Беларусь ўзбекистонлик аёлни қамамоқчи - Ўзбекистон O'zbekiston Belarus dunyo migrantlar yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativtasvir
Беларусь суди ўзбекистонлик аёлни уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Унга бир вақтнинг ўзида учта айблов қўйилди.
52 ёшли Зуҳра Береснева ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш, ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши зўравонлик ёки уни қўллаш таҳдиди ва туҳмат қилишда айбланди.
Якуний суд жараёни Беларуснинг шимолий Полоцк шаҳрида бўлиб ўтди.
Полоцк суди 26 октябрь куни уни барча айбловларда айбдор, деб топиб, уч йилга қамашга қарор қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Зуҳра Береснева интернетда бир вақтнинг ўзида маҳаллий полиция бўлимининг бир қанча ходимини ҳақоратлаган.
Шунингдек, подполковник Денис Карасев ва Полоцк тергов изолятори (вақтинчалик ҳибсхонаси) бошлиғи ўринбсарига ҳам таҳдид қилган.
Прокурор "интернетга уланилган ва тегишли ёзувлар қўйилган" телефонни мусодара қилишни талаб қилган.
Судланувчи нима дейди?

Сурат манбаси, Reuters/illyustrativtasvir
Зуҳра Береснева айбини қисман тан олган ва "жабрдийдалар"дан кечирим сўраган.
Имконли бўлган хабарларда айбловлар ортида турган сабаблар очиқланмаган.
Унинг адвокатга имконли бўлгани ёки йўқлиги ҳам маълум эмас.
Хабарларга кўра, судда судланувчи қарамоғида 37 ёшли ногирон қизи борлигини айтган.
Суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.
Натижада Полоцк суди унга уч йиллик қамоқ жазоси тайинланган.
Зуҳра Бересневанинг суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш режасида экани ёки йўқлиги маълум эмас.
Унинг қамоқ жазосини қаерда ўташи тафсилотлари ҳам ҳалича очиқланмаган.
Ўзбекистонлик аёлнинг Беларусга қачон ва нега боргани, у ерда нима иш қилгани ҳам номаълум.
Ўзбекистон минтақанинг энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Уларнинг сони миллионларга нисбат берилса, ораларидаги юз минглабининг хотин-қизлар экани айтилади.
Беларусдагиси четдаги ўзбекистонлик аёлларнинг турли жиноятларда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм этилишларига оид илк ва ягона ҳолат эмас.
Беларусь 2020 йилги зиддиятли президент сайлови ортидан бир неча ойлик давомий оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлган.
Намойишлар оммавий ҳибсга олишлар манзарасида кечган, қўлга олинганларнинг ҳибсхона ва қамоқхоналардаги аҳволи жиддий хавотир ва танқидларга сабаб бўлган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи мамлакатда куч ишлатар тизимларининг янада кучайишига ҳам хизмат қилмай қолмагани айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















