Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Ўзбекистонда нега қурол масаласи кун тартибига чиқди, Толибон аёлларни ёлламоқда. Хакерлар саломи - Сенат сайти ҳимояси заифми? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, screenshot/video
- Сенат сайтини бузганлар Киберхавфсизлик марказига салом йўллади;
- Толиблар Афғонистонда аёл полициячилар бўлимини тузмоқда;
- Уруш чегарасидаги ўзбекистонлик талабалар қаерга кўчирилади?
- 100 дан ортиқ Қорақалпоғистондаги воқеаларида айбланганлар оиласига қайтди;
- Мактаблардаги қуроллар қаерга кетди?
Сенат сайтига киберҳужум
2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти киберҳужумга учраб, сайтга киришнинг имкони бўлмади. Ижтимоий тармоқларда Senat.uz сайтида Хакерлар Киберхавфсизлик марказига "салом йўллашгани" экран тасвири тарқалди.
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши: Россия Афғон ҳарбийларини ёллашга уринаяптими?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистонда Украина уруши мавзуси тақиқланганми? Имомларга жумада нималарни гапирмаслик буюрилган? Россиядан яна шунча кўп пул келдими?
- Россия Украина урушига русларни эмас, бошқа миллатларни кўпроқ юборяптими? Тадқиқот
- Янгиликлар. Остона: Россияни қаттиқ жазолаган Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинлашмоқчи, бунга Путин нима дейди?

Сурат манбаси, Ekran tasviri
Экранда «Киберхавфсизлик марказига саломлар» ҳамда хакерлар гуруҳининг логотипи остида "Сизнинг тизимингиз бузиб кирилган" ёзуви турибди.
Сенат ўзининг Телеграмдаги расмий каналида сайтга хакерлар ҳужумини тасдиқлади.
"Бугун, 2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Senat.uz расмий сайти хакерлар ҳужуми туфайли ресурснинг иш қобилияти бузилган. Айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётганлигини маълум қиламиз", - дейилади хабарда.
Афғон полициячи аёллар ишига қайтадими?
Толибон Афғонистонда аёллардан иборат миллий полиция бўлимини тузмоқди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.
Хабарга кўра, бўлинмага Толибон ҳокимиятга келгунига қадар Ички ишлар вазирлигида ишлаган аёллар жалб қилинган. Айни пайтда бўлимда 100 га яқин хотин-қизлар ўқитилмоқда.
"Биз маҳаллий полиция бўлимларида ўқитилган ва полиция бўлимларида тажрибага эга бўлган бошқа аёл полициячиларни ишга олишга ҳаракат қилмоқдамиз", дейди Афғонистон Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Абдул Нави Тҳакур.
Афғонистондаги аёллар ҳуқуқлари фаоли Муҳадиса Аминнинг айтишича, Толибон намойишларда аёлларга нисбатан шафқатсизликка жамоатчиликнинг муносабатини жиловламоқчи.
Агентликнинг таъкидлашича, аёллар норозилик намойишлари устида ишлайди ва уларда иштирок этаётган афғонлар билан мулоқот қилади.
ОАВ маълумотларига кўра, август ойида Толибон аёллар митингини ҳавога ўқ узган ҳолда тарқатган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Толибон аёллар намойишида кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган эди.
Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, полицияга ёлланган аёллардан Афғонистон миллий полициясига қайтиш учун собиқ ҳамкасбларини жалб этишни сўрамоқда.
Бунинг сабаби, Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идораларида аёл ходимлар сони кескин камайиб кетган.
2022 йилнинг ёзида Толибон аёлларга хавфсизлик кучларида ишлашга қисман рухсат берганди.
Уруш чегарасидаги ўзбек талабалар
Давлат тест маркази хабарига кўра, Россиянинг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМга истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди.
Марказ маълумотида ўзбекистонлик талабалар ўқиши улар аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМ мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилиши билдирилган.
Шунингдек, ўқишни кўчириш бўйича аризалар 2022 йил 1 ноябрдан 20 ноябрга қадар (шу куни ҳам) Давлат тест маркази my.dtm.uz сайти («Россиядан ўқишни кўчириш» бўлими) орқали қабул қилиниши маълум қилинган.
Оиласига қайтганлар 100 дан ошди
Қорақалпоғистондаги воқеаларда иштирок этган яна 35 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласи бағрига қайтарилди.

Сурат манбаси, Rasmiy sahifa
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия ташаббуси билан яқинлари бағрига қайтарилган айбланувчилар сони 107 нафарга етган.
"Комиссия томонидан фуқаро мурожаатларини ўрганиш давомида содир этган қилмишига пушаймон ва ижтимоий шароити оғир бўлган айбланувчиларнинг учинчи рўйхати шакллантирилган ва уларни оиласига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган эди.
Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, Бош прокуратура томонидан 2022 йилнинг 1 ноябрь куни яна 35 нафар айбланувчини жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, Омбудсман Ахборот хизмати шу йилнинг 30 август куни 34 нафар, 13-14 октябрь кунлари 38 нафар Мустақил Комиссия томонидан шакллантирилган рўйхатдаги айбланувчи оиласи бағрига қайтарилганинин маълумот тариқасида келтирган.
Мактаблардаги қуроллар қаерга кетди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутат Иқбол Мирзо Ўзбекистон мактабларининг 3 фоизидагина чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанида қуроллардан фойдаланиб дарс ўтилишини билдирди.
Депутат ушбу маълумотни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида мактаблардаги муаммолар қаторида келтирган.
- "Бор-йўғи уч фоиз мактабларимизда [ўқув-машғулотларида фойдаланиладиган] қуроллар бор. Мана шу шароитда қўлига қурол ушлаб кўрмаган болада қандай қилиб бу туйғу пайдо бўлади. Биз ўқиган пайтларда ҳамма мактабларда камида ўнтадан АКМ автоматлари бўларди ва буни қўлимизда ушлаб, завқини туйганмиз.
Тўғри, кейинги пайтларда баъзи бир мулоҳазалар билан бу қуроллар йиғиштириб олинди. Лекин мана шу масалада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳатто баъзи бир мактабларимизда ҳалигача ҳарбий саф майдонлари ҳам йўқ. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, бу масалага жиддий қараб, назоратини йўлга қўйиш керак. Темур бобомизнинг: "Агар тинчликни истасанг, урушга тайёр тур" деган машҳур гаплари бор. Собиқ шўро ҳудудида бўлаётган воқеалар, қисман мобилизация эълон қилингач ватанини ташлаб кетаётган юз минглаб одамлар, йигитлар бугунги масаланинг жиддий эканини кўрсатяпти" - , дея таъкидлаган Иқбол Мирзо .
Ушбу масала Россиянинг Украинага босқини ва Марказий Осиё мамлакатларига таъсири ҳақидаги хабарлар ОАВларнинг асосий мавзуларидан бирига айланган бир манзарада янграмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















