ҳамма шароитлар яратилгани, улар иссиқ овқат билан таъминланганини билдирган.

"Шаҳар маъмурияти томонидан аэропорт биносига кириш ва йўловчиларни рўйхатга олиш учун соддалаштирилган тизимни ишга туширилган. Жамоат тартиби полиция ва маҳаллий кўнгиллилар томонидан назорат қилинмоқда. Болали аёллар ва кексалар учун махсус коридор ташкил этилган. Барча фуқароларга олдиндан тайёрланган рўйхатлар асосида хизмат кўрсатилмоқда", айтилади расмий хабарда.

Вазирлик барча ўзбекистонликлардан хотиржамликни сақлаш, ваҳимага берилмаслик, провокациялар ва зиддиятлик вазиятларга учрамасликни сўраган.

"Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади", таъкидланади вазирлик хабарида.

Бир вақтнинг ўзида 200 нафарга яқин ўзбекистонлик бошпана излаб Молдовага ўтгани хабар қилинган.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳини шакллантиргани маълум қилинган.

"Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда", огоҳлантирган ТИВ.

Бундан аввал Ўзбекистон расмийлари Украина ҳудудида, илк ҳисоб-китобларга кўра, 4,300 ўзбекистонлик борлигини билдирган эди.

Бир кунда 60 миллион рубль

centralbank

Сурат манбаси, Markaziy bank

Марказий Банкнинг хабар қилишича, ўзбекистонликлар 3 март куни банклардан 60 миллиондан ортиқ рубль сотиб олган.

Банклар эса шу куни аҳолига 5,4 миллион рубль сотган.

3 мартдан Ўзбекистон банклари ўз валюта айирбошлаш шохобчаларида Россия миллий валютасини алмаштиришни бошлаган, ўз навбатида, Марказий банк уларга валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги "мақбул бўладиган фарқ даражасини" сақлаб қолишни тавсия қилган эди.

Марказий банк ушбу қарор рубль айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган бир пайтда "Россиядаги Ўзбекистон фуқароларининг ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларига олиб келаётгани" ортидан олинганини билдирган.

Бироқ иқтисодчилар бу ҳолат Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга жиддий салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантиришмоқда.

"Ватан таянчи" ҳаракати

president

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилди.

Президент Мирзиёев 2 март куни бу борадаги қарорга имзо чеккан.

Адлия вазирлигининг изоҳ беришича, ҳаракат давлат муассасаси ҳисобланиб, мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари муассаса фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Қарорга кўра, мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида 10-11-синф ўқувчиларидан иборат "Ватан таянчи" отрядлари тузилади.

Ўқувчилар унга ихтиёрий аъзо бўлади.

"2022/2023 ўқув йилидан "Ватан таянчи" ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда мактабни аъло баҳоларга тамомлаган ҳар бир "Ватан таянчи" отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.

Тавсияномага эгалар республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади", дейилади расмий изоҳда.

Афғонистонга ёрдам

unicef

Сурат манбаси, UNICEF

UNICEF Термиз орқали $2,3 миллиондан ортиқ қийматдаги инсонпарварлик ёрдами юкланган машиналар карвонини Афғонистонга юборди.

Расмий хабарда 16 та юк машинасига жойланган ёрдам оғир ижтимоий шароитда яшаётган афғонистонлик оилалар учун санитария-гигиена воситалари тўплами ва уй-рўзғорда керак бўладиган хўжалик молларидан иборат экани айтилади.

Углеводород нейтраллиги

gas

Сурат манбаси, Uzbekneftegaz

Ўзбекистон углеводород нейтраллигига эришиш йўлида 2050 йилга бориб, табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечади.

Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 2 март куни маълум қилди, дея ёзмоқда ЎзА.

Хўжаев бундай узоқ муддатни ўсиб бораётган талабни тўйинтириш зарурияти билан изоҳлаган.

"Ўзбекистонда электр энергияга бўлган талабни ғарб мамлакатлари билан солиштирилганда, у кескин фарқ қилади. Чунки иқтисодиётимиз ҳали электр энергияси билан тўйинган эмас. Талабнинг ўсиш суратлари йиллик энг камида 11-12 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Бу 2030 йилга бориб эришиладиган натижалардир. Бу дегани биз ҳозирги кундаги анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтишишимиз жуда қийин", дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган ЎзА.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek