Ўзбекистон матбуотини русофобияда айблаган россиялик журналистга чора кўриш талаб қилинмоқда Video Ukraina-Rossiya, yangilik

journo

Сурат манбаси, Screenshot/Rossiya 24

Сурат тагсўзи, Роберт Францев
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон жамоатчилик фаоллари ва матбуот вакиллари ўзбек матбуоти ва блогосфераси вакилларини русофобияда айблаб, улар Россияга қарши ахборот урушига қўшилганини даъво қилиб чиққан россиялик журналист персона нон-грата, деб эълон қилинишини сўрамоқда.

Ўзбекистонлик фаоллар таниқли блогер Элдар Асанов бу борада мамлакат ҳукуматига йўллаган мурожаатини оммавий имзолай бошлаганлар.

Мурожаатда, шунингдек, шов-шувли ҳолат бўйича Россия элчихонасидан тушунтириш талаб қилиш ва ўзбек блогер ҳамда журналистлари ҳимояси юзасидан расмий баёнот бериш ҳам талаб этилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Гап нимада ўзи?

Ўтган ҳафта Кремль пропагандаси таянчларидан бўлган "Россия 24" телеканали Украинадаги урушни ёритиб бораётган ўзбек матбуотини Россияга қарши ахборот урушига қўшилганликда айблаб чиқди.

Телеканал эфирга узатган лавҳада "ғарбдан пул олувчи блогер ҳамда псевдожурналистлар" Россия ва русларга нисбатан нафрат қўзғаётгани, икки давлат иттифоқчи муносабатларига путур етказаётгани иддао қилинади.

Ўзбекистонлик фаол журналист ва блогерлар "Россия 24" даъволари ортида Кремлнинг мустақил мамлакатда ҳам ўз цензурасини ўрнатиш истаги турганини таъкидлаганлар.

"Русофобияга минбар бермоқда"

Ўтган ҳафта охирида рус телеканали эфирга узатган "Осиё марказида Роберт Францев билан" кўрсатувида россиялик журналист Роберт Францев Ўзбекистонда оммабоп Kun.uz, Gazeta.uz мустақил нашрлари ва блогер Никита Макаренко Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини қоралаётгани, Россия матбуоти ва рус халқига айбловлар ёғдираётганини иддао қилган.

Россиялик журналистнинг таъкидича, президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон сўзлашувида "Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан тушуниш билан ёндашишини изҳор этган", аммо Ўзбекистондаги ҳамма ҳам ўз етакчисининг "бу доно сиёсатини қўллаб-қувватламаётир".

Шунингдек, журналист Францев таниқли блогер Никита Макаренкони Ғарбга ишловчи шахс ўлароқ тасвирлаб, у россиялик журналистларга нисбатан нафрат қўзғашга уринаётганини даъво қилган.

"Макаренко ўзбек тилини биладими ёки йўқлигини билмайман, лекин инглиз тилини билиши аниқ, чунки ўз хўжайинлари билан гаплашиб туриш керакку. Айтганча, Макаренко, ҳатто, рус пропагандасига қандай қарши туриш бўйича ҳам дарс беради. Бундай буюк гуманистлар билан ҳамма нарса аниқ. Улар билан на рус, на имо-ишора тилида мулоқот қилишдан маъно йўқ", таъкидлайди Францев кўрсатувда.

Бир вақтнинг ўзида, "Россия 24" лавҳасида оммабоп Kun.uz ва Gazeta.uz мустақил нашрлари хорижий ахборот агентликларининг русофоб ва фейк хабарлари учун ўз саҳифаларида минбар бераётгани ҳам иддао этилади.

"Ёки Россияда хорижий агент сифатида тан олинган ва, умуман, мамлакатимиз ҳудудида блокланган энг русофоб ахборот агентликларидан бири - Латвиянинг Медуза нашри ўзининг ёлғон маълумотларини кунига бир неча марта Ўзбекистоннинг Kun.uz портали орқали тарқатаётган вазиятни олсак.

Масалан: Медуза "Кун" орқали минглаб ўзбекларга нима учун Россия Минск келишувларини бажармагани, Донбасс қандай қилиб рус босқинчилари оёғи остида яшаганини батафсил гапириб берди. Gazeta.uz ҳам шунга ўхшаш материалларга тўла", сўзлайди кўрсатув бошловчиси.

Шунингдек, лавҳада ўзбек матбуоти томонидан Украиндаги вазият бўйича бор айбни Россия ва рус халқига тўнкаш миллатлараро, айниқса, русийзабонларга нисбатан нафрат қўзғаётганига ҳам ишора қилинади.

Кўрсатув меҳмони бўлмиш ўзбекистонлик журналист Юрий Черногаев ўзбек матбуотидаги бундай чиқишлар ортидан кўплаб ҳақоратлар олаётгани ва кўчага чиқишга қўрқаётганини даъво қилган.

Фаол Кремль пропагандачиларидан бири ўлароқ кўрилган Роберт Францев ўз кўрсатувида икки ўртада стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик ришталари борлигига урғу берган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, бундай ҳолатлар икки томон муносабатларига путур етказмайдими, дея савол қўйган.

"Дарвоқе, Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида келишувга эга бўлган дўст Ўзбекистон расмийларига савол туғилади: бу каби баёнотлар иттифоқчилик муносабатларига зарар етказмасмикан?".

"Уларга гуллар юборинг"

Албатта, "Россия 24" телеканалида узатилган бу иддаолар ўзбекистонлик фаол журналист-блогерлар томонидан кескин танқидлар билан қабул қилинган.

Фаолларнинг аксар қисми Россиянинг ўзида сўз ва матбуот эркинлигини деярли бўғиб бўлган Кремль энди мустақил Ўзбекистондаги вазиятни ҳам жиловлашга уринаётганини таъкидлаганлар.

Масалан, жамоатчи фаол Азиза Умарова телеканал Ўзбекистон халқини ўз президенти билан қўрқитишга уринганини қоралаган.

Шунингдек, у, аслида, президент Мирзиёев Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига нисбатан тушуниш изҳор этган эмас, балки вазият тезроқ тинчланишига умид билдириб, Ўзбекистон бу масалада вазмин ва бетараф сиёсат юритишини таъкидлаганини эслатиб ўтган.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса Кремль икки ўртадаги битимлар орқали Ўзбекистонда цензура ўрнатишга уринаётганини айтганча, мамлакатда русофобия кучаяётганини даъво қилган журналист Францев ва ўзбекистонлик Юрий Черногаевга ўринсиз хавотири арисин учун гуллар совға қилишни таклиф қилган.

Журналист ва блогер Элдар Асанов бугунги Россия матбуотининг ўзи нафрат ва ёлғон билан тўлиб, савия жиҳатдан Гитлер Германияси ва Шимолий Кореядаги вазият даражасига тушиб қолгани, ўзбекистонликлар ҳам бу пропаганда домига тушиб қолаётганидан надомат билдирган ва россиялик журналистларга профессионал журналистика бўйича бепул курс ўтиб беришга тайёр экани ҳақида ёзган.

Бир вақтнинг ўзида, Россиянинг пропаганда телеканаллари эфирини Ўзбекистонда тақиқлаш ва "Россия 24" даъволарига расмий муносабат билдиришга чақирувлар ҳам янграган.

Ҳукуматга мурожаат

bloger

Сурат манбаси, Shaxsiy arxiv

Сурат тагсўзи, Элдар Асанов.

8 март куни Элдар Асанов "Россия 24" билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳукуматга очиқ мурожаат эълон қилган.

Мурожаатда Асанов "Россия 24" лавҳасини Ўзбекистондаги сўз эркинлигига қарши ахборот хуружи, дея атаган.

"РФнинг давлат канали - "Россия 24" мухбири Роберт Францев ўзбекистонлик блогер Никита Макаренкони, Kun.uz ва Gazeta.uz нашрларини гўёки Ғарб махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишда ва "аксилрус кайфиятларини алангалатиш"да айблади. Кремлпараст милитаристик "Военний обозревател" Телеграм-канали ҳеч қандай далил-исботсиз ўзбек ижтимоий тармоқ фаоллари гўёки Ғарб ва Украина махсус хизматлари раҳбарлиги остида Россияга қарши ахборот хуружи олиб бораётганини ҳамда "Тошкент ва Москва ўртасига рахна солаётган"ини айтди.

Ўзбекистондаги сўз эркинлигига бундай жирканч ҳамла жавобсиз қолиши мумкин эмас», дейилади мурожаатда.

Мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистон зиёлилари Украина масаласи бўйича ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлаши, аммо фуқароларда расмий муносабатдан фарқли ўз шахсий фикрига эга бўлиш ҳуқуқи борлиги, уларни қонун талаблари доирасида оммавий изҳор этиш давлатлараро муносабатларга рахна солиш ўлароқ талқин этилиши мумкин эмаслиги ҳам таъкидлаган.

Асанов ўз мурожаатида Ўзбекистон ҳукуматини Россия босими остида сўз эркинлигини чеклаш мумкин эмаслиги, акс ҳолда, Ғарб билан муносабатларга путур етишидан ҳам огоҳлантирган.

Мурожаатда ҳукумат олдига Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан тушунтириш талаб қилишни, Роберт Францевни Ўзбекистонда нон-грата шахс деб эълон қилиш ва ўзбек блогерлари ҳамда журналистлари ҳимояси юзасидан расмий баёнот бериш талаб этилган.

Мурожаат эълон қилинишидан кўп ўтмай, кўплаб ўзбекистонлик фаоллар унга ўз имзоларини қўя бошлаганлар.

Эслатиб ўтиш жоиз, Россия Украинада кенг кўламли уруш бошлаши ортидан Кремлнинг мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигига нисбатан босими тасаввур қилиб бўлмас даражага кўтарилган, Украинадаги вазиятни уруш дея аташ, мавзуга доир Кремль талқинидан ўзгача қарашларни изҳор этиш тақиқланган, таъқиб ва қатағон ортидан юздан зиёд журналист Россияни тарк этишга мажбур бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek