Янгиликлар: Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари учрашишди, Ўзбекистон мустақиллиги масаласи нима бўлди? O‘zbekiston Xitoy Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Telegram/O'zbekiston Tashqi ishlar vazirligi
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Хитой Ташқи ишлар вазири Син Ган билан музокара ўтказгани ҳақида хабар қилди. Бу Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шайнинг собиқ СССР республикалари мустақиллигини шубҳа остига олганидан кейинги икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг илк учрашуви бўлди.
"Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Син Ган билан бу сафар Сианда учрашдик. Музокараларимиз жуда самарали бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик мисли кўрилмаган суръатда ривожланмоқда", деб ёзди Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон парламенти шу кунларда номзодини Ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқлаган Бахтиёр Саидов Хитойда бўлиб турибди, у бир неча расмий музокаралар ўтказганини хабар берди.
У 2017 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлган.

Сурат манбаси, TF1 Info
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Хитойга бу мамлакатнинг Франциядаги элчиси собиқ СССР давлатларининг мустақиллигини шубҳа остига олиб можарога сабаб бўлганидан кейин борди.
21 апрель куни Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай Франциядаги телеканалга берган интервьюсида собиқ СССР мамлакатлари "халқаро ҳуқуқ борасида самарали мақомга эга эмас, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқ" деб айтди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги халқаро миқёсда можарога сабаб бўлган элчисининг сўзларидан сўнг ўзининг расмий позициясини билдирди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин собиқ совет давлатларининг мустақиллигини ҳурмат қилишини айтиб чиқди.
"Хитой БМТ низомидаги принцип ва мақсадларни қўллаб-қувватлайдиган барча давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади", деб жавоб берган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нинг душанба куни журналистлар берган саволга.
Элчи Лу Шайнинг сўзлари Украина ва Болтиқбўйи давлатлари ва Европа расмийларини ғазаблантирди, улар кескин муносабат билдирдилар.
Латвия, Литва ва Эстония Ташқи ишлар вазирликлари аниқлик киритиш учун бу давлатлардаги Хитой элчиларини чақиртирди.
Ўзбекистон расмийлари можарога сабаб бўлган элчи баёнотига муносабат билдирмадилар.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири 1992 йили Қозоғистон БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлганидан кейин мустақил давлат сифатида биринчи бўлиб эътироф этган ва дипломатик муносабат ўрнатган мамлакат Хитой бўлганини айтди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















