Ўзбекистонда истиқлол учун курашган шахс икки бор улуғландими? Шавкат Мирзиеёвга Россиядан кимлар арз қилди ва Ўзбекистонда бугун ким зўр яшайди? Янгиликлар O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, OFFICIAL

4 кишилик оилага яхши яшаш учун қанча керак? Ўзбекистонлик талабалар нега кўчада қолаёзди? Бир шаҳарда бир шахсга иккинчи ҳайкал. Ўзбек мевалари қаерда харидоргир - bbcuzbek.com дайжести.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонлик талабалар нега Россияда сарсон бўлди?

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабаларининг Россияда кўчада қолаётгани ҳақида Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Талаба йигит-қизларнинг видеомурожаатда айтишича, уларнинг таҳсили стоматология ва даволаш ишлари факултетида ўқиш 3+2 шаклидаги қўшма дастур асосида ташкил этилган.

Талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олиши керак бўлган.

Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университетига юборилган талабаларнинг бир қисмига мазкур университет рад жавобини берган.

Мазкур ҳолат бўйича Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти раҳбарияти изоҳига кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб институт Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма таълим ташкил қилган.

Видеомурожаат бўйича ҳолатда "Стоматология йўналишига қабул қилинган талабаларнинг айримлари Кубан давлат тиббиёт университети имтиҳонидан ўтолмагани учун қабул қилинмаган", изоҳлайди институт раҳбарияти.

Бироқ видеомурожаатда айтилишича, талабалар олинган имтиҳон уларнинг ўқишга қабул қилинишига таъсир қилмаслигига ишонтирилган.

Институт имтиҳондан ўтолмаган талабаларнинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқишини давом эттириши, бунда контракт миқдори ўзгармаслиги ва талабларнинг бориш-келиш харажатлари институт томонидан қоплаб берилишини маълум қилган.

Кирим 250 доллар, чиқим 400

O'zbekistondagi narx-navolar

Ўзбекистонда бир кишининг қулай ҳаёт кечиришлари учун тахминан 394 доллар, Тошкент шаҳрида эса 423 доллар керак бўлади. Бу ҳақда Numbeo дунёдаги ҳаёт нархи ва сифати бўйича маълумотлар базаси хабар бермоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, деярли 2,7 миллион сўмни (тахминан 250 доллар) ташкил этади.

Numbeo базаси рейтингининг бошқа маълумотлари ҳам эътиборга молик. Масалан, Ўзбекистонда тўрт кишилик оила яхши шароитда яшаши учун ойига 1400 доллар керак бўлишини кўрсатди. Албатта, Тошкент шаҳрида яшовчи оилалар учун бу кўрсаткич бироз юқорироқ - 1,5 минг доллар.

Қўшни давлатлардаги кўрсаткичларга назар ташланса, Қозоғистонда бир оилага 1,4 минг доллар, бир киши учун эса 395 доллар керак бўлади.

Тожикистонда бу кўрсаткич 1,44 минг доллардан ҳам юқори, Қирғизистонда эса, аксинча, камроқ — 1,3 минг доллар.

Россияда тўрт кишилик оилага яхши шароитда яшаш учун 2300 доллар, бир киши учун эса 774 доллар керак бўлади. Москвадаги фаровон ҳаёт Тошкентникига қараганда 81% қимматроқ. Маошлар ҳам шунга яраша.

Шунингдек, пойтахтларда кўчмас мулк нархида катта фарқ сезиларли.

Тошкентда бир квадрат метрнинг ўртача нархи 1,2 минг долларни, Москвада эса 7,7 минг долларни ташкил этади, бу деярли 6,5 баробар кўпдир. Россия пойтахтида харид қобилияти Ўзбекистон пойтахтига қараганда 55 доллар юқори.

Бир шаҳарда бир шахсга иккинчи ҳайкал

хайкал

Сурат манбаси, Prsident.uz

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Урганчда бўлиб турибди. Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари саркарда Жалолиддин Мангубердининг 25 метрлик ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида очилишида иштирок этган.

"Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди", - президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтиради матбуот котиби.

Маҳаллий нашрлар мазкур ҳайкал бир неча ой аввал ўрнатилгани, бироқ шу давр ичида ёпиқ ҳолда сақлангани ҳақида ёзишмоқда.

- Ҳайкал бир неча ой олдин ўрнатилган бўлишига қарамасдан, бу вақт оралиғида мато билан ўралган ҳолда сақланди. Шунга қарамасдан, ёдгорлик жойлашган шаҳарнинг марказий майдони аҳоли орасида жуда машҳур. Ҳар куни турли ёшдаги одамлар салқинликдан баҳраманд бўлиш учун бу ерга йиғилишади, деб ёзади Газета.уз нашри.

Нашр Урганчда Жалолиддин Мангубердининг яна бир ҳайкали борлигини эслатади.

"Ҳозиргача Шовот канали яқинига ўрнатилган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали тақдири ҳақида бирор маълумот очиқланмади", таъкидлайди нашр.

Ўзбек мевалари қаерда харидоргир?

O'zbekiston mevalari

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг ўтган 7 ойида мамлакатдан экспорт қилинган мева ва сабзавотлар миқдорини эълон қилди. Маълумотга кўра, мамлакат ўтган 7 ой давомида 550 млн долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилган.

Энг кўп маҳсулотлар юборилган давлатлар Қозоғистон (447,3 минг тонна), Россия (253,5 минг тонна) ва Қирғизистон (93,3 минг тонна)дир.

Шунингдек, 5 ой давомида кўп миқдорда мева ва сабзавотлар жўнатилган давлатлар Хитой (56 минг тонна), Афғонистон (23,2 минг тонна), Белорус (16,6 минг тонна) ва Тожикистон (12,4 минг тонна) бўлиб қолмоқда.

Шу давр мобайнида хорижга мева ва сабзавотлар экспорт қилган ҳудудлар рўйхатида эса, Фарғона (165,8 минг тонна), Самарқанд (106,1 минг тонна) ва Тошкент (101,9 минг тонна) етакчилик қилишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek