ДНК тилсими – Ҳиндлар асли Марказий Осиёдан тарқалганми?

Ҳиндистон. Оломон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндлар келиб чиқиши манбаси атрофидаги баҳс-мунозаралар охирги йилларда қизғин тус олган.
    • Author, Тони Жозеф
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қадимги ДНК ёрдамида ўтказилган янги тадқиқотлар Ҳиндистоннинг тарихдан олдинги даврини қайта ёзмоқда ва бу цивилизация кўплаб қадимий кўчишларнинг натижаси эканлигини кўрсатмоқда, деб ёзади Тони Жозеф.

Ҳиндистонликлар кимлар? Улар қаердан келган?

Сўнгги йилларда бу саволлар атрофидаги баҳс-мунозаралар тобора қизғин тус олмоқда.

Ҳинду миллатчилар ҳинд цивилизацияси манбаи ҳиндуизмнинг энг қадимги диний матнлари Ведаларни яратган отлиқ, чорвадор жангчилар ва чўпонларнинг кўчманчи қабиласи – орийлар эканига ишонишади.

Уларнинг таъкидлашича, орийлар Ҳиндистондан келиб чиққан, Осиё ва Европанинг катта қисмига тарқалган, европаликлар ва ҳиндлар ҳозирга қадар сўзлашадиган ҳинд-европа тиллари оиласини шакллантиришга ҳисса қўшган.

Айтиш жоизки, XIX асрнинг кўплаб Европа этнографлари ва, албатта, энг машҳури Адолф Гитлер ҳам орийларни Европани забт этган асосий ирқ деб ҳисоблашган.

Олимлар "орий" деганда ҳинд-европа тилларида сўзлашувчи ва ўзларини орийлар деб атаган одамлар гуруҳини назарда тутишади. Мен ҳам ушбу мақолада бу сўзни шу маънода қўлладим. Бу Гитлер ёки ҳинду миллатчилари тушунган ирқий маънони англатмайди.

Хараппа цивилизацияси ҳайкали

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хараппа тамаддуни ҳозирги Ҳиндистон шимоли-ғарби ва Покистон ҳудудида гуллаб-яшнаган цивилизация бўлган

Кўпгина ҳинд олимлари "Ҳиндистондан ташқари" назарияни шубҳа остига олиб, бу ҳинд-европа тилларида сўзлашувчилар ёки орийлар, эҳтимол, Ҳиндистонга аввалги цивилизация инқирозидан сўнг келган кўчманчиларнинг кўплаб оқимларидан бири бўлганини таъкидлашади. Бу ҳозирги Шимоли-ғарбий Ҳиндистон ва Покистонда мисрликлар ва месопотамияликлар билан бир даврда ривожланган Хараппа (ёки Ҳинд водийси) цивилизацияси эди.

Бироқ, ҳинду миллатчилар Хараппа цивилизацияси ҳам орий ёки веда цивилизацияси бўлган деб ҳисоблайди.

Бу қарама-қарши назарияларни қўллаб-қувватловчи икки гуруҳ ўртасидаги зиддият сўнгги йилларда, айниқса 2014 йилда Ҳиндистонда ҳинду миллатчиси Бҳаратия Жаната партияси (BJP) ҳокимиятга келганидан кейин янада кучайди.

Бу узоқ давом этган баҳсга одамлар қачон ва қаерга кўчганини аниқлаш учун қадимий ДНКдан фойдаланаётган популяция генетикаси ҳам қўшилди.

Сўнгги йилларда қадимги ДНК ёрдамида ўтказилаётган тадқиқотлар бутун дунёда тарихдан олдинги даврни қайта ёзмоқда.

Ушбу мавзуга оид энг сўнгги тадқиқот Ҳарвард университети генетик олими Девид Райх раҳбарлигида 2018 йил март ойида нашр этилди. Унинг ҳаммуаллифлари бутун дунёдан 92 нафар олим бўлиб, уларнинг кўпчилиги генетика, тарих, археология ва антропология каби турли фанлар етакчи мутахассисларидир.

Унинг "Жанубий ва Марказий Осиёнинг геномик шаклланиши" сарлавҳаси остида баъзи қизғин баҳслар яширинган.

Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Дҳолавира археологик қазишма жойи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Дҳолавира топилган энг йирик Хараппа цивилизацияси маскани бўлди

Тадқиқот кўрсатишича, сўнгги 10 000 йил ичида Ҳиндистонга иккита йирик кўчиш бўлган.

Биринчиси Эроннинг жануби-ғарбий қисмидаги Загрос минтақасидан келиб чиққан (бу ерда эчкиларни хонакилаштириш бўйича дунёдаги энг қадимги далиллар топилган) ва Ҳиндистонга кўчган деҳқонлар, эҳтимол, чўпонлардир.

Бу тахминан милоддан аввалги 7000-3000 йиллар оралиғида содир бўлган. Ушбу загрослик чўпонлар субконтинентнинг олдинги аҳолиси – 65 минг йил олдин Африкадан Ҳиндистонга етиб келган кўчманчиларнинг авлодлари бўлган биринчи ҳиндлар билан аралашиб кетган ва биргаликда Хараппа цивилизациясини яратган.

Милоддан аввалги 2000 йилдан кейинги асрларда Евроосиё даштларидан, эҳтимол ҳозирги Қозоғистондан, иккинчи гуруҳ муҳожирлар (орийлар) келган. Улар ўзлари билан санскритнинг илк шаклини, отларни бошқариш маҳоратини ва қурбонлик маросимлари каби янги маданий амалиётларни олиб келган бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси илк ҳинд/ведалар маданияти асосини ташкил этган. (Бундан минг йил олдин даштлик одамлар Европага ҳам кўчиб ўтиб, у ердаги деҳқонлар билан аралашган, янги маданиятларни вужудга келтирган ва ҳинд-европа тилларини тарқатган).

Бошқа генетик тадқиқотлар Ҳиндистонга кўпроқ миграцияларни аниқлади, масалан, Жануби-Шарқий Осиёдан Австро-Осиё тиллари вакиллари кўчиб келган.

Автобус ва олдида турган ҳиндистонликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотларга кўра, бугунги ҳиндистонликларнинг аждодлари бир неча "қаватлардан" иборат бўлган

Китобимда ёзганимдек, ҳинд аҳолиси таркибини пиццага ўхшатиш мумкин. Бунда биринчи ҳиндлар пиццанинг асосини ташкил этади. Бу пиццанинг асоси баъзи жойларда юпқа, бошқа жойларда қалин бўлса-да, у ҳамон пиццанинг қолган қисми учун таянч вазифасини ўтайди. Тадқиқотлар кўрсатадики, ҳиндларнинг генетик келиб чиқишининг 50-65 фоизи биринчи ҳиндларга бориб тақалади.

Асос устига пицца бўйлаб ёйиладиган соус – Ҳараппаликлардир. Кейин эса қўшимчалар ва пишлоқ – Австро-Осиё, тибет-бирма ва ҳинд-европа тиллари вакиллари ёки орийлар келади. Буларнинг барчаси кейинчалик субконтинентга кириб келган.

Ҳинду миллатчилар учун бу натижалар мақбул эмас. Улар мактаб ўқув дастурларини ўзгартириш ва дарсликлардан орийлар иммиграцияси ҳақидаги ҳар қандай маълумотни олиб ташлаш учун курашмоқда. X'да эса бир қанча машҳур ўнг қанот "тарих" саҳифалари Ҳиндистоннинг орийлар миграцияси назариясини ҳимоя қилган ва ҳимоя қилишда давом этаётган етакчи тарихчиларига узоқ вақтдан бери ҳужум қилиб келмоқдалар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ҳинду миллатчилари учун орийлар Ҳиндистоннинг биринчи аҳолиси бўлмаганини ва Ҳараппа цивилизацияси улар келишидан анча олдин мавжуд бўлганини тан олиш осон эмас. Шундай қилинса, орийлар ёки уларнинг веда маданияти ҳинд цивилизациясининг ягона манбаи эмаслигини ва унинг дастлабки илдизлари бошқа жойда эканлигини тан олишга тўғри келади.

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Ҳиндистоннинг инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича кичик вазири Сатяпал Сингҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилди: "Фақат ведалар таълими фарзандларимизни яхши тарбиялай олади ва уларни ақлий интизомли ватанпарварлар қилиб етиштиради."

Аҳолининг турли гуруҳларини аралаштириш ғояси ҳам ҳинду миллатчиларга ёқмайди, чунки улар ирқий софликка катта аҳамият беришади. Шунингдек, миграция назарияси орийларни Ҳиндистоннинг кейинги мусулмон истилочилари, масалан, мўғуллар билан бир хил даражага қўйиши ҳам муаммо туғдиради.

Ёш браҳманлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Варанасида диний ибодат ва жисмоний машқни омухталаштирган ҳаракатлар билан банд ёш браҳманлар. Ҳиндистон аҳолисининг аксари ҳиндулардир.

Булар шунчаки назарий мунозаралар эмас. Ҳиндистон пойтахти Деҳли билан чегарадош Ҳаряна штатидаги ҳукмрон БЖП ҳукумати Ҳараппа цивилизациясини Сарасвати дарёси цивилизацияси деб ўзгартиришни талаб қилмоқда. Сарасвати тўртта ведик матннинг энг қадимгисида тилга олинган муҳим дарё бўлгани учун, бундай қайта номлаш цивилизация ва орийлар ўртасидаги боғлиқликни таъкидлашга хизмат қилади.

Янги тадқиқот шу тариқа ҳинду миллатчиларига зарба бўлди. Унинг ҳаммуаллифи профессор Райхга қарши твитида ҳукмрон партия депутати ва Ҳарвард университетининг собиқ профессори Субраманян Свами шундай деди: "Ёлғон, лаънати ёлғон ва статистика мавжуд."

Бироқ, янги тадқиқот келтираётган ҳақиқий хабар ҳаяжонли ва умидли: ҳиндлар турли мерослар ва тарихлардан узоқ давомли цивилизациялар яратган халқдир.

Тони Жозеф - "Илк ҳиндулар: Бизнинг аждодларимиз ҳикояси ва биз қаердан келганмиз" деб номланган китоб муаллифи