Россияда чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонликлар қамалди

Россия маҳкамалари аввал ҳам чақалоғини сотишга уринган бир неча ўзбекистонлик аёлларни маҳкум этган

Сурат манбаси, RIA Novosti

Сурат тагсўзи, Россия маҳкамалари аввал ҳам чақалоғини сотишга уринган бир неча ўзбекистонлик аёлларни маҳкум этган

Калуга маҳкамаси янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик ота ва онага 4 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган.

Россия матбуотининг Тергов Қўмитасига таяниб хабар беришича, одам савдосида айбланган 32 ёшли Гулнора Қорабоева ҳамда 21 ёшли Баҳодир Жўраевлар қамоқ жазосини умумий тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтайдилар.

Тергов Қўмитасининг билдиришича, шу йилнинг февралида ҳуқуқ-тартибот идораларига Калуга вилоятида бирга яшаб келган икки Ўзбекистон фуқароси тез орада туғилиши кутилаётган чақалоқларини сотишга тайёр эканликлари ҳақидаги маълумот келиб тушган.

Расмий хабарда айтилишича, чақалоққа шаҳар полициясининг ходими "харидор" бўлади.

"Аввалига аёл ва унинг жазмани чақалоқ учун 1000 АҚШ доллари сўрашади, кейин эса ярим нархга туширадилар. Чақалоқнинг кейинги тақдири уларни қизиқтирмаган", - дейилади Россия Тергов Кўмитаси тарқатган хабарда.

2012 йилнинг 6 февралида шаҳар туғруқхонасида кўзи ёриган аёл уч кун ўтиб, келишилган пулни олади ва қиз чақалоқни "харидор"га топширади.

Пулни олиш чоғида чақалоқнинг ота-оналари ҳибсга олинади, чақалоқ эса тиббий муассасага ётқизилади.

"Тергов чоғида айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларга тўла иқрор бўлишди",- дейилади хабарда.

Бу ўзбекистонлик муҳожир ота-оналарнинг ўз чақалоқларини сотишга биринчи уринишлари эмас.

Москва вилояти ҳамда Екатеринбург шаҳарларида юз берган ҳодисаларда Россия полицияси икки нафар ўзбекистонлик аёлларни ҳибсга олган.

Россиялик кузатувчилар Марказий Осиёдаги оғир иқтисодий шароитдан қочиб, Россияга йўл олаётган эркаклар қатори аёллар орасида ҳам турли жиноятларга қўл уриш кўпайиб бораётганига эътибор қаратишади.