Ўзбекистон: Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилмаяпти. Орелда ҳарбий чақирув қоғозлари қайтарилди O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, .
- Ўзбекистон Эрон дронлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
- Ўзбек мигрантлар урушга чақирилди, мэрия изоҳ берди
- Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси урушга чақирувни хатолик деди
- Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида нечанчи қаторда?
- Расмий Москвага қарамлик сақланиб қолганми?
- Қозоғистон кимларни авф этди?
Алоқадор мавзулар:
- Дайжест: Россия қамоқларидаги ўзбеклар Украина урушига ташланганми? Ўзбекистон Путин касрига қолиши мумкинми?
- Ўзбекистонда бу йил қиш газ-свет узилмайдими? Пскент ҳокими ер сотиб олган 1 трлн сўмни қандай топган?
- Қирғизистон Кампирободни қайтариб олдими? Садир Жапаров кескин кетди. Россия вазири нега Тошкентга келди?
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилмаяпти
Интернет тармоғида украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервюси тарқалиб, гўёки унда Эроннинг учувчисиз учоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида ёлғон маълумотлар келтирилган, дея баёнот тарқатди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
"Шуни алоҳида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди", дейилади баёнотда.
Шу куни Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳам баёнот тарқатди, унда қўмита шундай дейилади:
"Баъзи бир оммавий-ахборот воситаларида тарқатилаётган, гўёки Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий харакатларда қўлланилаётган эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратларининг (жанговар дронлар) ишлаб чиқариш (йиғиш) майдони эканлиги тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этади.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаганлигини ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаётганини маълум қилади".
Чақирув қоғозлари келди

Сурат манбаси, Screenshot from video
Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Орёл вилоятидаги Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги урушда қатнашиш учун чақирув қоғози олгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалган эди. Унда қўлларида Ўзбекистон паспорти ва урушга чақирув қоғозини тутган ишчи мигрантлар Президент Мирзиёевдан ёрдам сўраганлар.
Орёл ҳарбий комиссарлиги мазкур вазият бўйича мэрияга изоҳ берди.
Орёл мэрия матбуот хизмати ҳудуд ҳарбий комиссари Владимир Алёхинга таяниб матбуотга хабар беришича, 25 октябрь куни ҳарбий комиссарлик томонидан «ЭкоСити» АЖ корхонасига 50 та чақирув қоғози юборилган.
- 26 октябрь куни эрталаб ҳарбий комиссияга корхонанинг 26 нафар ходими етиб келган, уларнинг 23 нафари чет эл фуқаролари бўлган. Хорижий фуқаролар ҳужжатлар текширилгандан сўнг қўйиб юборилди, - дея маълум қилган Владимир Алёхин.
Ҳарбий комиссарлик раҳбари «ЭкоСити» АЖ ҳарбий ҳисобни юритмагани ва заҳирадаги фуқароларнинг маълумотларини солиштирмаганини билдирган.
Россиядаги ўзбекистонликларнинг Украинадаги урушга жалб этилиши борасида ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва матбуот вакиллари март ойидан буён бонг уриб келмоқда.
Ўзбекистон томони эса Россиядаги ўз фуқароларини хорижий давлатдаги жанговар амалиётларда қатнашиш ўз мамлакатида жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Элчихона "техник хатолик" деди
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси расмий сайти мазкур вазият юзасидан ахборот эълон қилди.
"Россиянинг Орлов вилоятидаги «Экосити» чиқиндиларни қайта ишлаш заводида меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароларининг мурожаати оммавий ахборот воситаларида тарқалиши муносабати билан Элчихона ходимлари «Экосити» компанияси бош директори Юрий Парахин, унинг ўринбосари Валерий Окоровков ва республика фуқаролари билан боғланди.
Аниқланишича, 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига сафарбарлик чақируви техник хато туфайли юборилган ва ҳужжатлар ҳарбий комиссариятда текширилгандан сўнг чақирув қоғози қайтариб олиниб, масала ҳал этилган», дейилади ахборотда.
Шунингдек, Москвадаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказиш учун Орёл вилоятига жўнаб кетгани маълум қилинган.
Элчихона қисман сафарбарликка Ўзбекистон фуқаролари «хатолик» туфайли чақирув қоғозлари олишлари ҳолати мавжудлигини билдирган. Ахборотга кўра, барча бундай ҳолларда сафарбарлик чақируви ҳужжатлар текширилгандан сўнг қайтариб олинади.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўзбекистонликларни «хатолик», алдов, босим ёки бошқа турли йўллар билан Украинадаги урушга жалб этилиши борасида Ўзбекистон томони қандай чора кўриши ҳақида сўз юритилмаган.
Ахборотда шундай вазиятга дуч келган фуқаролар Ўзбекистоннинг жойлардаги Бош консуллиги (Владивосток, Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Санкт-Петербург, Ростов-на-Дону) ёки Ўзбекистон элчихонасининг Москвадаги консуллик бўлимига мурожаат қилишни ёки ҳарбий комиссарлик вакилларига амалдаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мустақил равишда мурожаат қилишни тавсия қилган.
Қозоғистондан кейин, Қирғизистондан олдин
Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида 78-ўринни эгаллади. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қайси қаторларда турибди?
World Justice Project халқаро ташкилоти томонидан тузилган қонун устуворлиги бўйича жаҳон рейтингига 140 та давлат киради.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон қонун устуворлиги рейтингида олдинроқда, 65-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон эса бошқа қўшниларидан тепароқда, 78-ўринда турибди. Қирғизистон эса 100-ўринни банд қилган. Тожикистон ва Туркманистон рейтинг. рўйхатида йўқ.
World Justice Project жаҳон рейтингининг энг яхши ўнталигига Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция, Нидерландия, Германия, Янги Зеландия, Люксембург, Эстония ва Ирландия кирган. Энг охирги ўринда эса Венесуэла турибди.
Қонун устуворлиги индекси 2010 йилда ишлаб чиқилган. Унда мамлакатларнинг ҳуқуқий муҳитни таъминлаш соҳасидаги ютуқлари ўлчанади: экспертлар қонун устуворлиги тамойиллари кундалик ҳаётда қандай татбиқ этилишини аниқлашади. Маълумотлар ҳукумат институтларининг чекланган ваколатлари, коррупциянинг йўқлиги, давлат институтларининг шаффофлиги, асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, тартиб ва хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, фуқаролик ва жиноий судлов мезонлари бўйича гуруҳланган.
Ўзбекистон кимни қўллайди?

Сурат манбаси, official
Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага ҳужуми Марказий Осиё, Хусусан, Ўзбекистон учун ҳам "бошоғриқ" бўлаётгани ҳақида ёзилган.
"Бир вақтлар Совет Иттифоқи таркибида Россия ва Украина билан иттифоқдош бўлган расмий Тошкентда мустақилликка эришганидан ўттиз йил ўтган бўлса-да, иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан Москвага қарамлик сақланиб қолмоқда", - деб ёзади Politiko.eu нашри
Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати, мамлакатда Россия тарғиботининг кучи ва миллионлаб меҳнат муҳожирлари масалалари билан бирга давлатнинг ҳозирги вазиятдаги позицияси таҳлил қилинган. Мамлакат янги имкониятларни излаётгани билдирилган.
"Самарқанд саммити арафасида Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўз мамлакатларини боғлайдиган темир йўл қурилишини илгари суриш тўғрисида муҳим келишувни имзоладилар. Бу йўл қурилса, Россияни айланиб ўтиб Европага қисқароқ йўл очади", деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой алоқаларининг тобора ривожланиб бораётгани таъкидланади. Уруш Россиянинг Марказий Осиёдаги назоратини вақтинча бўлса ҳам заифлаштиргани кўринаётгани айтилади.
Нашр суҳбатлашган журналистлар фикрларига таяниб, айрим Ўзбек расмийлари Хитой билан иқтисодий, инфратузилмавий ва сиёсий алоқалар ўрнатиш учун кўпроқ имкониятларни кўрмоқда, деган хулосага келган.
Қозоғистон кимларни авф этади?
Қозоғистон Сенати январ воқеалари иштирокчиларига нисбатан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Тengrinews.kz хабар бермоқда.
Сенат депутатлари томонидан қабул қилинган «Амнистия тўғрисида»ги қонунга кўра, январ воқеалари иштирокчиларининг бир қисми озодликдан озод қилинади, айримларининг жазо муддати қисқартирилади, зарурат туғилганда уларни иш билан таъминлаш, уй-жой билан таъминлашда ёрдам кўрсатилади.
«Қабул қилинган қонун давлат раҳбари топшириғига биноан ишлаб чиқилган. Қонунда қозоғистонликларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ва фожиали январдаги тартибсизликлар билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазони енгиллаштириш назарда тутилган», - дейди Сенат спикери Маулен Ашимбаев.
Шунингдек, спикер бу ҳаракат жамият ва давлат томонидан инсонпарварлик намунаси эканлиги деб ҳисобланиши ҳамда бундай фожиали воқеалар ҳеч қачон содир бўлмаслигига умид қилишини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















