Украина уруши: Халқаро суд Ши Жинпинга писанд эмасми? Ukraina Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
17 мартда Халқаро Жиноят Суди Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берганидан кейин 20 мартга белгиланган Хитой раҳбари Ши Жинпиннинг Москвага сафарига эътибор кучайди.
Яқин тарихда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб турган шахсни жиноятда айблаб ҳибсга олиш буйруғи берилиши кузатилмаган, Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасига кўра, Россия Президенти Владимир Путин Украина болаларини ноқонуний депортация қилишда гумонланмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Халқаро суд қарори бошқа сиёсатчиларни Путин билан қўл бериб кўришишларидан қайтаради, деди Украина прокурори.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ванг Венбиндан халқаро суд ордери манзарасида Хитой раҳбарининг Москвага бораётганига муносабат ҳақида сўралди.
Ванг Венбин айтишича, Халқаро Жиноят суди "сиёсийлаштириш ва икки хиллик стандартлардан қочиши керак", "объектив ва холис мавқеъни тутиши лозим".
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиб сўзларига кўра, халқаро маҳкама "халқаро қонунчиликда кўзда тутилган давлат раҳбарининг жиноий таъқибдан иммунитети борлигини ҳурмат қилмоғи лозим".

Сурат манбаси, AFP
Хитой президенти Ши Жинпиннинг 20-, 21- ва 22-март кунларига мўлжалланган расмий сафари Россия Украинага бостириб кирганидан кейинги илк сафар бўлди.
Сафар арафасида Хитой газетасида Президент Путиннинг, Москва рўзномасида эса Ши Жинпиннинг мақолалари эълон қилинган.

Сурат манбаси, kremlin.ru
Икки раҳбар ҳам Россия билан Хитой билан муносабатларни юқори баҳолаганлар.
20-март куни Хитой раҳбарининг самолёти Москва аэропортига қўнди.
Уни Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко кутиб олди.
Ши Жинпин шарафига фахрий қоровул саф тортган.
Расмийларга кўра, душанба куни Ши Жинпин ва Владимир Путиннинг норасмий мулоқоти ва бирга тушлик режаланган, расмий музокаралар эса сешанба кунига мўлжалланган.
Хитой ҳукумати Украина уруши борасида нейтрал эканини айтади.
Би-би-си мухбири ёзишича, кўплаб таҳлилчилар "Россия жанг майдонида аниқ, шармандали мағлубиятга учраётганига ўхшаш вазият юзага келиб турганида Хитой нима қилиши мумкин?" деган саволни бермоқдалар.
Бундан кейин ҳам Хитой ўзини четга суриб нейтраллигини сақлайдими ёки Россияга қурол-яроғ беришни бошлайдими?
Ғарб Пекинни Россияга ҳарбий ёрдам бериш оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирганлар.
Ўтган ой Хитой Украина урушини тугатиш борасида ўз таклифларини илгари сурган, бунга Ғарбнинг муносабати бефарқ бўлганди.
Хитой ҳам, Россия ҳам Халқаро Жиноят судининг айблов илгари сурилган шахсни Гаагага топшириш шартномасини имзоламаганлар, Россия расмийлари маҳкаманинг Президент Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқи бўйича вакиласи Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш бўйича қарорини қоралаб чиқдилар.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















