Ўзбекистон Россияга қарши нима қила олади ёки Москванинг қўлида янги “фишка” пайдо бўлдими? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Putin va Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Россия томони янги "ҳийласи"дан мамнун...

Алоқадор мавзулар:

Нима бўлди?

Путин ва меҳмонлари

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Украина уруши фонида Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликнинг қанчалик кучайиб бораётгани четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, бугун халқаро аҳамиятга молик воқеъликка айланган.

Россия томонининг янги баёноти яна Марказий Осиёда эътибор топди.

Сўнгги ҳафталарда қатор етакчи минтақавий нашрларда сарлавҳаларга чиқди, турли талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлди.

Марказий осиёликлар орасида яна қўрқув ва хавотирларни пайдо қилди.

Россия ўзидаги Марказий осиёлик мигрантларни камайтиришнинг янги, ўзгача йўлини топдими?

Россия Тергов қўмитаси раисининг яқинда қилган баёнотига таянилса, худди шундай.

Александр Бастрикиннинг сўзларидан англашилишича, бу масалада энди ўзларига Украина уруши қўл келмоқда.

Расмийга кўра, Марказий осиёлик мигрантларни урушга юбориш уларни аста-секинлик билан Россияни тарк этишларига олиб келмоқда.

Россия Тергов қўмитаси раиси буни расман ва ошкора "фишка", деб ҳам атади.

Александр Бастрикиннинг худди шу баёнотига ўзининг эътиборини қаратган "Мемориал" эса, у назарда тутаётган жараённинг кўлами янада катта эканини айтиб чиқди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказига кўра, бу нафақат Россия фуқаролигини олганлар, балки хорижликларга ҳам тегишли.

Марказ фаолларининг айтишларича, ҳарбий шартнома тузиш таклифи билан мигрантларга қарши оммавий рейдлар айнан "Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида"ги қатор қонунларга ўзгартиришлар қабул қилиниши билан бир вақтда бошланган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, ўз ўрнида, бу хусусда "Миграция и право" тармоғи ҳуқуқшуносларининг фикрларини ҳам илова қилишган.

Агар, уларнинг фикрларига таянилса, қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар "мигрантлар ва Россия фуқаролигини олган чет элликларни Россия Қуролли кучлари сафига мажбурий ёллаш кўламини ошириш"га қаратилган.

"Иккинчи сафарбарлик тўлқинини амалга оширмаслик учун Украина фронтини "туб" руслар ўрнига улар билан тўлдиришни мақсад қилган".

Россияда ўтган йил октябрида кучга кирган "Армияни обрўсизлантириш учун фуқароликни тугатиш тўғрисида"ги қонуннинг ҳам туғилиш орқали фуқароликни олганларга тааллуқли эмаслиги айтилган.

Фаоллар "Армияни обрўсизлантириш" унда хизмат қилишдан қочишни англатиши мумкинлигидан ҳам хавотирда.

"Мемориал" маркази Украина Мудофаа вазирлиги ва Украина Бош разведка бошқармаси маълумотларига асосланган украиналик журналистларнинг рақамларига таяниб ёзишича, "Россия Мудофаа вазирлиги ўтган йилнинг ўзида шу тарзда 15 мингга яқин чет элликни урушга жалб қилган бўлиши мумкин. Ва бу Бастрикин эълон қилган рақамдан учдан бир баравар кўп".

Худди шу манзарада Александр Бастрикиннинг сўзларини талқин этаркан, айрим нашрлар буни "Россия миграция сиёсатининг фишкаси" сифатида тилга олишган.

Улар мигрантларга қарши рейдлар Россия учун бирваракайига икки хил мақсадга хизмат қилаётгани, бу ноқонуний миграцияга қарши кураш баробарида Украина урушига одам ёллашга ҳам қўл келаётгани ҳақида ёзишган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Москванинг Крокуcидаги ҳужум сабаб, Россия сўнгги ойларда ўзининг аксилмиграцион сиёсатини янада кескинлаштирган бир пайтга тўғри келган.

Худди шу ҳужумдан кейин Марказий осиёлик мигрантларга қарши янада кучайган рейдлар ва текшир-текширлар ҳатто аксарият минтақа давлатлари пойтахтларида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларининг оммавий ёки ёппасига ортга қайтишларига оид жиддий хавотир ҳамда ташвишларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Россия ва миграция

Migrantlar
Сурат тагсўзи, Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

Россия Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларининг катта сондаги аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий осиёликларнинг сони ҳозир ҳам миллионларга нисбат берилади, улардан кўпчилиги Ўзбекистон фуқаролари ҳисобига тўғри келади.

Айнан мигрантларга қарши кучайиб бораётган рейдлар ва Россиянинг энди турли ваъдалар билан уларни ҳам Украина урушига ёллаш ҳаракатида эканига оид хабарлар сўнгги пайтларда аксарият минтақа давлатлари ҳукуматлари, фуқаролари ва Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган фаолларнинг жиддий хавотирларига молик масала экани кўрилади.

Худди шу манзарада миграция хизмати ва ҳарбий полиция ходимлари иштирокидаги мигрантларга қарши қўшма рейдларнинг ресторан, қаҳвахона, бозорлар, қурилиш сатҳлари қолиб, ҳатто масжидларга қадар ўтказилаётгани алоҳида эътиборга молик воқеъликка айланган.

Россиядан олинган хабарларда мигрантларни урушга ёллаш ҳаракатларининг эса, биргина қамоқхоналар, ҳибсхоналар, миграция марказлари билан чекланмай, ҳатто жамоат транспортларигача кўчгани айтилган.

Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

"Фишка"

Rossiya Tergov qo'mitasi raisi

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL/TASS

Сурат тагсўзи, Агар, Александр Бастрикин келтириб ўтган рақамларга таянилса, мигрантларга қарши рейдлар чоғида Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий ҳисобда турмаган 30 мингдан ортиқ хорижлик аниқланган.

Россия Тергов қўмитаси раиси янги "фишка"лари қандай ишлаётгани ҳақида ўтган ой Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро юридик форум чоғида гапирган.

Александр Бастрикин янги "ҳийла"ларининг нимадан иборат экани тафсилотларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Унинг айтишича, Россия Конституцияси ва қонунларидаги фуқароликни олган шахслар ҳарбий рўйхатдан ўтиши, лозим бўлса, махсус ҳарбий операцияда қатнашиши кераклиги тўғрисидаги бандларни ҳаётга татбиқ қилишни бошлашган.

Агар, Александр Бастрикин келтириб ўтган рақамларга таянилса, мигрантларга қарши рейдлар чоғида Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий ҳисобда турмаган 30 мингдан ортиқ хорижлик аниқланган.

Россия Тергов қўмитаси раисининг маълум қилишича, улардан "ўн мингга яқини аллақачон Украинага, урушга жўнатиб юборилган".

Шундай деркан, Александр Бастрикин бу одамлардан аниқ қанчасининг асли Марказий Осиёдан эканликларини очиқламаган.

Аммо ўтган йили эълон қилинган расмий рақамлар Тожикистон мисолида Россия фуқаролигини олаётганлар рўйхатида Марказий осиёликлар пешқадамлик қилишларига далолат қилганди.

Яна бир нишонми?

migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, novayagazeta.eu суҳбатлашишга муваффақ бўлган фаолларнинг айтишларича эса, ўтган йил октябрида "Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида"ни қонунга киритилган тузатишлар аксилмиграцион сиёсатнинг кучайтирилиши билан бирга Россия Армиясига ёллашнинг яна бир самарали усулига айланган.

Россия Тергов қўмитаси раисининг Санкт-Петербургдаги сўнгги баёноти фонида novayagazeta.eu мустақил нашри ўзининг эътиборини масаланинг аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ва улар фуқароларининг жиддий хавотирларига молик бошқа жиҳатига ҳам қаратган.

Мазкур нашрнинг ёзишича, мигрантларга қарши рейдлар чоғида мамлакатда бўлиш тартибини бузган (виза муддати тугаган, регистрацияси йўқ, патентини узайтирмаган ва ҳоказо) хорижликлар - меҳнат муҳожирлари Россиянинг янги фуқароларидан ҳам кўра кўпроқ урушга ёлланишга мажбурланган.

Агар, мазкур нашр баробарида, "Мемориал" ҳам келтириб ўтган рақамларга таянилса, жорий йилнинг биринчи чорагида "махсус муассасаларда сақланаётган, маъмурий тартибда чиқариб юбориш, депортация қилиш ёки қайта қабул қилинишга мажбур хорижий фуқаролар сони икки баробарига ортган, 3426 тадан 6881 тага етган".

Аммо, шундай деркан, икковлон ҳам уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритишмаган, яъни уларнинг хабарларидан бу каби муассасаларда сақланаётганлар аниқ қанчасининг Марказий осиёликлар ҳисобига тўғри келиши ҳам ноаён қолган.

novayagazeta.eu суҳбатлашишга муваффақ бўлган фаолларнинг айтишларича эса, ўтган йил октябрида "Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида"ни қонунга киритилган тузатишлар аксилмиграцион сиёсатнинг кучайтирилиши билан бирга Россия Армиясига ёллашнинг яна бир самарали усулига айланган.

Уларга кўра, худди шу пайтдан бошлаб, Россияда бўлиш тартибини бузган мигрантларни аниқлашга қаратилган рейдлар қайта кучайган, судлар эса, қонунбузарларни мамлакатдан чиқариб юбориш ва хорижликларни вақтинча сақлаш муассасаларига жойлаштириш бўйича яна фаол қарорлар қабул қилишга ўтишган.

Маълум бўлишича, шу каби рейдлар чоғида ўтган ой ҳатто Москвада илк бор "Сфера" давлат автоматлаштирилган видеотаҳлил тизими кенг миқёсда қўлланилган. Москва метрополитенида ўрнатилган бу тизимнинг юзни таниш функциясига эга ақлли видеокамералар тармоғидан иборат экани айтилган.

Украина уруши фонида "Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга киритилган сўнгги янгиланишлар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган тақдирларида, собиқ Совет давлатлари фуқароларининг Россия фуқаролигини олишларини осонлаштиради.

Янада кучайган рейдлар...

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари Москвадаги қонли ҳужумни бирдек кескин қоралаб чиқишган.

Шу йил март ойида Москвадаги "Крокус Сити Ҳолл" концерт залида уюштирилган, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ва унга алоқадорликда фақат Марказий осиёлик мигрантлар айбланиб, гумон қилинаётган қонли ҳужум ортидан эса, Россия ўзининг антимиграцион сиёсатини янада кучайтирган.

Текширувларнинг фаоллашгани ва қаттиқлашгани баробарида Марказий Осиё фуқароларининг Россияга киритилмаётгани, ҳатто, қоидабузарлари қолиб, мамлакатда қонуний мавқеъда бўлганларининг ҳам мажбуран ортга депортация қилинаётганига оид хабарларнинг сони ортган ва улар ҳануз келишдан тинмаган.

Россияга киритилмаётган ўзбекистонликлар кўламини назарда тутаркан, ўшанда россиялик айрим таниқли фаолларнинг ўзлари ҳам бунақаси мамлакат тарихида кузатилмаганини эътироф этишгача боришган.

Markaziy Osiyo davlatlari prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё давлатлари ҳозир ҳам Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг муҳим стратегик шерик, иттифоқчи, савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан саналишади.

Россиянинг саноқли ҳафталарнинг ўзида бу қадар қаттиқлашган сиёсати аксарият минтақа давлатларида жиддий хавотирларга сабаб бўлган, бу мигрантларнинг ёппасига ортга қайтишларига оид қўрқувларгача пайдо қилган.

Мавзу томонлар ўртасида давлат раҳбарлари даражасида устма-уст кун тартибига чиққан, ҳатто бу ҳақдаги расмий хабарларнинг ўзида унинг "нозик" ва "муҳим" масала ўлароқ муҳокама этилгани ошкора айтилган.

Ўшанда ҳам янада кескинлаштирган аксилмиграцион мавқеи, сиёсати Россиянинг Марказий осиёлик мигрантларни Украина урушига имкон қадар фаол жалб этиш истаги билан ҳам изоҳланган.

Воқеалар сўнгги ривожининг Украина урушига сафарбарлик боис, ҳатто Россия қамоқхоналарининг бўшаб бораётганига оид хабарлар манзарасида кузатилаётгани эса, бу каби қарашларни янада мустаҳкамлаган.

Россияга ташқи меҳнат миграцияси, бошқа томондан, Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишида, йилларки, Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлиб келган ва келади.

Россиялик таниқли айрим фаоллар ўзларининг ҳам novayagazeta.eu нашрига айтишларича, бу каби рейдлар билан расмийлар бир томондан, айниқса, Крокусдаги ҳужумдан кейин жамиятнинг талабини қондиришяпти. Бошқа тарафдан, бунга ўхшаш махсус тадбирлар уларга оммавий ҳарбий ёллашга ёрдам беряпти.

"Ўтган куздан бошлаб барча депортация марказларида ёлловчилар очиқча фаолият юритиб, мигрантларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ва Россия фуқаролигини олишни таклиф қилмоқда. Бу эса, депортацияга юз тутишлари ва Россияга киришлари узоқ муддатга тақиқланиши мумкин бўлганлар учун ўта жозибали муқобил танлов бўлиши мумкин", - деб айтган ҳуқуқшунос novayagazeta.eu нашрига.

Марказий осиёликлар ва Украина уруши

Putin

Сурат манбаси, kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинадаги урушини тўғридан-тўғри на-да расман қоралашган ва на-да ошкора қўллашган, каттаю кичик минбарларда ўзларининг бу борада нейтрал мавқеъда эканликларини намоён этиб келишади.

Сўнгги пайтларда Украинадан минтақага ҳам келаётган тобутларга оид хабарларнинг сони ортган, аммо рақиб кучлар сафларида жанг қилаётган Марказий осиёликларнинг сонларига оид аниқ ва ишончли рақамлар ҳануз имконсизлигича қолаётир.

Россия Украинага очган уруш эса, ҳануз тинмаган ва ўзининг учинчи йилига кириб бормоқда.

Орада ўзбекистонликлари илова Марказий осиёликларнинг Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларига ишлаш учун юборилишаётгани ва келишаётганига оид хабарларнинг сони ҳам ортган.

Ўзбекистонда ҳам фуқароларининг чет давлатда урушда қатнашиши, мамлакат қонунчилигига мувофиқ, жиноят саналади.

Украинадаги уруш ва Россиянинг Марказий осиёлик мигрантларни ҳам унга ёллаш ҳаракатига тушганига оид хабарлар манзарасида Ўзбекистон ҳам аксарият минтақа давлатлари ҳукуматлари каби ўз фуқароларига бу каби эслатма билан бир эмас, бир неча бор чиққан.

Ўзбекистонликларни ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик баробарида Украинадаги уруш зоналарига ишлаш учун ҳам бормасликка чақирган.

Лекин расмий Тошкентнинг бу хусусда Россия томонига расман ошкора эътироз билан чиққани ҳалича кўрилмайди.

Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинадаги урушини тўғридан-тўғри на-да расман қоралашган ва на-да ошкора қўллашган, каттаю кичик минбарларда ўзларининг бу борада нейтрал мавқеъда эканликларини намоён этиб келишади.

Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишлари, Украинага инсонпарвалик кўмаги юборишлари, бу масаланинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдори эканликларини бир эмас, бир неча бор таъкидлашган.

Қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда эса, ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини баён қилишган.

Аммо миллий манфаатлари, деркан, уларнинг айнан нимани кўзда тутганликлари ноаён қолган, бунинг тафсилотларига расман ойдинлик киритишмаган.

Россия Украина уруши манзарасида ҳам Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий шериги, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан биттаси бўлади.

Постсовет маконидаги энг яқин иттифоқчиси ва стратегик шериги ҳам саналади.

Россиядаги ташқи меҳнат миграцияси аҳолиси минтақада энг йириги (расман 37 миллионга яқин - таҳр.) бўлган, улардан аксарияти ишсизлик ва камбағаллик ҳануз анчайин долзарблигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи, иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ва ташқи меҳнат бозорларини ҳалича тўлиқ турфалаштиришга улгурмаган Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган муҳим молиявий манбалардан бири бўлади, Ўзбек ҳукумати учун камбағаллик ва ишсизлик муаммосининг амалий ечими, ижтимоий портлаш хавфини юмшатувчи муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.

Путин эса, шу йил май ойида пойтахт Тошкентга амалга оширган ва Ўзбекистонда Россиянинг кичик бўлса-да, минтақада биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станциясини шу ёздаёқ қуриш масаласи келишиб олинган давлат ташрифи чоғида ўзбекистонлик мигрантларни муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлашга расман ва ошкора ваъда ҳам берганди.

Россиянинг мигрантларга қарши рейдларини нега кучайтираётгани ва бундан нималарни кўзлаётганига оид айни мазмундаги хабар ва хавотирларга минтақа давлатлари ҳукуматларининг муносабатлари ҳозирча имконсиз.

Аммо президентининг расмий ва ошкора ваъдасидан кейин ҳам Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киришдаги қийинчиликлардан шикоятлари кўпайгани, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳатто бу хусусда Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилганига оид расмий хабарлар олинган.

Буларнинг барчаси нима дегани?

Iqtibos

Ботиржон Шермуҳаммад

Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари

Албатта, Россияда, агар давлат хоҳласа, махсус хизматлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳар қандай фуқарони мажбурлашга ҳам, шунақа бир шароит яратишга ҳам имконияти бор, дейди Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда сўнгги хабарларга ўзининг муносабатини билдираркан Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммад.

Унга кўра, Марказий Осиё ҳукуматлари бу нарсага албатта эътибор қаратишлари керак:

"Ўтган йили Тошкентда бўлган йиғилишда Ташқи ишлар вазирлигининг вакили айнан мана шу масала бўйича Россия томони билан суҳбатлар, музокаралар бўлганлиги ва улар айнан Ўзбекистон фуқароларини урушга жалб қилмасликка ваъда берганликларини айтиб ўтган эди.

Энди, ваъда берган раҳбарлар бўлиши мумкин, лекин жойларда оддий мана шу полиция ходимига ёки бошқа бир хизматнинг ходимига шу нарса етиб бормаган бўлиши мумкин ва у ерда шунақанги ҳолатлар учраб турибди, албатта.

Ўзи уруш бошлангандан кейиноқ биз ҳаммасини айтиб келганмиз. Яъни, ҳукуматлар бунга биринчи навбатда эътибор бериши керак.

Чунки четда ҳар қандай Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш - Ташқи ишлар вазирлигининг бирламчи вазифаларидан бири. Бу нарсага, албатта, эътибор бериш керак. У озми, кўпми эканига қарамасдан.

Масалан, ҳозир тасаввур қиладиган бўлсак, Россия фуқаросини Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистонда бирор бир шунақанги урушга ёки бир қандайдир ҳаракатларга шу ҳукуматлар жалб қилса, Россия томонидан қанақанги реакция бўлишини ҳаммамиз биламиз.

Яъни, биз битта фуқаромиз бўлса ҳам, албатта, бизнинг ҳукуматларимиз бунга тегишли чоралар кўриши керак, реакция билдириши керак, керак бўлса, протестларини бериши керак.

Ҳозирги кунда очиқ, масалан, Марказий Осиё ҳукуматларининг очиқдан-очиқ бунақанги баёнот берганини ёки Россия ҳукуматидан фуқароларини урушга жалб қилмасликни талаб қилганини кўрганимиз йўқ, афсуски.

Тушунишим бўйича, улар очиқдан-очиқ баёнот қилишмаса ҳам, бу нарса ўзаро музокараларда, ички сўзлашувларида айтиб ўтилади, кўтарилади.

Лекин бўлаётган гаплар, нимагадир, очиқчасига оммавий ахборот воситаларига, жамоатчиликка очиқланмайди.

Биринчи навбатда, фуқароларининг ҳуқуқларини ўзларининг мамлакатларидан ташқарида ҳимоя қилишга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш керак.

Чунки, афсуски, жуда ёмон муносабат. Яъни, бу охирги ўринда қараладиган нарсага айланиб қолган.

Агар, мана шу Марказий Осиё мамлакатлари фаол равишда Россия ёки бошқа давлат ҳукуматларига мана шу муҳожирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича очиқдан-очиқ фаол баёнотлар бериб боришса, ишончим комилки, улар бу нарсага жиддийроқ эътибор беришни бошлайди.

Лекин, афсуски, бу нарса жудаям сустлиги, элчихона томонидан ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам бу нарсаларга бир қаттиқ эътибор берилмаслиги, ҳатто, Ташқи ишлар вазирлигида Миграция масалалари бўйича вазирнинг бирор бир ўринбосари ёки бир йўналишнинг ўзи йўқлиги шунақанги бир аҳволга олиб келаяпти.

Яъни, булар ҳукуматларининг ўзи муносабатини ўзгартириши керак. Муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳукуматнинг четдаги устивор вазифаларидан бирига айланиши керак.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Россия Қозоғистон ва Тожикистон билан бирга Ўзбекистоннинг учта иттифоқчисидан биттаси бўлади

Кейинги масала ана шу музокараларда, биринчи навбатда, мана, Россия билан Ўзбекистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари ҳақида шартнома бор. Яъни, иттифоқчи бўлган, стратегик ҳамкор бўлган давлатнинг фуқароларига нисбатан муносабат бошқаларига нисбатан яхшироқ бўлиши керак ҳар қандай пайтда.

Мана, ўша Туркия билан бўлган муносабатларда ҳам, Россия билан бўлган муносабатларда ҳам бу нарсага урғу бериш керак.

Негадир мана шу нарсага эътибор берилмайди.

Қандай қилиб ўша Ўзбекистон ёки Тожикистон билан стратегик ҳамкорлик бўйича шартнома бўлса-да, буларнинг фуқароларига нисбатан Россияда иккинчи тоифадаги одам сифатида муносабат бўлиши мумкин.

Ахир бу ҳамма давлатлар билан ҳам бунақанги шартномалар йўқ, ҳамма давлатлар билан ҳам муносабатлар бунақанги юқори поғонада эмас.

Албатта фуқароларга бўлган муносабат ҳам мана шу давлатлар, ҳукуматлар ўртасидаги муносабатга ҳамоҳанг бўлиши керак.

Кейинги масала, албатта, кўпроқ ҳаракатни нафақат ўзидан, Ўзбекистондан туриб, балки Россиянинг ўзида ҳам мана шу ваколатхоналар, элчихоналарнинг фаолиятини янада фаоллаштиришга қаратиш керак.

Чунки кўпинча мутасаддиларнинг етишмаслиги, ходимларининг етишмаслиги, уларнинг ишлари тўғри тартибга солинмаганлиги, баъзи бир ўша ахборот-технология воситаларидан тўғри фойдаланмаганлиги сабабли, кўпинча улар миллионлаб ватандошларимизнинг хизматларини вақтида қилишга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улгуришмаяпти, жисмонан улгуришмаяпти.

Бу бўйича биз бир қанча таклифлар берганмиз, биттаси мана шу ягона Call Centre ташкил қилиб, у ерда мана шу ватандошларимизни хизматларини қилиш бўйича айтилган.

Бу, мана, апрелда чиққан Ўзбекистон президентининг Миграция бўйича фармонида ҳам назарда тутилган. Сентябрда ўша ягона Call Centre ишга тушиши керак.

Шунга ўхшаган ишларни кўпроқ қилиш керак умуман олганда".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002