Олимлар инсон ҳужайраларидан қувват оладиган "тирик" компютерлар яратмоқда

- Author, Зое Клейнман
- Role, Technology editor
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Олимлар инсон ҳужайраларидан қувват оладиган "тирик" компютерлар яратаяптилар.
Унинг илдизлари илмий-фантастикада бўлса-да, кам сонли тадқиқотчилар тирик ҳужайралардан компютерлар яратишда ҳақиқий ютуқларга эришмоқдалар.
Биокомпютерларнинг ғаройиб оламига хуш келибсиз.
Бу соҳа етакчилари орасида швейцариялик бир гуруҳ олимлар бор, мен улар билан учрашгани бордим.
Уларнинг ишонишича, бир кун келиб сунъий интеллект (СИ) каби ўрганадиган "тирик" серверлардан иборат маълумотлар марказлари қурилади. Улар ҳозиргилардан кўра анча кам энергия сарфлаши мумкин.
Бу мен учрашган FinalSpark лабораторияси ҳаммуассиси доктор Фред Жорданнинг фикридир.
Биз ҳозир фойдаланаётган компютерларимиздаги аппарат ва дастурий таъминот тушунчаларига ўрганиб қолганмиз.
Доктор Жордан ва бошқалар ўзлари яратаётган нарсани қулоққа ғалати эшитиладиган "wetware" атамаси билан атамоқда.
Содда қилиб айтганда, бунда «органоидлар» деб аталадиган тўпламларга айланадиган нейронлар яратилади. Бу органоидлар ўз навбатида электродларга уланади ва шундан сўнг уларни мини-компютерлар сифатида ишлатишга уриниш бошланади.

Сурат манбаси, .
Доктор Жордан тан олишича, кўпчилик учун биокомпютер тушунчасининг ўзи бироз ғалати туюлиши мумкин.
"Илмий фантастикада одамлар бу ғоялар билан анчадан буён таниш," дейди у.
"Нейронни кичик машина сифатида ишлатаман деганингиздаёқ бу ўз миямизга бошқача қараш бўлади ва кимлигимиз ҳақида қайта ўйлашга мажбур қилади."
FinalSpark ишни Япониядаги клиникадан сотиб олинган инсон териси ҳужайраларидан олинган ўзак ҳужайралардан бошлади. Ҳақиқий донорлар аноним.
Аммо, ажабланарли томони шундаки, уларга таклифлар етарли.
"Бизга мурожаат қилувчилар кўп," дейди у.
"Лекин биз фақат расмий етказиб берувчилардан келадиган ўзак ҳужайраларни танлаймиз, чунки ҳужайраларнинг сифати жуда муҳим."

Лабораторияда FinalSpark компаниясининг ҳужайра биологияси мутахассиси доктор Флора Броззи менга бир нечта кичик оқ шарчалар солинган идишни узатди.
Ҳар бир шарча аслида лабораторияда ўстирилган кичик мия бўлиб, тирик ўзак ҳужайралардан ташкил топган. Улар нейронлар ва ёрдамчи ҳужайралар тўпламига айлантирилган – булар "органоидлар".
Улар инсон миясининг мураккаблигига яқинлашмаса-да, аммо унсурлари бир хил.
Бир неча ой давом этадиган жараёндан сўнг, органоидлар электродга уланишга тайёр бўлади ва оддий клавиатура буйруқларига жавоб бериши синаб кўрилади.
Бу электр сигналларини юбориш ва қабул қилиш усули бўлиб, натижалар тизимга уланган оддий компютерда қайд этилади.
Бу оддий тест: сиз электродлар орқали электр сигналини юборадиган тугмани босасиз ва агар у ишласа (ҳар доим ҳам ишламайди), экранда жавоб сифатида фаоллик бироз кучайишини кўришингиз мумкин.
Кўрсатилаётган нарса электроэнцефалограммага ўхшаш график.
Мен тугмани кетма-кет бир неча марта босганимда, жавоблар тўсатдан тўхтади. Кейин диаграммада қисқа, ўзига хос энергия портлаши кузатилди.
Нима бўлганини сўраганимда, доктор Жордан органоидлар нима қилиши ва нима учун шундай қилиши ҳақида ҳали тўла тушунмасликларини айтди. Эҳтимол, уларни безовта қилгандирман.
Электр стимуляциялар жамоанинг каттароқ мақсади – биокомпютер нейронларида ўрганишни қўзғатиш йўлидаги дастлабки муҳим қадамдир. Шунда улар охир-оқибат вазифаларни бажаришга мослаша олади.
"Сунъий интеллект учун бу ҳар доим бир хил," дейди у.
"Маълумот киритасиз ва ундан фойдаланиш учун натижа олишни хоҳлайсиз.
Масалан, сиз мушукнинг расмини берасиз ва натижада у мушук эканлигини аниқлашни истайсиз," деб тушунтирди у.
Биокомпютерларни тирик сақлаш
Оддий компютерни ишлатиб туриш осон – унга фақат электр таъминоти керак, лекин биокомпютерлар билан қандай бўлади?
Бу саволга олимлар ҳали жавоб топа олмаган.
"Органоидларда қон томирлари бўлмайди," дейди Лондон Империал коллежи Нейротехнология маркази директори, нейротехнология профессори Саймон Шулц.
"Инсон миясида қон томирлари мавжуд бўлиб, улар мия бўйлаб турли даражаларда тарқалган ва уни яхши ишлаши учун озуқа моддалари билан таъминлайди.
Биз ҳали уларни тўғри тайёрлашни билмаймиз. Демак, бу олдиндаги энг катта муаммо."
Лекин бир нарса аниқ. Биз "wеtware" билан компютер ўлими ҳақида гапирганимизда, биз айнан ўлимни назарда тутган бўламиз.
FinalSpark сўнгги тўрт йил ичида сезиларли ютуқларга эришди: энди унинг органоидлари тўрт ойгача яшай олади.
Аммо уларнинг охир-оқибат ҳалок бўлиши билан боғлиқ баъзи даҳшатли кузатувлар бор.
Баъзида улар органоидларнинг ўлимидан олдинги фаоллик тўлқинини кузатадилар – бу баъзи одамларда ҳаёти сўнгида кузатиладиган юрак уриши тезлашиши ва мия фаоллигига ўхшайди.
"Фаоллик [ҳаётнинг] сўнгги дақиқалари ёки сўнгги 10 сонияларида жуда тез ошган бир нечта ҳодисалар бўлган," дейди доктор Жордан.
"Ўйлашимча, сўнгги беш йилда биз 1000 ёки 2000 га яқин шундай ўлим ҳолатларини қайд этдик."
"Бу ачинарли, чунки биз тажрибани тўхтатишимиз, унинг нима учун ўлганини тушунишимиз ва кейин буни яна такрорлашимиз керак," дейди у.
Профессор Шулц бу ҳиссиз ёндашувга қўшилади.
"Биз улардан қўрқмаслигимиз керак, улар шунчаки бошқа субстратдан, бошқа материалдан ясалган компютерлар," дейди у.
Реал дунёда қўлланиши
FinalSpark биокомпютер соҳасида ишлайдиган ягона олимлар гуруҳи эмас.
Австралиянинг Cortical Labs компанияси 2022 йилда сунъий нейронларга дастлабки компютер ўйини "Понг"ни ўйнашни ўргатганини эълон қилди.
АҚШда Жонс Ҳопкинс Университети тадқиқотчилари ҳам "мини-миялар" яратмоқда, бироқ улар буни Алцгеймер ва аутизм каби неврологик касалликлар учун дори-дармон ишлаб чиқиш мақсадида қилаяптилар.
Умид шуки, яқин келажакда сунъий интеллект бу каби ишларни тезлаштиради.
Аммо ҳозирча, Жонс Ҳопкинс Университетидаги тадқиқотларга раҳбарлик қилаётган доктор Лена Смирнова "wetware" илмий жиҳатдан қизиқарли, бироқ ҳали бошланғич босқичда эканлигини таъкидлайди.
Унинг айтишича, бу технология ҳозирда компютер чиплари учун ишлатиладиган асосий материал ўрнини боса олмайди.
"Биокомпютер кремний асосидаги сунъий интеллект ўрнини босмайди, балки тўлдириши, шу билан бирга касалликларни моделлаштириш ва ҳайвонлардан фойдаланишни камайтириш имконини бериши керак," дейди у.
Профессор Шулц ҳам бу фикрга қўшилади: "Менимча, улар кўп соҳада кремний билан рақобатлаша олмайди, лекин ўз ўрнини топади."
Бу технология реал дунёда қўллаш усулларига тобора яқинлашиб бораётган бўлса-да, доктор Жордан ҳамон унинг илмий-фантастик илдизларини эслайди.
"Мен ҳар доим фантастика мухлиси бўлганман," дейди у.
"Илмий-фантастик филм ёки китобни кўрганимда, доим бироз хафа бўлардим, чунки менинг ҳаётим китобдагидек эмас эди. Энди ўзимни гўё китоб ичида, уни ёзаётгандек ҳис қиляпман."
Мақолани ёзишда Франческа Ҳошимий ёрдам берган












