Шу пайтгача мисли кўрилмаган янгилик: Одамзот сунъий ДНК яратмоқчи, бу инсоният учун хавфми ёки имконият?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Паллаб Гош&Гвиндаф Хьюз
- Role, Илм-фан мухбири&Илмий видеотасвирчи
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Бу тадқиқот шу пайтгача табу остида эди.... Энди "жин кўзадан чиқиб бўлди"ми?
Инсон ДНКсини нолдан сунъий яратиш ишлари бошланди.
Инсон жисмининг асосий қурилиш қўлланмаси бўлмиш ДНКни нолдан ёзиш бўйича дунёдаги илк лойиҳа ва баҳсли тадқиқот иши бошланди.
Бу тадқиқот шу пайтгача табу эди, чунки у "лойиҳаланган болалар" яратилиши ёки келажак авлодлар учун кутилмаган ўзгаришларга сабаб бўлишидан хавотирлар бор эди.
Бироқ дунёдаги энг йирик тиббий хайрия жамғармаси – Wellcome Trust ушбу лойиҳани бошлаш учун дастлабки 10 миллион фунт маблағни ажратди.
Ташкилот бу ташаббус айрим оғир касалликларни даволашни тезлаштириш орқали кўпроқ яхшилик келтиради, демоқда.
Кембриждаги Молекуляр биология бўйича MRC лабораториясидан доктор Жулиан Сэйл, лойиҳа иштирокчиларидан бири сифатида, Би-би-сига бу тадқиқот биологиядаги навбатдаги улкан сакраш бўлишини айтди.
"Ҳеч қандай чегара йўқ. Биз одамларнинг ҳаётини яхшилайдиган, улар қариганида соғлом қаришга ёрдам берадиган терапиялар устида ишлаяпмиз. Масалан, жигар, юрак ёки иммун тизими каби зарарланган аъзоларни алмаштириш учун касалликка чидамли ҳужайралар яратиш устида ишлаяпмиз", деди у.
Бироқ танқидчилар бу тадқиқот ген ўзгартириш орқали одамни "мукаммаллаштириш"ни истайдиган виждонсиз олимларга йўл очиб бериши мумкинлигидан хавотирда.
Beyond GM номли тарғибот гуруҳи директори доктор Пэт Томас: "Биз ҳамма олимлар яхшилик қилишни истайди, деб ўйлаймиз, лекин илм самараси зиён етказиш ёки ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин", деди.
Лойиҳа тафсилотлари Би-би-сига инсон геномини тўлиқ хариталаган Human Genome Project якунланганининг 25 йиллиги муносабати билан маълум қилинди. Бу лойиҳа ҳам асосан Wellcome томонидан молиялаштирилган эди.
Biz hamma olimlar yaxshilik qilishni istaydi, deb o‘ylaymiz, lekin ilm samarasi ziyon yetkazish yoki harbiy maqsadlarda ishlatilishi mumkin.
Танамиздаги ҳар бир ҳужайрада ДНК деб аталган молекула бор. ДНКда генетик ахборот сақланади. У фақат тўрт хил кичик молекула – A, G, C ва T комбинацияларидан ташкил топган бўлиб, уларнинг кетма-кетлиги бизни ким эканимизни белгилайдиган барча генетик маълумотни ташийди.
Human Genome Project инсон генларини штрих-код каби ўқиш имконини берди. Энди бошланаётган Synthetic Human Genome Project эса бундан ҳам катта сакрашни англатади – у ДНКни нафақат ўқиш, балки уни нолдан, молекулама-молекула қилиб яратиш имконини бериши мумкин.
Олимларнинг дастлабки мақсади инсон ДНКсининг тобора каттароқ блокларини яратиш усулларини ишлаб чиқиш. Бу синтетик йўл билан инсон хромосомасини тўлиқ яратишгача боради. Бу хромосомалар бизнинг ривожланишимиз, тикланишимиз ва сақланишимизни бошқарадиган генлардан иборат.
Бу генлар ва ДНК улар танамизни қандай бошқараётганини яхшироқ тушуниш учун тадқиқ этилади.
Wellcome Sanger институти директори профессор Мэттью Ҳерлс айтишича, кўплаб касалликлар айнан шундай генлар нотўғри ишлаганда пайдо бўлади ва бу тадқиқотлар шифо усулларини яхшилаши мумкин.
"ДНКни нолдан яратиш бизга унинг ҳақиқатда қандай ишлашини текшириш ва янги назарияларни синаб кўриш имконини беради, чунки ҳозирда буни фақат мавжуд ДНКни бироз ўзгартириш орқали қилиш мумкин", деди у.
Лойиҳа фақат лабораториядаги пробиркалар ва идишларда амалга оширилади, яъни синтетик ҳаёт яратиш режалаштирилмаган. Аммо бу технология олимларга инсон бадани устидан беқиёс назорат имконини беради.
Лойиҳа тиббий самарани кўзлаган бўлса-да, бу технологиядан виждонсизлар нотўғри фойдаланишидан хавотирлар бор.

Сурат манбаси, BBC News
Масалан, биологик қуроллар, "мукаммаллашган" инсонлар ёки инсон ДНКсига эга махлуқлар яратишга уринишлар бўлиши мумкин. Эдинбург университетидан профессор Билл Эрншоу бу соҳада сунъий инсон хромосомаларини яратиш усулини ишлаб чиққан мутахассис. У Би-би-сига шундай деди:
"Жин кўзадан чиқиб бўлган. Агар ҳозир чекловлар киритсак ҳам, тегишли жиҳозларга эга ташкилот қандайдир синтез қилишни бошлашга қарор қилса, уни тўхтата олмаймиз".
Пэт Томас эса ушбу технологиядан фойдаланиб яратилган даволаш усуллари тижорийлаштирилишидан хавотирда.
"Агар биз синтетик аъзолар ёки ҳатто синтетик одамлар яратсак, у ҳолда улар кимга тегишли бўлади? Уларнинг маълумотлари кимга тегишли?", деб сўрайди у.
Бу технология нотўғри қўлланилиши таҳдиди мавжуд экан, Wellcome нима учун бундай лойиҳани молиялаштиришга қарор қилган?
Жамғарма вакили доктор Том Коллинс Би-би-сига шундай деди:
"Биз ўзимизга шундай савол бердик: агар биз ҳозир ҳаракат қилмасак, нархи қанчага тушади? Бу технология бир кун келиб шундоғам яратилади, шундай экан, ҳозироқ уни масъулият билан ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз ва ахлоқий масалаларни очиқ-ойдин ҳал қилиб олишни хоҳлаймиз".
Лойиҳа билан параллел равишда Кент университетидан профессор Жой Жан бошчилигида ижтимоий фанлар дастури амалга оширилади. У жамият фикрини ўрганмоқчи.
"Биз мутахассислар, ижтимоий фанлар тадқиқотчилари, айниқса, оддий одамларнинг бу технологияга муносабатини, у улар учун қандай фойда келтириши мумкинлигини ва, энг муҳими, уларда қандай савол ва хавотирлар борлигини ўрганмоқчимиз", деди у.












