Ўзбекистон ва минтақа: Россия янада кескин кетдими? Видео

Сурат манбаси, AFP
Яна бир янгилик

Сурат манбаси, Getty Images
Шу кунларда Россиядан олинган яна бир хабар минтақадаги аксарият етакчи нашрларнинг эътиборига тушди ва сарлавҳаларига чиқди.
Аксарият аҳолиси Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий Осиёда янги қўрқувларни пайдо қилди.
Сўнгги янгилик Крокусдаги қонли ҳужум ортидан кечган қисқа вақтнинг ўзида Россиянинг аксилмиграцион сиёсати кескин кучайиб бораётган ва бу аксарият минтақа давлатлари пойтахтларида уйғотган жиддий хавотирлар ҳануз аримаган бир пайтга тўғри келди.
Мигрантларнинг оммавий ортга қайтиши эҳтимоли манзарасида меҳнат муҳожирлиги масаласи томонлар ўртасида ҳатто президентлар даражасидаги муҳокама мавзусига айланган бир вазиятда бўй кўрсатди.
Алоқадор мавзулар:
Ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари ҳукуматлари учун муҳим аҳамият касб этади.
Россия эса, йилларки, ўзбекистонликлар учун ҳам энг йирик меҳнат бозор вазифасини бажариб келади. Уларнинг сони ўз вақтида ҳатто бир неча миллионни ташкил этган.
Улар ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағдан миллионлаб хонадонларнинг тирикчилиги ўтади.
Бу пуллар камбағаллик ва ишсизлик ҳануз анчайин долзарб муаммолигича қолаётган ва аҳолиси минтақада энг йириги (расман 37 миллиондан ошувчи – таҳр.) бўлган Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб, ижтимоий ҳимоя камари вазифасини бажариб келаётган восита бўлади.
Сўнгги расмий ҳисоб-китоблар ҳам ўзбекистонлик мигрантлар ортга юбораётган маблағларнинг энг катта фоизи яна Россиянинг ҳисобига тўғри келаётганлигини кўрсатган.
Шундай экан, Россия яна ниманинг режасида?
Мигрантлар болалари мактабга олиниши тақиқландими?

Сурат манбаси, Maxim Kimerling/TASS
Соҳиба Ҳаёт,
Журналист
Рус тилини билмайдиган мигрант болалар энди мактабга қабул қилинмаслиги мумкин.
10 декабрь куни Давлат Думаси кўп миллатли синфлар муаммосини ҳал қиладиган қонун лойиҳасини кўриб чиқади, дея хабар берди Россия оммавий ахборот воситалари.
Бу қонун лойиҳаси рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқлашни кўзда тутади.
"Мигрантларнинг болалари мактабда муаммоларга сабаб бўлаяпти, рус тилини билмаганликлари учун кўпинча таълим дастурини ўзлаштира олишмаяпти, ўқитувчилар ва тенгдошлари билан мулоқот қилишда катта қийинчиликларга дуч келишаяпти", деб ёзмоқда маҳаллий нашрлар.
Бу қонун лойиҳаси Конституцияга зид эмасми? Мигрант болаларнинг мактабга бориши тақиқланиши рус мактаблари муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадими? Рус тилини билмаган мигрант болалар нима қилади?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мигрант болаларнинг мактабга бориши учун янги талаблар
Рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бошланганини Парламент қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди.
Унга кўра, Қонун лойиҳаси аллақачон Давлат Думасига киритилган, мазкур масала 10 декабр куни парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилади.
Қонун лойиҳасининг муаллифлари - парламент фракциялари раҳбарлари, Давлат Думаси спикери, унинг ўринбосарлари ва бошқалардир.
Вячеслав Володиннинг айтишича, қонун лойиҳасида чет эл фуқаролари фарзандларини мактабларга қабул қилишда рус тилини билиш даражасини мажбурий текшириш назарда тутилган. Агар тилни билиш даражасини тасдиқлаш мумкин бўлмаса, болага таълим дастурини ўрганишга рухсат берилмайди.
Ушбу Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, чет эл фуқаролари фарзандларининг тил билиш даражасини текшириш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади. У ерда рус тилини билишга қўйиладиган талаблар ҳам кўрсатилади. Синов учун услубий ёрдам, уни амалга ошириш учун диагностика материалларини ишлаб чиқишга Рособрнадзор масъул ҳисобланади.
Қонун лойиҳасининг яна бир қисмида Россияда ноқонуний бўлган болалар мактабга қабул қилиниши мумкин эмаслиги айтилади. Мигрантлар фарзандларининг мамлакатда бўлиш қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари керак бўлади.
Россияда қанча муҳожир бола ўқийди?

Сурат манбаси, TASS
Қонун лойиҳаси масаласи кун тартибига чиқиши баробарида Россия Таълим вазирлиги 2024 йил октябр ойида ўтказилган мониторинг маълумотларини эълон қилди.
Унда жорий ўқув йилида Россия мактабларида 18 миллион ўқувчилар бўлиб, улар орасида 209 мингга яқин чет эл фуқаролари фарзандлари таълим олаётганини кўрсатилган.
Мигрант ўқувчиларнинг энг кўп қисми Москва вилояти (32 357 бола), Москва (25 373) ва Санкт-Петербург (21 212) шаҳарларига тўғри келади.
Шунингдек, мигрант ўқувчилар сони Свердловск, Новосибирск, Калуга ва Ленинград вилоятларида ҳам салмоқли.
Маълумотларга кўра, мигрант болаларнинг 19,9 фоизи мактабгача таълим муассасаларига боради. 39,2 фоизи бошланғич мактабда ўқийди, 37,7 фоизи умумий таълимда ва фақат 3,2 фоизигина ўрта таълим олмоқда.
Муаммо бўрттирилганми?

Таълим вазирлиги мониторинг кўрсаткичларини эълон қилиш билан бирга, муҳожир болаларларнинг Россия жамиятига интеграциялашуви муҳимлигини билдирган.
Россия Ота-оналар миллий ассоциациясининг ривожланиш бўйича директори Марианна Шевченко ҳам рус тилини билмасдан мактабга келган муҳожир болалар билан боғлиқ муаммоларнинг жиддийлигига эътибор қаратиб, бу масала Россия президенти иштирокида федерал платформаларда бир неча бор айтилганини таъкидлаб ўтган.
Россияда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганувчи мутахассислар эса бу масала бўрттирилаётганини айтишмоқда.
Россия ИИВнинг 2024 йилги маълумотига кўра, мамлакатда 6,5 млн атрофида чет элликлар бор. Уларнинг жуда оз қисмигина фарзандларини ўзлари билан олиб келади.
"Ё қирғизистонлик аёллар болалари билан келади (бу тахминан йилига 15 минг киши), ёки эри Россия фуқаролигини олган тожикистонлик аёллар фарзандларини олиб келади. Аммо уларнинг болалари 3-4 ойда Россия фуқаролигини олишади", — аниқлик киритди мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик.
Ўзбекистонлик ўқувчилар қанча?
Очиқ манбаларда Россиядаги чет эллик ўқувчиларнинг мамлакатларга нисбатан тақсимини топиш имконсиз.
Россияда миграция ва оила муаммолари билан шуғулланувчи асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаева ўзбек муҳожирларининг фарзандлари қўшни давлатларникидан кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
«Ҳозирги кунда Россия Федерациясида 1 миллион нафарга яқин ўзбекистонликлар меҳнат фаолиятини олиб бораяпти. Экспертларнинг фикрларига кўра, фарзандлари билан вақтинча яшаётган ўзбекистонликлар сони 5-10 фоиз атрофида. Бу эса, 50-100 минг нафар бола Россия ҳудудида ота-онаси билан бирга вақтинча яшаб келаётганига далолат қилади. Қонундаги ўзгаришлар кучга кирган тақдирда, шу 50-100 минг боланинг 5-10 фоизи рус тилини билмайдиган бўлса, яъни 10 мингтагача ўзбекистонлик болалар мактабда ўқий олмайди, деганидир", - дейди Зарнигор Омониллаева

Сурат манбаси, Sergei Fadeichev/ТАСС
Мактабга бормаган бола учун жавобгарлик
Ҳуқуқ ҳимоячиси Россияда фарзандлари билан бўлган ота-оналарга ўз тавсияларини бериб, эҳтимолий жавобгарликдан ҳам огоҳлантирди:
"Агар қонун кучга кириб, мигрантлар фарзандларини мактабга бера олмаса, унда фарзандларини Россияда олиб қолмасликлари жуда муҳим. Чунки бу қонун кучга киргани билан ота-онанинг ота-оналик вазифасини белгиловчи қонунларнинг ижроси тўхтатилгани йўқ. Ота-она қандайдир назоратга тушиб қоладиган бўлса, фарзандининг мактабга боришини таъминламагани учун Россия ҳудудида жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу жавобгарликда боланинг рус тилини билмагани учун мактабга қабул қилинмагани каби сабаблар ёки вазиятнинг бошқа бир асослари инобатга олинмайди. Муҳожир ота-оналар фарзандларини мактабга бермаяптими, жавобгарликка тортилади. Мактабга бермаслик сабаби мактабларнинг қабул қилмаётгани эса эътиборга олинмайди", - дейди у.
Юрист Россиядаги фарзандли мигрантларга бу борада муаммонинг ечими сифатида болаларни ватанга қайтаришни тавсия қилди.
"Ота-оналар жавобгарликка тортилиб қолмаслик ва ортиқча муаммоларга дуч келмаслик учун болани мактабга бера олмаган тақдирда Ўзбекистондаги мактабларга бериш керак. Бир йил ё икки йил кутиб туради, каби фикрлар билан болани мактаб ва таълимсиз қолдиришни режалаштирмаслик лозим", - дейди Зарнигор Омониллаева.
Бу Конституцияга зид эмасми?
Болалар таълим олишини чекловчи қонун лойиҳаси нима учун баҳсли?
Россия Федерация Конституциясининг 43-моддасида "Ҳар бир инсон билим олиш ҳуқуқига эга", деб белгиланган.
Россияда Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 5-моддасига кўра, бу ҳуқуқ "жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, яшаш жойи ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар, ҳар кимга кафолатланади".
Шунга қарамай, Россия матбуоти Давлат Думасининг янги қонун лойиҳасини "оқлаб берувчилар"га минбар беришни бошлади.
Масалан, Бутунроссия таълим касаба уюшмаси раисининг ўринбосари Михаил Авдеенконинг фикрича, қонун лойиҳаси билан ҳуқуқ бузилмаган.
Унга кўра, рус тилини билмаган одам оддийгина таълим олиш конституциявий ҳуқуқини амалга ошира олмайди.
Россия Президент академиясининг Узлуксиз таълим иқтисодиёти маркази (ЦЭНО) етакчи илмий ходими Алексей Тишенко мактаб рус тилини билиш даражасидан қатъи назар, барча болаларни, шу жумладан чет элликларни ҳам қабул қилиши шартлигини таъкидлайди.
«Учитель» касаба уюшмаси раиси Дмитрий Казаков эса рус тилини билмаган болаларга тил ўрганиш учун шароит яратиб бериш тарафдори.
«Агар синфда русчани яхши билмайдиган бола бўлса, унга махсус шароитлар кўринишидаги қўлловлар керак. Болага бу дастак кўп ҳам керак бўлмайди, болалар тилни тез ўрганади, муҳитга мослашади ва таълим олишда давом эта олади», - дейди Дмитрий Казаков.
"Мактаб олмаса, уйга кетишади"
Болалари Россия мактабларига бораётган муҳожирлар-чи? Уларнинг бу қонун лойиҳасига оид янгиликка муносабати қандай? Болаларининг Россиядаги таҳсили улар учун қанчалик муҳим масала?
"Доим ишдамиз, хабарларни кўп кузатмаймиз. Шунга бу янгиликни сиздан эшитдим. Катта ўғлим 3-синфда ўқийди. Кейингиси янаги йил мактабга боради. Акаси билан гаплашиб, қўшни болачалар билан ўйнаб русчани ўрганган, гаплаша олади. Агар мактабга олишда имтиҳон қиладиган бўлишса, ўта олса керак. Ўтолмаса, билмадим. Ўзбекистонга қайта олмаймиз, ишимиз, тирикчилигимиз шу ерда. Кичигимни ўзини ҳам қайтара олмайман, шу ерда туғилган, менга ва акасига жуда боғланиб қолган. Бизсиз у ерда қийналади, кўзим қиймайди. Шу ерда юраверади, ўқиш-ёзишни ўзим ўргатсам керак", - дейди Москвада яшаб ишлаётган бухоролик Шаҳло.
Ангренлик Муҳаббат эса фарзандининг илмли бўлиши муҳимлигини айтди.
"Мен ўқимаганим учун шу шароитларга чидаб яшаб ишлаб юрибман. Болам ўқиши, катта одам бўлиши керак. Насиб қилса, у мен кўрган қийинчиликларни кўрмайди. Мактабга жойлаштира олмасам, онамнинг ёнига қўйиб келаман, болам ўқисин. Уни ўқиб бир касбли қилмагунча мен ишлаб ёрдам бераман", - дейди муҳожир аёл.
Садриддин оиласини Россияга кузда олиб келгани, болалари ҳали рус тилини билмаслигини айтади.
"Атрофимизда ҳамма ўзбеклар, тожик-қирғизлар. Ҳеч ким русча гапирмагани учун болалар у муҳитга тушмади-да. Ўйнагани чиқишса ҳам, ҳовлида қирғиз болачалар билан ўйнашаяпти. Мактаб муаммо бўладиган бўлса, уйга қайтишади. Ўзи бу ерда юрганимизнинг ҳам фойдаси қолмаяпти", - дейди Садриддин.
Бу муаммо аслида долзарбми?
Давлат Думасида кўтарилишгача асос бўлган мигрант болаларнинг рус тилини билиш муаммоси аслида ҳақиқатга қанчалик тўғри келади?
Бу борада Россия Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг умрбод таълим иқтисодиёти маркази социологик тадқиқот ўтказган.
Ундаги маълумотларга кўра, сўровномада қатнашган 2000 дан ортиқ ўқитувчиларнинг деярли ярми – 53 фоизи болалари муҳожирларнинг рус тили билан боғлиқ муаммолари бор, деб жавоб беришган бўлса, респондентларнинг 42 фоизи бу фикрга қарши чиққан.
Умумий таълим дастурини ўзлаштиришдаги қийинчиликлар масаласидаги фикрлар эса, деярли тенг тақсимланган.
Аммо ўқитувчиларнинг 80 фоизи чет эллик болаларнинг хулқ-атворида муаммоларга дуч келмаслигини белгиланган бўлса, 70 фоизи мигрант болалар бошқа болалар билан мулоқот қилишда муаммоларга юз тутмайди, деб ҳисоблашлари аён бўлган.
Россия аксилмиграцион сиёсати кескинлашдими?
Би-би-си: Экспертларга кўра, қонунчиликдаги сўнгги тузатишлар Россия Конституциясига зид ва интеграцияга қарши бўлса-да, расмийларнинг бугунги аксилмиграцион сиёсатининг умумий мантиғига жуда мос келади. Ва бу Марказий осиёлик мигрантлар қилганликда айбланаётган Крокусдаги қонли ҳужум ортидан Россия Давлат Думасида кўрилаётган янги таҳрирдаги аксилмиграцион қонунларнинг фақат навбатдагиси ва мамлакат Конституциясига зидди.
Ўзбекистон ва Россия, бундан ташқари, расман иттифоқчи давлатлар саналишади.
Шундай экан, мигрантлар болаларининг таълими билан боғлиқ қонунчиликдаги сўнгги тузатишлар Россия аксилмиграцион сиёсатининг янада кескинлашганига далолат қиладими? Агар, қонунчиликдаги янги тузатишлар маъқулланса, бу Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ва бошқа Марказий осиёлик мигрантлар учун нимани англатади? Бу уларнинг ёппасига ўз Ватанларига қайтишларига туртки берувчи яна бир ва жиддий омилга айланиши мумкинми? Би-би-си Ўзбек хизмати шу ва яна бошқа қатор саволлар билан узоқ йиллар Россияда фаолият юритган ҳуқуқшунос, мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммадга мурожаат қилди:
Eng asosiysi urush, urush oqibatidagi iqtisodiy muammolar va ulardan chalg‘itishga bo‘lgan harakat. Bundan boshqa biror bir mantiqiy, iqtisodga to‘g‘ri keladigan bir asos yo‘q.
Ботиржон Шермуҳаммад: Бу мана шу сўнгги йилда бўлаётган миграция қонунчилиги бўйича ҳар қандай ҳаракатларнинг мантиқий давоми. Айниқса, миллатчи бўлган сиёсатчилар, жамоатчилик вакиллари муҳожирларнинг ўз оилалари билан, фарзандлари билан келиб, яшаётганидан жудаям қаттиқ норози. Умуман олганда, бу ксенофобия, мигронтофобик кайфиятларнинг кучайгани ва бунинг жамият томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади. Уларнинг айтиб турган асосий аргументи шундан иборатки, яъни муҳожирларнинг фарзандлари мактабларда пайдо бўлганида, бу болалар рус тилини яхши билмайди ва маҳаллий аҳолининг фарзандларини ҳам мана шу синфларда умумий таълим сифатининг тушишига олиб келаяпти. Чунки бутун синф ўша рус тилини яхши билмайдиган боланинг орқасидан юришга мажбўр бўлади деган нарса бўлаяпти. Лекин аслида бу Россия Конституциясига зид. Чунки Россия Конституцияси ҳар қандай фуқаронинг, яъни фуқаролигидан қатъиназар, уни бепул бошланғич таълим билан таъминлашни кафолатлайди. Шунинг учун ҳам бу томондан оладиган бўлсак, катта эҳтимол билан, мен юрист сифатида айтишим мумкинки, ўша ташаббус қабул қилинмаса керак. Лекин ўша Россия Таълим вазирлигининг ўзининг ички буйруғи билан мактабларга буйруқ келаяптики, шу битта синфда учтадан ортиқ муҳожирлар фарзандлари бўлмасин.... Яъни, расмий қонун йўқ, буйруқ бор, "жой йўқ", деган сабаби билан олмасликлари мумкин ва ўзи аввалдан ҳам рус тилини яхши гапира олмайдиган мигрантларнинг фарзандлари билан боғлиқ шундай муаммолар бор. Яъни, агар, рус тилини умуман тушунмаса, уларни иложи борича мактабга олмасликка ёки пастроқ синфга олишга ҳаракат қилишади. Катта эҳтимол билан бу нарса янада кучаяди. Ўзи асли бу жамиятдаги ксенофобиянинг кучайганлиги, бошқа нарса эмас. Лекин шундай яхши хабарлар борки, Россия ҳукуматидаги ўша юқори органларда ўтирганларнинг фикрича, охирги пайтларда мана шу халқбоз фикрлар, яъни ўша аҳолини урушдан чалғитиш, иқтисодиётдаги муаммолардан чалғитиш учун бошланган мана шу мигронтофобия ҳаракатлари кескин натижаларга олиб келди, улар кутгандан кўра ҳам кўпроқ натижаларга олиб келди. Ва иқтисодиётнинг талабидан келиб чиқадиган бўлсак, мигрантларнинг керак экани, уларга эҳтиёж катталигини инобатга олиб, мана шу нарсани секин-аста камайтиришга бўлган ҳаракатлар бошланаяпти. Яъни, секин-аста сиёсатчиларнинг чиқишлари, қонунчилик ташаббуслари камайиб боришини айтиб ўтишди. Умид қиламизки, бу нарса камайиб қолса керак.
Би-би-си: Агар, Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти ҳисоб-китобларига таянилса, Россияда тахминан 5 миллион ишчи кучи етишмайди ва мазкур вазиятни тубдан яхшилаш истиқболлари ҳам йўқ. Экспертларга кўра, Украина уруш ва худди шу манзарада ҳарбий ва фуқаровий саноат ўртасида кескинлашган рақобат Россияда хорижий ишчи кучи муаммосини янада оғирлаштирган, яъни уларга бўлган эҳтиёжни кучайтирган. Сизнингча, шундай бир ҳолатда Россия нима учун бу каби қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга бораётган бўлиши мумкин?
Ботиржон Шермуҳаммад: Бунга битта сабаб фақат шу, яъни, биламизки, урушда албатта бир неча минглаб, балким юз минглаб бўлмаса, фарзандлари ҳалок бўлаяпти. Одамларда бундан норозилик бўлади. Бундан ташқари, иқтисодиётга жуда катта таъсири бор, нарх-наво жудаям ошиб кетган. Мана, рублнинг қадрсизланиши....Булар ҳаммаси иқтисодиётга таъсир қилаяпти ва бу нарса ўз-ўзидан маҳаллий аҳолининг норозилигига олиб келади. Шундан чалғитишнинг энг асосий йўли, яъни, нима дейди, муаммосиз йўли ҳеч қандай ҳимоячиси бўлмаган, ҳеч қандай лоббистга эга бўлмаган меҳнат муҳожирларини ёмонлаш, уларга қарши фикрлаш кампанияси. Шу йўл билан маҳаллий аҳолини чалғитаяпти ва улар ҳам бунга жуда хайрихоҳ, яъни муҳожирлардан зериккан, чарчаган, мигрантларни кўришни хоҳламайди. Ва кўп ҳолатларда бу ҳаракатлар бўрттириб юборилганини ўзлари ҳам сезишаяпти. Мана шу ҳолат. Бошқа бир сабаб йўқ. Яъни, энг асосийси уруш, уруш оқибатидаги иқтисодий муаммолар ва улардан чалғитишга бўлган ҳаракат. Бундан бошқа бирор бир мантиқий, иқтисодга тўғри келадиган бир асос йўқ. Чунки иқтисодиёт, сиз айтиб ўтгандек, жуда катта сондаги муҳожирларни талаб қилаяпти, муҳожирларсиз буни ёпишнинг иложи йўқ. Бу нарса секин-аста камайиб борса керак, лекин охирги пайтларда шунга ўрганиб қолинди ва ўзи уруш шундай нарса эканки, бориб, бориб, ҳар қандай жамиятда мана шу шафқатсизликни, ксенофобияни олиб келаркан ва бунинг мантиқий натижаси бўлаяпти. Афсуски, ҳозирги кунда муҳожирларнинг ҳуқуқларини қисқартирган, камайтирган, уларнинг ҳуқуқларини топтаган ҳукумат эртага бориб, бориб, Россия фуқароларининг ҳам маҳаллий аҳолининг ҳуқуқларини ҳам худди шундай топташни бошлайди ва шунга олиб келади.
Би-би-си: Россиядаги четдан келиб ишлаётган меҳнат муҳожирларининг катта қисмини айнан уч Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этиши айтилади. Уларнинг орасида Россияда оила бўлиб ишлаётганлари ҳам оз эмас. Крокусдаги қонли ҳужум ортидан, Россия кўраётган устма-уст аксилмиграцион чора-тадбирлар Марказий осиёлик мигрантларни шундоқ ҳам оғир аҳволда қолдирган, минтақа давлатлари пойтахтларида уларнинг ёппасига ортга қайтишига оид хавотирлар ҳануз аримаган. Шундай бир вазиятда мигрантлар болаларининг таълим олиши билан боғлиқ Россия Давлат Думасида кўриб чиқилаётган янги қонун лойиҳаси, сизнингча, Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини қандай танлов қаршисида қолдиради? Уларнинг ёппасига ортга қайтишлари эҳтимолини қанчалик кучайтиради? Хавотирланишга қанчалик асос бор?
Ботиржон Шермуҳаммад: Энди, ўрта таълим мактабларига болаларни олишда мураккабликлар туғдирилиши, аслида, жудаям бир катта таъсир қилмайди, деб ўйлайман. Чунки, тўғри, Марказий Осиёдан оила бўлиб келаётган муҳожирлар кўп, кам эмас. Лекин улар салмоқли миқдорда кўп ҳам эмас. Яъни кўпчилик, одатда, ўзи боради ишлагани, яъни, оиласиз, бошқасиз. Лекин мана шу айнан Россия жамиятига интеграция қилмоқчи бўлган, рус тилини ўрганмоқчи бўлган, анча-мунча масъулиятли, қонунларни ҳурмат қиладиган муҳожирларнинг бир бўлаги айнан оиласи билан келганлар. Ва мана шу нарса, яъни муҳожирларнинг фарзандларини таълимдан, таълим ҳуқуқидан чеклаш айнан Россиянинг ўзига қарши ишлайди. Чунки мана шу таълим интеграциянинг энг катта, энг осон, энг енгил калити. Биз кўп кўрганмиз, муҳожирларнинг фарзандлари мактабга бориб, рус тилини яхши ўрганиб, (ёш болалар тез ўрганади рус тилини), ота-оналарига ҳам таъсир қилади. Бу нарса эса, оиланинг жамиятга интеграция бўлишига олиб келади. Менинг фикримча, бу жудаям катта таъсир қилмайди. Чунки, бошқа томондан, муҳожирларнинг энг катта муаммоси мана шу рублнинг қадрсизланиши. Муҳожирларнинг қайтиб келишига энг катта таъсир қилиши мумкин бўлган сабаб, агар рубль долларга нисбатан кескин қадрсизланиб кетса, мана шу нарса уларнинг даромадларига тўғридан-тўғри таъсир қилади ва ўз-ўзидан Россияда ишлаш олдингидек жозибадор бўлмай қолади, муҳожирлар бошқа давлатларга боришнинг йўлларини излаб қолади. Асосий нарса шу бўлади.
Би-би-си: Россиянинг миграцион сиёсатини кескинлаштиришга қаратилган устма-уст чора-тадбирлари манзарасида Россияда меҳнат қилаётган фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кечаётган йилда томонлар ўртасида ҳатто президентлар даражасидаги муҳокама мавзусига айланган масала экани кўрилади. Биргина Ўзбекистон мисолида олинганида эса, Ўзбекистон ва Россия расман иттифоқчи давлатлар саналишади. Шундай экан, мигрантлар болаларининг таълими билан боғлиқ Россия Давлат Думасида кўриб чиқилаётган янги қонун лойиҳаси бўладими ёки бошқа, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари уларнинг қаршисида нима қила олишади?
Ботиржон Шермуҳаммад: Энди ўзи аслида халқаро ҳуқуқда, яъни бирор бир давлат ўзга бир давлатнинг фуқароларига нисбатан қандайдир чора кўрса, бошқа давлат ҳам худди шундай чора кўриш ҳуқуқига эга. Яъни, худди шунақанги бир принципда амалга оширилади. Аслида ўзи аллақачон Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Россия уларнинг фуқароларига қарши қандай чора кўраётган бўлса, улар ҳам Россия фуқароларига нисбатан худди шундай чора кўришни бошлашлари керак. Ана ўшандагина Россия ҳукумати тушуниб етадики, яъни бу Марказий Осиё мамлакатлари ҳам мустақил, суверен, ўзининг сиёсатини юритаётган давлатлар экан ва биз улар фуқароларининг ҳуқуқларини чекласак, демак, бизнинг фуқароларимизникини ҳам чеклашлари мумкин, деган нарсага келади. Шу нарса амалга оширилганидагина, мана шунақа нарсалар бўларди. Шунақа қилишлари мумкин, холос. Яъни, бошқа ҳолатда Марказий Осиё мамлакатларининг қандайдир бошқа бир ричаглари, уларга таъсир ўтказиш воситалари чекланган, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳукуматлар ҳозирги кунгача ҳар қандай мана шунақанги чораларга ҳам сукут сақлаб, иложи борича мана шу, дейлик, очиқчасига эмас, ўзаро музокараларда муҳокама қилишиб, уни оммага айтмасликка ҳаракат қилишаяпти. Лекин ўзаро музокаралар олиб борилаётгани бор нарса, яъни ўша оммага айтилмаган музокаралар бўлаётгани бор нарса. Афсуски, бу нарса хоҳланган ўша натижага олиб келмаяпти. Яъни, Россия мана шу давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилмаяпти, мана шу иттифоқчиликка, стратегик ҳамкорликка мос бўлган муносабат билдирмаяпти.
Би-би-си: Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан танилган асли россиялик айрим таниқли фаолларга кўра, қонунчиликдаги янги тузатишлардан мақсад фарзандлари воситасида мигрантлар йўлида қўшимча тўсиқлар яратиш бўлса, бу улар кутган натижани бермайди.
Уларнинг айтишларича, "бу камситувчи қонун Россиядаги муҳожирлар сонига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Аммо Россияга қарши кайфиятлар ва исломий экстремизм таъсирининг кучайишига яхшигина хизмат қилиши тайин".
Бошқа томондан, воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина уруши фонида Марказий Осиёда геосиёсий танглик кучайган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Миграция масаласи ҳам аксарият экспертлар томонидан аксарият минтақа давлатларига босим ўтказиб келишида Кремль қўлидаги энг имконли ва самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўрилади.
Воқеаларнинг мигрантлар билан боғлиқ сўнгги ривожи фонида Москванинг хорижликларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, урушга кетса, тез ва осон Россия паспортини беришга тайёр экани омили ҳам аксарият таҳлилчиларнинг эътиборларидан четда қолмаган воқеъликка айланган.












