Украина уруши: Россия Афғон ҳарбийларини ёллашга уринаяптими? Ukraina Dunyo Yangiliklar

Foreign Policy нашри ёзишича, Афғонистоннинг АҚШ ва Ғарб мамлакатлари тарафидан ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган сара махсус кучлари ҳарбийларини Россия Украина урушига ёлланма аскарлар сифатида жалб этишга ҳаракат қилаяпти.
Мақола "Россия Афғон махсус кучларини ёллаяпти" (Russia's Recruiting Afghan Commandos) деб номланади.
Алоқадор мавзулар:
Ўтган йил августида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин Афғон ҳукумат кучлари таркибида бўлган ҳарбийлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.
Махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган ҳарбийларнинг сони 20 минг билан 30 минг атрофида деб кўрилади.
Жуда юқори жанг қилиш малакасига эга махсус кучлар ҳарбийлари турли мамлакатларда яширинишга мажбур бўлишаяпти, ўз исми очиқланишини хоҳламаган собиқ Афғон хавфсизлик мулозими бундай ҳарбийларнинг Россия учун осон ўлжа бўлишларини айтган Foreign Policy га.
Ана шундай "спецназ" ҳарбийларига Украинада жанг қилиш таклифи келиб тушган.
Бу таклиф Россиядаги ЧВК Вагнер гуруҳидан бўлаётганига собиқ Афғон ҳукумат қўшинлари зобитлари ишонишади.
ЧВК Вагнер ва унинг асосчиси Евгений Пригожин Украинада Россия Мудофаа вазирлигининг ҳарбий талафотлари манзарасида фаоллашган, Пригожин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия генераллари ва уларнинг уруш сиёсатларини қоралайдиган танқидларини охирги вақтларда кучайтирганлар.
Foreign Policy га гапирган бир Афғон собиқ мулозими, ҳозир Афғонистондан чиқиб кетган ва даромад топишда қийналиб қолган Афғон махсус кучлари жангчилари Покистон ёки Эронда кунига 3-4 долларлик, Туркияда эса кунига 10 долларлик иш кутиб ётишипти, деб айтган.
"Агар Вагнер ёки бошқа жосуслик хизматлари бу йигитларга келиб 1000 доллар таклиф қилишса, улар рад этолмайдилар. Агар сиз бир йигитни ёлласангиз, у ўзининг эски бўлинмасининг ярмини олиб келиши мумкин. Чунки улар биродарлардек. Ва тез орада сиз бир взвод одамни йиғишингиз мумкин", деб айтган Афғон зобити.
Foreign Policy ёзишича, Россия таклифига назарий жиҳатдан 10 минг собиқ Афғон ҳарбийси рози бўлиши мумкин.
Ушбу хабарни Би-би-си Пашту хизматига Афғонистон қуролли кучларининг собиқ генерали Фарид Омадий ҳам тасдиқлаган.
Генерал Фарид Омадий Афғон армиясида махсус операцияларга раҳбарлик қилган.
Унинг айтишича, бир неча ҳарбийлар ўзига мурожаат қилишган, Россия томонидан Украинада жанг қилиш ҳақида бўлаётган таклифга нима деб жавоб бериш борасида маслаҳат сўраганлар.
Генерал Омадий рози бўлмасликка чақирганини айтгани билдирилади.
"Бундай сафар - бир томонга чипта бўлиши мумкин", деб айтдим деган Афғон зобити.
ЧВК Вагнер Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган тутқунлар, ҳатто оғир бетоб эркакларни ҳам, Россия қамоқхоналарида сақланаётган Ўзбекистон ва бошқа мамлакат фуқароларини ҳам Украина урушига жалб этаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














