Украина босқини: Россия урушининг тинч қурбонлари - Ukraina Rossiya

Харьковдаги портлашда жабр кўрган инсонлар

Сурат манбаси, EPA

Россиянинг Украинага бостириб киргани оқибатида ҳаётдан кўз юмган тинч фуқароларнинг сони кун сайин ортмоқда.

Февралнинг охирги кунида Украинанинг инсон ҳақлари бўйича масъули тинч қурбонлар сони 210 дан ошгани, уларнинг бир неча нафари болалар эканини эълон қилди.

Ундан кейинги кунларда ҳам Харьков ҳокимлиги биноси ҳамда Киевдаги телеминорага ҳужумларда ҳам тинч фуқаролар ҳалок бўлди.

Киевдаги болалар боғчасига ҳужумда етти яшар қизалоқ ҳалок бўлди.

Мамлакат жанубидаги греклар истиқомат қиладиган қишлоққа ҳужумлар оқибатида этник греклар жамоасининг 10 аъзоси жон берган.

Украинанинг шимоли-шарқий чегарасидан бир соатлик йўлда жойлашган Охтирка шаҳарчаси ишғолнинг иккинчи куни ҳужумга тутилгани оқибатида болалар боғчасида олти инсон нобуд бўлган, улар орасида Алиса Ҳланс ҳам бор эди.

Алисанинг саккиз ёшга тўлишига уч ой қолганди. У қаттиқ яраланган, Украина Бош Прокурори Ирина Венедиктова айтишича, орадан икки кун ўтиб шифохонада жони узилган.

Message from Irina Venediktova

Сурат манбаси, Irina Venediktova/Facebook

Сурат тагсўзи, Алина Ҳланснинг ўлими ҳақидаги хабарни Facebookда эълон қилган бош прокурор ушбу расмни ҳам қўйди

Шифокорлар болалар боғчасида жароҳат олган иккинчи боланинг ҳаётини асраб қолиш учун курашмоқдалар, дея қўшимча қилган бош прокурор "Бизга тинчлик керак" деган шиор билан расмни Фейсбукда эълон қилди.

Россия ҳарбий ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Полина ҳам бор.

Киев расмийларига кўра, Полина ва унинг ота-онаси Киев шаҳрининг шимоли-ғарбида кўчада Россиянинг қўпорувчи гуруҳи томонидан отиб ўлдирилган.

Polina was with her family when their car came under fire

Сурат манбаси, Volodymyr Bondarenko/Facebook

Сурат тагсўзи, Автомобиллари ўққа тутилган пайтда Полина ва унинг ота-онаси ҳалок бўлганлар.

Полинанинг укаси ва синглиси шифохонага етқазилган. Синглиси жонлантириш бўлимида, укаси эса болалар шифохонасига ётқизилган.

Ҳалок бўлган тинч фуқароларнинг аксари исмлари ҳали эълон қилингани йўқ, бироқ ҳар бирининг ҳикояси инсоннинг кўнглини бузади.

Россия босқинининг иккинчи кунида Украина шимоли-шарқидаги Чугуев шаҳридаги кўп қаватли уйлар ҳужум остида қолди.

Квартиралардан бирида бир ўғил бола ҳалок бўлди.

Чугуев Харьков яқинидаги шаҳарчадир.

Урушнинг биринчи куни Россия ҳарбийлари Қрим ярим оролидан Украина ҳудудига бостириб киришга уринган пайти бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилди.

Россия қўшинлари Херсон шаҳри томон юриш қилганлар.

Тинч фуқаролар ўлими ҳақида Украина патрул полицияси раҳбари Евҳен Жуков хабар қилди.

Хабар қилинишича, патрул полицияси ходимининг оила аъзолари икки автомобилда Россия қўшинларидан қочишга уринганлар.

Херсон четидаги Нова Каховка қишлоғи яқинида инсонлар ўққа тутилганлар.

Explosion at Chuhuiv

Сурат манбаси, Ukraine emergency service

Сурат тагсўзи, Бу кўп қаватли уй ҳужумга тутилгани оқибатида бир ўғил бола ҳаётдан кўз юмди

Олег Федко оиласини бу жойдан олиб чиқиб кетишга қарор қилган.

Бироқ ўзи ишда бўлгани учун отаси Олег Федко ёрдамга келган, оилалар икки машинада йўлга чиққанлар.

Олегнинг укаси Денис яқинлари қандай ўлдирилганини айтиб берди.

Денис онаси билан телефонда гаплашиб турган бўлганлар.

Шу вақт онаси "машинада болалар бор" деб бақирганини, ундан кейин эса ўқ овозлари янграганини эшитган.

Иккиси ҳам 56 ёшда бўган бобо ва буви, патрулчи Олегнинг рафиқаси ва икки боласи отиб ўлдирилганлар. Болаларнинг бири София олти ёшда, Иван атиги бир неча ҳафталик чақалоқ бўлган.

Украина жануби-шарқида, Россия билан чегарадош ҳудудда этник грек жамоаси икки фожеадан жабр кўрди.

Украина ҳудудида греклар кўп асрлардан буён истиқомат қиладилар, Афинадаги ҳукуматга кўра, уларнинг сони 150 мингчани ташкил этади.

Греция Бош вазири Кириякос Мицотакис 10 этник грек ҳалок бўлганидан қайғуси ва ғазабини 28 февраль куни изҳор этди.

Украинанинг Мариуполь порт шаҳри яқинидаги икки қишлоқ Россия бомбардимонларига учраган.

Сартана қишлоғи шундоқ Мариуполь ташқарисида Буҳас қишлоғи эса шаҳардан 65 километ шимолда жойлашган.

Ушбу хабар Греция жамоатчилигини ғазаблантирди ва Греция ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига кескин норозилигини билдирди.

Афинадаги Россия элчилиги ҳужумларда Украина қўшинларини айблади.

Россиянинг "махсус ҳарбий амалиёти" фақат ҳарбий қисмлар ва инфраструктураларни нишонга оляпти, тинч фуқаролар яшаш жойларини эмас, дея грек жамоаси ўлимини рад этган Россия элчихонаси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek