Украина: Ўзбекистон фуқаролари эвакуацияси қандай кечмоқда? Video O'zbekiston, Ukraina, yangiliklar

Сурат манбаси, O'zbekistonning Ukrainadagi elchixonasi
Украинадаги ўзбекистонликларни қайтариш учун 28 февраль куни Польшадан Ўзбекистонга илк учоқ парвоз қилади.
Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хабарда айтилишича, ортга қайтаётган ватандошлардан ҳеч қандай ПЗР-сертификатларини тақдим этиш ва Польшага кириш визасини расмийлаштириш талаб қилинмайди.
26 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 90 нафардан зиёд ўзбекистонликдан иборат илк эвакуация гуруҳи Украинанинг Львов шаҳридан Польша томон йўлга чиққанини хабар қилган эди.
Бундан аввал ТИВ Украина ҳудудида 4,300 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги, фуқаролар рўйхати янада аниқлаштирилаётганини билдирганди.
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши Россия режалагандек кетмоқдами? Дастлабки таҳлил
- Фоторепортаж: 'Путин, урушни тўхтат'. Дунё бўйлаб намойишлар
- Дайжест: Украинадаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади. Ўзбеклар жабрланмаган. Ўзбек зиёлилари мурожаати Кремлга етиб борадими?
- Украина - Россия низоси ўзбек мигрантлари ҳаёти ва ишига энди қандай таъсир қилиши мумкин? Россия, Украина, Ўзбекистон
Бошланган эвакуация

Сурат манбаси, Skrinshot/TIV
ТИВ ҳамкорлар билан амалга оширилаётган кўплаб маслаҳатлашувлардан сўнг Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишнинг энг хавфсиз варианти сифатида Польша танланганини хабар қилган.
26 февраль кунги расмий хабарда Львов шаҳрида диаспора вакиллари билан биргаликда, биринчи навбатда, эвакуация қилинадиган ватандошлар рўйхатини шакллантириш билан шуғулланувчи мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилгани, аммо Украинада умумий сафарбарлик эълон қилиниши туфайли йўлларнинг айрим участкаларининг ёпилиши ушбу масалани ҳал этишни мураккаблаштираётгани айтилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошлардан мамлакат элчихонаси тавсияларига амал қилиш, дипломатларнинг ижтимоий тармоқларда бериб бораётган маълумотларини диққат билан кузатишга чақирган.
"Хавфсизлик нуқтайи-назаридан, иложи бўлса, жанговар ҳаракатлар содир бўлиши мумкин бўлган жойларда кўчага чиқмаслик ва ваҳимага тушмасликни қатъий тавсия қиламиз", билдирган ТИВ.
Вазирлик 27 февраль куни эвакуация ишлари изчиллик билан давом этаётгани, шу куни кечга қадар 600 дан зиёд ўзбекистонлик Польша чегарасига етказилганини маълум қилган.
ТИВнинг "Дунё" ахборот агентлиги 28 февраль куни 560 дан кўпроқ Ўзбекистон фуқароси Польша чегарасини кесиб ўтгани, илк эвакуация рейси амалга оширилиши режалаштирилган Польшанинг Катовице аэропортига 262 нафар ўзбекистонлик олиб келингани ҳақида ёзган.
Агентлик Украинанинг "Краковец" назорат ўтказиш пункти орқали ватандошлар ўтказилишини тезлаштириш мақсадида 7 та автобус ижарага олингани, улар кўмагида шу пайтгача Украина-Полша чегарасига 11 марта қатнов амалга оширилганини қўшимча қилган.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украинанинг барча хавфсиз шаҳарларидан мамлакат ғарбига, жумладан, Львов шаҳрига эвакуация поездлари ташкил этилаётганини билдирган.
Элчихона Украинадаги ватандошлардан ўзи яшаётган темир йўл станцияларига мурожаат қилишни сўраган.
Бундай хабарлардан бирида элчихона ватандошлардан қўнғироқлар жуда кўп экани, ҳар бир мурожаатга жавоб беришга ҳаракат қилинаётганини айтганча, вақтида жавоб берилмаган қўнғироқлар учун олдиндан узр сўраган.
Аёллар ва болалар биринчи

Сурат манбаси, O'zbekistonning Ukrainadagi elchixonasi
Ўзбекистон элчихонаси Украина-Польша чегарасидаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ватандошларга турли тавсия ва ахборот ҳам берган.
Элчихона Украина ва Польша чегарачилари, биринчи галда, аёллар ва болаларни ўтказаётгани, чегарани кесиб ўтиш эса жуда узоқ вақт талаб этаётганини билдирган.
"Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этди. Львовга кўп сонли қўшимча эвакуация поездлари етиб келганини ҳисобга олиб, чегарани кесиб ўтиш вақти чўзилиши мумкин", дейилади элчихона хабарида.
Шунингдек, элчихона чегарани кесиб ўтиш пиёда амалга оширилаётганини маълум қилиб, шу сабабдан ватандошлардан совуқ ҳаво шароитини ҳисобга олишни сўраган.
"Мустақил равишда чегарага етиб бориш имкониятига эга бўлган фуқароларга тўғридан-тўғри чегарага бориш тавсия этилади", қўшимча қилган элчихона.

Сурат манбаси, Skrinshot/TIV
Шу билан бирга, Ўзбекистон элчихонаси эвакуацияга кўмаклашаётган диаспора вакили кўплаб мурожаатларни жисмонан бир ўзи ҳал этолмаслигини таъкидлаган.
"Шу муносабат билан, имкон қадар бир-бирингизга ёрдам беришингизни, юртдошларимизга келишни мувофиқлаштиришда ёрдам берадиган кўнгиллилар гуруҳларини шакллантиришингизни илтимос қилиб мурожаат қилмоқда.
Халқимизнинг миллий анъаналарига асосланиб, юртдошларимиздан, энг аввало, аёллар, болалар, талаба-ёшлар ва кексаларга ёрдам беришларини сўраймиз".
Бир вақтнинг ўзида элчихона хавфсизлик тамойилидан келиб чиқиб, агар ватандошларга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозимлигини билдирган.
Аммо "…Молдовада бизнинг Элчихонамиз мавжуд эмаслиги ва мамлакатнинг авиация майдони ҳаво қатнови учун ёпиқ эканлигини маълум қиламиз", дея огоҳлантирган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















