Туркияга бир миллион ишчи етишмаяпти, бу Ўзбекистонга қулай имкониятми?

Сурат манбаси, Reuters
Туркия расмийлари турли соҳаларда бир миллион малакали ишчи етишмаётгани ҳақида хабар қилдилар.
Туркия матбуоти хабар қилишича, шу кеча-кундузда пўлат ва чўян ишлаб чиқариш каби металлургия, оғир саноат соҳаларида, қурилиш, қишлоқ хўжалигида ходим етишмаслиги инқирози юзага келган.
Ҳатто Туркия туризм соҳасига ҳам 100 мингча ишчи етишмаяпти.
Таҳлилларга кўра, Туркия саноат соҳалари ҳамда қурилишда яхши маош тўланади.
Аммо ана шу соҳалар бўйича ихтисослиги бор ёшлар ҳам бундай ишларда ишлашни хуш кўрмаётганлари кузатилмоқда.
Мисол учун, Туркия қурилиш ташкилотида экскваторчи ёки кўтарма кран бошқарувчиси тахминан 120 минг Туркия Лираси(3500 АҚШ доллари) олади.
Металлургия заводидаги қуювчи маоши 2300 долларни ташкил этади.
Малакали ошпаз ёки чўпоннинг ойлик иш ҳақи 1500 долларгача бориши мумкин.
Туркияда минимал иш ҳақи миқдори 17000 Лира ёки $500ни ташкил этади ва шундан келиб чиқиб, қурилиш ёки саноатдаги маош қанчалар юқорилигини англаш мумкин.
Соҳаларда маошлар юқори эканига қарамасдан, ишлаб чиқариш корхоналари малакали ишчиларни жалб этиш муаммоларига рўпара келмоқдалар.
Бу муаммо сабабларини таҳлил этаркан, экспертлар Туркия ижтимоий муаммога дуч келганини айтадилар.
Бу ўзбекона таърифда "ишдан қочган ёшлар"га тўғри келади.
Бу муаммога бугун нафақат Туркия, балки бутун дунё, хусусан, Ўзбекистон ҳам дуч келаётганини қайд этиб ўтиш зарур.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бирор касбни ўрганганига қарамасдан, ёшлар оғир жисмоний меҳнат, катта масъулият ва диққат-эътиборни жамлашни талаб қиладиган мураккаб касбларда ишлашни хоҳламаяптилар.
Мисол учун, Туркияда кўп ёшлар хизмат кўрсатиш соҳаларини афзал кўраяптилар.
Меҳнати ва масъулияти кам кассирлик, сотувчилик, меҳмонхонада эшик оғалик сингари минимал иш ҳақига кўнаяптилар.
Туркия меҳмонхоналар ассоциацияси раҳбари Муберра Эресин айтишича, ҳозир Туркия туризм соҳасида 1,7 миллион киши иш билан таъминланган.
Уларнинг орасида 22000 чет эллик ҳам фаолият юритаяпти.
Шу соҳада ишлайдиган туркияликлар ўзлари учун асосий рақобатчилар ўзбекистонликлар бўлаётганини тан оладилар.
"Чунки улар биздан фарқли ўлароқ, рус ва инглиз тилини биладилар", дейди Истанбул шаҳридаги меҳмонхоналардан бири ходими.
Аммо Муберра Эресин хоним сўзларига кўра, Туркия йилига мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар сонини 100 миллионга етказишни режа қилган, бунинг учун меҳмонхона ва туристларга хизмат кўрсатиш соҳасига 100 минг ходим керак.
Туркия ҳукумати ва бизнес раҳбарлари тақчиллик кузатилаётган соҳаларга хориждан малакали ишчи жалб қилиш йўлларини изламоқдалар.
Одам етишмаётган соҳаларда ишлаш учун келадиганларга Туркияда ишлаш ва вақтинча яшаш тартибларини осонлаштириш йўллари кўриб чиқилаяпти.
Бир неча ишлаб чиқариш корхоналари ва қурилиш ширкатлари чет эллик ходимлари учун уй ва ётоқхона қуришган ва қуришни давом эттираяптилар.
Мавсумий ишчи сифатида афғон ва суриялик чўпонлар чорвачилик соҳасига ишга олинаётгани хабар қилинади.
Тил яқинлиги ва визасиз тартиб туфайли кўплаб ўзбекистонликлар узоқ йиллардан буён Туркияда меҳнат қилиб оилаларига маблағ юбориб туради.
Туркия Миграция ҳаракати идораси расмий маълумотларига кўра, мамлакатда 4,4 миллион хорижлик яшаб меҳнат қилаяпти, уларнинг 70000 и ўзбекистонлик экани айтилади.
Ўзбекистон Бандлик вазирлиги таркибида бўлган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларга хорижда иш топиб беришда кўмаклашиб келади.
Шу йил октябр ойида Ўзбекистон президенти фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди.
Telegram kanalimiz















