Россия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик қилади, ўзбекларни "ит"га тенглаштирган ҳолат бўйича муносабат кутилмоқда

Шавкат Мирзиёев Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусовни қабул қилган

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусовни қабул қилган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия ва Ўзбекистон беш йил ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорга айланди. Фаоллар ўзбекларни итга тенглаштирган москвалик фуқаронинг жавобгарликка тортилишини талаб қилишмоқда.

Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов икки кундан бери Ўзбекистонда. Уни 22 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги Telegram каналининг хабар беришича, вазир Белоусов Шавкат Мирзиёев билан "Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилган".

Бир кун олдин у Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Ҳолмуҳаммадов билан музокаралар олиб боргани хабар қилинганди.

"Шухрат Халмухамедов делегация аъзоларини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Россия ўртасида кўплаб соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади", дейилади Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабарида.

Натижада Россия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерасияси ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди.

Андрей Белоусов Россия ва Ўзбекистон – стратегик ҳамкорлар ва азалий дўстлигини айтган.

У бугунги учрашувга катта маъно беришини таъкидлаган.

Россия Мудофаа вазири Тошкентга келган ҳайъат таркибида ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкорлик масалалари билан шуғулланадиган ташкилот раҳбарлари ҳам келганини айтган.

Ўзбекларни итга ўхшатган шахс жавобгарликка тортиладими?

YouTube даги MYLIMIAUSIA LIETUVA каналидан скриншот

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, YouTube даги MYLIMIAUSIA LIETUVA каналидан скриншот

YouTube даги MYLIMIAUSIA LIETUVA канали 18 январ куни ўзини Россиянинг Москва шаҳридан деб таништирган шахс билан бўлган суҳбатини жойлади.

Унда исми шарифини айтмаган шахс Россияда ишлаб юрган ўзбекларни ит сифатида кўришини айтади.

Суҳбатдан парча ижтимоий тармоқларда айлангач унга кескин муносабатлар билдирилди.

Ўзбекистон Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Ўзбекистон ТИВ ушбу ҳақоратли сўзлар учун муносабат билдириб, орган ходимлари уни жавобгарликка тортиши кераклигини айтиб чиқди.

"Шунда ҳам Ташқи ишлар вазирлигимиз индамай кузатиб, уларга пахта қўйиш билан овора бўладиган бўлса, билмадим, эртага бундан бадтар нарсаларга тенглаштирилади. Эртага итга ўхшаб боғлаб қўяр, шунда ҳам қараб ўтирамизми", деган у.

Кушербаев ушбу шахснинг кимлиги аниқланиб, Ўзбекистонда исталмаган шахслар рўйхатига киритилиши ва Россиянинг Тошкентдаги элчиси ТИВ чақиртирилиб, изоҳ сўраши кераклигини урғулаган.

Facebook/Rasul Kusherbayev
Shunda ham Tashqi ishlar vazirligimiz indamay kuzatib, ularga paxta qo‘yish bilan ovora bo‘ladigan bo‘lsa, bilmadim, ertaga bundan badtar narsalarga tenglashtiriladi.
Rasul Kusherbayev
Ekologiya vaziri maslahatchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Таҳлилчи Ҳамид Содиқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва парламент депутатлари ушбу вазиятга муносабат билдириши кераклигини урғулайди.

"Ўзбекистондаги Россия фавқулодда ва мухтор элчисини чақириб, "бу нима гап" дейиш қийинми?", дейди у.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Турк ижтимоий медиасида туркиялик стендапчи Уммухан Ўзденнинг саҳнада улама киприк тақсам ўзбек фоҳишаларига ўхшаб қоламан, дейиши акс-садо келтириб чиқарганди.

Ижтимоий медиадаги бу шов-шувли постлар ортидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги расмий баёнот билан чиқган.

Унда Уммухан Ўзден томонидан билдирилган салбий фикрлар унинг шахсий қарашлари бўлиб, бу қардош турк халқининг миллатимизга нисбатан муносабатини англатмаслиги ва бу ҳолат икки давлат муносабатларига таъсир ўтказмаслигини билдирилган.

Шунингдек, бу чиқиш эътиборсиз ҳам қолдирилмаслигига урғу берилган.

"Қолаверса, ҳар бир давлат ўз халқининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигидан фойдаланиб, Туркия Республикаси ваколатли идоралари билан У.Ўзденнинг ушбу хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилаётганини маълум қиламиз", деб ёзганди консуллик Телеграмдаги расмий саҳифасида.

Россиялик шахснинг ўзбеклар ҳақида ҳақоратли сўзларига ҳозирча расмий муносабат билдирилмади.

Skip Алоқадор мавзулар: and continue readingАлоқадор мавзулар:

End of Алоқадор мавзулар:

Россия сиёсатчиларининг Ўзбекистон борасида муносабат билдириши одатий ҳол эканлиги айтилади.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Россия Ташқи ишлар Тошкентдаги мактаб болани урган ўқитувчи ишигани муносабат билдирганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 25 сентябр куни департамент бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтганди.

"Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, — деган Захарова.

2023 йилнинг декабрида эса Россиялик сиёсатчи Захар Прилепин Киевда ғалаба парадини ўтказгандан сўнг Ўзбекистон каби собиқ Совет ўлкаларини Россияга қўшиб олиш ва шу ернинг ўзида рус тилини ўргатиш ҳақида гапирганди.

Шундан сўнг Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф" қилиниб, эътироз билдирилганди.