Қозоғистон: Яна намойишга чиқсанг, ўлдирамиз! Qozog‘iston namoyishlar yangiliklar -видео
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, BBC News, Олма-ота
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Форма кийган қуролланган одамлар ҳар бир палатани текшириб, кўплаб одамларнинг ўлимига сабабчи бўлган тартибсизликларда яраланганларни қидираётганликларини айтиб бақиришди.
Зўравонликларда ўқ еб, тан жароҳати олган, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олма-отадаги касалхонада даволанаётган Асел совуқ учрашувни эслайди.
"Улардан бири: Агар яна норозилик билдириш учун чиқсанг, сени ўлдирамиз, деб бақирди."
Аселнинг ишонишича, қуролланганлар махсус кучлар ёки хавфсизлик хизматларидан бўлган ва ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган ҳар қандай одамни ҳибсга олган.
Таҳлил:
Қозоғистонда кимлар ўлдирилди ва ушланди? БМТ текширув талаби
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон: Ўқлар қаерга қараб отилганди? Воқеа шоҳидлари гапира бошлашди
- Қозоғистон: Европа Парламенти халқаро тергов ва санкцияларга чақирди, Нур-Султоннинг жавоби кескин бўлди
- Қозоғистон: Шойгу Путинга ҳисоб берди, ярим мингга яқин жиноий иш, расмий Кремль Тоқаевнинг янги тайинловидан норозими?
- Қозоғистонга тинчлик қайтгандек, аммо кўп саволлар очиқ қоляпти
Улар Аселни ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлишди, лекин у жуда қаттиқ жароҳатланганидан юра олмади. Қаҳрамонимизнинг шахсини ҳимоя қилиш учун асл исми ўзгартирилди.

Сурат манбаси, Reuters
Бошқалар қатори у ҳам январь ойи бошида ёқилғи нархи ошишига қарши тинч намойишларга қўшилди. Қозоғистон дунёдаги энг йирик нефть захираларига эга, аммо аҳолининг аксариятига бу бойликдан улуш йўқ.
Намойишлар тезда тартибсизликлар ва талончиликка айланиб, собиқ Совет давлати мустақиллигининг 30-йилидаги энг шафқатсиз қон тўкилишига олиб келди.
Ҳукумат расмийлари тартибни тиклаш учун ортиқча куч ишлатишда айбланмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 225 киши ҳалок бўлган, кўплари яраланган. Расмийларнинг билдиришича, тартибсизликлар натижасида 10 мингга яқин одам ҳибсга олинган.
Бошқалар қатори 57 ёшли Асел ҳам ҳибсга олиниши ва тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиши мумкинлигидан хавотирда.
Қозоғистон Бош прокуратураси 700 га яқин жиноят иши қўзғатган. Айбланувчиларнинг баъзилари терроризм, қотиллик ва ҳукуматни тўнтаришга уринишда айбланмоқда.

Сурат манбаси, GALYM NURPEISOV
Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмийлар намойишларда қатнашган ҳар бир кишини, жумладан, тинч намойишчиларни ҳам таъқиб қилаётганини айтади.
Ҳатто Facebook да намойишларни қўллаб-қувватлаб, шунчаки ёзганлар ҳам ҳибсга олинмоқда. Улар калтак ва қийноқларга дуч келмоқда, дейди фаоллар.
"Айбсизлик презумпцияси йўқ, - дейди Олма-оталик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина. - Уларнинг барчаси расмийлар учун потенциал террорчилар бўлиб, улардан ўз айбига иқрор бўлиш талаб қилинмоқда."
Олма-ота бош майдонидаги намойишда иштирок этган фаол Муратбек Есенгази зўравонликларда иштирок этганликда айбланмоқда. Адвокатининг Би-би-сига айтишича, у ҳибсда бўлганида калтакланган - фотосуратларда оёғидаги кўкариб кетган жойларни кўриш мумкин.
Расмийлар маҳбуслар калтакланган ёки қийноққа солинганини қатъиян рад этмоқда.
Зўравонликка алоқадор бўлмаганлар "хавотир олмасин", деди Олма-ота полиция департаменти ходими Салтанат Азирбек Би-би-сига ва фактлар аниқлангач, қўйиб юборишларини қўшимча қилди.
Тинч намойишлар қандай қилиб зўравонликка айлангани ҳануз номаълум. Дастлаб, 4 январь куни одамлар митингга чиққанида, оломоннинг кайфияти байрамона эди. Улар Қозоғистон мадҳиясини куйлаб, сиёсий талабларни айтишди.

Сурат манбаси, AFP
"Оломон жуда хилма-хил эди, - деб эслайди Олма-отадаги воқеаларни кузатиб борган маҳаллий журналист Тимур Нусимбеков. - Шаҳар чеккасидан, шаҳар марказидан келганлар бор эди. У ерда ҳипстерлар ва ёш ишчилар бор эди."
Расмийлар оломонни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдалангани полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувларга олиб келгани сабабли атмосфера ўзгара бошлади.
Эртаси куни, 5 январда кескинлик авж олди. Нусимбековга кўра, Олма-отадаги майдонда баъзи одамлар пичоқ ва ов милтиқлари билан қуролланган эди.
Бу одамларнинг кимлиги ҳозирча аниқ эмас.
Олма-ота полицияси ходими Азирбекнинг айтишича, "жанговар тактикани яхши ўрганган одамлар" полициячиларнинг қуролларини тортиб олиш мақсадида уларга ҳужум қилган.
У ерда ҳозир бўлган намойишчилар бунинг учун номаълум провокаторларни айбламоқда. "Биз тинч намойиш қилдик", дейди фаоллардан бири Қўнай Абдиев Би-би-сига.
"Аммо кейин бир гуруҳ ёшлар машинада келиб, тўғри шаҳар ҳокимияти томон югуришди. Биз уларни тўхтата олмадик. Улар машиналарни бузиб, ойналарини синдиришди.
Улар юзларини яширадиган ниқоб кийишган эди. Бизга ҳужум қилишларидан қўрқиб, уларнинг кўзларига қарашга ҳам қўрқардик."
"Улар тинч намойишчиларга қарата ўқ уздилар"
Тез орада ишлар назоратдан чиқиб кетди. Оломоннинг баъзилари шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олиб, уни ёқиб юборди. Отишма ва граната товушлари атрофни ларзага келтирди.
Асел ўқ текканлардан бири эди.
"Оёғимдан қон оқаётганини ҳис қилдим. Икки киши қалқонлари билан пана қилиб, орқамдан судраб кетаётганида ҳушимдан кетдим, кейин ўзимга келдим. Ўқлар визиллаганда улар ётишга ундаб бақиришарди".
Уни юк машинасига ўтқазиб, касалхонага олиб кетишди. "Юк машинасида кўп одамлар борлигини эслайман. Мен оғриқдан нола қилардим. Жароҳатланган оёғим устида бир неча киши ётибди. Улардан баъзилари нафас олмасди."

Сурат манбаси, TIMUR NUSIMBEKOV
6 январь куни майдонда қолганлар тинч митинг ўтказишга ҳаракат қилишди, улар орасида кўплаб кекса эркаклар ва аёллар отишмани тўхтатишга ҳаракат қилишди.
Намойишчилар қўлларига "Биз террорчи эмасмиз, биз тинч одамлармиз" деб ёзилган баннер кўтарган эди.
Аммо ўша оқшом зирҳли машиналарда келган аскарлар майдонни икки томондан тўсиб қўйди.
"Мустақиллик монументи ёнида эдик, - деб эслайди яна бир намойишчи Салтанат Ҳамзина. - Одамлар Қозоғистон байроғини кўтариб юрганди. Улар саф тортдилар ва [қуролсиз эканликларини кўрсатиш учун] қўлларини силкитишди."
Соат 19:00 атрофида ҳарбийлар ўт очди.
"Улар осмонга ўқ отаётганга ўхшарди, лекин орқамиздаги одамлар йиқилиб ўлган эди. Биринчи қаторда ўтирганлар эмас - уларга ўқ узилмаган. Демак, ўқ овози остида ўқ узган снайперлар бўлгандир", дейди Салтанат.
Намойишнинг яна бир иштирокчиси Меҳрхон Абдуманапов Мустақиллик монументи ёнида яширинганда у ерда 50 ёшлардаги ярадорни кўрган.
"У инграб, қимирлай олмади. 17-18 ёшлардаги икки ёш қиз ва яна бир йигит бир-бирининг устига ётарди. Уларда ҳаёт аломати йўқ эди.
Мен шунчалик ғазабландимки, улар тинч намойишчиларга қарата ўқ узаётганини ҳаммага айтишга ўзимга сўз бердим."

Сурат манбаси, Getty Images
Олма-ота полицияси ходими Азирбек хавфсизлик кучлари фақат ўзини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатганини таъкидлайди.
Айни пайтда Қозоғистон ҳукумати зўравонликларда халқаро алоқага эга "террорчиларни" айблади, аммо бунинг учун ҳеч қандай далил келтирмади. Собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан боғлиқ ҳокимият учун ички курашлар ҳақида ҳам хабарлар бор.
Қон тўкилишига нима сабаб бўлган бўлса ҳам, маҳаллий журналист Тимур Нусимбеков "тинч намойишчилар, фаоллар ва журналистларни талончилар ва бандитлар билан адаштирмаслик керак", дея огоҳлантиради.
Унинг сўзларига кўра, расмийлар "Қозоғистон тарихидаги энг даҳшатли гуманитар фалокатга олиб келган катта хатоларини" яширишга уринмоқда.
Қозоғистон: муҳим маълумотлар
У қаерда?
Қозоғистон шимолда Россия ва шарқда Хитой билан чегарадош. Бу Ғарбий Европанинг катталигидаги улкан давлат.
Нима учун бу муҳим?
Асосан мусулмонлардан иборат бўлган собиқ Совет республикаси бўлиб, катта рус озчилигига эга. Мамлакатда улкан минерал ресурслар, жаҳон нефть заҳираларининг 3 фоизи ҳамда муҳим кўмир ва газ саноати бор.
Нега янгиликларда муҳим ўрин эгалламоқда?
Ёқилғи нархлари устида чиққан норозилик кенгайиб, ҳукуматга қарши норозиликка айланиб кетди, ҳукуматнинг юқори даражали расмийлари истеъфога чиқди, намойишчилар таъқибга учради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














