Ўзбекистон: “15 ёшимда шаҳарни кўрганман” ёки на свет, на газ, на мобил алоқа келган қишлоқ O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Кундайжувозга одам қадами етиши ҳам масофа, ҳам имкониятлар жиҳатдан анчайин мушкул.
    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, BBC.COM/UZBEK

Кундайжувоз. Сурхондарёнинг Сариосиёси тоғлари орасида жойлашган, бугунгача на электр, на газ, на мобил алоқа, на интернет етиб келмаган, аммо табиати кўзни қувонтирадиган дўппидек қишлоқ. Бу қишлоқ яқин-яқингача ташқи дунёдан узилган ҳолда ўз кунини кўриб яшаган.

Атиги икки йилча аввал Тўполонг сув омбори теграсидаги қоялар портлатилиб, қадам етиши қийин қишлоққа йўл очилган.

Унгача 200 чоғли яшовчиси бор қишлоқ аҳолисининг асосий қисми ташқи дунё билан деярли алоқа қилмаган.

"Яқинда 30 га кираман. Қишлоқдан ташқарига биринчи бор 15 ёшимда чиққанман", кулади Давлатмурод.

Биз Кундайжувозга боришни, аслида, аввалдан режаламаган эдик.

Мақсадимиз, шунчаки, Тўполонг сув омбори атрофини томоша қилиш эди.

"Сув омбор тепасида бир қишлоқ бор. Чалоби зўр. Хоҳласанглар, бориб ичиб келамиз", таклиф қилди йўлбошчилардан бири.

Олисдаги қишлоқ

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Табиати гўзал қишлоқ ичидан бир неча кичик сойлар оқиб ўтади.

Сув омбори юқорисида жойлашган Кундайжувозга энг яқин йирик аҳоли манзилгоҳи - Сариосиё тумани маркази.

Қишлоққа бориш нафақат масофа, балки имкониятлар жиҳатдан ҳам анчайин мушкул.

Сабаби қишлоққа олиб борадиган ягона йўл "Тўполонг" ГЭС ва Тўполонг сув омбори ҳудудидан ўтади - улар эса махсус қўриқланадиган объектлар сирасига киради.

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ таклифи билан мазкур объектларни кўришга борганимиз учун қўриқланадиган ҳудудга бирор қийинчиликсиз кириб бордик, йўл бўйлаб ўрнатилган назорат постларидан бемалол ўтдик.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Қишлоққа етиб олиш учун Тўполонг сув омбори бўйлаб катерда 10 чақирим йўл босиш керак.

Сариосиё тумани марказидан сув омборга қадар қарийб 30 чақирим йўл босдик.

Кўз ўнгимизда охири кўринмайдиган сув омбор гавдаланди.

Шундан сўнг моторли катерда 40 дақиқа ёки 10 чақирим сузгач, қаршимизда қуюқ дарахтлар орасида жойлашган, гўзал табиатли, ичидан бир неча кичик сой оқиб ўтувчи мўъжаз қишлоқ кўринди.

Уйлари, асосан, лой, тош ва ёғочдан қурилган қишлоқда сойлар бўйида сув ўйнаб ўтирган болалардан бошқа одамларни учратиш қийин эди.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ташқи дунёдан деярли узилиб яшаётган қишлоқ уйлари, асосан, лой, тош ва ёғочдан қурилган.

Шунга қарамай, Юсуф ака билан танишиб қолдик.

Юсуф ака яқин вақтларгача қишлоқ ва ташқи дунё ўртасида алоқа деярли бўлмагани ҳақида гапирди.

"Кундайжувоз дейилишининг сабаби - аввал мой чиқарадиган жувоз бўлган экан. Атроф қишлоқлар аҳолиси донларини шу ерга олиб келишган. Энди, ота-боболаримиз бу ерларга бир асрми, икки асрми олдин келиб қолган - биз буни билмаймиз".

Юсуф ака

Сурат манбаси, .

Бир қарашда Кундайжувоз ташқи кўриниш жиҳатдан Ўзбекистоннинг бошқа олис тоғ қишлоқларидан у қадар фарқ қилмайди, аммо бу ерда бир нарса дарҳол эътиборни тортади - симёғочлар кўринмайди.

Юсуф аканинг айтишича, Кундайжувозга ҳалигача на электр симлари, на газ қувурлари тортилган.

Алоқадор мавзулар:

Умри светсиз ўтаётган 46 яшар эркак беш йилча бурун ҳар бир хонадонга давлат томонидан қуёш панеллари ўрнатилганини айтади.

"Ёшлигимиз светсиз ўтиб кетди. Солярка солинадиган чироқни ёқиб яшадик. Жуда азоб эди. Мана энди шу панелларни қўйиб кетишди. Лекин уларнинг аккумулятори тугаб бўлди. Кечки пайт икки соатга ҳам бормайди қуввати".

Олисдаги шаҳарлар

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Кундайжувоз цивилизациянинг энг бирламчи неъматларини ҳали тотиб кўрмаган бўлсада, одамлар некбин кайфиятда яшаётгандек кўринади - ҳаёт бир маромда ортиқча ташвишларсиз, оламда юз бераётган асабий янгиликлардан ҳоли ўтаётгандек гўё.

"Хўжайиним ўтган йили велосипеднинг ғилдирагидан генератор ясаб, мана шу сой бўйида ток чиқарадиган бир нарса қургандилар. Кечаси уйни ёритиб турганди. Баҳорда сел қаттиқ келиб, бузиб кетди. Ҳозир Россиядалар. Келганда, яна қайта тикламоқчилар", сўзлайди қишлоқдаги ёш аёллардан бири.

Қишлоққа нафақат ташқаридан келиш қийин, балки яқин вақтгача ундан чиқиб кетиш ҳам мушкул бўлган.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Турмуш ташвиши бу қишлоқ эркакларини ҳам меҳнат муҳожирларига айлантира бошлаган. 

Айтишларича, икки йилча бурун ҳукумат яқин тоғ тизмасида кўмир, мармар кони очиш мақсадида қояларни портлатиб, йўл оча бошлаган - баҳонада қишлоқ ҳам йўлли бўлиб қолган, илк машиналар пайдо бўлган.

Унга қадар эса аҳолининг асосий қисми қишлоқдан чиқмай яшаган.

"Авваллари сув омбор сувининг қуришини кутардик. Сув йўқ пайтлари эшакда ё пиёда беш-олти соат йўл босиб, пастга тушардик. Қиш пайтлари музда тойиб кетиб, қанча эшаклар нобуд бўлди.

Бизнинг ерлар жуда тошлоқ. Бу ерда на мол, на қўй боқиб бўлади. Фақат эчки яшаши мумкин. Деҳқончиликни айтмаса ҳам бўлади. Шу сабабдан ҳамма озуқани пастдан олиб келамиз", сўзлайди Юсуф ака.

Автомашина олишга ҳамманинг ҳам қурби етмагани сабабли аҳоли учун ойлик озиқ-овқатни ғамлаб келишга сув йўли ҳануз асосий транспорт алоқаси ҳисобланади.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Кундайжувознинг сўлим табиати у туризм қишлоғи номига энг муносиблардан бири эканига ишора қилаётгандек. 

Йўлкира нархи 30 минг сўм.

"Лодка ҳам ҳамма вақт топилавермайди. Шунга пастга жуда кам тушади кўпчилик. Масалан, ўзим яқин 30 ёшга кираман. 15 ёшимдагина биринчи бор қишлоқдан чиққанман", кулади Давлатмурод исмли йигит.

"Болалигимиз шу тоғларда мол боқиб ўтиб кетди. Суғоришга имконли ерларда кичик боғлар қилганмиз. Писта пишган пайт уни терамиз, қолган вақт сув омборда кунига бир-икки кило балиқ овлаймиз. Форель, маринка бор, холос бу сувларда. Пастдаги ошхоналардан келиб олиб кетишади. Ойига бир, бир ярим миллион сўм пул қиламиз. Қолган вақт бекорчилик", давом этади йигит.

Қишлоқдаги орзулар

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 29 яшар Давлатмурод ташқи дунёга интила бошлаган авлод вакили. Аммо шаҳарларга кўчиб кетишга қурбимиз етмайди, дейди у. 

Маълум бўлишича, тирикчилик ташвиши бу олис қишлоқ эркакларини ҳам меҳнат муҳожирларига айлантира бошлаганига анча бўлган.

"Авваллари Тошкент, Самарқандга бир-икки ойга бориб, устачилик қилардик. Ҳозир ёшлар Россияга кетишни ўрганишди. Рўзғор тебратиш учун ҳар нарса қилишяпти", дейди Юсуф ака.

Давлатмуроднинг айтишича, бу ерга илк келган сайёҳга қишлоқнинг табиати қанчалик гўзал, ҳавоси оромбахш туйилмасин, одам қадами етиши қийин, замонавий шароит мутлақо йўқ жойда доимий яшашни ҳамма ҳам хоҳламаслиги мумкин.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Спорт майдончаси қўлбола бўлишига қарамай, қишлоқ болалари яқинда волейбол бўйича вилоят биринчилигини олганлари ҳақида гапирадилар.

"Худога шукур, ота-боболаримиз ўтган қишлоқда яшаб юрибмиз. Ҳавоси ҳақиқатан тоза бўлгани учун деярли бирор касал одамни учратмайсиз. Лекин шароитимиз ҳам йўқда, ака. Свет, алоқа умуман йўқ. Биз пастдаги ҳаёт қанақалигини билмай катта бўлдик. Аммо болалар катта шаҳарларга жуда интилади. Термиз, Тошкентни кўриб келса, анча хурсанд бўлиб юради", дейди Давлатмурод.

Камбағаллар қолган қишлоқ

Унинг сўзларига кўра, охирги вақтлари қишлоқдан одамларнинг кўчиб кетиш кўпайган.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ерларимиз жуда тошлоқ. Мол-қўй боқиб бўлмайди, фақат эчки яшай олиши мумкин, дейди Юсуф ака.

"Пули борларнинг деярли ҳаммаси кетиб қолди. Бу ерда фақат камбағаллар қолдик. Биз ҳам катта шаҳарларга бориб яшашни орзу қиламиз. Лекин у ерларда ҳам иш йўқ, уйларнинг нархи осмонда экан. Бирор шаҳарга бориб, кредитга уй олишга қурбимиз етмайди. Шунга бу ерларда яшаб юрибмизда, ака".

Кундайжувозликлар истайдиган энг муҳим шароит - бу электр таъминоти.

"Мана бугун сизлар келишингиздан бироз олдин уч киши келиб кетди. Тумандан бўлса керак. Қуёш панелларимизга аккумулятор қўйиб беришмоқчи. Ундан олдин вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам келиб, ток келгунча шу панелларни ишлатиб турасизлар, дейишган эди. Энди, ток қачон келишини катталар билади", дейди Юсуф ака.

village

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Аҳолиси очиқкўнгил, меҳмондўст, табиати эса ниҳоятда гўзал ҳамда ўз софлигини сақлаб қола олган бу қишлоқ илк бор келган келган одам кўзига катта сондаги сайёҳлар оқимини ўзига жалб қилиш салоҳиятга эга гўшадек кўринади.

Юсуф акадан бу ерни туризм қишлоғига айлантириб, аҳоли даромадини ошириш ғояси ўртага ташланганми, деб сўраймиз.

"Йўқ, тирикчилик ташвишидан ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган бу нарса. Энди туристлар келиши учун шароит бўлиши керак, ҳеч бўлмаса, ётадиган жойлар қилиш керак. Бизда пулдор одам йўқ-ку, ака".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.