Янгиликлар. Остона: Россияни қаттиқ жазолаган Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинлашмоқчи, бунга Путин нима дейди? Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга яқинлашиш истаги Қозоғистон пойтахти Остонада янгради. Украина уруши манзарасида Путиннинг минтақа давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш ҳаракатига тушиб қолган бир пайтга тўғри келди.
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон-Россия: Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган - Тоқаев ўз сўзини айтди
- Ўзбекистон: Депутатлар Захарованинг гапидан сўнг ўзбек тилига яна кўпроқ мақом бермоқчи, Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақламоқда - O'zbekiston
- АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини барибир дастаклайди - Россия ва геосиёсат
- Захарова можароси: Ўзбекистон Россия билан тўқнашмаслиги, аммо суверенитетини урғулаши лозим
Қозоғистон пойтахти кеча, 27 октябрь куни Марказий Осиё + Европа Иттифоқи форматидаги илк самммитга мезбонлик қилди.
Мазкур саммит айнан Остонада ўтказилган Марказий Осиё + Россия форматисиникидан бор-йўғи икки ҳафта ўтиб уюштирилди.
Унда Россия билан бирга ўтказилганидан фарқли тарзда фақат Ўзбекистонники ҳам илова тўрт Марказий Осиё давлати раҳбари иштирок этди.
Нейтрал Туркманистоннинг президенти бу гал Остонага келмади. Сардор Бердимуҳамедов саммит манзарасида бўй кўрсатган расмий видео ва суратларда кўриниш бермади.
Уни Европа Иттифоқи билан саммитда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари намоён этди.
Саммит Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган бир шароитда бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи худди шу уруш боис Россияга энг кўп санкция киритаётганларнинг олд сафларида бўлади.
Нейтрал Туркманистон илова беш Марказий Осиё давлати Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сифатида кўрилишади.
Россия уларнинг асосий стратегик шериклари, энг йирик савдо-иқтисодий , ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Йилларки, минтақанинг миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Аммо Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири шу пайтгача Россия Украинага очган урушни на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Саммит арафасидаги учрашув

Сурат манбаси, official
Европа Кенгаши президенти Остона саммити арафасида Қозоғистонга ўзининг илк расмий ташрифи доирасида Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар олиб борган.
Хабарларга кўра, Қозоғистон раҳбари билан мулоқоти ортидан уюштирилган қўшма матбуот анжумани чоғида Шарль Мишель ҳам Остонага ташрифи "Европа ва бутун минтақа учун оғир даврга тўғри келганлиги"ни қайд этган.
"Россия халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомини қўпол равишда бузишда давом этмоқда. Европа Иттифоқи ҳудудий яхлитлик тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди. Биз Россиянинг тажовузини кескин қораладик. Украинани қанча лозим бўлса, шунча дастаклаш аҳдида содиқмиз", - дея баён қилган.
Европа Кенгаши президенти Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатишга чақирган.
Шарль Мишель Қозоғистонни "Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори", деб атаган.

Сурат манбаси, .
"Марказий Осиё ва Европа бир-бирига яқинлашиб, тобора боғланиб бормоқда. Қозоғистон Европа Иттифоқи учун муҳим ҳамкор, халқаро майдон ва минтақадаги муҳим ўйинчидир", деб айтган Европа Кенгаши президенти.
Томонлар Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий савдо ва сармоявий шериги эканлигини мамнуният билан қайд этишган.
Шарль Мишель айни ўринда Европа Иттифоқи учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳим эканлигини ҳам таъкидлаган.
Қозоғистон ва бутун минтақа бу масалада Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Шарль Мишель Европа Иттифоқининг Россияга қўллаётган санкциялари учинчи давлатларга қарши қаратилмаганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Бу санкцияларнинг Қозоғистон иқтисодига кўзда тутилмаган салбий таъсирларининг олдини олиш масаласига ҳам эътибор қаратилган.
Европа Кенгаши президенти, ўз ўрнида, халқаро санкцияларни четлаб ўтмасликнинг муҳимлигини ҳам урғулаган.
Илк саммит

Сурат манбаси, official
Марказий Осиё + Европа Иттифоқи форматининг Остонадаги илк саммитини очиб бераркан, Қозоғистон президенти "Европа Иттифоқининг биринчилардан бўлиб Марказий Осиёни чуқур тарихий ва маданий умумийликка эга яхлит минтақа сифатида тан олганлиги"ни алоҳида таъкидлаб ўтишни исташини айтган.
"Атрофимиздаги дунё тез ўзгармоқда. Марказий Осиё мисли кўрилмаган геосиёсий кескинлик таҳдидини ҳис қилаётир. Бугун ЕвроОсиё марказида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳим. Бундай оғир даврда биз - Марказий Осиё ва Европада бўлганлар девор эмас, кўприклар қуришимиз муҳим", - дея баён қилган Қасим-Жомарт Тоқаев.
Остонадаги саммит чоғида келтирилган рақамларга таянилса, сўнгги 10 йил ичида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига жами 120 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.
Бу эса, минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий сармоянинг 40 фоизи - қарийб ярмига яқинини ташкил этади.
Улардан аксарияти, яъни 70 фоизга яқини эса, Қозоғистоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Сурат манбаси, .
Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакати Европа Иттифоқига машинасозлик, темир-пўлат ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда йилига қарийб 1,5 миллиард долларлик 100 дан ортиқ турдаги қайта ишланган маҳсулотларни таклиф қилиши мумкинлигини айтган.
Мазкур саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлаган.
Президент Мирзиёев мазкур форматга амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони сифатида қарашларини таъкидлаган.
У аксарият минтақа давлатларида Европа инвестициялари ва технологияларига катта эҳтиёж борлигини эътироф этган.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосарлари даражасида "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилган.
Мазкур тузилма фаолияти доирасида "Глобал дарвоза" ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникацион боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини айтган.
Қўмитанинг биринчи учрашувини келгуси йили баҳорда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик мажлиси арафасида Самарқандда ўтказишни таклиф қилган.

Сурат манбаси, .
Ўзбекистон президенти "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканликларини яна бир таъкидлаб ўтган.
Шавкат Мирзиёев шу соатларда Тошкентдаги "Кўксарой" қароргоҳида Европа Кенгаши президенти Шраль Мишель билан тор доирадаги музокаралари ҳам якунлаган.
Марказий Осиё + Россия форматининг президент Владимир Путин шахсан иштирок этган Остонадаги сўнгги саммити эса, Тожикистон президентининг кутилмаган чиқиши сабаб минтақада катта шов-шувга сабаб бўлган.
Эмомали Раҳмон Россия президентига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ундан ўзлари - Марказий Осиё давларига собиқ Совет Иттифоқидек қарамасликни сўраган.
Тожикистон президенти худди ана шу мурожаати чоғида Марказий Осиё + форматидаги барча тузилмаларнинг қанчалик самарали, амалий эканлигини ҳам ошкора савол остига олганди.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясини бундан уч йил бурун қабул қилган.
Қозоғистон ва Россия

Сурат манбаси, official
Украина уруши манзарасида Марказий Осиё+ форматларининг устма-уст санкцияларига мезбонлик қилаётган ва минтақанинг энг йирик иқтисоди бўлган Қозоғистон Россияга чегарадош.
Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси.
20 миллионга яқин аҳолисининг 20 фоизчасини руслар ташкил этади.
Бу икки давлатнинг қуруқликдаги ўзар туташ чегараси дунёдаги энг узуни бўлади.
Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Қозоғистон Путин ва Россия сиёсатчилари энг кўп тилга олаётган давлатлардан бирига айланган.
Россия томонидан ери, давлатчилиги ошкора савол остига олинган.
Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги ҳамда аннексияси борасидаги Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.
Шу кунларда ҳар икки давлатнинг бир-биридан норозилиги элчиларининг Ташқи ишлар вазирликларига чақириш даражасига етиб борган.
Путиннинг Украинага қарши ҳеч ким кутмаган уруши ва СССРнинг парчаланишидан қанчалик ошкора афсусга тушиб қолгани эса, унинг кейинги нишони қай бир постсовет давлати бўлажагига оид саволларни қизитган.
Худди шу манзарада айнан Қозоғистон кўпчилик ўзининг диққатини қаратган давлат сифатида намоён бўлган.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга янада яқинлашиш истагига оид Остонада янграган баёнотларига Россия томонининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Айнан Марказий Осиё Украина уруши боис Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қоларкан, Путин ва Россия халқаро иҳотадан чиқиш учун тобора яқинлашиш, ўз таъсир доирасидан имкон қадар чиқармасликка жадал ҳаракат қилаётган минтақа бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














