Бугун Марказий Осиёнинг бирлашмасдан бошқа иложи қолмадими? Видео

Минтақа президентлари

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз фуқароларининг паспорт эмас, шунчаки кимлик картаси билан чегарани кесиб ўтишлари эҳтимолини кўриб чиқишаётгани хабар бир қарашда икки қўшни ўртасида кечаётган кундалик жараёнларнинг бир қисмидек кўринади. Аммо бу хабар остида Марказий Осиёда бошланган янги воқелик ётади. Минтақа бирлашишга интилмоқда.

Минтақада Россиянинг анъанавий таъсири сақланиб тургани ҳамон таъкидланадиган ва эндиликда Хитой таъсири ҳам ошиб бораётгани айтиладиган ҳозирги шароитда Марказий Осиё давлатлари ўзаро қанчалик бирлаша оладилар, деган савол ҳам ўткир туради.

Алоқадор мавзулар:

Аммо айрим жузъий қадамлар ўз мустақиллигининг илк чорак асрида бир-биридан узоқлашган минтақада давлатлари яқинлашишга интилаётганини кўрсатади. Ва бу ўринда Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташаббуслари ҳамда ўрнига урғу берилмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасидан аллақачон кимлик карталари билан ўтиш мумкин, чегара муаммолари ҳал этилди, сув захираларини баҳам кўриш йўлида ижобий ишоралар берилмоқда ва бу оилага гўё янги аъзолар ҳам келиб қўшилмоқда.

Масалан, сўнгги ойларда Озарбайжон ва Афғонистоннинг ҳам кўпроқ Марказий Осиё билан муносабатларга мойиллик кўрсатаётгани сезилади.

Марказий Осиё қандай бирлашмоқчи? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россиянинг Украинага босқини дунё йирик қудратларининг Марказий Осиёга қизиқишини кучайтирди, минтақа мамлакатларига Россияга халқаро санкцияларни четлаб ўтишида ёрдамлашмаслик, акс ҳолда иккиламчи санкциялари учраши мумкинликлари ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам бўлди.

Минтақадаги қатор хусусий ширкатлар санкцияларга ҳам учради.

Айни пайтда россиялик сиёсатчиларнинг собиқ СССРни қайта тиклаш мазмунидаги империячилик кайфиятидаги баёнотлари Марказий Осиё сиёсатчиларини ҳам ташвишлантирмай қўймаган, айрим таҳлилчилар шу нарсани раҳбарлар бошини қўшишга ундаётган омил сифатида ҳам кўрадилар.

Халқаро эътирофдаги минтақавий бирлашиш

Остона саммити Марказий Осиё раҳбарлари маслаҳат учрашувининг олтинчиси бўлди.

Учрашувда минтақа мамлакатларининг бирлашуви халқаро миқёсда олқишланаётгани айтилди.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев шундай деди:

"Яқинда Бош котиб Антониу Гутерриш жаноблари минтақамиз мамлакатларига ташриф буюриб, Марказий Осиёда жадал яқинлашув ва интеграция жараёнларига юксак баҳо бергани ва қатъий қўллаб-қувватлагани сўзимнинг тасдиғидир".

Охирги беш ойда минтақа сиёсатчиларининг ўзаро мулоқоти фаоллашгани кузатилди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Апрел ойи бошида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида учрашдилар.

Орадан икки ҳафта ўтиб Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи пайти Тожикистон билан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битим имзоланди.

Раҳбарлар Остонадаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити, Қорабоғ Шушасидаги Туркий Давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида ҳам яккама-якка учрашиш имкониятига эга бўлдилар.

Августдаги Остонадаги Марказий Осиё раҳбарлари маслаҳат учрашувида Қозоғистон Президенти Тоқаев минтақа мамлакатлари учун умумий бўлган таҳдидларга қарши бирлашишга чақирди.

Тоқаев сўзларига кўра, минтақа мамлакатларининг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида "узоқ вақтдан буён ечилмай келаётган муаммолар ҳал қилинган, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик таъминланган".

"Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш энг асосий вазифамиз", деди Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё глобал инқироз ва можароларга ҳам боғланганига эътибор қаратди.

"Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик", деди Президент Мирзиёев.

"Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ", деди Президент Мирзиёев.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров минтақавий энергетика, кончилик ва транспортни ривожлантиришдан ҳаммалари манфаатдор эканини урғулади.

У қурилиши бошланган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини мисол сифатида тилга олди.

"Бундай учрашувлар минтақавий ҳамкорликни тобора ривожлантираяпти, олдинги мулоқотлар раҳбарларнинг ўзаро алоқаларни кучайтириш истаги кучли эканини намойиш этди", деди Президент Садир Жапаров.

"Бизнинг асосий мақсадимиз Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва фаровон минтақага айлантириш", деди Қирғизистон президенти.

"Жаҳонда юз бераётган шиддатли ўзгаришларни инобатга олиб Марказий Осиё мамлакатлари келажакка ягона ёндашувни ишлаб чиқишлари муҳим", деди Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон.

Ўзбекистон қўшнилари билан муносабатларини қандай кўриши ҳақида Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов мақола эълон қилди.

"Янги Ўзбекистон" газетасида нашр қилинган "Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги Марказий Осиё" деб сарлавҳаланган мақолада жаноб Комилов минтақа мамлкатларининг яқинлашувига Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсат доктринаси муҳим роль ўйнаганини урғулаган.

"Ушбу Доктринада Ўзбекистон Президенти томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган."Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги"га эришиш энг муҳим мақсад қилиб қўйилди", дейилади мақолада.

"Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбари 2016 йилда Парламентга йўллаган биринчи мурожаатномасида устувор йўналишларни аниқ белгилаб, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашни биринчи ўринга қўйган эди. "Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз", деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев", дейилади мақолада.

"Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлади, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилди. Чегарадаги ўнлаб ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини тиклаб, мамлакатларимиз ўртасида одамларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни ҳақли равишда дўстлик ва яхши қўшничилик кўприги, деб аташ мумкин. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат - фуқаро ID-картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилаётгани бунинг тасдиғидир. Худди шундай лойиҳа Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Остона саммитида Марказий Осиёда миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва "Бир тур - бутун минтақа" тамойили асосида оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишни таклиф қилди", деб ёзди Абдулазиз Комилов.

"Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий-дипломатик, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилар билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёнинг янги форматда янада жипслашиши ва интеграциялашувига замин бўлди", дейилади Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мақоласида.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002