Украина уруши: Мариуполни қайта қуришингиз мумкин, лекин ўликларни тирилтиролмайсиз Ukraina Dunyo Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Россия матбуоти Президент Путиннинг Мариуполь шаҳрига боргани ҳақида хабар тарқатди. Бир пайтлар денгиз соҳилидаги баҳаво, гўзал шаҳар бўлган Мариуполни Россия шафқатсиз бомбалади, 90 фоиз бинони ер билан яксон қилди. Энди эса фаровон шаҳар сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Россия матбуоти Президент Владимир Путиннинг Мариуполь шаҳрига 18 март тунида боргани ҳақида хабар қилди.
Эълон қилинган видеоларда Президент Путин автомобилда шаҳар кўчалари бўйлаб кезади, янги қурилган микрорайонда пиёда юради, Россия матбуоти "яшовчилар" деб тақдим қилган одамлар билан гаплашади, қурилиш режаси билан танишади.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, BBC/UN/REUTERS
Россия қўшинлари март, апрель ва май ойларида Мариуполни қўлга киритишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилдилар.
Атрофидаги далада рус тилида "Болалар" деб ёзилган, ертўласида қуролсиз тинч аҳоли жон сақлаётган Мариуполь драмтеатри портлатилди, камида 600 инсон ҳалок бўлди.
Россия драма театрини портлатганини рад этади, украиналик ҳарбийларнинг ўзи бинони миналаштириб портлатди деб даъво қилди.
Мариуполдаги туғруқхона биноси ҳужумга тутилгани хабари ҳам дунёни ларзага солди, ярадор ҳомиладор аёллар фото суратлари кенг тарқалди.
Россия ҳарбийлари туғруқхона Украина ҳарбийларининг паноҳига айланганди, дедилар.
Ҳозир Украина ҳудудида яширинишга мажбур бўлиб турган Мариуполь шаҳрининг ҳокими Вадим Бойченконинг Би-би-сига айтишича, бу шаҳарда рўй берган воқеалар Путиннинг "шахсий ишига айланган"
"Биз Мариуполь Путин учун шаҳарга етказган вайронагарчилиги учун рамзий жойга айланганини тушунишимиз керак. Бирорта ҳам шаҳар бунчалик вайрон этилгани йўқ. Бирор бир шаҳарни бунча узоқ вақт қамал қилганлари йўқ. Бирорта ҳам шаҳарни гилам бомбардировкасига солганлари йўқ", - деди Вадим Бойченко инглиз тилида.
"У нималар қилганини ўз кўзи билан кўриш учун борди"", - деди Бойченко.

Сурат манбаси, Reuters
Мариуполда мен билан гаплашиши мумкин бўлган одамни топиш осон эмас, деб ёзади ВВС Мониторингдан Виталий Шевченко.
Россия ишғолидан 10 ой ўтиб, Украинанинг жануби-шарқидаги Мариуполь шаҳрида ҳаёт қандайлиги ҳақида гаплашиш учун одамларга мурожаат қилсам, икки нарсага йўлиқаман, қўрқув ва ишончсизлик.
"Афтидан, рус журналистисиз. Мен айтадиган гап сизга ёқмаса керак. Сиз каби одамлар ҳақиқатни айтганни ўлдиради", дейди Мариуполда эканини айтган бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Россия армияси мариуполликларни бир ой даҳшатли қамалда сақлаган ва шаҳар ўтган май ойида таслим бўлган.
Ниҳоят мен билан бемалол гаплашишга рози бўлган уч нафар шаҳарликни топдим: маҳаллий шаҳар кенгаши аъзоси, пенсионер ва муҳандис. Ҳар учаласи ҳам исмини айтмаслик шарти билан рози гаплашишга бўлди. Чунки руслар қўйган маҳаллий ҳокимиятдан уларга зарар етиши мумкин.
Улар менга Россия томонидан маҳаллий аҳолининг онги ва қалбини эгаллаш учун кенг қамровли пропаганда кетаётгани, Россия қўшинлари вайрон қилган шаҳарни қайта қуриш ишлари бораётгани ҳақида гапиришди.
Бу кампаниядан кўзланган мақсад Мариуполни тўла Россияники қилиб ўзлаштиришдир.
Мен билан суҳбатлашганларнинг гаплари бир-бирига мос келади. Ижтимоий тармоқлардаги охирги постлар ҳам буни тасдиқлайди.

Урушдан олдин шаҳарда ярим миллионга яқин одам яшаган.
БМТ ҳисоб-китобига кўра, турар-жой биноларининг 90 фоизи зарарланган ёки вайрон бўлган, 2022 йил февралида Россия ҳужумидан кейин 350 минг киши шаҳардан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Your device may not support this visualisation
Мариуполь тинимсиз ўққа тутилгани сабабли у ерда қанча одам ўлганини аниқ айтиш қийин, бироқ Украина расмийлари у ерда 20 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган дейди.
Россия Мариуполга қўйган раҳбарият у ерда 300 мингга яқин одам яшаётганини айтади.
Мен билан гаплашган мариуполликларнинг айтишича, ҳозир шаҳар бутун Россиядан ва Марказий Осиёдан келган мардикорлар билан тўла.
Россия тайинланган Мариуполь "мэри" Олег Моргуннинг айтишича, ҳозир шаҳарда 70 мингга яқини қурилиш ишчилари ва рус ҳарбийлари бор.
Қайта қуриш

Сурат манбаси, Maxar
Бомбардимон пайтида зарар кўрган кўплаб бинолар бузиб ташланиб, янгилари қурилмоқда.
Мисол учун, Россия ҳарбийлари Мариуполь ғарбида ўнлаб кўп қаватли уйлардан иборат бутунлай янги квартал қурди. У Президент Владимир Путиннинг она шаҳри Санкт-Петербургнинг Нева дарёси шарафига Невский деб аталди. Россия давлат матбуотига кўра, Санкт-Петербург Мариуполни қайта тиклашда бош ҳомий бўлмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
"Автобусда шундай ёзиб қўйишибди: Санкт-Петербург ва Мариуполь эгиз шаҳарлардир. Ҳамма жойда ҳозир Мариуполь Россиянинг бир қисми эканлигини уқтирувчи шиорлар бор", дейди менга нафақахўр Мария (исми ўзгартирилган).
"Менга аввалги ҳоли ёқарди. Ҳозир қўрқувда яшаяпмиз. Бошимизга нима тушишини билмаймиз."
Бир неча ойлик шиддатли жанглардан омон қолган уйларда россияликлар деразалар, радиаторлар, баъзан эса иситиш ва канализация қувурларини алмаштирмоқда.
Иситиш, сув таъминоти, электр таъминоти асосан тикланди. Электр троллейбус ва трамвай тармоқлари ҳали ҳам ишламаётган бўлса ҳам, автобуслар яна йўловчилар билан тўла.
Кўплаб мактаблар, касалхона ва дўконлар ҳам қайта очилди, аммо кўплаб сотувчилар ўз маҳсулотларини пиёдалар йўлагида сотяпти.
Россия қайта қурган мактаблардан бири Марияда алоҳида таассурот қолдирган: "У жуда чиройли, ранг-баранг ". Унинг айтишича, ҳозир Мариуполда мактаблар етишмайди, шунинг учун дарслар икки сменада: эрталаб ва тушдан кейин бўлади.
Россия ишғол қилинган ҳудудларда ўзининг рус тилидаги ўқув дастурини жорий қилди ва бу эса болаларни мактабга қайтариш ишларини янада мураккаблаштирди.

Сурат манбаси, Reuters
Мариуполнинг бу қадар тез тикланиши 2014 йилдан бери россияпараст кучлар ишғол қилган минтақавий пойтахт Донецкда ҳасад уйғотмоқда.
Россия томонидан тайинланган Донецк Халқ Республикаси раҳбари Денис Пушилин ҳатто пойтахтнинг Мариуполга кўчирилиши ҳақидаги миш-мишларни рад этишга мажбур бўлди.
Ассимиляция
Россия Мариуполга ўз муҳрини қўйишнинг бошқа муҳим усулларини ҳам қўлламоқда.
Масалан, маҳаллий аҳолига Россия паспортини олиш учун босим ўтказилмоқда.
Мен билан суҳбатлашган Мариупол шаҳар кенгаши аъзоси Иван (исми ўзгартирилган) маҳаллий аҳоли кўпинча Россия паспортини олишга уриниб "катта навбатлар" ҳосил қилишини айтди.
Расман бирор ерда ишлаш учун, айниқса, ҳукумат ёки давлат секторида ишлаш учун паспорт керак, дея тушунтиради у.
Улар паспорт олганларга "фильтрлаш" деб аталган қўшимча қаттиқ текширувларсиз Россияга боришга рухсат берадилар, дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Reuters
"Улар атай шундай вазият яратдики, сизда муаммо пайдо бўлади, Украина ҳужжатлари билан кутиб қолишингизга тўғри келади. Бошқа томондан, агар Россия паспортини олсангиз, муаммоларингиз шу билан тугайди. Агар сиз Россия паспортини олсангиз, ҳамма нарса осонроқ ҳал бўлади", дейди Иван.
Мариуполь ҳам Россия молия тизимининг бир қисмига айланмоқда. Украина валютаси Гривнадан воз кечилди ва энди дўконларда фақат Россия рубли қабул қилинади.
Россия Мариуполь аҳолисига нафақа тўлаш учун катта миқдорда маблағ сарфламоқда, бу кўп ҳолларда урушдан олдин Украина ҳукумати тўлагандан кўпроқ. Шундай қилиб, Мариуполь аҳолиси иккита пенсия олиш имкониятига эга - бири Россиядан, иккинчиси Украинадан. Табиийки, бу кўплаб маҳаллий пенсионерларга роса ёқадиган ҳолат.
Россия пенсиялари кексаларнинг Россия паспорти олишга навбатда туришининг яна бир сабабидир - кўплаб пенсионерлар келажакда Россиядан пул олишни давом эттириш учун ҳужжатлар талаб қилинишига ишонади.
Ҳозирда Мариуполда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ҳам россияпараст позицияни тарғиб қилмоқда.
Россияпараст туйғулар
Мариуполнинг ҳозирги аҳолисининг аксарияти руслар ҳужум қилганда, касаллиги ёки қарилиги туфайли ёки Россиянинг келишини мамнуният билан қабул қилгани учун шаҳарни тарк этмаганлардир.
"Биз Украинада етарлича азоб чекдик. Энди нафас ола бошладик", дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири менга барча алоқаларни узишдан олдин.

Сурат манбаси, Reuters
Ривожланаётган қайта қуриш кампанияси, нормал ҳаёт қайтаётгани ҳисси, сахийлик билан тўланаётган пенсиялар ва пропаганда кампанияси шаҳарда россияпараст кайфиятни кучайтирмоқда.
"Мен газеталардаги бу ташвиқотлардан тўйдим. Улар биринчи кундан бошлаб ишлар қанчалик яхши кетаётганини айтиб чарчашмайди", дейди Юрий исмли муҳандис (исми ўзгартирилган). "Ҳозир ўз шаҳримда ўзимни кераксиз ҳис қиляпман. Одамлар бошқача, менинг шаҳрим ҳозир бошқача бўлиб қолган".
Иван шаҳар кенгаши аъзоси: "Сайловчиларимга Украина тараф гапларни айтиш мен учун қийин бўлиб қолди. Россияпараст муҳитда украинапараст бўлиш қийин. Афсуски, Украина Мариуполдаги одамларнинг қалби ва онгини йўқотмоқда".
Мариуполдагилар ўз шаҳарларига маълум даражада нормал ҳаёт қайтганидан хурсанд бўлишлари мумкин, аммо Россиянинг нияти яхшимаслигидан гумон қилаётганлар ҳам бор.
Украиналик машҳур журналист Денис Казанскийнинг даъво қилишича, Россия Мариуполда қураётган янги уйлар орқали одамлар эътиборини Донецк вилоятидаги вайронагарчиликдан чалғитишга уринмоқда.
"Агар улар 10 та касалхонани вайрон қилиб, кейин биттасини тиклаган бўлса, бу реконструкция эмас. Уларга раҳмат айтишга сабаб йўқ", дейди у.
"Мактаб қайта қурилганидан хурсанд бўлишингиз мумкин, аммо Россия томонидан ўлдирилган минглаб одамлар-чи?" дейди у.
"Уларни тиклай олмайсиз. Уларни қайтаролмайсиз."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














