Ошиб бораётган ҳарбий харажатлар иқлимга қандай хавф солади?

Сурат манбаси, Wojtek Radwanski/AFP via Getty Images
- Author, Навин Сингх Хадка
- Role, Би-би-сининг атроф-муҳит мухбири
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Иқлим ўзгариши хавфсизликка катта таҳдидга айланиб борар экан, бутун дунё бўйлаб ҳарбийлар зудлик билан қайта қуролланиш зарурлиги ҳақида гапираяптилар, айни пайтда, улар атроф-муҳитга чиқараётган карбонат ангидрид чиқиндилари ортиб бормоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш янги ҳисоботида ҳарбий харажатларнинг ортиши иқлим инқирозини тезлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бундан ташқари, дунё бўйлаб давомли можаролар кўпайгани яқин келажакда ҳарбий харажатлар ва шу билан бирга карбонат ангидрид чиқиндилари ортишига олиб келиши мумкин.
Баъзи мутахассислар иқлим ўзгаришини юмшатиш саъй-ҳаракати харажатлари қисқартирилиб, мудофаага йўналтирилаётганидан хавотирдалар.

Сурат манбаси, Zhang Wei/China News Service/VCG via Getty Images
Ҳарбийлар аслида қанча чиқинди чиқаради?
Дунё бўйлаб ҳарбийлар томонидан чиқарилган чиқиндилар ҳақида ягона, текширилган маълумотлар манбаи йўқ, аммо баъзи ҳукуматлар бу маълумотларни ўз ихтиёри билан эълон қилади.
Айрим мутахассислар башоратлар ва ҳисоб-китоблар асосида глобал манзарани чизганлар.
БМТ Бош котибининг сўнгги ҳисоботида айтилишича: "Ҳозирги энг яхши ҳисоб-китобларга кўра, бутун дунё бўйлаб ҳарбий сектор умумий глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 3,3 фоизидан 7 фоизигачасини чиқаради."
БМТ Бош котибининг cўнгги ҳисоботида айтилишича: "Ҳозирги энг яхши ҳисоб-китобларга кўра, бутун дунё бўйлаб ҳарбий сектор умумий глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 3,3 фоизидан 7 фоизигачасини чиқаради."
Агар дунё ҳарбийлари алоҳида мамлакат бўлганида, у Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондан кейин тўртинчи йирик чиқинди чиқарувчи бўлар эди.
Бу Буюк Британиядаги ҳарбий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганадиган "Можаролар ва атроф-муҳит обсерваторияси" хайрия ташкилоти ҳамда ахлоқан мақбул фан ва технологияларни тарғиб қилувчи "Глобал масъулият учун олимлар" мустақил ташкилоти томонидан 2022 йилда ташкиллаштирилган қўшма тадқиқотда аниқланган.
Бутун дунё бўйлаб ҳарбий бюджетлар кенгайиши вазият янада ёмонлашишини кўрсатмоқда.
Можароларни ўрганадиган мустақил ташкилот – Стокголм Халқаро тинчлик тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2024 йилда глобал ҳарбий харажатлар 2,7 триллион долларни ташкил этиб, олдинги йилга солиштирганда 9,4 фоизга ўсган ва камида Совуқ Уруш тугаганидан бери рекорд даражага етди.
Унда таъкидланишича, 2024 йилда 100 дан ортиқ давлат ҳарбий харажатларини оширди, айниқса, Европа ва Яқин Шарқда бу кўрсаткич жадал ўсди.
Жорий йил бошида Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) аъзо давлатларнинг мудофаа ва хавфсизлик харажатларини 2035 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 5 фоизигача оширишини эълон қилди.
Бу 2021-2023 йилларда НАТО аъзоларининг умумий ҳарбий углерод чиқиндиси 30 миллион тоннага ошганидан кейин айтилмоқда, айни шу даврда ҳарбий харажатлар ҳам кўпайган.
Сайёрамиз барқарорлиги масаласи билан шуғулланадиган халқаро тадқиқот ва тарғибот институти – Трансмиллий институтга кўра, бу тахминан саккиз миллиондан ортиқ қўшимча автомобилни йўлга қўйиш билан баробардир.
Айрим энг катта ифлослантирувчилар
Мутахассислар огоҳлантиришича, ҳақиқий муаммо катта миқдорда ёқилғи талаб қиладиган қирувчи учоқлар, танклар, ҳарбий кемалар ва сув ости кемалари каби оғир қурол тизимларини қандай карбонсизлантириш масаласидир.
Уларнинг айтишича, дунёда қирувчи учоқлар энг кўп энергия талаб қиладиган машиналар қаторига киради. Кенг тарқалган тадқиқотга кўра, Қўшма Штатлар армиясида реактив ёқилғи сўнгги ярим асрда АҚШ Мудофаа вазирлиги (ҳозир номи АҚШ Уруш вазирлиги деб ўзгартирилган) учун умумий энергия истеъмолининг 55 фоизини ташкил этган..
Nature журналида 2022 йилда чоп этилган тадқиқотга кўра, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг биргина F-35 қирувчи учоғи ҳар 100 денгиз мили (185 км) масофага парвоз қилганда, Буюк Британиянинг ўртача бензинли автомобили бир йилда чиқарадиган миқдорда карбонат ангидрид ажратади.
"Ҳар йили АҚШ ҳарбийларининг реактив ёқилғидан фойдаланиши АҚШнинг олти миллион йўловчи автомобилиникига тенг бўлган чиқиндини ҳосил қилади," дея қўшимча қилинади тадқиқот мақоласида.

Сурат манбаси, Hakan Akgun/Anadolu via Getty Images
Шунга қарамай, Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтига кўра, АҚШ 2024 йили ҳарбий харажатларини ундан олдинги йилга солиштирганда 5,7 фоиз оширди ва дунёдаги энг йирик мудофаа бюджетига эга бўлиб қолди.
"Захираларни кўпайтириш учун ҳарбий ишлаб чиқаришни кенгайтириш энергия талаб қилади, аммо паст углеродли ҳарбий технологиялардаги ютуқлар чекланган," деди Можаролар ва атроф-муҳит обсерваториясидан Дуг Вейр.
Аниқ устувор йўналишлар
Би-би-си АҚШ Уруш вазирлигидан бу кўпайтирилган харажатлар карбонат ангидрид чиқиндилари учун нимани англатиши мумкинлиги ва ҳарбий секторни карбонсизлантириш режалари бор-йўқлигини сўради.
"АҚШ Уруш вазирлиги вазирликнинг асосий жанговар миссиясига мос келмайдиган иқлим ўзгариши билан боғлиқ дастурлар ва ташаббусларни бекор қилмоқда," деди Пентагон cўзчиси Шон Парнелл Би-би-сига электрон почта орқали жавобида.
"Биз асосий саъй-ҳаракатлар йўналиши сифатида йўқ қилиш, жанг қилиш ва жанговар тайёргарликни яхшилашга эътибор қаратмоқдамиз. Буни уч йўл билан амалга оширмоқдамиз: жанговар руҳни тиклаш, армиямизни қайта қуриш ва душманни тийиб туриш қудратини қайта йўлга қўйиш."
НАТО ўзига юборилган шу каби саволларга жавоб бермади. Таҳлилчилар таъкидлашича, ташкилотнинг кўпайган карбонат ангидрид чиқиндиларини қоплаш бўйича саъй-ҳаракатлари унчалик самарали эмас.
"Ҳозирги кунда декарбонизация бўйича саъй-ҳаракатлар қайта қуролланиш бюджетлари кўламига нисбатан жуда оз," деди Брюсселдаги Европа ҳарбий бирлашмалар ва касаба уюшмалари ташкилотининг сиёсат бўйича катта ходими Димитра Кутузи.
"Европа мудофаа саноати энергия самарадорлиги ва барқарорликни ўз режаларига киритишни бошламоқда, аммо бугун ишлаб чиқарилаётган тизимлар ишга тушиши учун йиллар керак бўлади," дея огоҳлантирди у.

Сурат манбаси, Syed Mahamudur Rahman/NurPhoto via Getty Images
Уруш харажатлари
Можароларнинг иқлимга етказган зарари қийматини аниқ ўлчаш қийин бўлса-да, ҳозирги айрим урушлар уларнинг атроф-муҳитга таъсири нақадар катта эканлигини кўрсатмоқда.
Россия-Украина урушига берилган баҳога кўра, можаронинг дастлабки икки йилида 175 миллион тонна атрофида иссиқхона газлари чиқарилган, дейилади 2024 йилда эълон қилинган ҳисоботда.
2025 йил майида эълон қилинган Исроил-Ғазо уруши бўйича яна бир тадқиқотда тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатлардан чиқадиган карбонат ангидрид чиқиндилари қарийб 1,9 миллион тоннани ташкил этгани, бу 36 та алоҳида давлат ва ҳудудларнинг йиллик чиқиндиларидан кўп эканлиги айтилган.

Британия армиясининг истеъфодаги генерали ва НАТОнинг собиқ юқори мартабали амалдори Ричард Нуги шундай дейди: "Хоҳ тез учувчи самолёт, хоҳ фрегат ёки танк бўлсин, бизда ҳамон чиқиндисиз ишлайдиган технология йўқ. Шу боис, технология пайдо бўлмагунча чиқиндиларни ўзимиз хоҳлагандек камайтира олмаслигимизни тан олишимиз керак."
Демак, мудофаага кўпроқ пул ажратиш иқлим бўйича маблағни камайтиришни англатади.
БМТ Бош котибининг сентябр ойида эълон қилинган ҳисоботида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш бўйича йиллик камомад аллақачон 4 триллион долларни ташкил этгани кўрсатилган (унинг ярми айнан энергетика ва иқлим эҳтиёжлари учун мўлжалланган).
Ҳисоботда айтилишича, келгуси йилларда тақчиллик 6,4 триллион долларгача ошади, худди шундай 2035 йилга бориб глобал ҳарбий харажатлар 6,6 триллион долларгача етиши мумкин.
Шунингдек, дунёнинг энг бой давлатлари ўз ҳарбий кучларига энг заиф мамлакатларни иқлим молияси билан таъминлашдан 30 баравар кўпроқ маблағ сарфлаётгани таъкидланган.

Сурат манбаси, Sean Gallup/Getty Images
2024 йилдаги Озарбайжонда бўлиб ўтган COP29 иқлим бўйича музокараларидан сўнг, ривожланган давлатлар 2035 йилгача йилига 300 миллиард доллар ажратишга келишиб олдилар, ривожланаётган мамлакатлар эса иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларига мослашиш учун йилига 1 триллион доллардан кўпроқ маблағ кераклигини айтадилар.
"Глобал ҳарбий харажатлар йилига тахминан 2,5 триллион долларни ташкил этади," деди 2024 йил ноябр ойида Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган COP29 иқлим бўйича музокараларида Панаманинг иқлим ўзгариши бўйича махсус вакили Хуан Карлос Монтеррей Гомез.
"Бир-бирини ўлдириш учун 2,5 триллион доллар кўп эмас, лекин ҳаётларни сақлаб қолиш учун бир триллион доллар ақлга сиғмайди."
Лекин ҳозир аввалги ваъдалар ҳам бажарилишига шубҳа бор.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, 11 та донор мамлакат 2025-2027 йилларда ривожланиш учун расмий ёрдамни, яъни иқлимни молиялаштиришни ҳам ўз ичига олган ташқи ёрдамни қисқартиришини эълон қилди.
Масалан, Буюк Британия 2027 йилга бориб ёрдам харажатларини ялпи миллий даромаднинг 0,5 фоизидан 0,3 фоизигача камайтириш орқали мудофаа соҳасига маблағни кўпайтиришини айтди.
"Кўплаб ёки бир нечта шимолий давлатлар, жумладан, Ғарбий Европа мамлакатлари халқаро ҳамкорлик бюджетларини қисқартириб, буни мудофаа бюджетига йўналтирмоқда," деди БМТнинг қуролсизланиш масалалари бўйича олий вакили Изуми Накамитсу Би-би-си билан суҳбатда.
Унинг айтишича, маблағларнинг бундай йўналтирилиши иқлим, ижтимоий харажатлар ва бошқа соҳалар учун камроқ молиявий ресурслар ажратилишига олиб келиши мумкин.
Генерал Нуги "хоҳлаймизми-йўқми, ҳарбий кучлар доим бўлади," дейди.
"Урушда ҳарбий чиқиндиларни кўпайтиришни тўхтатишнинг энг яхши усули, биринчи навбатда, урушдан тийиш вазифасини бажарадиган кучли армияга эга бўлишдир, НАТО ва Британия айнан шунга ҳаракат қилмоқда."
Бошқалар эса қудратли ҳарбий кучлар одамларни иқлимнинг вайронакор таъсиридан чиндан ҳам ҳимоя қила оладими ёки унинг таъсирини тезлаштирадими, каби саволни берадилар.












