Учуқ вируси саратонга қарши қурол бўлиши мумкинми? Salomatlik Tibbiyot Ilm-fan

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Мишель Робертс
- Role, Би-би-си саломатлик муҳаррири
Британиялик олимлар айтишича, саратон касаллигини даволаш учун зарарли ҳужайраларни йўқ қиладиган оддий вирусдан фойдаланиб ўтказилган илк синовлар умидли натижа бермоқда.
Бир беморда саратон йўқолган, бошқаларида эса ўсмалар қисқарган.
Алоқадор мавзулар:
Ушбу препарат ўсмаларни ўлдириш учун ўзгартирилган herpes simplex вирусининг заифлаштирилган шаклидир.
Ҳали яна каттароқ ва узоқроқ тадқиқотлар талаб этилади, аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу инъекция саратонга чалинган кўплаб одамлар ҳаётини қутқариши мумкин.

Сурат манбаси, Krzysztof Wojkowski
Ғарбий Лондонда яшайдиган 39 ёшли қурувчи Кшиштоф Войковски "NHS Foundation Trust"нинг "Royal Marsden"га қарашли Саратон тадқиқот институти томонидан ўтказилаётган 1-босқич синовида иштирок этаётган беморлардан биридир.
2017 йилда унга сўлак безлари саратони ташхиси қўйилган.
Ўша пайтдаги жарроҳлик ва бошқа муолажаларга қарамай, унинг саратони ўсишда давом этди.
"Менга бошқа иложим қолмагани ва ўлим олди парвариши кўраётганимни айтишди. Бу ҳалокатли эди, шунинг учун бу синовга қўшилиш имкониятини қўлга киритиш ажойиб бўлди", дейди Кшиштоф.
Учуқ тошишига сабаб бўладиган герпес вирусининг махсус ўзгартирилган версиясидан фойдаланиб ўтказилган терапиянинг қисқа курси уни саратон касаллигидан даволаганга ўхшайди.
"Мен беш ҳафта давомида ҳар икки ҳафтада бир марта инъекция олдим, бу саратон касаллигимни бутунлай даволади. Икки йилдан бери саратон йўқ".
Тўғридан-тўғри ўсимтага киритилган инъекция саратонга икки йўл билан ҳужум қилади: саратон ҳужайраларига кириб, уларни портлатади ва унга қарши иммунитет тизимини фаоллаштиради.
Тадқиқотнинг бир қисми сифатида 40 қа яқин бемор даволанишни синаб кўрди.
Баъзиларга ўз-ўзидан RP2 деб номланган вирусли инъекция берилди.
Бошқалар, шунингдек, nivolumab деб номланган саратонга қарши бошқа дори олди.
Париждаги тиббий конференцияда тақдим этилган натижалар шуни кўрсатадики:
- Фақатгина RP2 билан даволанган тўққиз бемордан учтасида, жумладан, Кшиштофда ўсмалар қисқарган.
- Комбинацияланган даволанишни олган 30 нафардан 7 нафари ҳам наф кўрди.
- Чарчоқ каби ножўя таъсирлар одатда енгил ўтган.
Бош тадқиқотчи профессор Кевин Харрингтоннинг Би-би-сига айтишича, даволашнинг кузатилган натижалари бир қатор ривожланган саратон турлари, жумладан, қизилўнгач саратони ва кам учрайдиган кўз саратонида "ҳақиқатан ҳам таъсирли" бўлган.
"Клиник синовларнинг дастлабки босқичларида бундай ижобий кўрсаткичлар камдан-кам учрайди, чунки уларнинг асосий мақсади даволаш хавфсизлигини синаб кўришдир ва бу синовларда мавжуд даволаш усуллари иш бермаган саратоннинг жуда ривожланган босқичидаги беморлар ҳам қатнашди", деди профессор Харрингтон.
"Биз тобора кўпроқ беморларни даволаганимиз сари унинг самарасини янада яққолроқ кўришни жуда истайман", деди у.
Бу олимлар саратон касаллигига қарши курашда биринчи марта вирус ишлатаётгани йўқ.
Бир неча йил олдин Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ривожланган тери саратонини даволаш учун T-Vec деб номланган вирусли терапияни тасдиқлаганди.
Профессор Харрингтон RP2'ни T-Vec'нинг мустаҳкамланган версияси деб атайди.
"Унда вируснинг бошқа модификациялари ҳам бўлган, шунинг учун у саратон ҳужайраларига кирганида, уларни самарали равишда ўлдиради", дейди профессор Кевин Харрингтон.
Буюк Британиянинг Саратон тадқиқотлари тадқиқотчиси доктор Марианне Бейкернинг айтишича, ижобий натижалар саратонни даволаш курсини ўзгартириши мумкин.
"Олимлар 100 йил аввал вируслар саратон касаллигини даволашда ёрдам бериши мумкинлигини аниқлаган, аммо улардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш қийин эди.
Ушбу янги вирусли терапия кичик дастлабки синовларда умидли натижа бермоқда - энди биз унинг қанчалик яхши ишлашини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотларга муҳтожмиз.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир нечта даволаш усулларини бирлаштириш кучли стратегиядир ва бу каби вирусли терапия бизнинг саратонга қарши кураш воситаларимизнинг бир қисми бўлиши мумкин", деди доктор Бейкер.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














