Украина уруши: Осиёнинг икки гиганти – Хитой ва Ҳиндистон Путинни нега қораламаяпти? Таҳлил Rossiya Ukraina Putin

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Марико Ой
- Role, Би-би-си
Украина босқинидан сўнг, Россия дунёдаги энг кўп санкцияланган давлатга айланди. Аммо Осиёда фақат бир нечта ҳукуматларгина Москвага қарши қаттиқ чоралар кўрди.
Хитой Украинага бостириб киришни тўғридан-тўғри қоралашдан бош тортди ва Россияга қарши ҳеч қандай санкция қўлламади.
Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам, Бангладеш, Шри-Ланка, Лаос ва Мўғулистон ҳам Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини тўхтатишни талаб қилувчи БМТ резолюциясига овоз бермади.
Гарчи Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Тайван каби Ғарб иттифоқчилари санкциялар киритган бўлса да, Токио ва Сеул баъзи рус банкларига Свифт глобал тўлов тизимига киришни тўсиб қўйган бўлса да, уларнинг таъсири чекланган бўлди.
Чунки Ғарб етакчилигидаги санкцияларга қўшилган Осиё давлатлари Россиянинг жаҳон савдосининг атиги 8 фоизини ташкил қилади.
"Россия савдо айланмасининг 18 фоизини ташкил этувчи икки Осиё гиганти - Хитой ва Ҳиндистоннинг иштирокисиз Россияга сезиларли таъсир кўрсатиши қийин", дейди Сиёсат, Дастаклов ва Бошқарув институти халқаро таҳлил маркази раҳбари, профессор Сайид Мунир Хасру.
Президент Путин эса олдиндан тайёрланди. Саккиз йил муқаддам Россия Қримни аннекция қилганидан бери Москва Ғарб санкцияларининг нишонига айланган.
"2014 йилдан кейин Россия валюта захирасининг бир қисми сифатида АҚШ долларига қарамлигини камайтириб, олтин ва Хитой юанига ўтишни бошлади", дея қўшимча қилади у.
Россия дунёнинг энг кўп санкция олган давлати


Хитойнинг позицияси ортида нима бор?
Пекин Россияга қарши ҳаракатсизликнинг фойда ва зарарини чамаламоқда.
Хитой аллақачон Россиянинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади ва босқиндан бир неча ҳафта олдин Пекин буғдой импортига чекловларни олиб ташлади ва кўпроқ рус газини сотиб олиш бўйича 30 йиллик шартнома имзолади.
Айни пайтда Россиянинг кўплаб компаниялари ва банклари, жумладан, Россия газ гиганти "Газпром"нинг нефть тармоғи ҳисоб-китоблар учун Хитой валютаси - юандан фойдаланишни бошлади.
Сингапурнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Россиядаги собиқ элчиси Билаҳари Каусикан фикрича, Хитойнинг учта мақсади бор.
Биринчидан, Тибет, Шинжон ва Тайван масаласи туфайли Хитой халқаро муносабатларнинг суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва ички ишларга аралашмаслик каби айрим тамойилларига жуда сезгир қарайди.
"Россиянинг Украинага бостириб кириши бу меъёрларни тўғридан-тўғри ва қўпол равишда бузишдир, аммо иккинчи мақсад ҳам бор. Стратегик салмоғи бўйича Хитойнинг Россияга тенг келадиган яқин ҳамкори йўқ", дейди жаноб Каусикан.
Улар Ғарб ҳукмронлик қилаётган халқаро тартибдан ҳам норози, бироқ жаноб Каусиканнинг қўшимча қилишича, "Хитой бу тартиб учун кўпроқ сармоя киритмоқда" ва "АҚШ, Европа ва Япония Россиядан кўра муҳимроқ бозорлардир", шунинг учун Пекин Россия қўлланаётган санкцияларининг салбий таъсири ўзига ҳам урмаслиги учун мувозанат сақлашга интилади.
Ҳиндистон қайси томонда?
Ҳиндистон ва Вьетнам учун Россия энг йирик қурол етказиб берувчидир. Покистон Бош вазири Имрон Хон ўтган ой Москвада бўлиб, президент Путин билан йирик газ қувури келишувини муҳокама қилган эди.
"Ҳиндистонда Совет давридан қолган жуда катта қурол-аслаҳа бор, улар жанговар тайёргарлигини сақлаб қолишлари керак, - дейди жаноб Каусикан. - Ва унинг ҳамкорликни давом эттириши кераклиги сабаби Хитойдир."
Бироқ Россия билан мустаҳкам алоқаларига қарамай, Ҳиндистон ҳам Япония ва Австралия билан АҚШ бошчилигидаги квартетнинг бир қисмидир. Кўпчилик бу квартетни Хитойнинг минтақада кучайиб бораётган иштирокига қарши иттифоқ сифатида кўради.
"Ҳиндистон қайси томонда?" деб ёзди мамлакатнинг Россиядаги собиқ элчиси Панкаж Саран "Twitter"да. "Биз ўзимиз томондамиз."
Кўп жиҳатдан Осиёнинг Россияга қарши ҳаракатларини шундай кўриш мумкин.
Бу ердаги ҳукуматлар савдо можароларидан тортиб, инсон ҳуқуқлари масалаларигача бўлган барча масалаларда тараф танлайди, лекин улар иқтисодий масалаларда ҳамиша прагматикдир.
"Дунёдаги энг йирик демократик давлат бўлган Ҳиндистон Россия босқинини қоралашини кутишингиз мумкин", дейди профессор Мунир.
"Аммо давлатлар принциплар ёки халқаро меъёрларни ҳурмат қилишдан кўра кўпроқ ўзларининг геосиёсий ва иқтисодий манфаатларига қарайди".
Катта кучлар ўртасида қолган
БМТда Украинага босқинни қоралаш учун овоз бериш минтақадаги бўлинишларни янада кучайтиради.
Шимолий Корея резолюцияга қарши овоз берган бешта давлатдан бири бўлди, жумладан, Россия ҳам.
Мянма Россияни қоралаш учун овоз берди, аммо буни унинг қувғиндаги ҳукуматининг БМТдаги вакили қилди. Ўтган йили ҳокимиятни қўлга олган мамлакат ҳарбий хунтаси давлат тўнтаришига қарамай Мянамага қурол етказиб беришда давом этган Россияни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлайди.
Сингапур Миллий университети сиёсатшунослик кафедраси доценти Чонг Жа Янгга кўра, бошқа кичикроқ Осиё иқтисодлари Россия, Хитой ва Ғарб ўртасида қолган.
"Умуман олганда, улар Хитой ва Россия каби йирик давлатларни ўзларига зарар бериши мумкин бўлган даражада танқид қилишдан қочишади", дейди доцент Чонг.
"Россия тажовузкорлиги очиқдан-очиқ эканлиги, шунингдек, улар ўзлари боғлиқ бўлган суверенитет институтига хавф солишини тушунишади, шунинг учун сукут сақлашни афзал кўришади, Москвани танқид қилишни истамайдилар, лекин қўллаб-қувватламайдилар ҳам", дея қўшимча қилади у.
Унинг таъкидлашича, ҳатто Ғарб иттифоқчилари орасида ҳам "Жанубий Корея Шимолий Корея масаласида Россия билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини билгани учун, шунингдек, Хитой чегараларини кераксиз кесиб ўтишдан қўрқиб, эҳтиёткорлик қилади".
Хитой билан ҳудудий баҳслари бор Осиё ҳукуматларини хавотирга солаётган нарса шуки, улар Пекин келажакда қандай йўл тутиши Украинада содир бўлаётган воқеаларга боғлиқ деб ишонишади.
"Аксарият Осиё давлатлари Хитойнинг Ҳинд-Тинч океанидаги ҳозирлиги Қўшма Штатлар томонидан мувозанатлаштирилишини хоҳлайди", дейди Манжари Чаттержи Миллер, Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиё бўйича Ташқи алоқалар кенгашининг катта илмий ходими.
Аммо унинг айтишича, Ҳиндистон ва кўплаб Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Хитой масаласида Россия мувозанатни сақлаш ролини ўйнашини хоҳлайди.
Бу орқали баъзи давлатлар Россияни нима учун тўғридан-тўғри қораламаётганини тушуниш мумкин бўлса ҳам, саволнинг иккинчи томони бор: Хитой Россия босқинидан қандай сабоқ олиши мумкин?
"Агар Россияни ушлаб туриб бўлмаса, бу Хитой учун нимани англатади? Санкциялар ишламаса чи? Бу Хитойнинг Ҳинд-Тинч океанига бостириб кириши ёки Тайваннинг келажаги учун нимани англатади?
Унинг айтишича, нефть нархи кўтарилаётганда, босқинчилик давом этаверса ва ваҳшийликлар ортаверса аҳвол чигаллашади.
Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















