Ўзбек мигрантида яхши маошли иш имкониятлари кенгаймоқда - фақат Россияда эмас

migrant

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Россияда 2010-2015 йилларда 2 миллион атрофида ўзбекистонлик мигрант бўлган бўлса, ҳозирги вақтда мавсумга қараб, бу рақам 1 — 1,5 миллионни ташкил этаётгани айтилади.

Бугун ўзбек меҳнат мигранти аввал қарийб нотаниш бўлган Буюк Британия, Германия, Литва, Полша, Болгария, Руминия каби давлатларга ишлашга кетмоқда. Тарихий меҳнат миграцияси манзили бўлмиш Россиядан эса пул ўтказмалари миқдори тушиб бормоқда.

Россия ва Қозоғистон каби яқин давлатлар бугун ўзбек меҳнат мигранти бораётган асосий манзиллигича қолаётган бўлсада, очиқ маълумотлар ташқи меҳнат миграцияси географияси кенгаяётганини кўрсатмоқда.

Масалан, 2023 йилда Россиядан келаётган пул ўтказмалари улуши 87 фоиздан 78 фоизга камайган, Россияда миграция ҳисобига қўйилган ўзбекистонликлар сони ҳам 2,9 миллиондан 1,7 миллионга қисқариб кетган.

Бир вақтнинг ўзида, бошқа давлатларга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар сони, ҳозирча миқдоран кам бўлсада, секин-аста ошиб бормоқда, мамлакатлар рўйхати ҳам кенгаймоқда.

Бугун ўзбек мигранти қайси давлатларга қандай ишларда ишлаш учун бормоқда?

Мазкур мақоламизда шу масалага назар ташлаймиз.

Йилига 700 минг

Ҳар йили Ўзбекистон ички меҳнат бозорида ўртача 700 минг нафар янги ишчи кучи пайдо бўлиши айтилади.

Бундай йирик суръат мамлакат ҳукуматига янги иш ўринлари яратишга улгуришда босимни юзага келтиради.

Айнан, иш ўринлари етарли эмаслиги ва маошлар пастлиги туфайли ҳам миллионлаб ўзбекистонликлар хорижда иш топишга одатланиб қолган.

Шу сабаб меҳнат мигрантлари мамлакатда қолаётган аҳолининг катта қисмининг боқувчисига айланган - масалан, 2018−2023 йилларда жами аҳоли даромадларининг қарийб 16 фоизи меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳисобига тўғри келган, дейди Марказий Банк.

Маълумки, яқин вақтгача ўзбек мигрантининг тарихий манзиллари, асосан, учта бўлган - Россия ҳамда Қозоғистон ва Туркия.

Бироқ, эндиликда, вазият ўзгармоқда, диверсификация суръати ошмоқда.

Мисол учун Россияда 2010-2015 йилларда 2 миллион атрофида ўзбекистонлик мигрант бўлган бўлса, ҳозирги вақтда мавсумга қараб, бу рақам 1 — 1,5 миллионни ташкил этаётгани айтилади.

Бу ҳолатга Россиянинг Украинага босқини, уруш ортидан бошланган иқтисодий беқарорликлар, рубль қадри волатиллиги ва мигрантлар даромадларининг тушиб кетиши, Россия армиясига қўшилишга мажбурлашдан қўрқув ва бошқа омиллар сабаб ўлароқ келтирилади.

Россия бўлмаса, қаерга?

migrant
Сурат тагсўзи, Британия 2022 йилдан буён марказий осиёликларни мавсумий ишларга жалб қилиб келади. Мавсумий ишчилар сони бўйича ўзбекистонликлар бу мамлакатда украинлардан кейин иккинчи ўринда туради.

Вазият қанчалик ўзгараётган бўлмасин, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони ҳамон кўп.

Уларнинг катта қисми қурилиш ёки қишлоқ хўжалигидаги маоши паст ишларда меҳнат қиладилар.

Бир вақтнинг ўзида эса, Ўзбекистон фуқаролари учун аввал қарийб нотаниш бўлган мамлакатларда расмий ишлаш имконияти кенгайиб бормоқда.

Меҳнат миграцияси соҳасида ваколатли ягона давлат ташкилоти бўлмиш Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқ саҳифаларини кузатиб, бугун ўзбекистонликлар аввал расмий йўл билан ишга кетмаган Германия Буюк Британия, Болгария, Литва, Хорватия, Япония, Беларусь, Латвия, Польша бораётганини кўриш мумкин.

Масалан, шу февраль бошида агентлик биргина Германиянинг ўзи ўзбекистонликларга 50 минг бўш иш ўрни таклиф этаётгани, маошлар эса минг евродан бошланишини хабар қилган.

Орадан бир неча кун ўтиб, Жанубий Корея ўзбекистонликларга қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 37 мингдан зиёдроқ иш ўрни таклиф қилаётгани маълум қилинган - ўртача маош $2-2,5 минг.

Бир вақтнинг ўзида, Исроилда Ғазодаги қуролли можаро фонида ишчи кучи тақчиллиги юзага келгани ва бу бўшлиқни Ўзбекистон, Ҳиндистон, Шри-Ланкадан жами 65 минг ишчи жалб қилиш билан тўлдириш режалаштирилаётгани маълум бўлган.

Бугун ўзбек мигранти бораётган яна бир манзил эса - бу Буюк Британия.

2022 йилда Буюк Британия Брексит туфайли бўшаб қолган меҳнат бозорини тўлдириш мақсадида мавсумий ишларга Марказий Осиёдан ишчилар ёллаш дастурини ишга туширган.

Би-би-сига маълум бўлишича, 2023 йилда 38 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар хорижий давлатларда ташкиллаштирилган ва манзилли ишларга жойлаштирилган.

Сўнгги вақтда Жанубий Корея, Буюк Британия, Германия, Литвадан ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун таклифлар кўп.

Давлатлар кесимида ўзбекистонликлар учун бўш иш ўринлари пайдо бўлаётган асосий соҳалар қуйидагича:

Жанубий Корея - ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалаги; Германия - тиббиёт, юк автомобиллари ҳайдовчиси, меҳмонхона хизматчиси, қурилиш; Буюк Британия - мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, тиббиёт; Беларус - текстиль, автомобилсозлик; Литва - юк автомобили ҳайдовчиси, қурилиш, пайвандчилик, омборхона ишлари, тикувчилик; Япония - қурилиш, ва бошқа соҳалар.

Умуман олганда, расмий манбалардан аён бўлишича, бугунги кунда Европа ва Шарқий Осиё давлатларида ўзбекистонликлар фойдаланиши мумкин бўлган 160 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд ва таклиф этилаётган ойлик маошларнинг ўртача миқдори Российдагидан сезиларли юқори.

Имкониятлар нега ошмоқда?

migrant

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Мигрантларни "дангаса" деган ўтмишдошидан фарқли ўлароқ президент Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни "ҳақиқий қаҳрамон" дея аташини билдирган.

Расмий давлат каналлари кузатилса, Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилишга зўр бераётгани, Европа, Шарқий Осиё, ва, ҳатто, Яқин Шарқда ўз фуқаролари учун янги иш имкониятларини қўлга киритиш йўлида тинмай музокаралар олиб бораётгани кўринади.

Меҳнат мигрантлари бориши мумкин манзилларни кўпайтиришга тинмай ҳаракат қилишнинг энг муҳим сабаби - бу миллий иқтисодиётга қўшимча дастак шаклланишини таъминлаш истаги бўлиши мумкин.

Биргина 2022 йилда Ўзбекистонга хориждан $16 миллиарддан зиёдроқ пул ўтказмалари кириб келган ва бу ўша вақтдаги ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 21 фоизини ташкил этган.

2023 йилда пул ўтказмалари миқдори сезиларли камайган бўлсада, мамлакатдаги кўплаб оилалар ҳануз фақат хориждан юборилган пул эвазигагина тирикчилик қилади.

Ҳукуматнинг ўзи ҳам ўзбекистонликларнинг хорижда меҳнат қилишидан манфаатдор эканини бир неча бор намоён қилган, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Меҳнат мигрантларини "дангасалар" дея атаган ўтмишдошидан фарқли ўлароқ президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнида чет элда меҳнат қилаётган ватандошларни "ҳақиқий қаҳрамон" дея билишини маълум қилган.

Мирзиёев, шунингдек, давлат хорижга ишлашга бораётган фуқароларнинг касб ва тил ўрганишини кўпроқ қўллаб-қувватлаши, уларнинг Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга боришлари учун кўмаклашишини ҳам таъкидлаган.

Айрим фаоллар ҳукумат ўзбекистонликларнинг Россия меҳнат бозорига қарамлиги масаласига ниҳоят жиддий эътибор бера бошлаганини олқишлаган ҳам.

150 мингдан 9 минг

migrant

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграцияси йўналишларини рангбаранглаштиришга қанчалик эътибор қаратмасин, ўзбек мигрантини Россиядан бошқа давлатларга юбориш ишлари у қадар силлиқ кечмаётгани кўринади.

Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграцияси йўналишларини рангбаранглаштиришга қанчалик эътибор қаратмасин, ўзбек мигрантини Россиядан бошқа давлатларга юбориш ишлари у қадар силлиқ кечмаётгани кўринади.

Шу йил бошида президент Шавкат Мирзиёев соҳага масъул раҳбарларни танқидга тутган, Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда "катта келишувлар доирасида" 150 мингта ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилганини таъкидлаган.

Шунингдек, у мигрантларни касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги ҳақида гапирган.

"Масалан, ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланмоқда", дея Мирзиёев чиқишидан иқтибос келтирган унинг матбуот хизмати.

Мирзиёев айни йиғилишда ушбу камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифасини қўйган.

Малака ва тил уқуви

Хорижга етарли миқдорда малакали ишчи жўната олмаётганимизнинг асосий сабаби - бу соҳадаги давлат монополияси, дейди Ўзбекистондаги илк хусусий касб-ҳунарга ўқитиш марказларидан бири бўлмиш Dinur Jobs асосчиси Даврон Қўчқоров.

migrant

Қўчқоровнинг сўзлашича, ҳукумат миграция йўналишларини қанчалик диверсификация қилишга ҳаракат қилмасин, ўзбекистонликлар учта асосий сабаб туфайли ҳамон Россия ва Қозоғистонга катта сонда ишлашга бормоқдалар.

"Биринчиси, одамларимиз рус тилини қайсидир даражада биладилар, мавжуд тил муҳитида бемалолроқ ишлай оладилар. Иккинчидан, Россияга ҳам, Қозоғистонга ҳам автобус-машинада осонгина етиб олиш мумкин. Учинчидан, бу давлатларга виза йўқ".

Меҳнат мигрантларини "қора ишчи эмас, балки инвестор" дея кўришини айтадиган соҳа мутахассисининг давом этишича, ўзбек мигрантининг ривожланган давлатлардаги яхши шароитли ва маошли ишга боришига ҳам айнан уч асосий омил тўсқинлик қилмоқда.

"Агар Россия ва Қозоғистон меҳнат бозорига кетаётган оқимни ривожланган давлатларга буриб юборишни мақсад қилган бўлсак, бунда олдимизда учта тўсиқ пайдо бўлади. Биринчиси, виза режими. Иккинчиси, тил ва учинчи энг катта омил - бугун бизнинг касб-ҳунар ўргатувчи марказларимиз Европа талабидаги кадр тайёрлаш салоҳиятига эга эмас", дейди Қўчқоров.

Даврон Қўчқоров тил ва малака омили ўзбекистонликларнинг хорижда арзирли иш топа билишида муҳим роль ўйнаши, аммо мигрантларни ўқитиш соҳаси устидан давлат монополияси ўрнатилгани ва хусусий касб-ҳунар ўргатувчи марказлар расмий ташкилотлар билан тенг рақобат шароитида ишлай олмаётгани туфайли хорижлик иш берувчи талабидаги малакали меҳнат мигрантини тайёрлашнинг имкони бўлмаётганини таъкидлайди.

"Ҳозир ҳокимликлар, Ташқи меҳнат миграция агентлиги каналларини кузатсангиз, чиройли рақамлар, катта-катта маошли ишлар тўғрисида эълонларни кўрасизда. Ваҳоланки, масалан, 50 минг бўш иш ўрни таклиф этган немислар биздан мутахассис сўрамоқда".

"Энди мутахассис деганда, бизнинг ва немисларнинг тушунчамиз фарқ қилади. Мисол учун, бизда ҳамшира тушунчаси умумий бўлса, Германияда бу касб категорияларга бўлинади. Ҳукуматнинг қўлида қисқа вақт ичида Германия талабидаги ҳамшираларни тайёрлай оладиган таълим муассасалари йўқ. Булар яна шу нарсага эътибор бермаяпти. Эртага президентга яна ура-ура қилиб, шунча одам хорижга ишга юборилгани ҳақида рақамлар кўрсатилади, малакасиз ишчиларни олган Германия бўлса, Ўзбекистондан бошқа ишчи кучи чақирмайди".

Қўчқоровнинг фикрича, жаҳон меҳнат бозорида ўзбекистонликларга бўлган талабнинг тушиб кетиши олдини олиш ва фуқароларни юқори маошли иш жойларига юборишни тизимли ташкил этиш учун ҳукумат айнан хусусий касб-ҳунарга ўқитиш марказларини қўллаб-қувватлаши лозим.

"Майли, давлатга қарашли моно-марказлар ҳам ишласин, фақат биз билан очиқ рақобатга киришсин. Давлат иккала томонга ҳам тенг шароит яратсин. Ҳозир бундай механизмлар ишламай ётибди. Бугун ура-ура қиладиган бўлсак, эртага ҳеч ким биздан одам сўрамай қўяди", сўзлайди Қўчқоров.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.