Россия Украина урушига ташлаётганларнинг кўпи рус эмасми? Тадқиқот Ukraina Dunyo Yangiliklar

Россия аскари

Сурат манбаси, Vitaly Nevar/TASS

    • Author, Алексей Бессуднов
    • Role, Эксетер университети доценти

Украинадаги урушда баъзи этник озчиликлардан бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиш хавфи русларникидан юқорироқ. Баъзан ўнлаб марта юқори. Бироқ барибир ҳалок бўлган рус ҳарбийларининг аксарияти руслардир ва этник озчиликлар учун хавфнинг юқорилиги қасдан олиб борилган камситиш сиёсати эмас, балки минтақалар ўртасидаги тенгсизлик натижасидир.

"Тувада ўғлининг Украина урушида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабардан сўнг онанинг юраги бардош бера олмади! Тўрт нафар бола отасиз ва бувисиз қолди. Тува Республикаси Миллий гвардия бошқармаси полиция майори Владимир Вячеславович Шабалин Украинада вафот этди", деб ёзди июль ойида Телеграмдаги "Новая Тува" канали.

Бурятиянинг 20 000 аҳолилик Кяхта шаҳридан, маҳаллий нашрга кўра, аллақачон 45 киши Украинада ҳалок бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари кўпинча: "Россия бурятларни ўлдирмоқда, Қозоғистон ва Қирғизистон эса уларни қутқармоқда" дейди. Яқинда Доғистонда сафарбарликка қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди.

Алоқадор мавзулар:

Оммавий ахборот воситаларини ўқисангиз, Россия фронтга асосан этник озчиликларни юбораётгандек таассурот қолдириши мумкин. Баъзи далилларга кўра, армияга ёллаш (шартнома бўйича ва сафарбар қилинган) баъзи миллий республикаларда (Бурятия, Тува, Доғистон, Чеченистон) этник рус минтақаларига қараганда юқори. Аммо Украинада жанг қилаётган Россия армиясида этник озчилик аскарлари ҳақиқатан ҳам кўпми?

Биз Би-би-си, Медиазона (нашр Россияда "хорижий ОАВ агенти" сифатида тан олинган) ва кўнгиллилар жамоаси томонидан тузилган Украинадаги россиялик ҳарбий қурбонлар рўйхатини* таҳлил қилиб, бу саволга жавоб беришга қарор қилдик.

Ўлимлар сонини Россия ҳудудлари бўйича тақсимлаш

21 октябрь ҳолатига кўра, қурбонлар сони энг кўп бўлган бешта вилоят: Краснодар ўлкаси (332), Доғистон (321), Бурятия (305), Бошқирдистон (258) ва Волгоград вилояти (230). Энг кичиги билан - Қорачой-Черкес, (19), Ямал-Ненец автоном округи (10), Магадан вилояти (7), Ненец автоном округи (4) ва Чукотка автоном округи (2). Ушбу ва бошқа минтақалар бўйича маълумотлар б минтақалар бўйича 22 ёшдан 37 ёшгача бўлган 10 000 эркакка нисбатан ўлим ҳолатини кўрсатади.

Ўлим сони энг юқори бўлган минтақалар орасида ҳақиқатан ҳам миллий республикалар бор (Доғистон, Бурятия, Бошқирдистон). Бироқ, турли минтақаларда аҳоли сони сезиларли даражада фарқ қилади, шунинг учун ўлимларнинг мутлақ сонини эмас, балки аҳоли жон бошига ўлим сонини солиштириш тўғрироқдир.

Россия ҳудудлари бўйича аҳоли жон бошига ўлим улуши

Аҳоли жон бошига ўлим сонини ҳисоблаш учун биз 2010 йилги Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидан фойдаландик. Украинада ҳалок бўлган ҳарбийларнинг аксарияти ёшлардир. Шунинг учун биз 2010 йилга кўра 10 ёшдан 25 ёшгача бўлган эркаклар сонидан фойдаланамиз - 2022 йилда бу когорта 22 ёшдан 37 ёшгача бўлган.

Ўлим ҳолатлари энг юқори бўлган икки ҳудуд Бурятия (ўлим даражаси: ҳар 10 000 йигитга 28,4 ўлим) ва Тува (27,7). Улардан кейин Псков вилояти (17,1), Шимолий Осетия (16,8), Олтой Республикаси (16,3). Доғистонда ўлим даражаси 7,6, Чеченистонда - 7,1, Ингушетияда - 6,4. (Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, Чеченистон ва, эҳтимол, Шимолий Кавказнинг бошқа республикалари учун тўлиқ бўлмаган маълумотлар туфайли бу тахмин камроқ ифодаланиши мумкин.)

Энг паст ўлим даражаси Москва вилоятида (1,7), Ямало-Ненец автоном округида (1,7), Ханти-Манси автоном округида (1,7), Санкт-Петербургда (1,4) ва Москвада (0,3) қайд этилган. Шундай қилиб, Бурятия ва Тувадан келган йигит учун Украинадаги урушда ҳалок бўлиш хавфи ёш москвалик учун худди шундай хавфдан тахминан 100 баравар юқори.

Этник гуруҳ бўйича ўлим фоизи ва нисбий ўлим хавфи

Минтақалар бўйича ўлим улушини ҳисоблаш бизга этник гуруҳлар бўйича ўлимни тўғридан-тўғри солиштиришга имкон бермайди. Титулли этник гуруҳларнинг нисбати миллий республикаларга қараб фарқ қилади. Масалан, Бурятияда йигитлар орасида этник жиҳатдан руслар 60% га яқин, Тувада руслар улуши 10% га яқин, Чеченистон ва Ингушетияда эса 1% дан кам.

Мобилизация қилинган доғистонликлар

Сурат манбаси, Russian MOD press service/TASS

Кўнгиллилар томонидан тўпланган маълумотларда ўлганларнинг миллати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бироқ баъзи этник гуруҳлар учун биз исм ва фамилияни этник хусусият белгиси сифатида ишлатишимиз мумкин. Этник келиб чиқишини исм ва фамилияга қараб кодлаш учун биз аввал ишлаб чиқилган машина ўргануви алгоритмидан фойдаланамиз (Bessudnov et al 2021). Ушбу алгоритмда бир қатор камчиликлар бор. Бу руслаштирилган исмларга эга бўлган баъзи этник гуруҳлар учун (масалан, чуваш ёки коми каби) ишламайди. Бундан ташқари, этник ўзига хослик этник рангли исмнинг мавжудлиги билан чекланмайди, шунинг учун алгоритм фақат тахминий статистик ҳисоб-китоблар учун ишлатилиши мумкин.

Фақат исм ва фамилия ҳақидаги маълумотларга асосланиб, русларни, украинларни ва беларусларни ажратиш мумкин эмас (кўп украинлар фамилияси русча, русларда эса украинча фамилиялар бор). Биз бошқирдлар ва татарларни ва Шимолий Кавказ халқларини (алоҳида гуруҳда) бир гуруҳга бирлаштирдик.

Жадвалда тўртта устун мавжуд: йирик этник гуруҳлар бўйича ўлганлар сони, Украинада ўлдирилган ҳарбий хизматчилар орасида этник гуруҳларнинг улуши, Россия аҳолисидаги этник гуруҳларнинг улуши (2010 йилга кўра 10-25 ёшдаги эркаклар ўртасида) ва бу икки кўрсаткич нисбати (нисбий хавф).

Нисбий хавф этник гуруҳнинг ўлганлар орасидаги улуши умумий эркак аҳолидаги улушидан неча марта кўплигини кўрсатади. Агар нисбий хавф бирдан катта бўлса, ўлганлар орасида бу этник гуруҳ вакиллари кўпроқ бўлади.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, Украинада ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти этник руслардир, аммо уларнинг ўлганлар орасидаги нисбати Россиянинг эркак аҳолисидаги русларнинг улушидан бир оз камроқ. Аксинча, бурятлар ва туваликлар орасида ўлганлар сони уларнинг мамлакат аҳолисидаги улушидан 5 баравар юқори. Бошқирдлар, татарлар ва Шимолий Кавказ халқлари учун ўлганлар улуши мамлакат аҳолисидаги нисбатдан тахминан 20% юқори..

Ўлим хавфи бўйича этник номутаносиблик

Украинада ҳарбий хизматчиларнинг ўлим эҳтимолидаги этник тафовутни баҳолашнинг яна бир усули - ўлган руслар ва этник республикалардаги титул миллатлар вакилларининг нисбатларини солиштиришдир.

Урушда ҳалок бўлганлар орасида славян бўлмаган номлар улуши ва миллий республикалар аҳолисидаги славян бўлмаган аҳолининг улушини таққосладик. Бирдан юқори нисбий хавф шу миллий республикалардаги рус эркакларига нисбатан этник озчиликлар учун Украинада ўлим хавфи юқори эканлигини англатади.

Маълумотлар шуни кўрсатадики, миллий республикаларда ўлим даражасидаги этник тафовут умуман Россиядаги ҳолатга нисбатан сезиларли даражада паст. Масалан, умуман Россияда бурятлар учун Украинада ўлим хавфи руслар учун ўлим хавфидан тахминан 5 баравар (500%) ошади. Бурятияда бурятлар учун хавф руслар учун хавфдан атиги 23 фоизга ошади.

Деярли барча миллий республикаларда нисбий хавф кўрсаткичи бирга яқин, яъни республикалар ичида руслар ва титулли этник гуруҳлар учун ўлим эҳтимолидаги фарқ унчалик катта эмас (ва бу исмга қараб этник келиб чиқишини аниқлаш усулининг номукаммаллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин).

Этник тенгсизлик ҳудудий тенгсизлик оқибати сифатида

Шундай қилиб, баъзи этник озчиликлар (айниқса, бурятлар ва тувалар) Украинада ҳалок бўлган ҳарбийлар орасида уларнинг аҳолидаги улушидан кўра сезиларли даражада кўпроқдир. Бу татарлар ва бошқирдлар каби бошқа этник гуруҳларга, шунингдек, Шимолий Кавказ халқларига ҳам, камроқ даражада бўлса-да, тегишли (маълумотлар иккинчиси учун тўлиқ эмас).

Бироқ, Украинада ҳалок бўлган ҳарбийларнинг аксарияти этник руслардир ва уларнинг ўлганлар орасидаги нисбати Россия аҳолисининг нисбатига тўғри келади.

Оренбург. Кўнгилли казаклар

Сурат манбаси, Sergei Medvedev/TASS

Бурятлар ва туваликлар мисолида, ўлимнинг юқори бўлиши, эҳтимол, Шарқий Сибир ва Узоқ Шарқнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган ҳудудларида шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар кўпроқ ёллангани билан боғлиқ.

Аҳоли жон бошига ўлим даражаси юқори бўлган минтақалар орасида нафақат Бурятия ва Тува, балки Олтой Республикаси, Транс-Байкал ўлкаси, Яҳудий автоном вилояти ва Сахалин вилояти ҳам бор. Иқтисодий жиҳатдан анча муваффақиятли миллий республикаларда (Якутия, Татаристон) ҳарбий хизмат йигитлар учун унчалик жозибали эмас ва шунга мос равишда аҳоли жон бошига ҳарбий ўлимлар сони анча паст. Аҳолининг асосий қисми этник руслар бўлган Бурятияда ҳарбий бурятларнинг ўлим даражаси русларга қараганда атиги 20-25% га юқори.

Катта эҳтимол билан, бу ҳолатда этник тенгсизлик қасдан олиб борилган камситиш сиёсатининг натижаси эмас, балки ҳудудий тенгсизликнинг натижасидир. Бу хусусият нафақат Украинада жанг қилаётган Россия армиясига хосдир. АҚШ армиясида Корея, Въетнам ва Ироқдаги урушлар пайтида камбағал штатлар ва минтақалардан келган ҳарбий хизматчилар кўпроқ ўлганлар, испан америкаликлар Ироқда оқ танлилар, афро-америкаликларга қараганда кўпроқ ўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek