Украина. Янгиликлар: Бизни ‘гўштқиймалагичга ташлашди’ – Украина Россияга бошқа танлов қолдирмадими? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Донбассда озод қилинган қишлоқ

Сурат манбаси, Anadolu Agency

    • Author, Илья Барабанов, Ольга Ившина
    • Role, Би-би-си

Россиянинг сара ҳарбий тузилмаларининг Лиманни мудофаа қилишдаги муваффақиятсиз иштироки ва жиддий йўқотишларга учрагани Би-би-сига маълум бўлди. Генерал штаб бош бошқармаси 3-гвардия махсус кучлари бригадасининг Лимандан чекиниши чоғида камида тўққиз киши ҳалок бўлган ва бир киши оғир яраланган.

Би-би-си бу маълумотларни ижтимоий тармоқларни ўрганиш жараёни ва ҳалок бўлган аскарлардан бирининг синглиси билан суҳбатлашганда аниқлади. Бундай ҳарбий қисмлар Совет давридан буён энг муҳим ҳарбий миссияларга юбориларди. Россия армияси Донецк вилоятидаги бу шаҳардан чекинаётган пайтда рус тарғиботи уни ЛПРдан сафарбар қилинган ва ҳудудлардаги кўнгиллилар тузилган «Барс» бўлинмалари ҳимоя қилганини айтди.

Алоқадор мавзулар:

«Учинчи махсус бригада махсус кучлари тўлиқ қурбон бўлган. Уларни гўшт майдалагичга ташлашди. У 19 ёшда, менинг қандай кўркамим эди».

«Украина ҳудудида топшириқларни бажараётиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Мангу хотирамдасан, юрагим менинг, қаҳрамоним!»

«Мен учун жуда қайғули хабарни айтишди! Укаларим, дўстларим, хизматдаги ҳақиқий сафдошларим ва шунчаки яхши инсонлар вафот этдилар. Сизларни соғинаман!»

«Николо-Шартомский монастири қошидаги мактаб-интернатнинг битирувчиси, жангчи Вячеслав (Зинцов)нинг руҳи учун дуодамиз. У «Красний Лиман»да вафот этди».

30 сентябр ва 1 октябр кунлари "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида бир қатор хабарлар пайдо бўлди. Уларда Россия армиясининг Донецк вилоятининг Лиман шаҳридан чекиниши расмий Россия ОАВлари хабар қилганидек осон бўлмагани кўринади. Шаҳарни Россиядан ҳимоя қилишга нафақат кўнгиллилар, балки ўша пайтда Владимир Путин Россия ҳудуди деб эълон қилган бўлгинчи ҳудудларнинг сафарбар қилинган аҳолиси ҳам ҳаракат қилдилар.

ДНР Лимане

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украин аскари Лиманда Россия байроғини олиб ташлаяпти

«8 киши ҳалок бўлди, иккитаси оғир жароҳатланган. Улардан бири вафот этди, бири тирик, лекин аҳволи жуда оғир. Қарийб бутун гуруҳ ўлиб кетди. Йигитлар ҳақиқий қаҳрамонлар. Афсус, бошқа бундай қаҳрамонлар йўқ», - қурбон бўлган ҳарбийлардан бирининг синглиси гапириб берди Би-би-сига.

Бошқа қурбоннинг рафиқаси Лимандан чекиниш пайтида отряд Толяттидан Бош штабнинг 3-махсус кучлари бригадасини йўқотганини тасдиқлади. «Жами тўққиз киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган», - деди у.

Уларнинг яқинлари десантчиларнинг ўлими жойи ва ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Улар олган маълумотлар узуқ-юлуқ.

«Биламан, бу йигитлар ўша ерда ташлаб кетилган. Улар бир кеча-кундуз давомида жанг қилишган, аммо ололмаганлар. Вафот этган укам эндигина 21 ёшда эди, ўлган дўсти эса 19 ёшда», - деди марҳумнинг опаси.

Ҳарбий хизматчиларнинг жасадлари қачон ватанга қайтарилиши ва дафн маросими қачон ўтказилиши ҳозирча оилага маълум эмас.

19 ёшли оддий аскар Данил Бойков бу бўлимда энг ёши эди. У билан бирга катта лейтенант Вячеслав Зинцов, кичик лейтенант Виктор Горобец, командирлар Андрей Шорин ва Юрий Филатов ва оддий аскар Алексей Чиндин ўлдирилган. Ҳарбий хизматчилар Карпенко ва Узбяков оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган. Кейинчалик Узбяков вафот этган.

Қурбонлар рўйхати

Гарчи Россия армияси урушбошидан буён кўплаб йўқотишларга дучор бўлаётган бўлса-да, эҳтимолки, 3-махсус бригаданинг йўқотилиши энг катта йўқотишдир.

«Албатта, йўқотишлар бўлган, лекин бу ҳақда бизга бирон ким айтармиди?», деди қурбонлардан бирининг опаси.

Очиқ манбалардан маълумки, 3-махсус бригадасининг биринчи жангчилари март ойининг бошида қурбон бўлишган.

Лимандан чекинишдан олдин ҳам, бригада учун энг оғир кунлар 3 мартдан 4 мартгача бўлганди. Унда бригада тўртта разведкачисини йўқотган: рота командири майор Азамат Алимов, капитан Алексей Чучманов, кичик сержант Станислав Герасимов ва кичик сержант Егор Букатин.

Би-би-си ва «Медиазона» журналистлари ҳамда бир гуруҳ кўнгиллилар урушнинг биринчи куниданоқ очиқ манбалар асосида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчиларни ҳисобини юритишмоқда.

1 сентябрга келиб, журналистлар 3-гвардия махсус кучлари бригадасининг 26 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари тўғрисида маълумот тўплашди, улар орасида беш нафар офицер ҳам бор эди.

Сентябр ойининг ўрталарига келиб, ноодатий, аммо муҳим маълумот манбаси Борисоглебскдаги Россия Қуролли Кучларининг бокс бўйича чемпионатида намойиш этилган ўлган аскарларнинг фотосуратлари билан стенд бўлиб чиқди. Унда ГРУ махсус кучларининг 3-гвардия бригадасининг 47 нафар ҳалок бўлган аскарлари ва офицерлари ҳақидаги маълумотлар чоп этилган.

Би-би-си стенддаги суратларни ўрганиб чиқиб, тилга олинган аксарият махсус кучлардаги ҳарбийларнинг исмлари аввалроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани, бироқ хизмат жойи кўрсатилмаганини аниқлади. Шунингдек, стендда ўлимлари ҳақида аввал оммага хабар қилинмаган икки ҳарбий хизматчининг ҳам фотосуратлари ҳам бор эди. Энди бу рўйхатга камида тўққизта янги ном қўшилди.

Кейин ҳам, ҳозир ҳам ГРУ махсус кучларининг вафот этган деярли ҳар тўртинчи аскари офицерлардир. Бундай йўқотишлар армия учун айниқса таъсирли ва уларнинг ўрнини босиш қийин. Махсус кучлар зобитини фақат айни мутахассислик ва тайёргарлик даражасига эга бўлган шахс алмаштириши мумкин. Бу эса кўп йиллик тайёргарлик ва тажрибани талаб қилади.

Америка Ҳарбий-денгиз таҳлили маркази эксперти Майкл Кофманга кўра, Украинадаги урушда ҳалок бўлган ҳар бир рус аскарига ўртача уч яримга яқини ярадорлар тўғри келади. Ушбу маълумотларга асосланиб, ўлим ёки олган жароҳати (ҳеч бўлмаганда вақтинча) натижасида 3-ГРУ махсус кучлари бригадаси сафини 200 дан ортиқ киши тарк этган бўлиши мумкин, дея тахмин қилиш мумкин.

Махсус кучлар бўлинмаларининг аниқ сони маҳфий сақланади. Аммо консерватив ҳисоб-китобларга кўра, 200 дан ортиқ жангчиларнинг йўқ қилиниши иккита махсус кучлар ротасининг тўлиқ муваффақиятсизликка учраганига тенг бўлиши мумкин.

ГРУ махсус кучлари 3-бригадаси 1966 йилда ГДР да ташкил топган, унга ҳозирда полковник Алберт Омаров командирлик қилади. Бригада тузилганидан бери ҳамига «қайноқ нуқталар»даги жангларда иштирок этган.

Чеченистондаги уруш пайтида ГРУ махсус кучларининг разведка отрядлари 45-70 кишидан иборат эди. Агар шундай баҳони асос қилиб оладиган бўлсак, отряд разведкачиларнинг 75 фоизи сафдан чиққан бўлиши мумкин.

Россия оммавий ахборот воситалари Бош штаб махсус кучлари иштирокидаги операциялар ҳақида деярли ҳеч қандай хабар бермайдилар. Баъзида операция муваффақиятли ўтганидан кейин маълум бўлади. Аммо гап Украинадаги уруш ҳолатида Россия армиясининг чекиниши ҳақида борадиган бўлса, ташвиқот ҳар доим фронтнинг маълум бир секторида ҳарбийлар эмас, балки россиялик кўнгиллилар муваффақиятсизликка учрагандек кўрсатишга ҳаракат қилади.

Украина Қуролли Кучлари Харков вилоятидаги фронтни ёриб ўтиб, Балаклея, Изюм, Купянск ва бошқа кўплаб аҳоли пунктларини озод қилганда шундай бўлди. Ўшанда Россия оммавий ахборот воситалари фронт чизиғи ЛНРдан сафарбар қилинганлар, Россия гвардиясининг Бошқирдистон ва Самара жангчилари томонидан бой берилганини айтди. Бир неча кундан кейин эса у ерда Калининград вилоятининг денгиз пиёдалари қўшинлари қўлга олингани маълум бўлди.

Россиялик расмий ҳарбий мухбирлар Лиман ҳимоячилари ҳақида худди шу оҳангда гапиришди: «Улардан дарҳол маълум бўладики, булар бизнинг тарихимиз давомида фронтларда бўлган оддий уруш ишчиларидир. Ҳеч қандай кўз-кўз қилиш йўқ, жамланмаларида ортиқча нарса кўрмайсиз», - деб ёзди «Комсомолская правда» дан Александр Коц. Булар «Барс-13» отрядининг кўнгиллилари, казаклар, ЛПР бўлгинчи ҳудуди ва 20-армиянинг сафарбар қилинган аҳолиси эканлигини таъкидлади.

Ҳарбий мавзуларга ихтисослашган «Рибар» телеграм канали Лиман ҳимоячилари таркибини аниқлади: «58-қўшма қуролли армиянинг 19-мотоўқчилар дивизиясидан 503-гвардия мотоўқотар полки»

Россияпараст «Старше Эдди» канали эса шундай деб ёздилар: "Лиманни нафақат Кубан «БАРС»и, балки мунтазам армия ҳам ҳимоя қилади".

Россиянинг Кремлпараст Lifenews телеканалининг собиқ журналисти ва Wargonzo лойиҳаси муаллифи Семён Пегов Украинанинг босиб олинган ҳудудларини аннексия қилиш шарафига Қизил майдонга йиғилганларга Лиманни «Смоленск пиёдалари, Барсчилар» кўнгиллилар, «Россия легиони», шаҳарни тарк этмайдиган комендачилар» ҳимоя қилганини айтди.

Сўнгги кунларда пайдо бўлган некрологлар ва қурбонларнинг яқинлари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, бўлгинчи республикалардан сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилардан ташқари, ГРУ махсус бўлинмалари ҳам Лиманни ушлаб туришга (муваффақиятсиз) уринган.

СССРда ГРУ махсус кучлари душман чизиғи орқасида энг муҳим махфий операцияларни амалга ошириш учун ишлатилган.

Россияда ГРУ отрядларига бошқа - улар учун одатий бўлмаган вазифалар топширила бошланди, чунки бошқа кўплаб армия бўлинмалари жангларда қатнашишга тайёр эмас эди. Чеченистондаги урушнинг дастлабки йилларида ГРУ махсус кучлари кўпинча қўшма қуролли разведка сифатида ишлатилган. Грознийга ҳужум пайтида махсус кучлар отрядлари одатда умумий асосда ҳужум гуруҳларига киритилган.

Би-би-си билан суҳбатлашган экспертларнинг таъкидлашича, Украина ҳудудидаги уруш пайтида ГРУ бўлинмалари элита разведка зобитлари учун ўта оддий бўлган вазифаларни (шу жумладан мудофаа жанглари) ҳал қилиш учун яна фойдаланилади. Натижада Россия армияси сара жангчиларининг қўшимча йўқотишларига олиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek