Украина уруши: Россия ҳолдан тойди, қурол-яроғи тугаяпти Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
10 октябрь кунги Россиянинг Украина шаҳарларига оммавий ракета ҳужумлари нимани англатади, деган савол атрофида таҳлиллар давом этар экан, бу жанг майдонида душманини енголмаётган Россиянинг ноиложлиги аломати деган фикр билдирилаяпти.
Бугун Британиядаги Ҳукумат алоқа маркази (GCHQ) раҳбари Жереми Флеминг Россиянинг Украина урушига бағишланган баёнотини эълон қилди.
GCHQ таҳлилига кўра, ҳозирга келиб Украина бу уруш йўналишини синдира олган ва бугунги кунда ҳолидан тойган ҳамда қурол-яроғи тугаб бораётган Россия армиясига қарши урушаяпти.
Алоқадор мавзулар:
- Қрим, Белгород ва Херсон: Россия ҳарбий объектларида яна устма-уст портлаш, бунақаси бўлмаган, Путин ҳозирча жим
- Украина уруши ва Россия: Зеленский Қримни барибир олмоқчи, Қримдаги портлаш ортида ким турибди?
- Путин буни билармиди: Россия Украина урушида нега энг сара ҳарбийларини йўқотмоқда?
- Россия қўшинлари ташлаб қочган Украин ерлари: ўқ-дорилар, ҳарбий пойафзал ва "кечиринг" ёзуви

Сурат манбаси, Anadolu agency
GCHQ раҳбари Жереми Флеминг Би-би-сининг 4-радиосига интервью берган, у, Украина бўйлаб оммавий ракета ҳужумларига қарамасдан, Россия қўмондонлари ҳам билишадики, уларнинг қурол-яроғи якунига етаяпти, самарали қаршилик йўқ шароитида Президент Путиннинг қарори хато бўлди, деб айтди.
"Бу катта ставка стратегияси бўлиб, у муҳокамадаги стратегик хатоларга олиб келади", деди GCHQ раҳбари.
"Россия ядровий қуролларни қўллаш ҳақида бош қотираётгани аломатлари кўринмайди", деди Жереми Флеминг.

Сурат манбаси, .
Ракета ҳужумларидан бир кун ўтиб Украина расмийлари қурбонлар сони 19 кишига етгани, 105 инсон жароҳатлангани ҳақида хабар қилдилар.
Тинч фуқаролар ўлими ва уйлар вайронгарчилигига олиб келган бу ҳужумлар Россиянинг кучсизлиги туфайли, чунки унинг қўшинлари жанг майдонида мағлубиятга учраяпти, деб ёзди Би-би-си мухбири Сара Рейнсфорд.
"Владимир Путин қишгача жанг майдонида туриб вақтни чўзишга ҳаракат қилган вақти бу мағлубиятлар бошланди. Ҳойнаҳой у Украинанинг иттифоқчилари бўлган мамлакатлар ичида сиёсий босимлар бошланади ва улар Украинага дастакни кучсизлантирадилар, деб кутганди", деб ёзади мухбиримиз.
Ўшанда Москва музокара мақсадида ва урушни музлаган можарога айлантириш мақсадида босимни бошлаган бўларди.
Лекин Украина қуролли кучлари ҳужумга ўтдилар, Россия Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилганидан кейин ҳам уларнинг жанговар руҳи кўтаринкилигича қолди.
Россия раҳбариятига қарши танқидлар ҳам кўпайди.
Қрим кўпригидаги портлашдан кейин Украина ракета ҳужумларига тутилди, таҳлилчилар эса бу асосан Путиннинг ўзининг ички муаммоларини ҳал қилишга қаратилган амаллар деб талқин қилдилар.

Сурат манбаси, .
Украина қуролли кучлари Россиянинг ракета ҳужумлари 11 октябрь куни ҳам давом этганини хабар қилди.
18 қанотли ракета уриб туширилган.
Кўплаб ҳудудларда ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сиреналари эрталабдан тинмаган.
Ракеталар Одесса, Николаев, Киев, Ровен, Днепропетровск ва Запорожье вилоятлари осмонларида уриб туширилди.
Винница вилоятидаги иссиқлик электр станцияси вайрон бўлган, Львов вилояти ва шаҳрида электр таъминоти ишдан чиққан.
Украинага ракета ҳужумларини "Бухарест тўққизлиги"га кирган Болгария, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Словакия президентлари ва уларга қўшилган Черногория ҳамда Шимолий Македония раҳбарлари қорала чиқдилар.
"Бу халқаро ҳуқуқ бўйича уруш жинояти деб ҳисобланади", дейилади эълон қилинган баёнотда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги вакиласи Равна Шамдасани ҳам ўз хавотирини изҳор этди.
"Ҳужумлардан айримлари, кўринишича, ўта муҳим фуқаровий инфратуризмаларга қаратилган бўлган. Бу эса ушбу зарбалар халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларининг жанг олиб бориш тамойиллари бузилганини кўрсатади", - деди БМТ вакиласи.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













