Ҳамма радарда: Дунёнинг исталган жойида отиладиган ракеталарни кузатиб турадиган Америка базаси. Видео

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қисқа ва кескин овоз янграйди: «Яман учирди!» Компьютер олдида ўтирган униформадаги эркак ва аёллар дарҳол жавоб қайтарадилар: «Тасдиқ, Яман учирди!»
АҚШ Космик қўшинларида хизмат қилаётганларни «қўшин» эмас, «гвардиячилар» деб атайдилар. Колорадо штатидаги Денвер шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий базадаги гвардиячилар мониторлар орқали дунёнинг исталган нуқтасидан учирилган ракета сигналини қабул қилиб, уни учирилган манзилидан тортиб, эҳтимолий урилиш нуқтасигача кузатиш имконига эга.
Биз АҚШ Космик қўшинларининг ракета ҳақида огоҳлантириш ва кузатув маркази – Бакли Космик қўшинлар базасига илк бор киритилган халқаро журналистлардан бўлдик. Бу ерда гвардиячилар кун-тун, яъни 24 соат, ҳафтанинг етти куни давомида навбатчилик қилади.
Уларнинг атрофи улкан мониторлар билан ўралган бўлиб, бу мониторларда фазодаги ҳарбий сунъий йўлдошлар юбораётган хариталар ва маълумотлар акс этади.
Гвардиячилар ракета учирилган пайтда юзага келадиган инфрақизил иссиқлик тўлқинини биринчи бўлиб аниқлашади. Шундан кейин яна бир овоз янграйди: «Эрон учирди!» ва зудлик билан «Тасдиқ, Эрон учирди!» деган жавоб келади.
Бу гал фақат машқ эди. Аммо ўтган ойда бу воқеликка айланди – Эрон АҚШ ва Исроил томонидан берилган зарбаларга жавобан Қатардаги ал-Удайд ҳарбий базасига бир нечта ракета учирган эди.
Полковник Энн Ҳюс ўша кунни «оғир кун» деб таърифлайди. Кўплаб учирилишлардан фарқли ўлароқ, улар бу ҳолат ҳақида аввалдан огоҳлантирилган эди. Гвардиячилар Эрон ракеталарини кузатган, ушбу маълумотларни ердаги ҳаво мудофаа тизимларига етказган.
«Охирида биз бутун иншоот ва у ердаги барча шахсларни сақлаб қолдик», дейди у енгил нафас олиб.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
Ҳюс хонимнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда гвардиячилар Яқин Шарқ ва Европадаги урушлар сони ошиб бораётгани туфайли жуда банд бўлишган.
Мен ундан Украинага ҳам огоҳлантириш берилганми, деб сўраганимда, у шундай жавоб беради: «Биз АҚШ ва иттифоқчи кучларга стратегик ва тактик ракета огоҳлантиришларини берамиз». АҚШ ҳозирча бу каби ёрдамни расман тасдиқламаган бўлса-да, Киевга Россия зарбасидан аввал огоҳлантиришлар берилаётган бўлиши эҳтимоли юқори.
Бакли Космик қўшинлар базаси президент Дональд Трампнинг АҚШнинг янги ракетага қарши мудофаа тизими – «Олтин гумбаз» лойиҳасининг марказий нуқтасига айланиши кутилмоқда.
Бу лойиҳага Трамп 175 миллиард доллар ажратишни режалаштирган – у Исроилнинг «Темир гумбази» ҳаво мудофаа тизимидан илҳомланган. Аммо танқидчилар бу маблағ етарли эмас, лойиҳа анча қимматга тушиши мумкинлигини айтмоқда.
Аммо Баклида бу тизимнинг пойдевори аллақачон шаклланган. База горизонтида улкан «радиогумбазлар» – йирик спутник антенналарини ҳимоя қилувчи шарсимон тузилмалар гавдаланиб туради. Улар ғоят катта гольф тўпларини эслатади. Ушбу антенналар 11 000 ёруғлик йили узоқликдаги суперовновалардан келган радио тўлқинларни ҳам тутиб олади.
АҚШ Космик операциялар қўмондони генерал-лейтенант Дэвид Миллернинг таъкидлашича, «Олтин гумбаз» ҳали дастлабки босқичда, аммо у АҚШ ҳудудига таҳдидлар ортиб бораётганини кўрсатади.
У айниқса Хитой ва Россияни тилга олади.
Ҳар икки давлат овоз тезлигидан беш баробар юқори тезликда ҳаракатланувчи гипертовушли ракеталарни ишлаб чиққан. Улар орбитал бомбаловчи тизимларини ҳам синовдан ўтказган – бу каби тизимларни аниқлаш анча қийин.
«Уларни тўхтатиш учун фақат фазодаги мудофаа тизимлари керак», дейди генерал Миллер. У фазога қурол жойлаштириш демасдан, «салоҳиятлар» ҳақида гапиришни маъқул кўради.

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
Космос ҳарбий тўқнашув майдонига айланаётганини АҚШ Космик қўшинлари тузилгани ҳам тасдиқлайди. Бу қўшин беш йил аввал, президент Трампнинг илк президентлик муддати давомида ташкил этилган ва у космосни «дунёнинг энг янги жанговар майдони» деб атаган.
Ҳар иккала давлат – Хитой ва Россия – сунъий йўлдошларга қарши ракеталар ҳамда алоқани бузадиган технологияларни синовдан ўтказишган.
Генерал Миллернинг таъкидлашича, Россия космосга ядровий юк жойлаштириш салоҳиятини «намойиш қилган». Унинг фикрича, космос бугуннинг ўзидаёқ «кескин тортишувлар майдони»га айланган ва биз «у ерда юзага келиши мумкин бўлган можароларга тайёр туришимиз шарт».
Полковник Феникс Хаусер АҚШ Космик қўшинларининг разведка, кузатув ва мониторинг бўлими – «Дельта 7»га раҳбарлик қилади. Бу бўлимнинг вазифаси – космосда нима бўлаётганини аниқлаш.
Колорадо-Спрингс яқинидаги базаларида улар дунё орбитасида ҳаракатланаётган минглаб объектларни кўрсатувчи экранларни кузатишади. Бугунги кунда космосда тахминан 12 000 та сунъий йўлдош бор ва ушбу соҳа мутахассислари бу рақам яқин йилларда 60 000 тага етиши мумкинлигини башорат қилмоқда.
Полковник Ҳaусер айтишича, уларнинг асосий эътибори Хитойга қаратилади. "Бу – асосий таҳдид", дейди у. Хитой аллақачон тахминан мингта сунъий йўлдошга эга, уларнинг ярми ҳарбий мақсадларга хизмат қилади. Кейинги ўн йил ичида, Ҳaусер хонимнинг таъкидлашича, Хитой ики, космос тобора гавжумлашиб, баҳсли ҳудудга айланмоқда.
"Космосда аллақачон жанжал бошланган, – дейди у. – Душманларимиздан нопрофессионал ва хавфли ҳаракатлар кузатиляпти." Бундай ҳаракатлар қаторида электрон тўсқинлик ускуналари, лазерлар ва ҳатто бошқа йўлдошларни йўлдан чиқариш учун мўлжалланган тўрлар ва механик қўллар билан жиҳозланган йўлдошлар ҳам бор.
Айримлар фикрича, космосда аллақачон "ит уриштириш жанглари" (dog fight) бўлаётгандир.
"Менимча, биз ҳали 'Top Gun' услубидаги ҳаво жангларигача етмаганмиз, – дейди полковник Ҳaусер. – Лекин бундай эҳтимолга тайёр туришимиз шарт."

Сурат манбаси, Matthew Goddard/BBC
АҚШ Космик Қўшинлари космосдаги можаролар эҳтимолига тайёрланмоқда. Ҳaусер хоним таъкидлашича, бир йил аввал улар ҳали "ҳужумкор космик имкониятларимиз бор" деб очиқ гапира олмасди. Энди эса, у айтганидек, асосий мақсад – "президент учун вариантлар яратиш, шунда биз ҳужумкор ва мудофаавий космик назорат орқали космик устунликни қўлга киритиб, уни сақлаб қолишимиз мумкин бўлади."
Генерал Миллер фикрича, можаро олдини олишнинг ягона йўли – "куч орқали". "Бизнинг объектларимизни ҳимоя қилиш учун ўз имкониятларимиз бўлиши шарт", дейди у. Аммо бу нимани англатиши борасида батафсил маълумот бермайди.
Бироқ Эроннинг ядровий дастурига қарши яқинда ўтказилган АҚШ амалиёти – "Тунги Болға" АҚШ Космик Қўшинлари нималарга қодир эканини кўрсатди. Ушбу амалиётда В-2 бомбардимончи самолётлари иштирок этди ва бу ҳам АҚШ ҳарбийлари учун космосдаги устунликни сақлаш нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади.
"АҚШ ҳарбийлари космосдан олган устунликларига қанчалик таянганини тушуниб олинг", дейди генерал Миллер. Бу устунликка узоқ масофаларга навигация ва алоқа қилиш, шунингдек, GPS орқали аниқ зарбалар бериш имкониятлари киради.
Би-би-си АҚШ Космик Қўшинларининг ушбу амалиётда қандай иштирок этгани ҳақида илк бор батафсил маълумот олди.
"Биз қилган ишлардан бири – электромагнит уруш имкониятларимизни ишга солиб, бутун амалиёт давомида устунликка эришиш бўлди", дейди генерал Миллер. Электромагнит спектр радио тўлқинлар, микротўлқинлар, инфрақизил нурлар ва кўриниши мумкин бўлган ёруғлик тўлқинларини ўз ичига олади.
"Биз муҳитда тўсқинлик бўлишини олдиндан билардик", дейди у. АҚШ Космик Қўшинлари ушбу тўсқинлик олдини олди, натижада АҚШнинг В-2 бомбардимончи самолётлари белгиланган нуқтага етиб бориб, GPS орқали бошқариладиган улкан бомбаларни аниқлик билан етказа олди.
АҚШ Космик Қўшинларининг Delta 3 бўлимининг электрон уруш мутахассислари ушбу ҳудудда аллақачон жойлаштирилган эди.
Уларнинг командири полковник Анжело Фернандес менга бутун дунё бўйлаб ҳар қандай нуқтага етказилиши мумкин бўлган йўлдош антенналари ва бошқарув контейнерларини кўрсатади.
Унинг айтишича, ушбу антенналар душман алоқаларини тинглаш ва уларни "шовқин билан босиб кетиш" орқали узиб қўйиш учун ишлатилади.
"Улар бир вақтнинг ўзида ҳам АҚШ объектларини ҳимоя қилишди, ҳам парвоз учун ҳаво йўлагини очишди", дейди у.
Амалиётдан олдин, унинг давомида ва ундан сўнг АҚШ Космик Қўшинларининг Delta 7 бўлими гвардиячилари кузатувни амалга оширди.
Полковник Феникс Ҳaусернинг айтишича, улар электромагнит спектрни кузатиб бориб, "Эрондагилар бирор нима бўлаётганини билишадими, зарба бўлиши мумкинлиги ҳақида тактик огоҳлантириш борми" каби саволларга жавоб излашган. Улар амалиётнинг рақиб томон учун кутилмаган бўлишига ёрдам беришди ва экипажлар топшириқни фош этилмасдан бажаришини таъминлашди.
АҚШ Космик Қўшинлари ҳарбий кучлар орасида энг ёш бўлишига қарамай, мамлакат мудофааси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Генерал Миллер таъкидлайди: бутун АҚШ ҳарбийлари тақдири "космосдаги устунликка" боғлиқ.
У бу устунлик сақланиб қолишини хоҳлайди. У ҳар қандай душманни огоҳлантиради:
"АҚШ ҳарбийлари бир нарсага жиддий ёндашса – Худо сизга ёрдам берсин!"












