Россияда Би-би-си интернет саҳифалари тўсилди Rossiya Ukraina BBC

Сурат манбаси, SOPA Images
Россия расмийлари Би-би-си веб-сайтларига тўсиқ қўйди.
Би-би-си интернет саҳифалари Россиядаги "оммавий тартибсизликлар, экстремизм ва ноқонуний оммавий акцияларга чақриқлари бор" оммавий ахборот воситалари реестрига киритилган.
Бундан олдин Би-би-си Рус хизмати Россия регулятори Роскомнадзордан ўзининг сайтидан айрим мақолаларни олиб ташлаш ҳақида сўров олган, мақолаларда "ишончли ахборот кўринишида тқартилаётган, ҳаётга хавф туғдириш таҳдиди мавжуд нотўғри ижтимоий аҳамиятга эга ахборот" борлиги айтилган.
Ушбу қадам Россия ҳокимиятинининг мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши кампаниясининг бир қисмидир.
Би-би-си Россия раҳбариятининг ушбу қарорини қоралаб чиқди.
"Аниқ, холис ахборотга эга бўлиш, инсонларнинг, шу жумладан Россия яшовчиларининг ҳам фундаментал ҳуқуқидир. Ҳар ҳафтада Би-би-си янгиликларига мурожаат этадиган миллионлаб россияликлар бу ҳуқуқдан маҳрум этилмасликлари керак. Биз Би-би-си янгиликлари Россия ва бутун дунёда имконли бўлиши учун барча чораларни кўришда давом этамиз", дейилади Би-би-си номидан тарқатилган баёнотда.
Бир ҳафтанинг ичида Би-би-си Рус хизмати янгиликларининг ўқувчилари сони уч баравардан зиёд кўпайди - ҳафталик 3,1 миллиондан 10,7 миллионга етди.
"Можаронинг илк қурбони ҳақиқат бўлади, деб кўп айтишади. Дезинформация ва ташвиқот гуллаб-яшнайдиган можаро манзарасида одамлар ишонадиган ишончли фактлар ва мустақил манбаларга эҳтиёж кучаяди. Ва бугун миллионлаб россияликлар Би-би-сига мурожаат қилаётганлари муҳим деб айтди Би-би-си Бош директори Тим Дэйви.
4 март куни Россия Давлат Думаси Россия ҳарбийлари ҳаракатлари ҳақида "нотўғри маълумот тарқатиш" учун жазоларни кўзда тутган қонунни маъқуллади.
Бундан олдин "Эхо Москвы" радиостанцияси тугатилди.
Россия ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳақидаги "фейк" учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган қонун туфайли "Дождь" телеканали ўз эфирини тўхтатди.
27 февраль куни Россия Бош Прокуратураси Украинада "ҳарбий операция" бошланганидан кейин халқаро ташкилотларга кўрсатиладиган ёрдам жиноят кодексидаги ватанга хиёнат моддаси бор-йўқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантириш билан чиққан.
Россияда Украинадаги сўнгги ҳодисаларни уруш деб аташ ҳам мумкин эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















