"Олтин қон" сеҳри – олимлар дунёнинг энг ноёб қон гуруҳини қандай қайта яратмоқчи?

Ҳар олти миллион кишидан биттасидагина нол резус-факторли қон гуруҳи мавжуд. Ҳозирда тадқиқотчилар уни лабораторияда яратишга ҳаракат қилмоқда.
Қон қуйиш замонавий тиббиётни тубдан ўзгартирди. Агар биз бахтсиз ҳодиса туфайли жароҳатлансак ёки жиддий жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлсак, бошқалар берган қон ҳаётимизни сақлаб қолиши мумкин.
Аммо бу ажойиб муолажадан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Нодир қон гуруҳига эга одамлар ўзларига мос келадиган донор қонини топишда қийналади.
Энг кам учрайдиган қон гуруҳларидан бири – нол резус-фактор (Rh) қон гуруҳи дунёда атиги 50 нафар одамда учрайди. Агар улар қон қуйишни талаб этадиган бахтсиз ҳодисага учраса, қон олиш имконияти жуда оз. Шу сабабли, қони нол резус-факторли одамларга узоқ муддат сақлаш учун ўз қонларини музлатиб қўйиш тавсия этилади.
Бироқ, нодир бўлишига қарамай, бу қон гуруҳи бошқа сабабларга кўра ҳам юқори баҳоланади. Қўлланилиш хусусиятлари туфайли тиббиётда баъзан уни "олтин қон" деб ҳам аташади.
Бу қон гуруҳи ҳаммага мос келадиган қон яратишга ёрдам бериши мумкин, чунки олимлар ҳозир донор қонини қабул қилишни чеклайдиган иммунитет муаммоларини бартараф этиш йўлларини изламоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Қон гуруҳлари қандай таснифланади
Қон тури қизил қон таначалари юзасидаги махсус маркерларнинг мавжудлиги ёки йўқлигига қараб таснифланади.
Антигенлар деб аталадиган бу маркерлар оқсиллар ёки углеводлардан иборат бўлиб, улар ҳужайра юзасидан чиқиб туради ва иммун тизими уларни танийди.
"Агар сизга ўз қонингиздан фарқ қиладиган антигенлари бўлган донор қони қуйилса, танангиз бу қонга қарши антитаналар ишлаб чиқаради ва унга ҳужум қилади," дейди Бристол университети ҳужайра биологияси профессори Эш Той.
"Агар яна ўша қон қуйилса, бу ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин."
Энг кучли иммун реакцияни келтириб чиқарадиган иккита қон гуруҳи ABO ва резус (Rh) ҳисобланади. А қон гуруҳидаги одамнинг эритроцитлари юзасида А антигенлари, B қон гуруҳили одамда эса B антигенлари бор. AB қон гуруҳида А ва B антигенларининг иккиси ҳам, О гуруҳида эса ҳеч бири бўлмайди. Ҳар бир гуруҳ резус-мусбат ёки резус-манфий бўлиши мумкин.
О манфий қон гуруҳига эга одамлар кўпинча универсал донорлар деб аталади, чунки уларнинг қонида А, Б ёки Rh антигенлари йўқ. Бироқ бу жуда соддалаштирилган тушунча.
Биринчидан, 2024 йил октябрь ҳолатига кўра, 47 та қон гуруҳи ва 366 хил антиген маълум. Бу шуни англатадики, О манфий қон олган одам мавжуд бошқа антигенларнинг ҳар бирига иммун реакция кўрсатиши мумкин. Тўғри, баъзи антигенлар бошқаларга қараганда кучлироқ иммун реакцияни келтириб чиқаради.
Иккинчидан, 50 дан ортиқ Rh антигенлари мавжуд. Одамлар резус-манфийлик ҳақида гапирганда, улар Rh(D) антигенини назарда тутишади, аммо уларнинг қизил қон ҳужайраларида бошқа Rh оқсиллари ҳам мавжуд.
Дунё бўйлаб Rh антигенларининг хилма-хиллиги жуда катта бўлиб, бу айниқса маълум бир мамлакатдаги этник озчиликларга мансуб одамлар учун мос донорларни топишни қийинлаштиради.

Сурат манбаси, Getty Images
Нол резус-факторли қонга эга одамларда эса барча 50 та Rh антиген йўқ. Бу одамлар бошқа ҳеч қандай қон гуруҳини қабул қила олмаса-да, нол резус-фактор қон барча кўплаб Rh қон гуруҳлари билан мос келади.
Бу О типидаги нол резус-фактор қоннинг қийматини оширади, чунки кўпчилик одамлар, шу жумладан, ABOнинг барча вариантларига эга одамлар ҳам уни қабул қилиши мумкин.
Беморнинг қон гуруҳи номаълум бўлган фавқулодда вазиятларда, аллергик реакция хавфи паст бўлган О типидаги нол резус-фактор қони берилиши мумкин. Шу сабабли бутун дунё олимлари бу "олтин қон"ни кўпайтириш йўлларини изламоқда.
"Rh антигенлар кучли иммунитет реакциясини қўзғатади ва шунинг учун агар сизда уларнинг ҳеч бири бўлмаса, унда резус сабабли реакцияга киришадиган ҳеч нарса бўлмайди," дейди профессор Той.
"Агар сизда О ва нол резус-фактор қон бўлса, у жуда универсал ҳисобланади. Аммо ҳали ҳам эътиборга олишингиз керак бўлган бошқа қон гуруҳлари бор."
Нол резус-фактор қоннинг келиб чиқиши
Сўнгги тадқиқотлар кўрсатишича, нол резус-фактор қони қизил қон ҳужайраларида муҳим рол ўйнайдиган оқсилга таъсир қилувчи генетик мутациялар туфайли юзага келади. Бу оқсил Rh билан боғлиқ гликопротеин ёки RHAG деб аталади.
Бу мутациялар, чамаси, ушбу оқсилнинг шаклини қисқартиради ёки ўзгартиради, натижада у бошқа Rh антигенларнинг синтезланишини бузади.
2018 йилдаги тадқиқотда профессор Той ва Бристол университетидаги ҳамкасблари лабораторияда нол резус-фактор қонни қайта яратишга муваффақ бўлишди. Бунинг учун улар етилмаган қизил қон таначаларининг ҳужайра линиясини – лабораторияда ўстирилган ҳужайралар тўпламини олишди.
Сўнг жамоа бешта қон гуруҳи тизимининг антигенларини кодловчи генларни йўқ қилиш учун Crispr-Cas9 ген таҳрирлаш технологиясидан фойдаланди. Бунга ABO ва Rh антигенлари, шунингдек, Kell, Duffy ва GPB деб номланган бошқа антигенлар киради.
"Биз бештасини ўчириб ташлаганимизда, ўта мослашувчан ҳужайра ҳосил бўлишини тахмин қилдик, чунки унда энг муаммоли бешта қон гуруҳи олиб ташланган эди," дейди профессор Той.
Натижада олинган қон ҳужайралари барча асосий қон гуруҳлари учун мос келибгина қолмай, балки ҳар тўрт миллион кишидан бирида учрайдиган нол резус-фактор ва Бомбай фенотипи каби кам учрайдиган турлар учун ҳам мос келади.
Бу қон гуруҳидаги одамларга О, А, B ёки AB қонини қуйиш мумкин эмас.
Бироқ, ген таҳрирлаш усулларидан фойдаланиш дунёнинг кўп қисмида баҳсли ва қаттиқ назорат остида қолмоқда, бу эса бундай ўта мос келадиган қон тури клиник амалиётга киритилишига анча вақт борлигини англатади.
У тасдиқлангунга қадар кўплаб клиник синовлар ва тестлардан ўтиши керак бўлади.
Шу орада, профессор Той нол резус-фактор каби кам учрайдиган қон гуруҳларига эга одамлардан қон йиғадиган Scarlet Therapeutics компаниясига асос солди.
Жамоа бу қондан фойдаланиб, лабораторияда кўпайтириладиган ҳужайра линияларини яратишга умид қилмоқда. Лабораторияда етиштирилган бу қонни кейин музлатиб, кам учрайдиган қон гуруҳлари бўлган одамларга фавқулодда зарур бўлганда ишлатиш учун сақлаш мумкин.
Профессор Той ген таҳрирлашдан фойдаланмасдан лабораторияда кам учрайдиган қон банкларини яратишни режалаган.
"Агар буни генетик таҳрирлашсиз амалга ошира олсак, ажойиб бўларди, лекин таҳрирлаш ҳам имкониятларимиздан бири," дейди у.
"Биз донорларни эҳтиёткорлик билан танлаб, уларнинг барча антигенлари иложи борича кўпроқ одамларга мос келишини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Кейин, эҳтимол, уни ҳаммага мос қилиш учун генларни таҳрирлашимиз керак бўлар."
2021 йилда иммунолог Грегори Деномм ва АҚШнинг Милуоки шаҳридаги Версити қон тадқиқот институтидаги ҳамкасблари Crispr-Cas9 ген таҳрирлаш технологиясидан фойдаланиб, кўп қиррали ўзак ҳужайралардан (hiPSC) нол резус-фактор каби кам учрайдиган қон турларини яратди.
Бу ўзак ҳужайралар эмбрионал ўзак ҳужайраларга ўхшаш бўлиб, тегишли шароитда инсон танасидаги исталган бошқа ҳужайрага айлана олади.
Бошқа олимлар эса қон ҳужайраларига айланишга дастурлаштирилган, аммо ҳали қайси турга айланиши аниқланмаган бошқа ўзак ҳужайралардан фойдаланмоқда. Масалан, яқинда Канаданинг Квебек шаҳридаги Лавал университети олимлари А мусбат қонли донорлардан қон ўзак ҳужайраларини ажратиб олди.
Кейин улар А ва Rh антигенларини кодлайдиган генларни ўчириш учун Crispr-Cas9 технологиясидан фойдаланиб, О нол резус-факторли қизил қон ҳужайраларини ишлаб чиқардилар. Испаниянинг Барселона шаҳридаги тадқиқотчилар ҳам яқинда нол резус-факторли қон доноридан ўзак ҳужайраларини олишди ва Crispr-Cas9 ёрдамида уларнинг қонини А туридан О турига айлантиришди, бу қонни янада универсаллаштиради.
Шундай бўлса-да, бу саъй-ҳаракатларга қарамай, таъкидлаш лозимки, одамлар фойдалана оладиган миқёсда сунъий лаборатория қонини яратишга ҳали анча эрта.
Асосий муаммолардан бири ўзак ҳужайраларни етук қизил қон ҳужайраларига айлантиришдир.
Танада қизил қон таначалари суяк илигидаги ўзак ҳужайралардан ҳосил бўлади, бу жараён уларнинг ривожланишини бошқарувчи мураккаб сигналлар орқали амалга ошади. Буни лабораторияда такрорлаш қийин.
"Қўшимча муаммо шундаки, нол резус-факторли ёки бошқа нол қон гуруҳини яратишда қизил қон ҳужайраларининг ўсиши ва етилиши бузилиши мумкин," дейди ҳозирда қон қуйиш тиббиётига ихтисослашган Grifols Diagnostic Solutions соғлиқни сақлаш ширкатида тиббий масалалар бўйича директор бўлиб ишлаётган жаноб Деномм.
"Муайян қон гуруҳи генларини яратиш, етилтириш ҳужайра мембранаси парчаланишига ёки қизил қон ҳужайраларини самарали ишлаб чиқариш йўқолишига олиб келиши мумкин."

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозирча профессор Той RESTORE тажрибасига раҳбарлик қилмоқда. Бу донор қонининг ўзак ҳужайраларидан сунъий ўстирилган қизил қон ҳужайраларини соғлом кўнгиллиларга қуйиш хавфсизлигини текшириш учун дунёдаги биринчи клиник синовдир.
Синовдаги сунъий қон генетик таҳрирланмаган, аммо олимлар уни одамларда синаб кўришга тайёр бўлган босқичга етиб келиш учун 10 йиллик тадқиқот олиб боришган.
"Ҳозирда кимнингдир қўлидан қон олиш анча самарали ва тежамкор усул, шунинг учун яқин келажакда бизга барибир қон донорлари керак бўлади," дейди профессор Той.
"Аммо донор топиш қийин ноёб қон гуруҳларига эга одамлар учун кўпроқ қон ишлаб чиқара олсак, катта иш қилган бўламиз."












