Қора рўйхатдаман, лекин Москвадан чиқиб кета олмаяпман - мигрантларни қийнаётган реестр

Иллюстратив сурат
    • Author, Meerim Dogdurbekova
    • Role, BBC Qir'giz xizmati muxbiri
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Хавфсизлик нуқтаи назаридан мақола қаҳрамонларининг исмлари ўзгартирилиб, юзлари яширилди.

Сўнгги вақтларда Россияда миграция назорати кучайтирилиб, қирғизистонлик меҳнат мигрантларига қўйилаётган талаблар уларнинг ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йилдан бошлаб Россия ҳукумати миграция қоидаларини бузган чет эл фуқароларини махсус реестрга киритиб келмоқда.

Мазкур рўйхатга кирганлар ишлаш рухсатномасидан ажраб, ҳатто мамлакатдан чиқариб юборилиш хавфига дуч келишмоқда. Аксарият ҳолларда мигрантлар бундай рўйхатга кирганларини кеч билиб, муаммони ўз вақтида ҳал қилишга имкон топмаётганларини айтишади.

Реестрга тушишга нима сабаб бўлади?

Меҳнат мигрантларининг айтишича, реестрга тушиб қолиш сабаблари турлича. Бунга "Амина" иловасидан фойдаланиш қоидалари, мамлакатга кириш-чиқиш шартлари, ички қонунчиликни бузиш ҳолатлари ёки меҳнат шартномасини бажаришдаги ўзига хосликлар сабаб бўлиши мумкин.

Хавфсизлик сабабли исми ўзгартирилган Аянанинг турмуш ўртоғи яқиндагина реестрга тушиб, сўнг ундан чиққан. У охирги йилларда мигрантларга нисбатан босим кескин кучайиб, Россиядан депортация қилинаётган қирғизистонликлар сони ортганини айтади.

Аяна (исми ўзгартирилган)
Сурат тагсўзи, Аяна (исми ўзгартирилган)

"Илгари реестр деган тушунча йўқ эди. Мен турмушга чиқиб, етти йилдан бери шу ердаман. Менинг турмуш ўртоғим реестрга тушиб қолган. Расмий ишлайди, ҳужжатлари жойида, тиббий кўрикдан ўтиб туради. Реестрга нима сабабдан тушганини сўрасак, «Сиз Қирғизистонга кўп пул ўтказгансиз» деб айтишибди. Биз кузда мол олиб, Қирғизистонга каттароқ миқдорда пул юборган эдик. Меҳнат шартномасида ойлиги 150 минг деб ёзилган, лекин у бир ойда 400–500 минг ўтказгани шубҳа уйғотган шекилли.

Кейин реестрдан чиқаман деб борсанг, «олдиндан навбатга ёзилиб келинг» дейишади. Навбатга ёзилиш учун эса ўрин йўқ, очилмайди. ИИВдагилар эса бусиз қабул қилмайди. Бу йил умуман олганда қирғизистонликларга қийин бўлди. Депортация бўлганлар жуда кўп", — дейди Аяна.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Мигрантларни назорат қилувчи "Амина" иловаси

Москвада ўтган йилнинг 1 сентябридан бошлаб мигрантлар учун "Амина" иловаси ишга туширилган. Ушбу илова орқали мигрантнинг геолокацияси (қаерда эканлиги) ҳақидаги маълумотлар Россия Ички ишлар вазирлигига автоматик равишда юборилади. Қирғизистонлик Нурлан Айбашев мазкур иловага ҳар куни кириб туриш кераклигини айтади.

Nurlan
BBC
Ayolim uyda o‘tirib, unutib qo‘ygani uchun uch kun «Amina»ga kirmay qolibdi. Endi unda «qizil» yonib, «ro‘yxatdan chiqarildi» (снято с учёта) deb chiqib qoldi.
Nurlan Aybashev
Rossiyadagi muhojir

"Бу иловани ҳар куни очиб, кириб туриш керак. Унга кириш учун VPN'ни ўчириш шарт, агар ёниқ бўлса илова ишламайди. Аёлим уйда ўтириб, унутиб қўйгани учун уч кун «Амина»га кирмай қолибди. Энди унда «қизил» ёниб, «рўйхатдан чиқарилди» (снято с учета) деб чиқиб қолди. Биз энди ИИВга бориб, ариза қолдиришимиз керак. Кейин, кўчада кетаётганингда милиция тўхтатиб, «Амина»ни текширади. 3-4 кун олдин мени ҳам шундай тўхтатишган эди, телефонимни очиб, ҳамма нарсани кўздан кечиришди. Кераксиз иловалар бўлмасин деб, баъзиларини ўчириб ташлашди", — деди Нурлан Айбашев.

"Москвадан кетиб, Англияга борамиз"

"Амина" иловасига тўрт кун кирмай қолгани сабабли Венера Асанова ҳам ҳозирда реестрда турибди. У 2016 йилдан бери Москва шаҳрида оиласи билан яшаб, ишлаб келаётган эди. Энди у Англияга кетишни режалаштираётганини айтмоқда.

Венера (исми ўзгартирилган)
Сурат тагсўзи, Венера (исми ўзгартирилган)

"25 ноябрдан бери реестрдаман, расман 9 декабрдан бери деб кўрсатиб турибди. ИИВга мурожаат қилиб кўрдим. У ерга бориб сабабини сўрасам, «4 кун "Амина" иловасида геолокациянг ишламаган экан, шунинг учун реестрга тушиб қолгансан» дейишди. Бундан кейин нима бўлишини билмайман. Лекин кузга бориб, Худо хоҳласа, кетамиз. Англияга кетиш учун анкета тўлдиряпмиз. Агар таклифнома келса, март ойидан бошлаб ўша ёққа кетамиз деган ниятимиз бор", — деди Венера Асанова.

"Қора рўйхатдаман", лекин Қирғизистонга кетишга шароитим йўқ"

Реестрга киргандан сўнг, ўз вақтида ҳужжатларини тасдиқлаб, Россия ҳудудида расмий меҳнат қила олишини исботлай олмаган мигрант мамлакатдан чиқариб юборилади. Аммо шунга қарамай, ишини ташлаб кета олмай юрган қирғизистонликлар ҳам кўп.

Бу ҳақда Нургул (исми ўзгартирилган) ўз мисолида Би-би-сига гапириб берди:

"Бизни, Қирғизистон фуқароларини 1-2 йилдан бери реестр, «қора рўйхат», миграция картасининг орқасига муҳр босиш каби нарсалар жуда қийнамоқда. Июн ойида мен ҳам «қора рўйхат»га тушиб қолдим. Қонун доирасида иш тутай деб юрист ёллаб, пул тўлаб, судга ариза ёзганимга қарамай, декабрда ўтган судда, масала ечилмади. «Қора рўйхат»дан чиққаним йўқ. Мени 2027 йилгача «қора рўйхат»га киритиб қўйишди.

Бироқ мен ҳали Москвадан чиқиб кетганим йўқ. Ишлашим керак, ҳали ҳам ҳужжатсиз ишлаб юрибман. Менга ўхшаган мигрантлар бу ерда жуда кўп. Реестрдан чиқа олмай юрганлар ҳам талайгина. Реестрдан чиққунча вақт ўтиб кетиб, қайтадан рўйхатга тушиб қолганлар ҳам бор. Москвага учиб келиб, аэропортдаги текширувдан ўта олмай, ортига қайтиб кетганлар ундан ҳам кўп.

Шунинг учун ҳукуматдагилардан илтимос қилардим: шу Қирғизистон фуқароларига реестр, «қора рўйхат» ва муҳр деган масалаларни ҳал қилиб берсанглар. Чунки ҳозирча биз Қирғизистонга қайтиб ишлашимиз учун шароит йўқ", — деди Нургул.

Қирғизистон ҳукуматининг ҳаракатлари

Россиядаги мигрантлар дуч келаётган бу каби муаммоларни Жоқорғу Кенеш (Парламент) депутати Айгул Ахмедова ўтган ҳафтада парламент йиғилишида кўтариб чиқди. У муаммони ҳал қилишда нафақат ҳукумат, балки депутатлар ҳам кўмак бериши керак деган фикрни айтди.

Жоқорғу Кенеш депутати Айгул Ахмедова

Сурат манбаси, jogorku kenesh

Сурат тагсўзи, Жоқорғу Кенеш депутати Айгул Ахмедова

"«Амина» иловаси орқали рўйхатдан ўтилгач, маълумотлар ИИВ базасига тушади. Бироқ кўп ҳолларда ватандошларимиз арзимас ва майда сабаблар билан реестрга кириб қолиб, ноқонуний юрган шахс сифатида қайд этилиб қолмоқда. Реестрга тушган фуқаролар депортация қилинмоқда. Депортацияга тушганларни Подмосковедаги «Сахарово» марказига олиб бориб, бир ойгача ушлаб туриб, оғир ишларда ишлатиб, кейингина жўнатишяпти.

Бундан ташқари, ҳужжат ва рўйхат ишларига ҳозир 70 минг рублгача (920 доллар) пул кетмоқда. Баъзи йигитларимиз бир-икки ойлаб навбат кутиб, ишсиз қолмоқда. Бунинг бари ватандошларимиз учун катта қийинчиликларни туғдирмоқда. Шу муаммоларни ҳисобга олиб, ҳукуматдан Россиядаги қирғизистонлик мигрантлар учун қонуний ишлаш жараёнини енгиллаштиришни, миграция картаси, рўйхатга олиш ва реестр масаласини назоратга олишни ҳамда асоссиз депортация ва узун навбатлардан ҳимоя қилишни сўрайман", — деди Ахмедова.

26 январда депутат Улан Примов ҳам мигрантлар муаммосига тўхталиб, Қирғизистон ва Россия умумий иқтисодий иттифоқда (ЕОИИ) бўлганлиги сабабли, қирғиз фуқароларига имтиёзлар берилиши зарурлигини билдирди.

22 январ куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Москвада Россия ИИВ Миграция хизмати вакили билан учрашгани хабар қилинди. Учрашувда у Қирғизистон фуқароларининг Россияга кириши, юриши ва ишга жойлашиши масалаларини кўтариб, назорат реестрига кириб қолган фуқаролардан Россиядан чиқиб кетишни талаб қилмаган ҳолда, уларни реестрдан чиқариш тартибини қонуний белгилаш имкониятини кўриб чиқишни рус томонидан илтимос қилган.

Россия ҳукумати нима дейди?

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Россия ва Қирғизистон миграция соҳасида ҳар икки давлат фуқаролари учун ҳам қулай бўладиган тарзда ҳаракат қилиши кераклигини айтган эди. У бу ҳақда 2025 йили Қирғизистонга қилган ташрифи давомида "Номад ТВ" телеканалига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.

"Биз фуқароларимиз учун, Россия Федерацияси фуқаролари учун ҳаммаси жойида бўлишини таъминлайдиган даражада иш тутишимиз керак, шунда бу масала атрофида бўлаётган воқеалар норозилик уйғотмайди. Бироқ бунинг учун бу ерда ишлашни истаган Қирғизистон фуқаролари ҳам рус муҳитида яшашга, ижтимоий кафолатлардан фойдаланишга ва бошқа жараёнларга тайёр бўлишлари лозим. Буларнинг барчаси кенг кўламли, узлуксиз ҳамкорликдаги ишни талаб қилади", — деган эди Путин.

Реестрдан чиқиш учун пора берганлар бор

Исми сир қолишини истаган Москвадаги яна бир қирғизистонлик ўтган йилнинг кузида реестрга тушиб қолгани ҳақида хабар олган. У ИИВга ариза билан мурожаат қилган, бироқ реестрдан чиқиш ҳаракатлари натижа бермагач, ноиложликдан Россиянинг ушбу масала билан шуғулланувчи тегишли хизматларига пора бериш орқалигина рўйхатдан чиққан.

"Реестрдан мен октябр бошида чиқдим. Ҳужжатларимнинг бари жойида, солиқ тўлайман, меҳнат шартномам бор «иложи бўлса, реестрдан чиқариб қўйинглар» деб борсам, «у ёққа бор, бу ёққа бор» деб, тинмай бошқа мутахассисларга жўнатишди. Натижада ҳеч бири масалани ҳал қилиб бермади. Чунки улар пул беришимни хоҳлашаётган эди. Иложсизликдан, ўша ердаги таниш-билишларни ўртага қўйиб, пора беришга мажбур бўлдим.

Бу реестрга бир ўзим, ҳатто саккиз ёшли ўғлим ҳам тушди. Уни мактабдан чиқарамиз деган билдирув келиб, кейин ноилож пора бериб, реестрдан чиқдик. Россияда юриш охирги пайтларда жуда хавфли бўлиб бормоқда. Шу сабабли кичик фарзандимнинг ўқиши тугаса, Қирғизистонга қайтмоқчимиз", — деди мигрант.

"Муаммо ўзимизда"

Шунга қарамай, муаммо қанчалик долзарб бўлмасин, меҳнат мигрантларининг ўз масъулиятига ҳам боғлиқ дейди бошқа бир қирғизистонлик. Унинг айтишича, ҳужжатларни расмийлаштириш учун жуда кўп вақт берилган, кейинроқ муддатлар узайтирилган, аммо тирикчилик билан бўлиб, бунга беэътибор бўлган фуқаролар учун энди вазият оғирлашган.

"Ҳужжатларингизни тўлиқ қилиб, яхши юрсангиз, сизга ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Милиция тўхтатган тақдирда ҳам, ҳужжатлар жойида бўлса, қўйиб юборади. Кўп ҳолларда муаммо ўзимизнинг масъулиятсизлигимиздан келиб чиқмоқда. Кейин эса аҳволимиз оғир деб нолиб ўтирамиз. Улгурганлар ҳамма нарсага улгуряпти. Ўз вақтида ҳужжатларини тўғрилаб, навбат олиб, барча муҳрларни қўйдириб олганлар ҳам бор, Худога шукур".

15 январда Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев матбуот анжумани ўтказиб, Россиянинг миграция назорати реестрида Қирғизистоннинг 34 786 нафар фуқароси қайд этилганини билдирган. У ўтган йилнинг ноябрида бу рўйхатда 128 мингга яқин қирғизистонлик бўлганини эслатиб ўтган.

У масъулиятли фуқаролар ўзларини ушбу рўйхатдан текшириб, ҳуқуқий мақомини қонунийлаштиришга улгурганини алоҳида таъкидлаган.

"Давлат ва Ташқи ишлар вазирлиги барча зарур чораларни кўрди. Бироқ бир қатор фуқаролар ҳали ҳам назорат реестрида қолмоқда. Энди улар депортация қилинади. Биз уларнинг ҳаммасини тегишли органларга етаклаб бора олмаймиз. Лекин Россия томони миграция сиёсатини юмшатиши эҳтимол, чунки кўплаб иш ўринлари бўш қолди", — деган Кулубаев.

Вазир, шу билан бирга, миграциядаги қирғизистонликларнинг қайтиб келиши мамлакат учун ҳам фойдали эканини, кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш учун ишчи кучи зарурлигини қўшимча қилган.

Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг 2025 йил октябрь ойидаги маълумотларига кўра, Россиянинг миграция рўйхатида 341 минг нафар Қирғизистон фуқароси турибди.