Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистонда Украина уруши мавзуси тақиқланганми? Имомларга жумада нималарни гапирмаслик буюрилган? Россиядан яна шунча кўп пул келдими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

O'zbekistondagi masjid

Сурат манбаси, official

Марказий Осиёда масжидларнинг "қулоғи борми"? Ўзбекистонда махфий ҳужжатлар ошкор қилинмоқда. Энди Ўзбекистонга кириш осонлашадими? Россияда ҳозир ҳам зўр пул топcа бўладими? Шу ва куннинг бошқа муҳим хабарлари.

Алоқадор мавзулар:

Имомларга гапирмаслик буюрилганми?

Ukraina urushi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Ўзбекистоннинг давлат томонидан молиялаштириладиган ислом диний идораси муфтий яқинда ўз имомларига одатда сиёсий бўлмаган жума маърузаларида Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида гапирмасликни буюрган", дейилади мақолада

Шу кунларда Ўзбекистонда диний уламоларга жума маърузаларида Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида гапирмаслик ҳақида топшириқ берилган, деган хабарлар бўй кўрсатган. Бу ҳақда мамлакатнинг айни пайтдаги вазиятини яқиндан ўрганганини айтиб, Politico.eu ёзмоқда.

"Ўзбекистоннинг давлат томонидан молиялаштириладиган ислом диний идораси муфтий яқинда ўз имомларига одатда сиёсий бўлмаган жума маърузаларида Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида гапирмасликни буюрган", дейилади мақолада.

"Марказий Осиё республикаларида масжидларнинг қулоқлари бор", иборасини қўллайди нашр.

Таҳлилга кўра, Россия ҳарбий ҳаракатларини танқид қиладиган ёки мақтаган диний уламолар эндиликда хатони такрорламаслик ҳақида эслатишларини кутишлари мумкин.

Шунингдек, нашр айни пайтда Ўзбекистон телевидениелари ва газеталари уруш ҳақида кам ёритаётганлигини таъкидлаган.

"Гарчи Россиянинг давлат назоратидаги каналлари бу икки тилли 35 миллионлик мамлакатда Москванинг манфаатини кўзловчи ташвиқотларини кенг тарқатмоқда", дейилади Politico.eu мақоласида.

Маxфий ҳужжатлар ошкор қилинадими?

Махфийликдан чиқарилган ҳужжатлардан намуналар. Туркистон Генерал - Губернаторлигининг 1902-1903- йилларга оид девонхона ҳужжатлари. Ушбу ҳужжатлар ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий архивида сақланмоқда

Сурат манбаси, https://t.me/uzarxivs

Сурат тагсўзи, Махфийликдан чиқарилган ҳужжатлардан намуналар. Туркистон Генерал - Губернаторлигининг 1902-1903- йилларга оид девонхона ҳужжатлари. Ушбу ҳужжатлар ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий архивида сақланмоқда

Ўзбекистонда архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ишлари бўйича маълумот берилди.

"Ўзархив" агентлиги директори Улуғбек Юсупов яқин-яқингача 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар ҳам ёпиқ бўлганини айтган. Раҳбарга кўра, бугунга келиб уларни очиқлаш бошланган.

Расмийлар махфий ҳужжатларни очиқлаш ва рақамлаштириш бўйича ишларнинг тўртинчи босқичи якунланаётганини айтишган.

"Шу кунга қадар нафақат яқин тарихга, балки 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар ҳам ёпиқ эди. Уларни махфийликдан чиқариш бўйича ишларни бошлаганмиз. Фақат бу жараён кўп вақт талаб этади. Босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳозирда 3 та босқичда ҳужжатларни рақамлаштириб, уларни махфийликдан чиқардик. Ўтган йили ҳам баъзи ҳужжатлар махфийликдан чиқарилиб, очиқ фондга ўтказилган", дейди агентлик раҳбари Улуғбек Юсупов.

Архивларда ҳужжатлар билан ишлаш ва улардан фойдаланиш бепул экани маълум қилинган.

Шунингдек, "Ўзархив" агентлиги ҳозирда ҳужжатларни махфийликдан чиқариш бўйича тўртинчи босқичда ишлар бошлангани таъкидланган.

Пул ўтказмалари 2 баробардан ҳам кўпайди

Pul o'tkazmalari jadvali

Сурат манбаси, official

2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга хориждан 12,6 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушди. Ҳажмнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарни ташкил этди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати.

Таққослаш учун, 2021 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмаларини олсак, 5,745 миллиард долларни ташкил этган. Бу йилнинг шу даврида эса 12,6 миллиард доллар ўтказилган.

Бу йил нақд пул оқимининг асосий қисми ҳам Ҳамдўстлик мамлакатларига тўғри келади.

Ўзбекистонга пул юборишда Россия ҳамон етакчи бўлиб қолмоқда: жорий йилнинг биринчи ярмида бу мамлакатдан Ўзбекистонга 5,3 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказилди. Бу ўтган йилнинг биринчи олти ойидагига нисбатан 2,3 баробар кўп (2,2 миллиард доллардан ортиқ) демакдир.

Пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши Россиянинг Украинада бошлаган уруши даврида сезиларли бўлмоқда. Мамлакатда рублнинг ўз ўрнини мустаҳкам ушлаб турилишига интилиш мигрантларнинг иш ҳақлари миқдорини долларга ўгириб, ватанга юборишда қўл келмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича эса, нақд пул оқимининг ўсиши асосан россиялик қочоқларнинг Ўзбекистонга оммавий келиши билан ҳам боғлиқ.

Республика Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 318 мингдан ортиқ Россия фуқаролари кириб келган. Улар томонидан Россияни тарк этган халқаро тўлов тизимларининг ҳисобварақлари ва карталарини очиш ҳам таъсир кўрсатган.

Миграция қайди: нималар ўзгарди?

Ўзбекистонда хорижликларни рўйхатга олиш тартиби ўзгартирилади

Regulation.gov.uz порталига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларни рўйхатга олиш сертификат асосида электрон платформа орқали амалга оширилади.

Хабарда Ўзбекистонда хорижий фуқароларни рўйхатга олиш тартибига ўзгартиришлар киритилиши ва Ички ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлагани маълум қилинган.

Қарорга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистонда вақтинча яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон ҳудудига киргандан кейин уч иш куни ичида ҳудудий ОВИР, жойлаштириш муассасалари ёки тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш орқали вақтинчалик рўйхатга олишни амалга ошириш билан боғлиқ.

Шунингдек, Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш муассасалари ва санаторий-курорт муассасалари маъмурияти, хусусий уй-жой мулкдорлари томонидан "Е-меҳмон". дастуридан фойдаланган ҳолда маҳаллий ички ишлар органларини хабардор қилган ҳолда жойлаштириш билдирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek