Миянгизни сиз эмас, гормонлар назорат қилади – бу қандай кечади?

Сурат манбаси, Getty Images
Гормонлар танамизнинг тўғри ишлаши учун жуда муҳим. Шундай бўлса-да улар кайфиятимиз ва руҳий саломатлигимизга кучли ва баъзан салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Биз ҳисларимизни, кайфиятимизни бошқара оламиз деб ўйлаймиз, аммо ростдан шундаймикан?
Олимлар «нейромедиаторлар» деб аталадиган кимёвий хабарчилар миямизга катта таъсир кўрсатишини узоқ вақтдан бери билади. Аммо тадқиқотлар чуқурлашгани сари, гормонлар ҳам кутилмаган тарзда онгимизни чалкаштириб юбориши маълум бўлмоқда.
Ҳозир баъзи олимлар бу билимлардан фойдаланиб, депрессия ва хавотир каби касалликларни даволашнинг янги усулларини изламоқда.
Гормонлар муайян безлар, аъзолар ва тўқималар ажратадиган кимёвий хабарчилардир. Улар қон билан бутун тана бўйлаб ҳаракатланади ва маълум жойлардаги рецепторлар билан боғланади.
Бу боғланиш танага бирор нарса қилишни буюрадиган биологик "келишув" вазифасини бажаради. Масалан, инсулин гормони жигар ва мушак ҳужайраларига қондаги ортиқча глюкозани сўриб олиш ва уни гликоген сифатида сақлашни буюради.
Гормонларнинг кўринмас назорати
Олимлар ҳозиргача инсон танасида 50 дан ортиқ гормон мавжудлигини аниқлаган.
Улар биргаликда юзлаб физиологик жараёнларни, жумладан, инсоннинг ўсиши ва ривожланиши, жинсий фаолияти, кўпайиши, уйқу-уйғоқлик цикли ва энг муҳими, унинг руҳий саломатлигини бошқаради.
"Гормонлар ҳақиқатан ҳам кайфиятимиз ва ҳиссиётларимизга катта таъсир кўрсатади," дейди Канададаги Оттава университети психология профессори Нафисса Исмоил.
"Улар буни миянинг маълум қисмларида ишлаб чиқариладиган ва ажратиладиган нейромедиаторлар билан ўзаро таъсирлашиш орқали, шунингдек, ҳужайра ўлими ёки нейрогенез – янги нейронларнинг яратилиши ёки туғилиши каби жараёнларга таъсир қилиш орқали амалга оширади."

Сурат манбаси, Getty Images
Депрессия, хавотир ва посттравматик стресс бузилиши (ПТСБ) каби руҳий касалликлар асосий гормонал ўзгаришлар даврида кўпроқ учрайди. Бу, айниқса, аёлларга хос.
Болаликда ўғил ва қиз болалар орасида депрессия даражаси деярли бир хил бўлади. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўсмирлик даврида қизлар ўғил болаларга нисбатан икки баравар кўпроқ депрессияга тушади – бу фарқ бутун умр давомида сақланиб қолади.
Хўш, бунга гормонлар сабабчи бўлиши мумкинми? Агар сиз аёл бўлсангиз, жинсий гормонлар кайфиятга кучли таъсир кўрсатиши сизни ажаблантирмаслиги мумкин.
Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизматига кўра, аёлнинг ҳайз кўришидан олдинги кунлар ва ҳафталарда эстроген ва прогестерон даражаси пасаяди, бу баъзи аёлларда жаҳлдорлик, чарчоқ, ғамгинлик ва хавотир ҳис-туйғулари билан бир вақтга тўғри келади.
Мутахассислар таъкидлашича, баъзи аёллар ҳатто пременструал (ҳайз олди) дисфорик бузилиши (ПМДБ) деб аталадиган оғир, гормонлар билан боғлиқ кайфият бузилишини бошдан кечириши мумкин. Бу ҳолат ҳайз кўришдан олдинги икки ҳафта ичида кайфиятнинг кескин ўзгариши, хавотир, депрессия ва баъзан суицид хаёллари билан намоён бўлади.
"ПМДБ билан оғриган кўп аёллар учун бу ҳар ойда такрорланадиган жуда сурункали муаммо бўлиб, у одамлар ҳаётига жуда чуқур таъсир кўрсатиши мумкин", дейди АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети тиббиёт мактабининг психиатрия ва хулқ-атвор фанлари бўйича доценти Лииса Хансу.
Туғруқдан кейин аёлларда прогестерон ва эстроген гормонлари кескин пасаяди.
Аксинча, овуляциядан олдин эстрогеннинг юқори даражаси кўтаринкилик ва бахт ҳисси билан боғлиқ.
Шу билан бирга, прогестерон парчаланиши қолдиғи бўлган аллопрегнанолон ҳам тинчлантирувчи таъсири билан танилган.
"Агар кимгадир аллопрегнанолон иньекцияси берилса, у одамни тинчлантиради", дейди профессор Хансу.
Аёллар фақат ҳайз цикли билангина курашмайди.
Ҳомиладорлик, перименопауза ва менопаузадаги гормонал ўзгаришлар ҳам руҳий саломатликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эндигина туққан аёлларнинг 13 фоизигача қисми депрессияга чалинади.
Бунинг сабаби нимада? Туғруқдан сўнг аёлларда прогестерон ва эстроген гормонлари кескин пасаяди. Тадқиқотчилар айтишича, перименопаузада ҳам аёлларда тухумдон гормонлари кескин ўзгариши мумкин.
"Гап, эҳтимол, гормонларнинг аниқ миқдорида эмас, балки аёл паст даражадан юқори даражага ёки юқори даражадан паст даражага ўтадиган ўзгаришларда бўлса керак", дейди Канаданинг Торонто университети психиатрия профессори Лииса Галеа.

Сурат манбаси, Getty Images
"Баъзи аёллар бундай тебранишларга жуда сезгир бўлади. Бошқалари эса менопаузани осон ўтказади ва айтарли симптомга дуч келмайди."
Бу фақат аёлларга хос эмас. Гарчи бу каби ўзгариш аста-секин ва аёллардагидек кескин бўлмаса-да, эркакларда ҳам ёш ўтган сари тестостерон даражаси пасаяди.
Бироқ, баъзи маълумотларга кўра, ҳатто бу кичик ўзгариш ҳам айрим эркакларда кайфият ўзгаришларини келтириб чиқариши мумкин.
"Ҳаёт давомида тестостерон даражаси ўзгариши билан баъзи эркакларнинг кайфиятида ўзгаришларни кузатамиз, аммо бу етарлича эътибор берилмайдиган ҳолат", дейди профессор Исмоил.
Жинсий гормонлар кайфиятга таъсир қилиши йўлларидан бири миядаги серотонин ва дофамин нейромедиаторлари даражасини ошириш орқали бўлиши мумкин. Серотониннинг пастлиги депрессия сабаби деб ҳисоблаб келинган, шу боис замонавий антидепрессантларнинг аксарияти ушбу модда даражасини оширади.
Баъзи эстрогенлар серотонин рецепторлари сезгирлигини ошириши ва мияда дофамин рецепторлари сонини кўпайтириши мумкинлиги ҳақида далиллар бор.
Бошқа бир назарияга кўра, эстроген нейронларни шикастланишдан ҳимоя қилади ва ҳатто хотира ва ҳис-туйғуларда муҳим рол ўйнайдиган "гиппокамп" деб аталадиган мия соҳасида янги нейронлар ўсишини рағбатлантириши мумкин.
Депрессия ва Алцгеймер касаллиги билан оғриган одамларда гиппокампдаги нейронлар йўқолиши кузатилади. Шу билан бирга, антидепрессантлар ва кайфиятни кўтарувчи психоделик дорилар, масалан, "сеҳрли" қўзиқоринларда учрайдиган псилоцибин бу қисмда янги нейронлар ўсишига туртки беради.
"Эстроген нейропротектив хусусиятга эга, шунинг учун у нейрогенезни рағбатлантиради," дейди проф. Исмоил.
"Шунинг учун аёллар менопаузага кирганда, ҳаётимизнинг илк даврларида мавжуд бўлган дендритларнинг (нерв ҳужайраларидан ўсиб чиқадиган шохлар) қисқаришини кўрамиз."
Шу сабабли менопауза даврини бошдан кечираётган аёллар кўпинча мия туманлиги ва хотира муаммоларидан азият чекади.
Танамизнинг стрессга жавоби хато кетганда
Гиппокампдаги нейронларнинг йўқолиши организмнинг стрессга жавобини тартибга солувчи гипоталамус-гипофиз-буйрак усти бези (ГПБ) ўқи деб аталадиган бошқа гормон тизимларига таъсир қилиши мумкин.
Биз хавотирни ҳис қилганимизда, танадаги кўплаб гормонларни бошқарадиган мия қисми – гипоталамус адренокортикотроп гормон (АКТГ) деб аталган гормонни чиқариш учун гипофизга сигнал юборади.
Сўнг АКТГ буйрак усти безларини стресс гормони бўлган кортизолни ажратишга ундайди.
Кортизол организмга қонга шакар чиқаришни буюради, бу эса мия ва танага фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш учун зарур энергияни ажратади.

Сурат манбаси, Getty Images
Гиппокампдаги нейронларнинг йўқолиши организмнинг стрессга жавобини тартибга солувчи гипоталамус-гипофиз-буйрак усти бези (ГПБ) ўқи деб аталадиган бошқа гормон тизимларига таъсир қилиши мумкин.
Биз хавотирни ҳис қилганимизда, танадаги кўплаб гормонларни бошқарадиган мия қисми – гипоталамус адренокортикотроп гормон (АКТГ) деб аталган гормонни чиқариш учун гипофизга сигнал юборади.
Сўнг АКТГ буйрак усти безларини стресс гормони бўлган кортизолни ажратишга ундайди.
Кортизол организмга қонга шакар чиқаришни буюради, бу эса мия ва танага фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш учун зарур энергияни ажратади.
"ГПБ ўқи кимдир стресс ҳолатига тушганда фаоллашади ва қисқа муддатда бу мослашиш учун бўлади, чунки у танангизга стрессни енгишга ёрдам беради, – дейди профессор Хансу. – Аммо узоқ давом этса, зарарли бўлиши мумкин."
Одатда, танангизни тўлдирган кортизол мияга тинчланишни буюрадиган сигнални фаоллаштириши керак. Гиппокамп гипоталамусга гипофиз билан алоқани тўхтатишни айтади, шу билан стрессга жавоб ниҳоясига етади.
Бироқ, агар одам сурункали стрессни бошдан кечирса – масалан, қўрқитиш, зўравонлик ёки тажовуз туфайли – мия кортизол билан тўлиб кетади.
Бу ёмон, чунки вақт ўтиши билан кортизол мияда яллиғланишни кучайтиради, гиппокампдаги нейронларни ўлдиради, бу эса сигнални беришга тўсқинлик қилади.
Бундан ташқари, кортизол миянинг бошқа қисмларидаги, масалан, амигдала ва префронтал бурмалардаги нейронларни ҳам йўқ қилиши мумкин – бу хотира, диққат ва кайфиятга таъсир қилади.
"Амигдала – миямизнинг ҳис-туйғуларимизни бошқариш имконини берувчи қисми бўлиб, бу соҳадаги ҳажмнинг йўқолиши ҳиссиётнинг кучайиши, асабийлашиш ортиши ва салбий ҳис-туйғуларни назорат қилиш қийинлашиши билан боғлиқ", дейди проф. Исмоил.
"Префронтал бурмалардаги атрофия диққатни жамлаш ва керакли вақтда тўғри қарор қабул қилишдаги қийинчиликлар билан, гиппокампдаги атрофия эса маълумотларни эслаб қолишга қийналиш билан боғлиқ."
Кортизол бизни стрессга солса, "севги гормони" деб аталадиган окситоцин бунинг аксини қилади.
У илиқ ва ёқимли ҳис-туйғулар ҳамда меҳр уйғотишга ёрдам беради. У туғиш, эмизиш ва оргазм пайтида ажралиб чиқади, аммо ҳайвонлар ва одамларнинг ўзаро боғланишида ҳам роль ўйнайди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Окситоцин боғланиш ва ишончли муносабат билан боғлиқ бўлиб, стресс таъсирига қарши туришга ёрдам беради", дейди профессор Исмоил.
"Биз ўзимизни хавфсиз ҳис қилсак, атрофимизда қўллаб-қувватлов борлигини англасак, стресс туфайли кўпайиши мумкин бўлган кортизол пасаяди."
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, окситоцинли бурун спрейини ҳидлаш одамларни сахийроқ, ҳамжиҳатроқ ва ҳамдардроқ қилади ҳамда нотаниш одамларга кўпроқ ишонишга ундайди.
Лекин ҳамма ҳам бунга ишонмайди. Масалан, окситоциннинг мия-қон тўсиғидан ўта олиши тасдиқланмаган.
Қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган иккита асосий гормондаги номутаносиблик депрессия ва ҳаловатсизликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария кўпроқ қабул қилинган.
Бу гормонлар трийодтиронин (Т3) ва тироксин (Т4) бўлиб, улар биргаликда юрак уриши тезлиги ва тана ҳароратини тартибга солишга ёрдам беради.
Бироқ, гормон даражалари жуда юқори бўлганда – масалан, қалқонсимон без ҳаддан ташқари фаоллашса, хавотирланиш ортиши мумкин. Аксинча, даражалар жуда паст бўлганда, одатда депрессия кузатилади. Хайриятки, гормон даражаларини меъёрга келтириш кўпинча беморларни симптомлардан халос этади.
"Беморлар шифокорга мурожаат қилиб, кайфиятидаги ўзгаришлардан шикоят қилганда, шифокорлар биринчи галда уларнинг гормонал профилини текширади. Чунки кўпинча ўзгараётган гормонни тўғрилай олсак, кайфиятни ҳам яхшилашга эришамиз", дейди Исмоил.
Қалқонсимон без гормонининг кайфиятга таъсири сабаби номаълум, аммо назариялардан бирига кўра, хусусан Т3 мияда серотонин ва дофамин даражасини ошириши ёки бу нейромедиаторлар рецепторлари сезгирлигини кучайтириши мумкин.
Қалқонсимон без гормони рецепторлари миянинг кайфиятни бошқаришда фаол иштирок этадиган қисмларида ҳам кўп.
Янги даволаш усуллари
Гормонлар ва уларнинг кайфиятга таъсири ҳақидаги бу янги билимлар янги даволаш усулларига асос бўлишига умид қилинмоқда.
Аллопрегнанолон гормонига ўхшаш таъсир кўрсатадиган "Брексанолон" деб номланган дори туғруқдан кейинги депрессияни даволашда жуда самарали эканлиги бунинг далилидир.
Шунингдек, агар сизда тестостерон даражаси паст бўлса, баъзи антидепрессантлар билан бирга тестостерон қўшимчаларини қабул қилиш уларнинг таъсирини кучайтириши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор.
Тадқиқотлар кўрсатишича, эстроген терапия, шу жумладан, гормон ўрнини босувчи терапия ҳам перименопауза ва менопаузани бошдан кечираётган аёлларнинг бир қисмида кайфиятни яхшилашга ёрдам беради.
Шу билан бирга, гормонал контрацепция ПМДБ билан оғриган баъзи аёлларга жуда яхши ёрдам берса, бошқаларда аксинча, симптомларни кучайтириши мумкин.
Бу эса янги даволаш усулларини топишни мураккаблаштиради, чунки биз ҳали ҳам баъзи одамлар нима учун гормонал ўзгаришларга жуда таъсирчан, бошқалари эса бундай эмаслигини аниқ тушунмаймиз.
"Гормонлар кайфият ва руҳий саломатликка таъсир қилишини биламиз, лекин тўғри даволаш усулларини ишлаб чиқишдан олдин уларнинг таъсир механизмини аниқлаб олишимиз керак," дейди профессор Исмоил.
"Маълумки, серотонин даражасини тартибга солувчи ҳозирги антидепрессантлар доим ҳам самарали эмас. Баъзи тадқиқотлар уларнинг айниқса ўсмирларда камроқ самара беришини кўрсатмоқда. Шунинг учун биз бу ёш гуруҳи, уларнинг мияси ва унинг ривожланиши ҳақида кўпроқ ўрганишимиз керак. Бу уларга даво чоралари кор қилмаслиги сабабини тушунишга ёрдам беради."












