Янгиликлар: Эътиборда Ўзбекистон - Россия огоҳлантирди, Ғарб қайтмайдими? Video O‘zbekiston Rossiya Amerika Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, "Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман"
    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Нима бўлди ва бўлади?

Алоқадор мавзулар:

Jo Bayden

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ Ўзбекистонга эътиборини ҳақиқатда кучайтирдими?

Шу кунларда ва Украина уруши фонида Россия ҳамда Хитой Марказий Осиёга ҳар томонлама янада яқинлашиш ҳаракатида бўлган бир вазиятда айрим нуфузли Ғарб нашрларида худди ана шундай баҳолар янгради.

Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади...

Айнан сўнгги пайтларда минтақада қудратлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг янада кучайгани кузатилади.

Украина уруши рақобатга Россия, АҚШ ва Хитойдан кейин энди Туркия каби янги ўйинчиларнинг янада кучлироқ қўшилишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Юзага келган мавжуд вазият, ҳатто, Ўзбекистон бўладими Қозоғистон ёки Тожикистон - аксарият минтақа давлатларининг қудратлар ўртасидаги курашда ким томон эканликларини кетма-кет расман ва ошкора очиқлаб чиқишларига ҳам сабаб бўлган.

Бунақаси ҳам мустақил Марказий Осиё давлатлари тарихида кузатилмагани билан четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Нима бўлди ва бўлади?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳамма гап мактубдами?

Forbes

Сурат манбаси, Skrinshot

Сурат тагсўзи, Forbes чоп этган мактуб матинидан англашилишича, Жон Байден ўтган йил давомида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликларини "янги чўққиларга кўтарганлик"ларини таъкидлаган

Расмий Вашингтоннинг Ўзбекистон билан боғлиқ бугунги "истак"ларига оид баҳоларга АҚШ Президентиники экани айтилган мактуб сабаб бўлган.

Шу кунларда Forbes ҳақиқийлиги юқори даражадаги тегишли манбалар томонидан тасдиқланганини айтиб, Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга мактубини чоп қилган.

Нашр чоп қилиш баробарида бугун йўлланаётган мактуб нимани англатишини талқин ва таҳлил этишга ҳам уринган.

Жо Байден Шавкат Мирзиёевга йўллагани айтилаётган мактуб ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳалича расман хабар бермаган.

Аммо бу ҳақдаги хабар Ўзбекистондаги айрим йирик интернет нашрларида бўй кўрсатгани кўрилган.

Forbes чоп этган мактуб матинидан англашилишича, Жон Байден ўтган йил давомида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликларини "янги чўққиларга кўтарганлик"ларини таъкидлаган.

Ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларини мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишни шулар сирасида санаб ўтган.

АҚШ президенти бунинг ортидан мамлакати Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳам қатъият билан қўллаб-қувватлашини ҳам баён қилган.

Жо Байден, шундай деркан, Ўзбекистон президентини С5+1 - "Марказий Осиё-АҚШ" форматидаги саммитга таклиф қилган.

АҚШ президенти саммит санасини 19 ёки 20 сентябрь ўлароқ тилга олган ва мактуби мазмунидан унинг Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси сессияси теграсида бўлиб ўтиши маълум бўлган.

Жо Байденнинг мактубида айтилишича, саммит чоғида Ўзбекистон президенти ва бошқа етакчилар билан бирга қандай қилиб ҳамкорликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш масаласи муҳокама этилади.

АҚШ президенти ўзининг сўнгги мактубида шу йил бошида Оқ Уйда қабул қилиш ўзлари учун "шараф" бўлганини айтган Саида Мирзиёева эса, БМТнинг март ойидаги Орол фожеаси оқибатларига бағишланган анжуманида шахсан иштирок этган ва чиқиш қилган.

У анжуманнинг юқори даражадаги ялпи мажлисидаги нутқида Орол денгизи фожеасининг оқибатлари, уларни юмшатиш борасида расмий Тошкент томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва Ўзбекистоннинг бу хусусдаги халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдаги етакчилиги ҳақида гапирган.

У "Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатма" эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг бугун Толибон ҳаракати қўлидаги Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси ҳам бўлади.

"Газета.uz"нинг ёзишича, ҳукуматдаги манбаси бундай саммит режалаштирилаётганини тасдиқлаган ва уни ўтказиш ташаббуси билан АҚШ томони чиққанини маълум қилган.

Аммо, шундай деркан, нашр ўзининг ҳукуматдаги манбасини очиқламаган.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ҳам Шавкат Мирзиёевнинг мазкур саммитдаги иштирокини ҳалича расман эълон қилмаган.

Бошқа минтақа давлатлари пойтахтларидан ҳам ҳозирча бунга ўхшаш хабарлар олинмаган.

АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари лидерлари иштирокидаги Нью-Йорк мезбонлик қилаётган бунга ўхшаш форматдаги саммит ҳалича кўрилмаган.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида, "Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр" эканини баён қилган.

"Барча шериклари билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор" эканликларини таъкидлаганди.

Таҳлил ва талқин

Blinken va Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, АҚШ Давлат котибининг Остона ва Тошкентда янграган хавотиру огоҳлантиришларига расмий Кремлнинг муносабати ноаёнлигича қолган

Forbes нинг талқинича, мактуб ва таклиф АҚШнинг Ўзбекистон ва минтақага кучайиб бораётган эътиборини ифодалайди.

"Бу Ғарбнинг Ўзбекистон ва минтақага муносабати тадрижий ривожида муҳим лаҳзани ўзида мужассам этади".

"Бу, очиқчасига, қўллаб-қувватлов ва ҳамкорлик баёноти"дир.

Республикачи Дональд Трамп эса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келиши ортидан учрашган биринчи АҚШ президенти бўлади.

2018 йилнинг май ойидаги ташриф Дональд Трампнинг таклифи билан амалга ошган, илк учрашувларининг ўзидаёқ томонлар давлатлари ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаганликлари"ни расман ва ошкора эълон қилишган.

Бу амалдаги АҚШ президенти Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга илк мактуби эмас.

Жо Байден шу йил бошида ҳам Ўзбекистон президентига мактуб йўллаган, унда АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш истаги ҳақида сўз бораётгани кўрилган.

Жо Байден ўшанда ўзининг мактубида Ўзбекистон билан ўзаро шерикликлари мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишдек БМТнинг асосий тамойиллари асосида ривожланганини хосан қайд этиб ўтган.

Бунинг ортидан ўзининг Марказий Осиёга илк ташрифини амалга оширган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса, Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан бирга "С5+1" саммитида иштирок этган.

Минтақанинг икки йирик давлати бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари билан ҳам учрашган.

Мазкур форматдаги саммит 2015 йилдан буён ўтказиб келинади.

Остонада экан, Энтони Блинкен четдан таҳдид хавфи юзага келганига мамлакати минтақага қандай кўмак бера олишлари масаласига ҳам ойдинлик киритган.

АҚШ Давлат котиби мамлакати минтақа давлатларига ўз хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ва жамиятлари барқарорлигини кучайтиришда кўмак қилаётгани, "худди шу нарса ўз ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш қобилияти анча кучли бўлган минтақани яратиши"ни баён қилганди.

Ғарб Марказий Осиё давлатлари ўзларининг Россияга қарши қаратилган сакнцияларини четлаб ўтишида Россияга ёрдам беришидан хавотирда.

Россия Украинага очган уруш билан кечаётган сўнгги икки йил ичида минтақа давлатларини бундай қилмаслик, акс-ҳолда ўзлари ҳам иккиламчи санкцияларга юз тутишлари мумкинлиги билан қайта-қайта огоҳлантириб келади. Қирғизистонни эса, аллақачон жазолаб ҳам бўлган.

Энтони Блинкеннинг ташрифи манзарасида АҚШ Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожи учун АҚШ 25 миллион доллар ажратишини маълум қилган.

Маълум бўлишича, кўзда тутилаётган маблағ Россияга қарши Ғарб санкцияларининг минтақага таъсирини юмшатишни кўзда тутади.

Украина уруши ва Россияга қўлланган халқаро санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири ҳам нафақат маҳаллий экспертларнинг ўзлари, балки йирик молиявий ташкилотларнинг ҳам хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Блинкен президент Байден администрациясининг Марказий Осиёга келган илк вакили бўлган.

Янгича форматдаги форум Россия Украинада очган уруш манзарасида режаланаётгани билан хос аҳамият касб этган, аммо бу саммит билан расмий Вашингтон айнан нималарни кўзлаётгани ноаён қолган.

Putin va Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Россия эса, барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек стратегик иттифоқчиси, яқин шериги, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади. Аксарият минтақа давлатлари аҳолиси учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.

Аксарият минтақа давлатлари Россия шамсияси остидаги минтақавий ташкилотларга ҳам тўлақонли аъзо ёки қошида кузатувчи мақомида.

Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.

Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши Россияни айнан минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.

Расмий Кремлнинг бу ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги ва суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигига оид хавотирлар ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Огоҳлик

Rossiya qo'shinlari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина уруши эса, минтақадаги геосиёсий рақобатни янада кучайтириши, рақобатга энди Хитой ва Туркия каби янги ўйинчиларнинг янада кучлироқ қўшилишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган

Сўнгги хабарлар, бошқа томондан, Россия бўладими ёки унинг анъанавий иттифоқчиси Хитой - Марказий Осиё давлатларига шу пайтгача кўрилмаган ҳамкорлик лойиҳалари билан чиқаётганига оид хабарлар манзарасида олинган.

Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланган.

Расмий Кремлнинг минтақага қаратилган баёнотлари Украина уруши фонида кучайиб бораётгани билан ҳам хос аҳамият касб этган.

Россия томони яқинда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.

Жумладан, Россия Мудофаа вазири Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини ҳам даъво қилган.

Сергей Шойгу, "келажакда уларнинг қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин"лигини ҳам башорат қилган.

Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолганди.

Ҳозир Афғонистонда НАТО ёки АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳозирлиги йўқ, ўзининг 20 йиллик ҳарбий иштирокидан сўнг 2021 йилнинг августида мамлакатни буткул тарк этган.

АҚШ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.

Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.

Россия Мудофаа вазири эса, НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.

Сергей Шойгу, "буни КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини ҳам баён қилган.

Шу йил апрель ойида Россия Мудофаа вазири Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.

Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни айтган.

Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.

Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.

Лавров

Сурат манбаси, Vyacheslav Prokofyev/TASS

Сурат тагсўзи, Россия Ташқи ишлар вазири ҳарбий соҳадагисини ҳам назарда тутаркан, Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий назар билан қараш"га чақирган

Минтақага айни оҳангдаги огоҳлантиришларининг сўнггисида эса, Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб давлатлари Марказий Осиёда ўз инсонпарварлик ва ҳарбий иштирокларини ўрнатишга ҳаракат қилишаётганини баён қилган.

Сергей Лавров шу йил июнь ойида буни минтақага кириш учун "мақсадли ва қатъий" уриниш, дея тилга олган.

Россия Ташқи ишлар вазири ҳарбий соҳадагисини ҳам назарда тутаркан, Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий назар билан қараш"га чақирган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбеда янграган.

Сергей Лавров, шунингдек, Ғарбнинг тараққиётга кўмак дастурларига ҳам хосан тўхталиб ўтган.

Россия Ташқи ишлар вазири уларни Ғарб давлатларининг геосиёсий муҳандислари томонидан илгари сурилаётган дастурлар ўлароқ тилга олган.

Унинг фикрича, бу дастурлар "аслида Марказий Осиё минтақаси сиёсий ва иқтисодий ландшафтини ўзига мослаб ўзгартириш ва назорат қилиш учун бир воситадир".

Россия Ташқи ишлар вазири бу, шу жумладан, сувдан фойдаланиш каби муҳим соҳани ҳам кўзда тутишини айтган.

Бу эса, сув тақчил, тобора чўллашиб бораётган, сув тақсимоти ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи ҳассос бўлган минтақада уруш чиқишигача олиб келиши мумкин бўлган соҳа сифатида кўрилади.

Худди шу фонда муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Толибон ҳаракатининг трансчегаравий Амударёдан канал тортиш ҳаракатлари ҳам бугун минтақада алоҳида хавотирга молик масала бўлади.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Россия томонининг Марказий Осиё давлатларига огоҳлантирувчи мазмундаги устма-уст баёнотларига Ғарбнинг бирор бир жиддий муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмайди.

Жо Байденнинг янгича форматдаги саммит режаси борасида расмий Кремль қатори қолган минтақа давлатлари пойтахтлари ҳам ҳозирча жим.

Россия ва Марказий Осиё давлатларининг ўтган йил Қозоғистон пойтахти Остонадаги худди шунга ўхшаш форматдаги йиғини эса, Тожикистон президентининг Путинга ошкора таъна ва эътирозлари билан ёдда қолган.

Ўшанда президент Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари билан "+" саммитларининг қанчалик амалий, самарали эканини ошкора савол остига олган.

Шавкат Мирзиёев эса, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Марказий Осиёга илк ташрифидан кўп ўтмай, Ўзбекистоннинг "ким томон" эканига оид саволга шахсан ўзи жавоб берган.

Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистонни ўз томонларига ўтишга "қаттиқ, қаттиқ даъват қилаётган" мамлакатлар номига тўхталмаган, аммо бу саволга жавоб фақат "битта" эканини таъкидлаган.

"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилганди.

Шу пайтгача бирор бир Марказий Осиё давлати Россия Украинада очган урушни на-да ошкора ёқлаган ва на-да қоралаган, нейтрал мавқеъда, Украина ҳудудларининг Россия томонидан аннексиясини ҳам расман тан олмаган.

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳозир ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибларини шакллантириш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002