BBC кўрсатуви 30 йил аввал 2025 йилни башорат қилганди — у қанчалик тўғри чиқди?

dastur
Сурат тагсўзи, 1965 йилдан 2003 йилга қадар — 38 йил мобайнида эфирга узатилган Эртанги Дунё дастурининг 1995 йилдаги туркум сонларида инсоният ҳаёти 2025 йилга бориб қандай ўзгариши борасидаги башоратлар илгари сурилган эди.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

1995 йилда BBC'нинг Эртанги Дунё дастури 30 йил кейин, яъни 2025 йилда дунё қандай кўринишга эга бўлишини башорат қилишга қарор қилди. Орадан 30 йил ўтди – башорат қанчалик тўғри чиқди?

Ҳозирда эфирга узатилиши тўхтатилган ушбу кўрсатувда ўша даврнинг энг машҳур олимларидан бири профессор Стивен Хокинг иштирок этиб, қуйидагиларни айтганди: "2025 йилга келиб катта ўзгаришларни кутишимиз мумкин."

Кўрсатувда голограмма орқали жарроҳликдан тортиб, фазовий чиқиндиларни йўқ қилиш йўлида махсус гель фойдаланишга қадар бўлган дунёни ларзага солувчи янгиликлар ҳақида сўз борганди.

Бугун мутахассислар ёрдами ва орадан ўтган 30 йиллик яқин ўтмишга назар ташлаган ҳолда Эртанги Дунё бугунги ҳаётимизни қанчалик аниқ башорат қилганини кўриб чиқамиз.

Алоқадор мавзулар:

"Кибер қўзғолонлар"

dastur
Сурат тагсўзи, Дастурда 2025 йилга бориб молиявий институтлар диктатурасига қарши қўзғолонлар юз бериши башорат қилинганди.

Башорат: 1995 йилда бутунжаҳон интернет тармоғи оммалашишни бошлаганди.

Эртанги Дунё дастурида бу ривожланиш келажакда муаммоларни келтириб чиқариши тахмин этилганди.

Хусусан, "бизнес магнатлари" ва банклар 2000 йилга бориб интернет устидан назорат қўлга олиши ва фақат ўзларига тегишли "супер тармоқ" яратиши, бу эса хакерлик ҳужумлари, вируслар ва ҳатто қўзғолонларга сабаб бўлиши башорат қилинганди.

Воқелик: Интернет омма учун очиқ ҳолда қолди ва қўзғолонлар бўлмади.

Бироқ хакерларнинг ҳаракатлари кўпчиликка зарар бергани аниқ.

Киберхавфсизлик ҳукуматлар ва компаниялар учун ниҳоятда муҳим масалага айланиб қолди, банкларга ишонқирамаганлар эса Bitcoin каби криптовалюталарни илгари сура бошлади.

Астероидларни эгаллаш ва фазовий чиқиндилар учун гель

asteroid
Сурат тагсўзи, Астероидлардаги бойликларни ўзлаштириш ҳалига қадар одамзотни ўзига ром этувчи истиқболлигича қолмоқда.

Башорат: Дастурда космосда фойдали қазилма бойликларни қазиб олиш саноатнинг жозибадор соҳасига айланиши, компаниялар Ер яқинидаги астероидлардан қимматбаҳо металлар қазиб олишни бошлаши тахмин қилинган эди.

Шунингдек, кўрсатувда фикр билдирган мутахассислар фазовий чиқиндилар муаммога айланиб, астронавтлар хавфсизлигига таҳдид солишини ҳам айтганди.

Муаммога ечим – чиқиндиларни қамраб оладиган ақл бовар қилмас ҳажмда кўпик чиқарувчи гель бўлиши башорат қилинганди.

Воқелик: Супер кўпик гели ҳали ҳам яратилмади ва фазовий чиқиндилар муаммоси ҳануз долзарб.

Космосда қазиб олиш саноати ҳали мавжуд эмас, лекин бу борада яқин келажакда янгилик бўлиши мумкин.

Футурист Том Чизврайт космосда қазиб олиш истиқболига некбин кўз билан қарайди:

"Фойдали қазилмалар ҳажми ақл бовар қилмас даражада ва технология аллақачон бизнинг қўлимизда."

Супер жарроҳлар ва уларнинг роботлари

dastur
Сурат тагсўзи, Эртанги Дунё дастурининг бир сонида беморни масофадан туриб робот ёрдамида "операция қилаётган" жарроҳ тасвирланган.

Башорат: Эртанги Дунё 2004 йилга келиб барча Британия касалхоналари жарроҳлик муваффақияти бўйича рейтинг эълон қилиш мажбуриятини олишини тахмин этганди.

Шунингдек, энг яхши жарроҳлар шу қадар машҳур ва бой бўладики, уларнинг беморлар олдига боришига ҳожат қолмаслиги башорат қилинганди.

"Бунинг ўрнига беморларнинг голограммалари юборилади ва жарроҳлар "фазовий қўлқоплар" ёрдамида операцияни масофадан "амалга оширади". Беморнинг ёнидаги робот эса жарроҳнинг ҳаракатларини мукаммал такрорлайди", дейилганди кўрсатувда.

Воқелик: Бу башорат тўлиғича амалга ошмади, аммо бугун роботлар жарроҳликда кенг ёрдам бермоқда.

Ақлли карнай ва VR кўзойнак

dastur
Сурат тагсўзи, 2025 йил учун башоратлардан бири — VR кўзойнак ва ақлли карнайдан чиқиб келаётган голограмма бош

Башорат: Дастурнинг бир сонида виртуал воқелик (VR) кўзойнагини тақиб олган келажак одами, унинг хотини ва қизчаси замонавий Лондон шаҳрида айланиб юргани кўрсатилган.

Ушбу сондаги эпизодда "ақлли карнай"дан голограммали аёл боши чиқиб келиб, эркакка "Indo Disney"га саёҳат қилганига бир йил бўлганини эслатади ва уни "40 дақиқа ичида Бангалорга парвоз қилиш"га таклиф этади.

Воқелик: Ўта юқори тезликда ҳаракатланувчи транспорт воситасига эга бўлишимизга ҳали анча эрта, бироқ голограммалар, ақлли карнайлар ва VR кўзойнаклар ҳаётимизда кўпроқ учрамоқда.

Қўлдаги чип билан банк хизматлари

dastur
Сурат тагсўзи, Қўлингизга ўрнатилган чип ёрдамида "наличка" олишга нима дейсиз?

Башорат: Дастурда банк хизматларининг келажаги ҳақида ҳам тасаввур берилган эди.

Кўрсатув сонларидан бирида аёл банкка бориб, ходимлар йўқлигидан шикоят қилади ва сўнг қўлидаги чипни сканерлаб, 100 "Евро марка" нақд пул олади.

Воқелик: Банк хизматлари тобора автоматлаштирилмоқда. Қўлга жойлаштирилган чип орқали тўлов қилиш технологияси аллақачон мавжуд, лекин, асосан, бармоқ излари ва юзни сканерлаш каби технологиялар кенг тарқалган.

2055 йил қандай бўлади?

dastur
Сурат тагсўзи, Дастурда 2025 йилга келиб, ўзини ўзи бошқарувчи автомобиллар ихтиро қилиниши ҳақида ҳам сўз борган.

Футурист Трейси Фолловс 1995 йилги Эртанги Дунё дастурида кўплаб нарсалар тўғри башорат қилингани, аммо сўнгги 30 йилнинг иккита муҳим мавзусини ўтказиб юборилгани ҳақида гапиради: big technology [юқори технология] ва ижтимоий тармоқларнинг кенг тарқалиши.

Фолловс 2055 йилга келиб, серверлар орқали кўпчилик инсонлар онги ва технологиянинг "когнитив тарзда боғланган" бўлишини тахмин қилади.

"Фикрлар алмашиш – яшин тезлигида содир бўлади," дейди у.

Том Чизврайт эса келгуси 30 йил ичида материаллар технологияси ва биомуҳандислик энг ҳаяжонли ривожланишлар юз берадиган соҳалардан бўлишига ишонади.

"Материалшуносликда кучлироқ, енгилроқ ва нафисроқ қурилмаларни яратиш дунёни ўзгартириши мумкин, биомуҳандислик эса тиббиёт соҳасини тубдан ўзгартириб, инсоният дуч келаётган энг йирик муаммолар — карбонат ангидриддан халос бўлиш, тоза сув ва озиқ-овқат каби масалаларни ҳал этиш қудратига эга", таъкидлайди у.

Сизнингча, дунё 30 йилдан кейин қандай бўлади?

Қандай жавоб берманг, профессор Хокингнинг Эртанги Дунёда 30 йил аввал айтган гапларини тинглаш фойдали бўлади:

"Баъзи ўзгаришлар жуда ҳаяжонли, баъзилари эса қўрқинчли. Биз фақат битта нарсага амин бўлишимиз мумкин: келажак мутлақо бошқача ва, эҳтимол, биз кутганимиздан фарқли бўлади."