Роза Айтматова: "Акам Ислом Каримов билан учрашиб, Марказий Осиёни катта урушдан сақлаб қолган"

Сурат манбаси, Kabar.kg
Дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг синглиси Роза Айтматова сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда акасининг хотирасига нисбатан қилинаётган ҳужумлар ва турли миш-мишларга жавобан Қирғизистоннинг "Кабар" агентлиги орқали халққа мурожаат йўллади. 26 январ куни эълон қилинган интервюда Роза Айтматова адибнинг шахсий ҳаёти, диний эътиқоди ва энг муҳими — 1990 йилги Ўш воқеалари пайтидаги ҳаракатлари ҳақидаги баҳсларга ҳам тўхталган.
"Марҳумнинг руҳини тинч қўйишмаяпти"
Роза Айтматованинг таъкидлашича, адибнинг вафотига 17 йил бўлганига қарамай, сўнгги кунларда интернет тармоғида унинг шахсиятини қораловчи, ҳақиқатдан йироқ бўлган миш-мишлар кескин кўпайган.
"Акамнинг орқасидан ёмон сўзлар тарқатишмоқда, бундан жуда ўкиндим ва йиғладим," — дейди 89 ёшли Роза Айтматова, "Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида. Унинг фикрича, бундай ҳужумлар нафақат адибнинг хотирасига нисбатан ҳурматсизлик, балки халқни бўлиб-ёриш ва ўртага низо солишга қаратилган атайлаб қилинган ҳаракатлар бўлиши мумкин", деган Роза Айтматова адибнинг руҳини саёсий ўйинлардан ҳимоя қилиш ва йиллар давомида тўпланиб қолган нотўғри тушунчаларга бу интервю орқали нуқта қўйиш истагида эканини билдирган.
Ислом Каримов билан учрашув: "Бирорта аскарим чегарадан ўтмайди"
O‘shanda Karimov: "Chingiz To‘raqulovich, sizni tushundim. Mening birorta askarim qirg‘iz chegarasidan o‘tmaydi", deb va’da bergan. Aytganidek qildi ham.
Роза Айтматова Қирғизистон жанубида 1990 йили қирғизлар ва ўзбеклар орасида бўлиб ўтган ва Ўш воқеаси сифатида тарихда қолган миллий низо пайтида адиб Қирғизистонга эмас, балки биринчи бўлиб Тошкентга боргани учун айримлар уни "хиёнат"да айблашаётганини айтиб, бу мавзуга ҳам тўхталиб ўтган.
"Нима учун бизга келмай, Ўш фожиасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга учиб бординг?" деб мен ўзидан сўраганман.
У менга: "Вақт тиғиз эди. Ўша пайтда Москвада эдим. Икки халқ ўртасида қуролли тўқнашув чиқиб кетмасин деган ўй билан Ислом Каримов билан учрашиш учун ёрдамчиси орқали гаплашдим. У "Майли, Ислом Абдуғаниевич сизни қабул қилади" деди. Кечикиш мумкин эмасди. Тўғри Тошкентга учиб боришга тўғри келди. Шунинг учун Қирғизистонга дарров келолмадим", деганди.
"Каримовга нима дединг кейин?" деб сўрадим. "Ислом Абдуғаниевич мени кутиб турган экан. Мен икки нафар ўзбек ёзувчисини ҳам ёнимга олдим. Биз узоқ гаплашдик. Хулоса қилиб Ўзбекистон президентига шундай дедим: 'Ислом Абдуғаниевич, биз қардош халқмиз. Қирғиз, ўзбек, қозоқ — илдизимиз бир. Агар ўртамизда катта низо чиқса, бу Ўрта Осиё учун офат бўлади'", деган. Ўшанда Каримов: "Чингиз Тўрақулович, сизни тушундим. Менинг бирорта аскарим қирғиз чегарасидан ўтмайди", деб ваъда берган. Айтганидек қилди ҳам.
Шундай қилиб, акам Ўрта Осиёни катта урушдан сақлаб қолган. Агар икки давлат ўртасида уруш чиққанида, бугунгача унинг азобини тортган бўлардик. Хўш, Ўзбекистон ва Қирғизистонни урушдан сақлаб қолгани билан акам хиёнат қилдими?
"Рус тилида ёзишга мажбур бўлган"
Адибнинг синглиси "Чингиз Айтматов русча ёзган, қирғизчани билмаган, қирғизча ёзмаган" деган гапларга ҳам жавоб бериб, нима учун у қирғизча ёзмагани ҳақида айтиб ўтган.
"Чингиз русча ёзган, қирғизчани билмаган, қирғизча ёзмаган" деб гап тарқатишибди. Унинг китоблари 185 тилга таржима қилингани билан ишлари йўқ. Билмасангиз, айтиб қўяй: асарларининг нашр этилган сони бўйича у дунёда Шекспир ва Толстойдан кейин учинчи ўринда туради.
Нима учун у қирғизча ёзмай қолгани ҳақида ҳам айтай. 1957 йилда акамни айрим қирғиз совет амалдорлари қаттиқ таъқибга олишган. "Бу Айтматов деган ёш бола совет мафкурасига қарши чиқиб, адабиётда "чанг" чиқаряпти, уни йўқотинглар!" деб Москвадан хат келган, дейишади. "Бўрк ол деса, бош оладиган" маҳаллий амалдорлар унга ўчакишиб, ҳатто касал қилиб қўйишган. Китобларини чиқартирмай, камситишган. Ҳатто онамга: "Чингиз ўғлингни бошига эринг Тўрақулнинг куни тушади. Керак бўлса шунгача олиб борамиз. Ёзишни тўхтатсин!" дейишган. Ўша гапни эшитган онамнинг аҳволини тасаввур қилиб кўринг-а?
Чингиз акам анча вақт тўшакка михланиб қолди. Фақат отамизни оқлашганидан (реабилитация) кейингина соғайиб кетди. Отамизнинг руҳи қўллади шекилли. Ўшанда акамни хўрлаган одамларнинг исмини айтмайман. Уларни ҳам кечирдим.
Акам таъқиб қилингани учун қирғизча ёзишга шароит бўлмаган. Биз ўзимиз, қирғизлар, китоб ёзишига тўсқинлик қилганмиз. У анча вақт нима қилишини билмай юрган. Ўшанда Александр Твардовский деган улуғ рус шоири қирғиз амалдорлари Чингизга йўл бермаётганини билиб, уни қўллаб чиққан: "Чингиз, сен русча ёз. Мен сени "Новий мир" журналида чиқариб тураман. Ўшанда сенинг "акаларинг" бирор нарса деёлмайди", деган. Мана шундан кейин акам русча ёза бошлаган.
Менинг билишимча, унинг асарлари Қирғизистонда 15 йил давомида босилмаган, фақат Россияда чиққан. Мен буни исботлаб бераман. Аслида Чингиз акам Шакарда катта бўлиб, элат ичида юриб, ўз она тилини сувдек биларди. Дастлабки китобларини қирғизча ёзган. Она тили учун курашиб, уни фахр билан ҳимоя қилиб келган. Қирғиз халқи Айтматовдан яхшилик кўрган бўлса кўрдики, ёмонлик кўрмади. У ҳар бирингиз учун жонини куйдирган инсон эди".
Эътиқод ва Ислом
Роза Айтматова акасининг диндан узоқ бўлгани ҳақидаги даъволарни ҳам рад этди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг оиласи чуқур диний илдизларга эга бўлиб, оналари Нагимахоним Қуръонни ёд билган ва фарзандларини исломий қадриятлар руҳида тарбиялаган.
"Онам Нагима уч йил давомида қизлар мадрасасида ўқиган. Араб ёзувини биларди, Қуръонни китобдан ўқирди. Бизга ҳам ўргатарди. Айниқса тўнғич ўғлига ибодатни қаттиқ уқтирганди. Совет даврида уйда Қуръон сақлашга рухсат йўқ эди, лекин онамнинг сандиғида Қуръон китоби бўлгани ёдимда. Ўзи бемор бўлса ҳам рўза тутарди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
"Чингизнинг китоблари нашрдан чиққанида, у ўз хонасига кириб, Худога шукрона айтиб, намоз ўқирди", деб эслайди Ренат тоғам. Бобом Ҳамза мадраса ва масжид қурган одам эди. Қирғизлар орасида исломни тарқатишга ҳисса қўшган инсон бўлган. Катта бобом эса Сибир ва Қозоғистон муфтийси бўлган. Биз мана шундай кишиларнинг авлодларимиз. Шунинг учун "Айтматов диндан узоқлашган" деган гап — қуруқ гап, нотўғри. У исломдаги барча қадриятларни ҳурмат қилган. Одамнинг ички иймонини ким ўлчай олади? Чингиз акамнинг иймонини бир Худодан бошқа ким ўлчай оларди? Иймонига китоблари гувоҳ. Бутун инсоният, динидан қатъи назар, унинг ёзганларига шерик бўлаётган экан, демак акам ҳам Худо деган одам бўлган.
У ёзган воқеалардаги барча қаҳрамонларнинг прототиплари бор. Биз улар билан яшаганмиз, қўшни, қариндош бўлганмиз. Китобларида бирорта ёлғон йўқ. Тўлғанай она ҳам бўлган, Жамила ҳам, Исмоил ҳам, Дуйшен ҳам қишлоғимиздан эди. Лекин буларнинг бари ХХ аср воқеалари эди. Чингиз Айтматов ҳам ХХ аср ёзувчиси эди. Ҳозир замон бошқа, тушунчалар бошқа. Лекин қайси замон бўлмасин, акам айтганидек, ҳар куни инсон бўлиб қолиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиши керак".
Юбилей ўрнига хайрия
Мурожаат якунида 89 ёшли Роза Айтматова Қирғизистон ҳукуматидан адибнинг яқинлашаётган 100 йиллик юбилейини кенг нишонламасликни ва бунга ажратиладиган маблағни оддий халқнинг эҳтиёжларига сарфлашни сўраган. Унинг фикрича, Чингиз Айтматовнинг хотирасига энг муносиб эҳтиром — унинг "ҳар куни инсон бўлиб қолиш" ҳақидаги ўгитларига амал қилишдир.
Танқидлар ортида нима турибди?
Чингиз Айтматов билан боғлиқ баҳслар Қирғизистон Молия полициясининг собиқ раҳбари Сиймиқ Жапикеевнинг яқинда берган интервьюсидан сўнг авж олди. У ўз чиқишида Айтматов ижоди ва шахсиятига нисбатан кескин танқидий фикрлар билдирган, бу эса ижтимоий тармоқларда катта баҳс ва норозиликларга сабаб бўлган.
Қирғизистонлик экспертлар ва адабиётшунослар буни шунчаки шахсий фикр эмас, балки миллий рамзларга нисбатан тизимли ҳужум сифатида баҳоламоқдалар. Ҳатто мамлакат Миллий фанлар академияси ва қатор халқаро жамғармалар ҳукуматга мурожаат қилиб, адиб ижодини ҳимоя қилиш учун худди "Манас" эпоси каби алоҳида махсус қонун қабул қилишни таклиф этишди.
Бундай баҳслар Қирғизистонда адибнинг 100 йиллик юбилейига (2028 йил) тайёргарлик кўрилаётган ва ҳукумат унинг меросини улуғлаётган бир пайтда юз бермоқда.












