Қозоғистон: Европа Парламенти халқаро тергов ва санкцияларга чақирди, Нур-Султоннинг жавоби кескин бўлди Qozog‘iston namoyishlar yangiliklar -видео

Сурат манбаси, Reuters
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Европа Парламентини нохолислик ва шошқалоқликда айблади.
Таҳлил:
Қозоғистонда кимлар ўлдирилди ва ушланди? БМТ текширув талаби
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Резолюция

Сурат манбаси, European Parliament
Европа Парламенти ўзининг Қозоғистондаги январь воқеаларига бағишланган резолюциясини 19 январь куни эълон қилган.
Резолюцияда халқаро ҳамжамиятни Қозоғистондаги бу ҳодисалар, хусусан, бедарак ғойиб бўлганлар, тинч аҳолининг ўлдирилиши ва қийноқларга оид хабарлар юзасидан тергов бошлашга чақирган.
Европа қатор идора ва ташкилотлар, жумладан, Европа Ташқи алоқалар идораси, Европа Тикланиш ва Тараққиёт ва Жаҳон Банкларини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни ўнгламагунича Қозоғистондаги дастурларини молияламай туришга ундаган.
Қозоғистонлик муайян юқори мартабали амалдорларга қарши санкциялар киритиш борасида ҳам сўз юритган.
Европа Парламенти, ўз навбатида, Қозоғистон раҳбариятини вазиятни баҳолашлари учун БМТ ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти экспертларини таклиф қилишга чақирган.
Қозоқ ҳукуматидан, шунингдек, "инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши сиёсий таъқибларни тўхтатиш, сиёсий важларга асосланган айбловларни бекор қилиш, асоссиз қўлга олинган намойишчилар ва фаолларни зудлик билан қўйиб юбориш, одамларнинг халқаро меъёрларга мувофиқ тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини кафолатлаш"ни сўраган.
Расмий муносабат

Сурат манбаси, official
Европа Парламентининг айни мазмундаги резолюциясига расмий Нур-Султон ўзининг жавобини эълон қилган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг баёнотида Европа Парламентининг резолюциясини "нохолис", деб баҳолаган.
Уларни "шошқалоқлик"да айблаган.
Вазирликнинг баён қилишича, резолюция "объектив бўлмаган хулоса ва маъмулотларга асосланган".
Расмий Нур-Султон, "Қозоғистондаги фожеали январь воқеаларига холис баҳо берилмаганидан ташвишда эканликлари"ни ҳам билдирган.
Қозоғистон раҳбарияти ташаббуси билан бошланган расмий тергов натижалари эълон қилинмагунча, бундан ҳужжатларнинг қабул қилинишини "номақбул", деб ҳисоблашларини баён қилган.
Қозоғистон томонига кўра, резолюция лойиҳасини ишлаб чиқаётган пайтда Европа Парламенти ва унинг таркибидаги сиёсий гуруҳлар ўзларидан бирор бир изоҳ сўрашмаган.
Бунинг ортидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий тергов натижаларининг халқаро ҳамжамиятга тақдим этилишини яна бир бор такрорлаган.
Аммо вазирлик қозоқ ҳукуматининг тергови қачон бошлангани, қанча давом этиши, гумондорларнинг шахси, жами сони ва текширувларнинг айнан қай бир идоралар томонидан олиб борилаётгани тафсилотларига тўхталмаган.
Қозоғистон Бош прокуратураси ўтган ҳафта ҳибсдаги минглаб одамнинг тақдирига илк бор расман ойдинлик киритган.
Бош прокуратура сўнгги тартибсизликлар ортидан жами 494 та жиноий иш очилгани ва 524 одам изоляторга ташланганини маълум қилган.
Агар, улар келтирган маълумотларга таянилса, ярим мингга яқин жиноий ишдан 44 таси террорчилик, 34 таси - оммавий тартибсизликлар, 15 таси - қотиллик моддалари бўйича қўзғатилган.
Бош прокуратуранинг баён қилишича, ҳибсдаги қолган кўпчилик фақат маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қозоғистон Европа Иттифоқининг барча идоралари билан ўзаро тушуниш ва ҳурмат тамойиллари асосида конструктив ҳамкорлик қилишга интилишини айтган.
Расмий баёнот якунида эса, Европа Парламенти томонидан мазкур резолюциянинг шошқалоқлик билан қабул қилиниши Қозоғистон президентининг сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига ҳалақит бериши қайд этилган.
Бундан аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Қозоғистондаги воқеалар юзасидан тезкор, холос ва мустақил тергов ўтказилиши талаби билан чиққан.
Халқаро ташкилот қурбонлар ва қўлга олинган минглаб одам орасида тинч намойишчилар ҳам бўлиши эҳтимолини текширишни сўраган.
Аммо БМТнинг айни мазмундаги талабига расмий Нур-Султоннинг жавоби ҳали-ҳануз кўзга ташланмаган.
Қозоғистондаги воқеалар

Сурат манбаси, Reuters
Қозоғистон ғарбида 2 январь куни суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланган намойишлар кейинчалик оммавий тус олган, мамлакат бўйлаб ёйилган, сиёсий характер касб этган ва алал-оқибат зўравон тўқнашувларга айланиб кетган.
Президент Тоқаев орада бу воқеаларни ташқи агрессия ва "давлат тўнтариши"га уриниш, деб атаган.
Уларнинг ортида "фитначилар", "қўпорувчи кучлар", "қуролли бандитлар" ва "террочилар" турганлигини айтган.
Ораларида Яқин Шарқ ва афғонистонлик жангарилар бўлганини ҳам даъво қилган.
КХШТнинг 10 январь кунги навбатдан ташқари йиғинида бунинг далилини тез орада халқаро ҳамжамиятга тақдим этишини баён қилган.
Худди шундай изоҳ билан Қозоғистонга Россия шамсияси остидаги КХШТ контингентини чақирган.
Мамлакати хавфсизлик кучларига эса, нишонга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишга буйруқ берган.
Эълон қилинган сўнгги расмий статистикага таянилса, зўравон тўқнашувлар чоғида 227 та одам ўлган ва ўлдирилган, тўрт мингдан зиёди жабр кўрган ва 10 мингдан ошиқ одам ҳибсга олинган.
Масъуллар қурбонларнинг аниқ қанчаси тинч фуқаролар ҳисобига тўғри келишини ҳали-ҳануз очиқлашмаган.
Бу хусусда мустақил маълумотлар эса, шу бугунга қадар имконсизлигича қолмоқда.
Ҳибсдагиларнинг тақдири ҳам аллақачон фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.
Январь воқеалари мустақил Қозоғистон тарихидаги энг ёмони ва энг қонлиси бўлган.
Фақат ўн кун деганда президент Тоқаев мамлакатида конституцион тартиб қайта ўрнатилганини баён қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














