Ҳиндистон Кашмирда Бобурийлар эккан чинорларни кесиб ташламоқчими? - Видео

Сринагар шаҳридаги Мўғул боғда экилган кўп асрлик чинорлар. 2024 йил 17 ноябри.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сринагар шаҳрида Бобурийлар бир неча боғ барпо этганлар, бу боғларда бир неча асрлик чинорлар бор.
    • Author, Черилан Моллан
    • Role, BBC News, Мумбай
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Буташми ёки кесиб ташлаш?

Ҳиндистон бошқарувида бўлган Кашмирда кўп асрлик чинор дарахтларини кесиб ташлаш деб тахмин қилинаётган воқеа норозиликлар уйғотмоқда.

Маҳаллий аҳоли сўзлари ва фотосуратлар дарахтлар бутунлай кесиб ташланганини кўрсатмоқда, ҳукумат эса бу шунчаки оддий буташ деяпти.

Ушбу баҳс йўқолиб кетиш хавфи остида турган дарахтлар ва уларни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларга яна бир бор эътибор қаратди.

Чинор Кашмир водийсининг рамзий тимсоли ва сайёҳларнинг асосий диққатга сазовор жойи ҳисобланади, айниқса кузда дарахтларнинг барглари қизғиш оловрангдан тўқ қизил ранггача товланади.

Бу дарахтлар Марказий Осиёда табиий ўсади, аммо бир неча аср олдин Бобурий подшоҳлар ва маҳаллий ҳукмдорлар уларни Кашмирга олиб келганлар. Йиллар давомида улар Кашмир маданиятининг узвий бўлагига айланган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ, тез шаҳарлаштириш, ноқонуний ўрмон кесиш ва иқлим ўзгариши уларга таҳдид солмоқда. Бу эса ҳукуматни уларни сақлаш чораларини кўришга мажбур қилмоқда.

Жамму ва Кашмир ҳукумати чинор дарахтларини кузатиб бориш мақсадида жойлашуви бўйича ҳисобга киритмоқда. Лойиҳада ҳар бир дарахтга унинг жойлашуви, ёши ва бошқа жисмоний хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код бириктирилади.

"Биз чинорларни 'рақамли ҳимоя қиляпмиз'," дейди лойиҳага раҳбарлик қилаётган олим Саид Тариқ. Унинг айтишича, QR-код маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга дарахт ҳақида кўпроқ билишга ёрдам беради, шунингдек, дарахтларни ноқонуний ёки шошилинч кесиш каби муаммоларга қарши курашишга ҳам кўмаклашади.

Сринагар шаҳридаги Нишот Боғидаги чинор дарахтига QR кодли тахтача қоқилаётган пайт. 2025 йил 23 январи.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чинор дарахтларига дарахт ҳақидаги маълумот киритилган QR-кодли тахтачалар қоқиб чиқилди.

Лойиҳа доирасида ҳозиргача 29 мингга яқин чинор дарахти геотэгланди, яна 6-7 мингта дарахтни харитага тушириш керак.

Жаноб Саид таъкидлашича, мерос қийматига қарамай, бу дарахтларнинг аниқ ҳисоби йўқ эди. Ҳукумат маълумотларида 40 минг деб кўрсатилган бўлса-да, у бу рақамни баҳсли деб ҳисоблайди, аммо уларнинг сони камайганига ишонади.

Бу муаммо, чунки дарахтнинг вояга етиши учун камида 50 йил керак бўлади. Экологларнинг айтишича, янги плантациялар майдоннинг қисқариши каби муаммоларга дуч келмоқда. Бундан ташқари, чинор дарахтлари омон қолиши учун салқин иқлим керак, аммо сўнгги пайтларда минтақада ёз иссиқроқ, қиш эса қорсиз бўлиб келмоқда.

Аммо ижобий томони шундаки, бу дарахтлар юзлаб йиллар яшаши мумкин – минтақадаги энг қадимги чинор тахминан 700 ёшда эканлиги тахмин қилинмоқда. Дарахтларнинг аксарияти камида бир неча асрлик.

Бобурийлар барпо этган боғлар айниқса кузда гўзаллашади. Сайёҳлар чинорларнинг сариқ, қизил, норинж рангига кирган баргларини томоша қиладилар November 10, 2023, Srinagar Kashmir, India. A view of the Mughal Garden (Photo by Firdous Nazir/Eyepix Group/Future Publishing via Getty Images)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бобурийлар барпо этган боғлар айниқса кузда гўзаллашади. Сайёҳлар чинорларнинг сариқ, қизил, норинж рангига кирган баргларини томоша қиладилар

Дарахтлар 1500 йиллар бошидан 1800 йиллар ўрталаригача давом этган Бобурийлар даврида энг кўп эътибор ва ғамхўрлик кўрган. Жаноб Саиднинг айтишича, водийдаги бугун мавжуд кўплаб дарахтлар айнан ўша даврда экилган.

Собиқ Ҳиндистоннинг кўп ҳудудларида ҳукмронлик қилган Бобурий подшоҳлар Кашмирнинг салқин иқлими ва гўзал манзаралари туфайли уни ёзги дам олиш масканига айлантиришган. Шунингдек, улар дам олиш ва кўнгил ёзиш учун симметрияси ва яшиллиги билан машҳур бўлган кўкаламзорлаштирилган боғлар – "роҳат боғлари"ни барпо этишган.

Чинор бу боғларда алоҳида ўрин эгаллаган ва дарахтлар одатда жойнинг гўзаллигини ошириш учун сув каналлари бўйлаб экилган. Бу боғларнинг кўпи ҳозир ҳам бор.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ҳукумат манбаларига кўра, XVI асрда Бобурийлар императори Акбар Шринагардаги машҳур Дал кўли яқинидаги шундай кўнгилочар боғлардан бирига 1100 га яқин дарахт эккан, аммо йўл кенгайтириш лойиҳалари ва зараркунандалар келтириб чиқарган касалликлар туфайли йиллар давомида 400 га яқин дарахт нобуд бўлган.

Айтишларича, Акбарнинг ўғли император Жаҳонгир Дал кўлидаги кичик оролга тўртта чинор дарахтини экиб, унга Чор Чинор (Тўрт чинор) номини берган. Вақт ўтиши билан иккита дарахт қариш ва касаллик туфайли йўқолган, ҳукумат уларни 2022 йилда кўчириб ўтказилган катта ёшли дарахтлар билан алмаштирган.

Чинор 1969 йилдаги Жамму ва Кашмирда белгиланган дарахтларни сақлаш тўғрисидаги қонун билан ҳимояланган бўлиб, у дарахтларни кесиш ва экспорт қилишни тартибга солади, кесиш учун ҳам расмий рухсат талаб қилади. Қонун 2019 йилда минтақа штат мақомини йўқотган бўлса-да, ўз кучида қолмоқда.

Сринагардаги Кашмир Университети ҳудудида экилган чинорлар. July 18, 2022 in Srinagar, India. (Photo by Waseem Andrabi/Hindustan Times via Getty Images)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сринагардаги Кашмир Университети ҳудудида экилган чинорлар

Аммо экофаол Ража Музаффар Бҳатнинг айтишича, ҳокимият органлари кўпинча чинор дарахтларини кесиш учун қонундаги бўшлиқлардан фойдаланади.

"Буташ ниқоби остида бутун дарахтлар кесиб ташланади," дейди у яқинда Анантнаг туманида содир бўлган ва норозиликларга сабаб бўлган кесишга ишора қилиб.

"Ҳукумат дарахтларни бир томондан геотэг қилса, иккинчи томондан кесяпти," дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, ҳокимият шаҳар лойиҳалари учун дарахтларни олиб ташлаган бўлса, маҳаллий аҳоли уларни ноқонуний равишда кесиб ташлаган.

Чинор дарахтларининг мустаҳкам ёғочи ўймакорлик, мебел ва турли буюмлар ясашга жуда мос. Маҳаллий аҳоли ундан ўтин учун ва доривор воситалар тайёрлашда ҳам фойдаланади.

Жаноб Бҳатнинг айтишича, геотэггинг каби давлат лойиҳалари бу борада хабардорликни оширмоқда. Чинорни ўз меросининг ажралмас қисми деб биладиган кашмирликлар энди уларни кесиш ёки зарарлашга қарши овоз кўтармоқдалар.

Яқинда кўпчилик Х ижтимоий тармоғида Анантнагда кесилган деб айтилган чинор дарахтлари суратларини жойлаштирди. Мухолифат етакчилари эса ҳукуматдан тергов ўтказишни ва айбдорларга қарши чора кўришни талаб қилди.

"Ҳукумат чинор дарахтларини сўзда ҳам, амалда ҳам ҳимоя қилиши керак," дейди жаноб Бҳат.

"Чунки чинорсиз Кашмир ўз уйидек туюлмайди."