Келажак одамлари биздан кўра ақлли бўлоладиларми?

Сурат манбаси, .
Замонамизнинг буюк технологик инқилоби нейробиологиядан бошланади, деб ҳисоблайди ёзувчи ва илмий тақризчи Девид Адам. Британиядаги Брекон-Биконс миллий боғида ўтказилган Hay Festival of Literature and Art адабиёт ва санъат фестивалида у таблеткалар ёрдамида ўз ақл-идрокини ошириш ҳамда миясини электростимулация қилишга уриниб кўрганлиги ҳақида гапириб берди.
Адам миясини сунъий стимулация қилиш орқали Mensa аъзосига айланишни ўзи учун мақсад қилган. Mensa - юқори идрокли одамларнинг дунёга энг машҳур ташкилотидир.
Девид Адамнинг тажрибалари ва бундай услубларнинг самарадорлиги тўғрисида Аласдейр Макрей ҳикоя қилади.
________________________________________
Одамни янада ақллироқ қила оладиган таблеткалар бўлганда нима бўларди?
Яқин-яқингача бу ҳақида фақат фантастик фильмлар ва китоблар муаллифлари ўйлар эди, холос. Дениел Кизнинг "Элдержон учун гуллар" ҳикояси, Ҳолливуднинг «Зулмат салтанати» ва "Люси" бадиий фильмлари айни мавзуга бағишланган.
Одатда, бундай мавзудаги фильм ва китоблар қаҳрамонлари қандайдир дори-дармон ёки даволаниш жараёнидан сўнг юқори ақл-идрок соҳибларига айланадилар.
Бундай ҳикоялар ҳақиқатдан йироқдек кўринади. Аслида эса брейн-ҳакинг (мия фаолиятини сунъий равишда кучайтириш) биз ўйлагандан анча имконлироқдир.

Сурат манбаси, PAUL MUSSO/HAY FESTIVAL
Илмий тақризчи Девид Адам ўзининг «Ичимдаги даҳо» (The Genius Within) китобида нейробиология соҳасида амалга оширилган сўнгги кашфиётлар ҳақида ҳикоя қилади. Инсон мияси имкониятларини янада кенгайтириш йўлида қилинган бундай кашфиётларни ҳаётга татбиқ қилиш вақт масаласи, холос, деб ишонади Адам.
Ҳозирнинг ўзида одамлар ақлий салоҳиятини ошириш учун турли дори воситаларига мурожаат қилмоқдалар.
"Талабалар модафинил каби мия фаолиятини кучайтирувчи таблеткаларни қора бозордан сотиб олиб, имтиҳонлардан олдин уларни қабул қилишяпти," ёзади Адам.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, Британиядаги деярли ҳар бешинчи талаба қачондир бундай дориларни ичиб кўрган.
«Одамлар ҳозирдан мияни кучайтириш, хотирани яхшилаш, диққатни бир жойга жамлаш ва математик салоҳиятни ошириш йўлида турли тажрибалар ўтказиб кўрмоқдалар. Сотувда бундай препаратларнинг бутун бошли тўпламларини топиш мумкин,» таъкидлайди Девид Адам.
Ўзи ҳам брейн-ҳакингнинг самарали йўлларини топишга қизиқадиган Адам бир неча тажрибаларни ўзида синаб кўрган.
У брейн-ҳакингнинг кенг тарқалган икки усулини синаб кўрган ҳолда ўз идрокини Mensa ташкилоти меъзонлари даражасига қадар кўтара олиш-олмаслигини текшириб кўришга қарор қилди.
Mensa - юқори идрокли одамларнинг дунёдаги энг машҳур ташкилотидир. Mensa аъзосига айланиш учун IQ даражаси 130 дан паст бўлмаслиги лозим.
Адам Mensaнинг кириш имтиҳонларидан икки марта ўтиб кўришга қарор қилди. Биринчи имтиҳонда у ўзининг бошланғич ақлий салоҳиятини аниқлаб олади. Бир йиллик тажрибалардан сўнг у иккинчи марта имтиҳон топширишни режалаштиради.
Сўнг ҳар иккала имтиҳон натижаларини солиштириб, ўтказган брейн-ҳакинг тажрибалари қанчалик самарадор бўлганлиги ҳақида хулоса чиқаради.
Ақл таблеткалари

Сурат манбаси, EVERETT COLLECTION INC / ALAMY
Модафинил таблеткалари уйқучилик ва уйқунинг турли даражадаги бузилишларини даволаш учун мўлжалланган. Бироқ ушбу дорининг уйқуни бостириш ва тезкор хотирани кучайтириш хусусияти сабабли одамлар орасида уни мия фаолиятини яхшилаш учун қабул қилиш одати пайдо бўлган.
Аксар видео ўйинлар мухлислари, профессионал спортчилар, талабалар ва ҳарбийларнинг тан олишича, улар модафинилни реакция тезлигини ошириш ҳамда диққатни жамлаш қобилиятини яхшилаш учун қабул қилишган.
Адам шов-шувга сабаб бўлган бу дори сирларини ўрганишга қарор қилди. Британияда модафинилни сотиш тақиқланган, лекин у хорижий интернет дўконларидан таблеткага буюртма беришга муваффақ бўлди.
Бу ўзига яраша хавфли қарор эди: интернетда ҳаёт учун зарарли моддалардан тайёрланган сохта дори воситалари тўлиб ётарди.
Ҳар йили модафинил деб сотилган сохта дори воситалари туфайли юзага келган бир неча ўлим қайд этилади. Адам ўз хавфсизлигини ўйлаб, қўлга киритилган препаратни текшириб кўришга ҳаракат қилди.
У университетлардан бирининг лаборантига дорини текшириб бериш учун ҳақ тўлади. Адамнинг омади келган эди: препарат ҳақиқий бўлиб чиқди.
Препаратни қабул қилган Адам, одатдагидек, матнлар устида ишлаш учун кафега йўл олди. Бунга қадар икки ишни тугатиш учун Адам бир соат вақт сарф қилар эди. Бироқ бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди.
"Мен бир неча соат давомида ишладим, лекин ҳеч қандай чарчоқни ҳис қилмадим. Сўзлар миямга қуйилиб келар, мен эса уларни осонлик билан ёзиб чиқар эдим. Жуда ажойиб бўлди. Балки бу плацебо таъсири (одамнинг бирор даво тури самарасига ўзини ўзи ишонтириши - таҳ.) бўлгандир, буни ҳали текшириб кўриш керак," ёзади Адам.
Аммо у таблетканинг акс таъсирини ҳам сезди. «Ҳаммаси ажойиб ўтгани билан мен ўзимда ёқимсиз ҳолат пайдо бўлганини ҳам сезиб қолдим: бармоқларим тинимсиз титрар, беихтиёр ёноқларимни силар эдим. Бундай ҳолатда машина рульига ўтирмаган бўлардим. Шу сабабли мен икки соат давомида жойимдан жилмадим, ҳеч ким билан гаплашмадим,» хотирлайди у.
Қисқа вақтли қабул қилиш ҳақида гап кетганда модафинил хавфсиз дори воситаси ҳисобланади, лекин уни узоқ вақт давомида ичиб юриш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳозирча номаълум. Тахмин қилинишича, бу препаратни узоқ муддат ичиб юриш ҳар бир инсон феъл-атворига турлича таъсир қилиши мумкин.
Баъзи беморлар препаратдан сўнг уйқунинг бузилишидан шикоят қиладилар. Туркиялик бир бемор аёл билан қуйидагича ғалати ҳолат содир бўлган: аёлга кўп ухлашга қарши модафинил ёзиб берилади, бироқ дори беморнинг либидо (жинсий майл)си ошиб кетишига сабаб бўлади.
Мия электростимулацияси

Сурат манбаси, COLLECTION CHRISTOPHEL / ALAMY STOCK PHOTO
Жисмоний ва руҳий касалликларни электр токи ёрдамида даволаш юзасидан тажрибалар 19-аср ўрталарида бошланган.
Одатда, тажрибалар руҳий касалхоналар беморлари ва ҳарбийлар, яъни тажрибаларда қатнашишдан бош торта олмайдиганлар устида ўтказилган.
Замонавий тадқиқотларнинг кўрсатишича, кучсиз электр токи билан мияга таъсир қилиш орқали фикрлаш жараёнини тезлаштириш мумкин ва бунда акс таъсирлар деярли кузатилмайди.
Бу ҳақида хабар топган аксарият одамлар электростимулацияни ўзларида синаб кўришга ошиқа бошладилар. Натижада назоратдан четда бўлган электростимулацияси қурилмалари ҳам ишлаб чиқарила бошланди.
Бундай ускуналар, асосан, икки электроддан иборат бўлиб, улар орқали миянинг керакли нуқталарига таъсир ўтказилади.
Адам ҳам иккинчи Mensa тестига қадар бундай ускунанинг ҳамёнбоп модельини сотиб олди ва унинг таъсирини ўзида синай бошлади.
Электростимулатор фаолиятини ўрганиб чиққан Адам қуйидагича хулосага келди: электродлар фаолияти оширилиши мақсад қилинган миянинг керакли қисмларига маҳкамланиши лозим.
Масалан, Адам электростимулация ёрдамида ўзининг тренежер залидаги чидамлилигини ошира олиши ёки йўқлигини синаб кўришга қарор қилди. Бу учун у электродларни бош миянинг жисмоний фаолият учун жавоб берувчи қисмига ўрнатиши лозим эди.
IQ тестидан ўтиш учун эса Адамнинг кўриш ва эшитиш орқали олинган маълумотларни қайта ишлашда иштирок этувчи ва тилларни тушунишга жавоб берувчи миянинг чакка қисмини стимулация қилишига тўғри келди.
Чакка қисмининг олдинги томони ноодатий фикрлаш учун жавоб беради ва уни қитиқлаш Mensa'нинг кириш тестларидан ўрин олган суратларни таниш ҳамда синфларга ажратиш вазифасини бажаришда ёрдам бериши мумкин эди.
Умуман олганда, Адам кириш имтиҳонидан ўтиш учун миянинг чакка қисми фаолиятини кучайтириши керак эди. У шундай ҳам қилди, лекин кутилмаганда акс таъсир юзага келди.

Сурат манбаси, PA
"Мен электродларни ўрнатиб, қурилмани ёқдим, икки милиампер қувватни танладим ва шу онда кутилмаган ҳолат юз берди: гўё, кўзларим олдида ёрқин олов чақнади, миямни эса ўқ тешиб ўтгандек бўлди," деб ҳикоя қилади Адам.
"Бу фосфен эди. Ёруғлик чақноғи аслида бўлмаган, ток таъсири остида у кўз тўр пардасида ёки бош миянинг кўришга жавоб берувчи қисмида ҳосил бўлган эди. Фосфенлар (ёруғликнинг кўзга нисбатан таъсирисиз одамда ҳосил бўладиган ҳиссиёт) хавфсиз саналади, лекин улар мияда ўтказиладиган қўлбола тажрибалар оқибати қандай якун топиши мумкинлигини ҳам кўрсата олади," изоҳлайди муаллиф «Ичимдаги даҳо» китобида.
Электростимулациянинг қисқа муддат давом этадиган курслари деярли акс таъсирларга сабаб бўлмайди, деган қараш мавжуд.
Узоқ муддатли бундай курслар натижасида юзага келувчи акс таъсирлар эса ҳали ўрганилмаган. Электростимулатси қурилмасидан фойдаланиб кўрганларнинг айримлари жараён давомида куйдирувчи оғриқ пайдо бўлганидан шикоят қилганлар.
Брейн-ҳакинг келажаги
Адам ўз китобида олимлар мия фаолиятини кучайтирувчи бошқа услублар устида иш олиб бораётгани ҳақида эслаб ўтади.
Классик мусиқа мия фаолиятига қандайдир ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида ҳам қатор тадқиқотлар ўтказиб кўрилган.
Дунёда мияни мунтазам машқ қилдириб туриш унинг фаолияти сусайишининг олдини олади, деган назарияга асосланган бутун бошли саноат қад кўтарган.
Хитойлик олимлар эса юқори даражали кислороднинг мияга таъсири юзасидан тажрибалар ўтказмоқда. Жумладан, ғаввослар томонидан қўлланиладиган барокамералар бу тажрибаларда восита вазифасини ўтамоқда.

Сурат манбаси, EPA
Хитойлик ота-оналарда шундай одат пайдо бўлган: улар имтиҳондан бир кун олдин фарзандларини барокамерага тиқиб қўядилар.
Имтиҳонлар мавсумида хитойлик талабалар узундан-узоқ навбатда туриб, барокамераларга олдиндан буюртма беришга мажбур бўладилар.
Нуфузли Пекин университети олимлари идрокни юксалиши учун жавоб берувчи генларни излаб топиш борасида ишламоқда. Агар олимлар бундай генларни топиб, уларни ўзгартиришнинг уддасидан чиқса, келажакда IQ даражаси 1000 дан юқори одамлар пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Адам иккинчи имтиҳонга қадар мунтазам бир ҳафта давомида электростимулация орқали миясига таъсир ўтказиб борди.
Имтиҳон куни эрталаб у модафинил қабул қилди. Унинг IQни ошириш йўлидаги уринишлари бесамар кетмади. Иккинчи имтиҳон натижалари биринчисидан 10 баллга юқорироқ эди.
Айни вақтда Адам ўзи амалга оширган қўлбола тажрибаларни илмий ҳисоблаб бўлмаслигини очиқ тан олади.
Бундан ташқари у ўзининг тажрибалари мазкур соҳани яна батафсил ўрганиш йўлида нейробиолог олимларга илҳом беради, деб умид қилади.
Адамнинг қайд этишича, онгни сунъий юксалтириш учун бўлган ҳаракатлар ҳеч қачон тўхтамайди. Одамлар қора бозордан турли дори воситалари сотиб олиш ва миясини электростимулация қилишда давом этаверади.
Бундай ҳолатда олимлар олдида муҳим ва масъулиятли вазифа турибди - мазкур технологик инқилобни одамлар учун фойдали ва хавфсиз усулга айлантириш учун ҳаракат қилиш, хулоса қилади Адам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek











