Марказий Осиё 'НАТО'сини тузса бўладими?

Сурат манбаси, Qozog'iston Mudofaa vazirligi
Қозоғистонлик ва ўзбекистонлик экспертлар иштирок этган муҳокамада Марказий Осиё мудофаа иттифоқини барпо этиш чақириғи янгради.
Қозоғистондаги хусусий Exclusive.kz веб нашри Марказий Осиёдаги вазият, минтақа мамлакатларининг ҳарбий салоҳиятига бағишланган баҳс ташкил қилди.
Муҳокамада Қозоғистондаги С5+ Марказий Осиёни ўрганиш маркази директори Қуат Домбай, ҳарбий эксперт Даулет Жумабеков, Ўзбекистондаги "Билим карвони" нодавлат илмий муассасаси эксперти Зокир Усмонов қатнашдилар.
Онлайн мулоқотда таҳлилчилар Россиянинг тарихий жиҳатдан кучли таъсири ва Хитойнинг минтақадаги беш собиқ Совет республикалари билан иқтисодий ва ҳарбий алоқаларининг ортиб бораётгани фонида Марказий Осиё давлатларининг мудофаа қобилиятини муҳокама қилдилар.
Қозоғистон ва Ўзбекистон армияларидаги модернизация жараёни ҳақида фикр билдирган ҳарбий эксперт Даулет Жумабеков шундай деди:
"Биз жойлашган геосиёсий ҳудуд – икки кучли давлат орасида – мувозанатни сақлаш зарурлигини тақозо этади. Фақат бир томонга тўлиқ ён босиш стратегик жиҳатдан нотўғри. Лекин бошқа томонга тўлиқ юз буриш ҳам хато. Қозоғистон учун эса турли мамлакатлар билан муносабатлар ва харидларни кенг қамровда сақлаш муҳим."
"Шу билан бирга, очиқ тан олишимиз керакки, Қозоғистондаги вазият Ўзбекистонникидан фарқ қилади. Биз ҳали ҳам КХШТ (Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти) аъзосимиз – бу ташкилот, менинг фикримча, ўз вазифаларини тўлиқ бажармаяпти. Айниқса, бугунги асосий таҳдид, менимча, шимолдан – яъни биз иттифоқда бўлган давлатдан келмоқда. Шунинг учун стратегик жиҳатдан тўғри қадам – минтақавий мудофаа иттифоқини шакллантириш ва бошқа ташқи сиёсий ўйинчилар билан янги алоқалар ўрнатиш бўлади", деди қозоғистонлик ҳарбий таҳлилчи Даулет Жумабеков.
Марказий Осиё тадқиқотлари маркази (C5+) директори Қуат Домбай эса қуйидагича изоҳ берди:
"Мен Марказий Осиё давлатлари мудофаа соҳасидаги диверсификацияда ҳар хил тезликда ривожланаётганларига қўшиламан. Менимча, бу борада Ўзбекистон Қозоғистондан тезроқ ривожланмоқда. Қозоғистон эса ҳали ҳам Россия қуролларига катта даражада таянади. Бундай шароитда Хитой қуролларига йўналишни ўзгартириш мантиқан тўғри. Биринчидан, логистика ва харажат нуқтаи назаридан Хитой замонавий, бироқ арзон технологияларни таклиф қилади. Иккинчидан, Хитой томони фақат ускуналар эмас, балки технологияларни ҳам ҳамкорларига беришга тайёрлигини кўрсатмоқда."

Сурат манбаси, .
Тошкентнинг Хитойдан бешинчи авлод ҳарбий самолётларини сотиб олиш режаси ҳақида фикр билдирган Жумабеков шундай деди:
"Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга таъсир даражаси бутунлай бошқача. Ўзбекистон анча қулайроқ ҳолатда – у Россия билан тўғридан-тўғри чегарага эга эмас. Қозоғистон эса анча яқин муносабатда: биз нафақат КХШТ, балки Евроосиё Иқтисодий иттифоқи аъзосимиз. Бизда деярли очиқ чегаралар, одамлар ва товарлар эркин ҳаракати мавжуд. Бу эса иқтисодийдан тортиб сиёсийгача бўлган таъсир воситаларининг кенг доирасини яратади. Менимча, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги томонидан Хитой қуролларини оммавий харид қилиш эҳтимоли жуда паст. Бундай қарорлар сиёсий даражада тўхтатилиши мумкин – шунчаки "ҳожат йўқ" дейишади ва масала ёпилади."
Exclusive.kzнинг, "демак бизга минтақавий хавфсизликнинг умумий стратегияси керакми ёки ҳарбий иттифоқ", деган саволига Даулет Жумабеков шундай жавоб қайтарди:
"У ёки бу шаклда бирлашиш чиндан ҳам минтақа манфаатларига тўғри келади, деган фикрга қўшиламан. Бироқ бундай лойиҳанинг реаллиги ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски, мен буни даргумон деб ҳисоблайман".
"Мен Россиянинг Қозоғистонга таъсири катта эканига қўшиламан. Лекин бу таъсир аслидагига қараганда ҳам ҳаддан зиёд кучли деб қабул қилинади. Россия таъсири онгларда ўтирипти, аммо ўтган йилдан бошлаб Хитой Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланди. Ва бу тренд бундан кейин янада кучаяверади. Россия олдингидек геосиёсий давлат эмас. Биз буни Сурия, Жанубий Кавказ мисолида, Қорабоғ атрофидаги вазиятда кўраяпмиз", деди C5+ маркази директори Қуат Домбай.












