Тарқоқ Марказий Осиё қайта жипслашмоқда - бу Ўзбекистон хизматими?

Президент Мирзиёев ва Президент Жапаров ва Ўзбекистон ва Қирғизистон биринчи хонимлари Хивадаги Ичан-Қалъа мажмуасида

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи мобайнида икки мамлакат ўртасида 16 ҳужжат имзолангани хабар қилинди.

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида Ўзбекистоннинг UzAuto Motors ширкати билан ҳамкорликдаги Tulpar Motors автомобил заводи ишга туширилди.

Икки Президент Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭСи шартномасини тезроқ имзолаш ва қурилишини тезроқ бошлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Алоқадор мавзулар:

Музокаралар чоғи Президент Мирзиёев, Ўзбекистонга кучли ва фаровон қўшни — Қирғизистон керак, деб таъкидлаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Президент Жапаров эса, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши, деб айтган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмий музокаралари ёзнинг айни чилласида, Ўзбекистон деҳқончилиги учун муҳим суғориш мавсуми арафасида, Қирғизистондан келадиган сув ўта муҳим кунларда бўлиб ўтди.

Охирги уч ойда расмий Тошкентнинг қўшнилари билан фаол мулоқоти кузатилди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Апрель ойи бошида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида учрашдилар.

Орадан икки ҳафта ўтиб Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи пайти Тожикистон билан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Раҳбарлар Остонада Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити, Қорабоғда Туркий Давлатлар ташкилоти саммити доирасида яккама-якка учрашиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.

Халқаро сиёсатда Марказий Осиё ҳамон Россиянинг таъсири остидаги, Хитой ҳам ўзининг "Бир белбоғ - бир йўл" улкан лойиҳаси билан алоқаларини мустаҳкамлашни истаётган минтақа деб кўрилади.

Россиянинг Украинага босқини дунёнинг йирик мамлакатларининг минтақага қизиқишини кучайтирган, Марказий Осиё мамлакатларига Россияга халқаро санкцияларидан четлаб ўтишда кўмаклашмаслик, акс ҳолда иккиламчи санкциялари учраши мумкинликлари ҳақидаги огоҳлантиришлар янграган.

Айни пайтда россиялик сиёсатчиларнинг собиқ СССРни қайта тиклаш мазмунидаги империячилик кайфиятидаги баёнотлари Марказий Осиё сиёсатчиларини ҳам ташвишлантирмай қўймаган.

Эски қўшни, янги ришталар

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси
Сурат тагсўзи, Ўзбек-Қирғиз чегарасидан ўтиш сўнгги йиллари анча осонлашгани айтилади.

Мустақилликка эришганидан кейинги даврда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари илимилиқ бўлиб келган.

Чегара бўйлаб яшаган инсонларнинг борди-келди ва савдо-сотиқ қилиши ҳам қийинлашганди.

Хусусан, Қирғизистон ичкарисида қолган Ўзбекистоннинг икки ҳудуди, Сўх ва Шоҳимардонга кириб-чиқиш осон кечмаган.

Аёллар
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида ўзаро қариндошлик ришталари кучли ва борди-келди эркин бўлиши улар учун муҳим.

Ўз пайтида, Қирғизистон минтақадаги энг демократик давлат ва баъзида беқарор мамлакат, дея ном қозонганди.

Марҳум Каримов бошқарувидаги Ўзбекистон эса дунёдаги энг шафқатсиз диктатуралардан бири сифатида ҳам таърифланган.

Аммо 2016 йилдан сўнг муносабатлар ўзгара бошлади.

Расман олганда, ҳозир чегара, сув таъминоти ва ёки Ўзбекистоннинг Шоҳимардон ҳамда Сўх ҳудудларига кириш ва чиқишда муаммолар ҳал этилди.

Ҳатто, минтақада илк бора бу икки қўшни фуқаролари паспортсиз, шунчаки, ички кимлик картаси билан чегаралардан ўтиб-қайтишлари эълон қилинган.

Ўзаро эҳтиёж

Сомсапаз
Сурат тагсўзи, Чегара ҳудудларида кичик тижорат ва савдо имкониятлари катта.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қирғизистондан чорвачилик ва ёқилғи келса, Ўзбекистондан тўқимачилик ва ўғитлар боради.

Шу қаторда, Ўзбекистон учун Қирғизистондан келадиган дарё сувлари ўта муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон учун Қирғизистоннинг бошқа муҳим жиҳати - Хитойга чиқадиган энг қисқа йўл эканлигидир.

Айни дамда, Қирғизистоннинг Жанубий Осиё ва ё Форс Кўрфазига чиқиши учун Ўзбекистоннинг ўрни катта.

Ҳозирда бу икки қўшни ҳудудидан Хитойни Жанубий Осиё билан боғловчи темир йўл қурилиши бошланмоқда.

Бу лойиҳа қандай тўсиқларга дуч келиши ва ёки Хитойнинг таъсирини кучайтириши хавотирлари бир масала.

Лекин айни темир йўл қурилиши Бишкек ва Тошкент учун ҳам ўз жанубий транспорт ва логистика даҳлизларини ранг-баранглаштириш учун муҳимдир.

Туркий Давлатлар ташкилотининг норасмий саммити иштирокчилари

Сурат манбаси, O'zbekiston Prezisenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Туркий Давлатлар ташкилотининг норасмий саммити Қорабоғда бўлиб ўтди. Охирги вақтда Озарбайжоннинг минтақа билан тобора яқинлашуви кузатилаяпти.

Айрим фикрларга кўра, бу темир йўл нафақат ўзбеклар ва қирғизларнинг, балки бутун Марказий Осиё давлатларининг Россия йўлларига қарамлигини қисқартириши ва минтақа геосиёсий мавқеини ошириши мумкин.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан қатор Марказий Осиё мамлакатлари қарийб чорак аср давомида бир-бирларидан узоқлашганини ҳам маҳаллий, ҳам халқаро таҳлилчилик кўп бора эътироф этган.

Охирги йилларда эса, аксинча, улар ўртасида ўзаро жипслашиш ва бир-бирларига яқинлашишга интилиши кузатилаётгани ҳам айтилади.

Хусусан, БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш минтақага келганида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни айнан минтақани бирлаштиришга интилган сиёсатчи, деб таърифлади.

Тўғри, ҳамон Туркманистон каби давлатлар қўшнилари билан ўзаро очилишга шошаётгани йўқ ва борди-келдида виза тизимини ушлаб турибди.

Аммо географий, сиёсий ва ё тарихий жиҳатдан минтақа билан у қадар бирга бўлмаган бошқа давлатлар ҳозир Марказий Осиё оиласи аъзоларига айланаётгандек тасаввурлар ҳам бор.

Масалан, Афғонистон ва Озарбайжон шулар жумласидан.

Сўнгги пайтлари бу икки давлат айни Марказий Осиёдаги давлатлар сафида кўриниш бераётганини ва ўзаро турли қўшма лойиҳаларга бош қўшишаётганини кузатиш мумкин.

Ҳаттоки, Афғонистонда қудрат Толибон қўлига ўтиши ҳам минтақадаги Ўзбекистон ва Қозоғистон каби икки йирик мамлакатнинг Афғонистон билан муносабатларини узмади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002