Илмий дайжест: Ўрта ёшда семириш аслида узоқ умр кўриш учун фойдалими? Salomatlik, dunyo, O‘zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Maratakhmedjanov
- Author, Леонид Лунеев
- Role, Би-би-си
Ҳафталик илмий дайжест:
- Семириш қачон фойдали?
- Тош давридан учта нота: тарихгача бўлган чиғаноқ қандай товуш чиқарган?
- Эгасига ёрдамга келадиган вирус
Унутилган денгиз чиғаноғи мусиқаси

Сурат манбаси, CAROLE FRITZ
Француз музейи омборларида ўнлаб йиллар давомида чанг босиб ётган, кўринишидан оддий бир чиғаноқ бундан 17 минг йиллар илгари тош асрининг замонавий халқи вакиллари чалган энг қадимги мусиқий асбоб бўлиб чиқади деб ким ўйлабди дейсиз?
Атлантика ва Шимолий денгизда яшовчи йирик денгиз шиллиққурти чиғаноғи 1931 йилда Пиренейдаги машҳур Марсулас ғоридаги қазиш ишлари вақтида топилган.
Ушбу ғор деворлари охирги музлик даври ниҳоялаб қолганда у ерда яшаган магдаленияликларнинг расмлари билан безатилган эди.
Дастлаб олимлар бу чиғаноқларни ғорда яшаган қадимги одамлар шунчаки қирғоқдаги маросим косаси сифатида ишлатган деб ўйлаган, Тулузадаги табиий тарих музейига топширганлар ва шу билан уларни бошқа эслашмаган.
Бироқ яқинда ўтказилган тадқиқотларда маълум бўлишича, қадимги одамлар бу чиғаноқларга нафақат қўлларини қўйган, балки уни учта нотада товуш чиқара оладиган мусиқий асбобга айлантирган: до, до диез ва ре.
Ундан овоз шунчалик баланд чиққанки, ундан бир метр масофада товуш 100 децибелга етган.
"Бу товуш бизни магдаленияликлар билан бевосита боғлайди", деб ёзади тадқиқот раҳбари, Франция Илмий Тадқиқотлар Миллий Маркази катта илмий ходими Карол Фриц "Science Advances"да.
Археологлар кўпроқ қадимий мусиқа асбобларини, масалан, катта қушларнинг суякларидан ясалган найчаларни учратган бўлсалар-да, чиғаноқ барибир жуда муҳим, чунки у тош асри одамлари ҳаётида океан қанчалик роль ўйнаганини кўрсатади.
"Биз тушунишимизча, Марсул чиғаноғи нафақат Франция, балки палеолит давридаги бутун Европа ва, эҳтимол, бутун дунё учун тарихий нуқтаи назардан ноёбдир", деб таъкидлайди Фриц.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо олимлар қандай қилиб қўлларида шунчаки чиғаноқ эмас, балки мусиқий асбоб турганини тахмин қилди?
Бунинг сабабларидан бири чиғаноқлардан бармоқ учлари шакли ва ўлчамларига мос келадиган, деярли сезилмайдиган қизил нуқта топилганидир.
Бундан ташқари, чиғаноқнинг чеккаси уни кашф этган археологлар ўйлагандек тасодифан синиб кетмаган, балки махсус ўйилган ва ҳаттоки оғизга мослаб иккита тешик очилган.
Испания шимолидан Германиягача бўлган ҳудудда - Европанинг катта қисмида яшаган магдаленияликлар моҳир овчилар бўлиб, турлича тош қуроллардан фойдаланган.
Улар маросим учун ёки бошқа қабилаларни чақириш учун яқинлашиб келаётган поезд овозига тенг овоз чиқара оладиган чиғаноқдан фойдаланишлари мумкин эди.
"Ушбу чиғаноқ чиқарган товушнинг интенсивлиги жуда ҳайратланарли", дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Сорбоннадаги молекуляр ва структуравий археология лабораторияси раҳбари Филип Уолтер.
Тадқиқотчининг фикрича, тарихгача бўлган одамларнинг репертуарида кўплаб бошқа ноталар ҳам бўлган.
Афсуски, магдаленияликлар қандай мусиқа ижро этганини археологлар ҳеч қачон била олмаса керак.
Ортиқча вазн узоқ умр гаровими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ортиқча вазнга эга бўлган ўрта ёшдаги одамлар бутун умр яхши жисмоний шаклни сақлаган тенгқурларига қараганда узоқроқ яшайди.
Ушбу парадоксал (аммо баъзилар учун жуда илҳомбахш) хулосага олимлар қарийб 70 йил давомида америкаликларнинг икки авлодини ўрганиш орқали келдилар.
Шу билан бирга, болаликдан ортиқча вазн сабабли азият чекадиган одамлар кексайгунча яшамаслиги эҳтимоли энг юқори.
"Бизнинг хулосаларимиз, авваламбор, ёшлигида нормал вазнга эга бўлган, кейинчалик уни аста-секин кўпайтира бошлаган ва ўрта ёшга келиб ортиқча вазнга эга бўлганларга тегишли", деб тушунтиради тадқиқот раҳбари, Оҳаё университети социология профессори Хуэй Чжен. "Ана шу тоифадаги одамларнинг узоқроқ яшаш эҳтимоли кўпроқ."
Профессор ва унинг ҳамкасблари Массачусетс штатининг 8000 дан ортиқ аҳолиси, ота-оналари ва уларнинг фарзандларидан 1948 йилдан бери сақланиб келаётган ёзув ҳужжатлардан олинган маълумотларни таҳлил қилдилар. (Болалар 1971 йилдан 2014 йилгача кузатилган).
Иккала гуруҳда ҳам вазн ортиши тенденцияси тахминан бир хил эди, аммо олимлар хавотир билан таъкидлашича, болаларда семириш эртароқ ёшда кузатилган.
Бундан ташқари, улар ортиқча вазн туфайли ота-оналари мансуб авлоддан кўра ёшроқ ўлиши кўпроқ кузатилди.
Аммо ёш ўтгани сари вазннинг бироз ортиши, дейди профессор Чженг, умрни узайтиради.
Ўз навбатида, семиришга қарши фаоллар огоҳлантиради: янги тадқиқот натижалари ўзингизга яшил чироқ ёқиб, вазнингизни қўйиб юборишингиз мумкин, дегани эмас.
"Ўрта ёшда вазннинг бироз ортиши нормал ва бу ортиш турли хил касалликлардан, жумладан, диабет ва юрак-қон томир касалликларидан ҳимоя қилади", дейди Семиришга қарши кураш бўйича миллий форум вакили Тэм Фрай. "Аммо 55 ёшдан ҳаммасига қўл силтаб, узоқ умр кўришни орзу қилманг."
Душман дўстга айланганда

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу вирус сизни агар карам, брокколи ёки карам оиласининг бошқа вакили бўлсангизгина, ҳимоя қилиши мумкин.
Аммо бу олимлар кашфиётининг аҳамиятини пасайтирмайди (уларнинг ишлари натижалари PNASда нашр этилган).
Унга кўра, ўсимлик учун қийин пайтларда кўплаб сабзавот турларига юқадиган ва уларни нобуд қиладиган мозаикали вирус уларга ёрдам бериши ҳам мумкин экан. Бироқ барчаси об-ҳавога боғлиқ.
"Оддий шароитларда вирус одатдаги мезбон ўсимликни ўлдирадиган патоген вазифасини бажаради", деб тушунтиради Валенсия университети профессори, вирусолог Сантьяго Фито Элена. "Аммо қурғоқчилик шароитида, аксинча, бу ўсимликнинг омон қолишига ёрдам беради."
Ушбу ғалати ғамхўрлик ортида турган механизмни тушуниш учун олимлар нормал ва қуруқ шароитда ривожланган вируснинг икки турини тажриба ўсимликларига юқтирдилар.
Cўнг юқтирилган ўсимликларни икки гуруҳга ажратдилар, улардан бири нормал суғорилди, иккинчиси эса сувдан маҳрум қилинди.
Ўзи қурғоқчил шароитда етилган вируслар ўсимликлар яхши суғорилганда ҳам, ўз мезбонларини аяди ва, аксинча, мўл сувга ўрганиб қолган вируслар ўсимлик суғорилмаганда уларни нобуд қилди.
Олимлар фикрича, қурғоқчилик билан таниш бўлган вируслар оз сув билан ҳам яшаши учун ўсимликларнинг генларини ва биоритмини ўзгартиради.
Албатта, вирус буни бутунлай фидойилик билан қилмайди, чунки ўсимликни сақлаб қолиш билан у ўзини ҳам қутқаради.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар эътироф этганидек, ўсимликларнинг қурғоқчиликка чидамлилигини ошириш учун вируслардан фойдаланиш доим ҳам иш бермайди.
Аммо агар биз вирус-душманлардан вирус ҳамкорлар ясашни ўргансак, бу қишлоқ хўжалигига бебаҳо хизмат қилиши мумкин.
Айниқса, иқлим ўзгариши бизни тобора оғир ва узоқ давом этадиган қурғоқчиликка гирифтор қилиши мумкинлигини ҳисобга олсак.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














