Янгиликлар: Уч ёвузга қарши кураш, катта бошоғриқ, Марказий Осиё нимадан ранжиган ёки геосиёсий танглик энди сусаядими?

Сурат манбаси, Getty Images
Путин Остонада музокараларини бошлади.
Хитой президенти ҳам аллақачон Қозоғистонда.
Пойтахт Остонада бу икки давлат раҳбарларининг ҳам мулоқотлари режаланган.
Икковлон Қозоғистон пойтахтига бир кунда, кеча, 2 июль куни етиб келишган.
Бу анъанавий иттифоқчи ва "қадрдон дўст"ларнинг сўнгги икки ойча вақтнинг ўзида иккинчи бор юзма-юз кўришишлари бўлади.
Қозоғистон 3-4 июл кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитига мезбонлик қилади.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистонга 'хатар' ортдими, энди фақат Россиянинг айтгани бўладими ёки Путин ниманинг режасида?
- Тошкентдаги гап гаплигича қоладими, Путинга ишонса бўладими ёки Ўзбекистонда қандай танлов бор?
- Янгиликлар: Қозоғистон Россия қилмаган ишни қилди, расмий Москва ҳам жим турмади, Тоқаев 'демарши' ёки Қозоғистоннинг 'суверен ҳуқуқи'
Кун тартиби
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Россия ва Хитой шамсияси остидаги ташкилот саналади.
Путин саммитда иштирок этиш учун Қозоғистонга расмий, Си Цзиньпин эса, давлат ташрифи билан келган.
Остонадаги саммит Россия Украинага очган уруш ўзининг учинчи йилига кириб бораётган, Россия жанг жабҳасида яна фаоллашаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Си Цзиньпин Путинни "қадрдон дўстим", деб атайди, қўшни давлатларга тажовузи учун танқид қилмайди, Ғарбнинг глобал гегемонлигидан бирга шикоят қилади.
Томонлар ўртасида "чексиз дўстлик ва тақиқланган ҳудудларсиз ҳамкорлик" тўғрисидаги баёнот ҳам имзоланган.
Хитой, шу билан бирга, дунёнинг Украина урушига барҳам бериш учун ўзининг тинчлик режаси билан чиққан саноқли давлатларидан ҳам бири.
Аммо яқинда худди шу урушга бағишлаб Украина ташаббуси билан Швейцарияда бўлиб ўтган ва Россия таклиф қилинмаган Тинчлик саммитига бормаган.
Ғарб Украина урушини бас қилиши учун Кремлга босим ўтказишини истаётган ва шунинг баробарида, расмий Пекин изчил равишда рад этса-да, Россияга ҳарбий кўмак бераётганликда айблаётган давлат.
Хитой Америка Қўшма Штатлари билан бирга дунёнинг иккита энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Жаҳоннинг ядровий қуролга эга саноқли давлатларидан бири, Россиянинг анъанавий иттифоқчиси.
Путин бешинчи бор президентлик ваколати ижросига киришиши ортидан ўзининг илк хорижий сафарини амалга оширган давлат.
Хитой жорий пайтда Россия, йилларки, ўзининг сиёсий ва геосиёсий таъсири остида тутиб келишга интилаётган Марказий Осиёда ҳам энг йирик геоиқтисодий қудрат.
Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётган худди ана шу Россиянинг ўрнига энди минтақада ўзининг геосиёсий таъсирини ҳам кучайтириш эҳтимоли юқори бўлган "янги ўйинчи".
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштироки ҳам кутилаётир.
Шу соатларда Ўзбекистон президентининг Қозоғистон пойтахтига етиб боргани ва Остонада экан, хитойлик ҳамкасби билан музокаралар олиб боргани расман хабар берилди.
Покистон Бош вазири билан учрашгани ҳам айтилди.

Сурат манбаси, Reuters
Хавфсизлик масаласи фаолиятидаги энг муҳим йўналишлардан бири саналувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги саммитида Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукумати ҳайъатининг иштирок этиши-этмаслиги ҳозирча маълум эмас.
2021 йилда айнан ҳаракат томонидан қулатилган қонуний ва сайланган ҳукумати даврида Афғонистон мазкур ташкилот қошида кузатувчи мақомида бўлган.
Унинг ўрнига келган Толибон муваққат ҳукумати эса, қарийб уч йилдирки, дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.
Аммо Остонадаги саммит Қозоғистон минтақада биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарган, Россия ҳам шунинг ҳаракатида эканини расман баён қилган ва ҳукуматини тан олиш-олмаслик масаласини шахсан Путиннинг ўзи тилга олганидан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтади.
Расмий Москва Толибон ҳукумати расман тан олган тақдирда, Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзолигини қўллаб-қувватлашини ҳам баён қилган.

Сурат манбаси, kremlin.ru
Саммит
Қозоғистон мезбонлигидаги саммит минтақада геосиёсий танглик бу яқин йилларда кузатилмаган бир даражада кучайган бир пайтда бўлиб ўтади.
Украинага қарши урушида Россиянинг энг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи Беларуснинг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши бу галги саммит билан боғлиқ энг катта янгилик ўлароқ талқин этилаётир.
Бундан аввал Беларусь президенти аъзолари "тенг асосда мулоқот олиб бориши"ни айтиб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини мақтаган.
Александр Лукашенко "Америка гегемонлигидан чарчаган кимики бор, бу ташкилотга ҳурмат билан қараши"ни баён қилганди.
Таҳлилчиларга кўра, Беларуснинг тўлақонли аъзолиги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ғарбга қарши мавқеини янада кучайтирувчи қадам бўлади.
Айрим экспертлар Остонадаги саммит чоғида Россия-Украина можаросига ечим топиш масаласининг ҳам кун тартибида бўлиши эҳтимолини назардан соқит этишмаётир.
Улар ўзларининг бу тахминларини мазкур масаланинг минтақавий ва глобал хавфсизлик учун муҳим экани билан изоҳлашган.
Айни фикрда бўлган таҳлилчиларга кўра, мезбон Қозоғистон тинчликпарварлик ва бетарафлик сиёсатига риоя қилувчи давлат сифатида низолашаётган томонлар ўртасида воситачилик қилиш ва мулоқотни осонлаштиришда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар музокаралар ўтказиш учун платформа таклиф қилиш орқали рақиб томонларга мурожаат қилиш масаласини ҳам кўриб чиқишлари эҳтимоли йўқ эмас.
Россия томонининг Остонадаги саммит билан боғлиқ расмий хабарида эса, бу ҳақда сўз бормайди.
Расмий Кремлнинг маълум қилишича, Россия президенти шу бугуннинг ўзида Мўғулистон раҳбаридан ташқари Хитой, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон президентлари, Покистон Бош вазири ва Эроннинг муваққат лидери билан ҳам учрашиб, мулоқот қилмоқчи.
Хабарларга кўра, Россиянинг анъанавий иттифоқчиси, аммо Хитойнинг минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий рақиби сифатида кўрилувчи Ҳиндистон Бош вазири келмаган, бунинг сабаби мамлакат парламентининг навбатдаги сессияси билан изоҳланган.
Уни саммитда Ташқи ишлар вазири намоён этажаги айтилган.
Россия президентининг Остонадаги саммит теграсида Ўзбекистон президенти билан мулоқот қилиши ёки қилмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо Ўзбекистон Путин ўзининг бешинчи президентлик ваколати ижросига киришиши ортидан Хитой ва Беларусдан кейин ўзининг хорижий ташрифини амалга оширган учинчи давлат бўлган.
Ўзбекистон Россия президентининг шу йил май ойидаги ташрифига "тарихий", деб баҳо берган.

Сурат манбаси, kremlin.ru
Нималар кутилади?
Саммитнинг асосий тадбирлари эртага, 4 июл кунига режаланган.
Олиймақом йиғин иштирокчиларининг жаҳон ҳамжамиятига "хавфсизликнинг янги модели"ни қабул қилиш даъвати билан чиқишлари кутилаётир.
Хабарларга кўра, саммит якунлари бўйича 24 та қўшма ҳужжатлар тўплами, якуний декларация, яхши қўшничилик ва бирдамлик тамойилларига содиқлик тўғрисидаги баёнотнинг имзоланиши кутилмоқда.
Қозоғистон президенти саммит арафасида Хитойнинг "Синьхуа" давлат ахборот агентлигига интервью ҳам берган.
Тоқаев ўз интервьюсида саммитда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг келажаги бўйича стратегик муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилаётганлигини айтган.
Унинг маълум қилишича, "ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади, мавжуд чақириқ ва таҳдидларга адекват ва ўз вақтида жавоб бериш бўйича ташаббуслар ишлаб чиқилади".

Сурат манбаси, Rasmiy
Қозоғистон президенти, шунингдек, саммитнинг якуний қарорларида "Шанхай руҳи"нинг асосий тамойиллари: дўстлик, ўзаро ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш тўлиқ ўзининг ифодасини топиши"ни таъкидлаган.
"Остонадаги саммит иштирокчилари жаҳон ҳамжамиятига самимий ва очиқ глобал мулоқотни бошлаш, хавфсизликнинг янги моделини қабул қилиш, адолатли иқтисодий муҳит яратиш ва сайёрамиз мусаффолигини ҳимоя қилиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақиради", - дея қўшимча қилган у.
Маълум бўлишича, саммит сабаб, биргина пойтахт Остона эмас, Қозоғистоннинг яна қатор шаҳарларида хавфсизлик чоралари жиддий кучайтирилган.
Мамлакатнинг тўртта шаҳрида террорчилик таҳдидининг "сариқ" даражаси жорий этилган.
Қозоғистон кўрган хавфсизлик чоралари ҳам саммит билан боғлиқ энг кўп диққат қаратилган мавзулардан бири бўлаётгани кўрилади.
Ўзбекистон аъзо ШҲТ нега бугун Ғарбни қўрқитмоқда?

Шанхай ҳамкорлиги қандай ташкилот ва нега Ғарб унга шубҳа ҳамда хавотир билан қарайди?
Россия, Хитой, Эрон ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштирган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиллик саммити чоршанба куни Қозоғистонда бошланади.
Ташкилотда рақиблари кўп бўлгани учун Ғарб давлатлари унга шубҳа билан қарайди.
Аммо бу жаҳон саҳнасида қанчалик муҳим?
Алоқадор мавзулар:
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда Хитой, Россия ва Совет Иттифоқи таркибига кирган Марказий Осиёнинг тўрт давлати - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан ташкил этилган.
У 1996 йилда Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида имзоланган "Шанхай бешлиги" деб номланган чегара шартномасидан келиб чиққан.
Хитой таклифига кўра, у минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ҳамда савдо ва хавфсизлик каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ташкилотига айланди.
"Совет Иттифоқи парчаланиши оқибатида тартибсизликлар юзага келиши мумкинлигидан хавотирлар бор эди", дейди Британия Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти ходими Найжел Гулд-Дэвис.
"Бу минтақавий тартибни таъминлаш учун постсовет ҳаракати эди."
Ҳиндистон ва Покистон гуруҳга 2017 йилда, Эрон эса 2023 йилда қўшилган.
Умуман олганда, ШҲТ мамлакатлари дунё аҳолисининг 40% ни ташкил қилади.
Улар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 20 фоизини ишлаб чиқаради ва жаҳон нефть захираларининг 20 фоизига эгалик қилади.
Қозоғистондаги саммитда Афғонистон ва Мўғулистон каби кузатувчи давлатлар ҳамда Туркия ва Саудия Арабистони каби "мулоқот бўйича ҳамкорлар" ҳам қатнашади.
ШҲТ нима қилади?

ШҲТни тузишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири "уч ёвузлик" деб аталган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш эди.
"Бу асосан Хитойнинг Шинжонидаги бўлгинчилик ҳаракатларидан хавотирлар билан боғлиқ эди", дейди Британиянинг Чатам Ҳаус таҳлил марказидан Аннет Бор.
Минтақада асосан уйғурлар, мусулмонлар ва туркий миллат вакиллари истиқомат қилади. Хитой бўлгинчи Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Шинжонга трансчегаравий рейдларини тўхтатиш учун Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Россия Марказий Осиёда фаолият юритаётган "Исломий давлат-Хуросон" (ИД-Х) ва Ҳизб ут-Таҳрир каби жангари гуруҳларнинг ўз ҳудудига ҳужуми олдини олишдан ҳам манфаатдор.
ШҲТ разведка маълумотларини алмашиш ва аксилтеррор операцияларини мувофиқлаштириш орқали ушбу таҳдидларга қарши курашиш учун "Минтақавий аксилтеррор тузилмаси"ни яратди.
"Бироқ терроризмга қарши курашнинг асосий қисми давлатлар ўртасида икки томонлама асосда амалга оширилади", дейди Лондон Қироллик коллежининг уруш тадқиқотлари кафедраси ходими Наташа Курт.
Хитой ҳам ШҲТни Марказий Осиёдаги савдо алоқаларини кенгайтириш учун фойдали восита деб билади, дейди доктор Курт.
Хитой Қозоғистон каби давлатлардан нефть ва табиий газ ола бошлади. Марказий Осиё, шунингдек, Ғарбга олиб борадиган савдо йўлидаги муҳим бўғин бўлиб, "Бир макон ва бир йўл ташаббуси"да муҳим ўрин тутади.
"Хитой экспорти бўйича Россия темир йўлларига қарам эди ва ҳозир у Марказий Осиё орқали Эрондаги денгизгача янги темир йўл тармоғини қурмоқчи", дейди доктор Курт.
ШҲТ ҳам рамзий аҳамиятга эга, дейди доктор Курт.
"Хитой ШҲТдан Ғарб етакчилигидаги дунё тартиботини "тамаддунлараро мулоқот" деб аталган янгича тартибот билан алмаштириш ғоясини илгари суриш учун платформа сифатида фойдаланмоқда", дейди у.
Бироқ, аъзо давлатлар ҳажми ва кучига қарамай, ШҲТ нисбатан самарасиз ташкилотдир, ҳеч қандай тайинли ютуқларга эришмаган, дейди доктор Гулд-Дэвис.
"Уни Ғарбга алоқадор бўлмаган янги йирик ташкилот сифатида олқишлашди, бироқ унинг аъзолари ўртасида ҳамкорлик, ўз имкониятларини баҳам кўриш ва катта мақсадларга эришиш учун етарли ишонч йўқ", дейди у.
Ғарб давлатлари ШҲТнинг жаҳон сиёсатидаги кучидан хавотирда эмас, дейди доктор Гулд-Дэвис. Бироқ, "улар Россия ва Хитой, Россия ва Эрон ўртасида муносабатлар ривожланиб бораётганидан хавотирда".
Кенгайиш ШҲТга қандай таъсир қилди?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон, Покистон ва Эрон ШҲТга қўшилди. Бу ташкилотдаги бирликка таҳдид солади, чунки бир томондан Ҳиндистон ва Покистон, иккинчи томондан Ҳиндистон ва Хитой ўртасида узоқ вақтдан бери давом этаётган чегара муаммолари мавжуд.
"Бу ўзаро адоват саммитларда катта бошоғриққа айланди, - дейди доктор Бор. - Улар ШҲТнинг асл мақсадларини заифлаштириб, ўзларини камроқ овозга эга деб ҳисоблаган Марказий Осиё давлатларини ранжитмоқда".
"ШҲТ ўз аҳамиятини аъзолар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали эмас, балки аъзолар сонини ошириш орқали кўрсатишга ҳаракат қилди", дейди доктор Гулд-Дэвис.
ШҲТ саммити қаерда ўтмоқда ва у ерда нималар муҳокама қилинади?
Икки кунлик саммит Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтади. У ерда Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Циньпин билан учрашиши кутилмоқда.
Саммитда Беларус ШҲТга қабул қилиниши ҳам мумкин.
Бу қисман Россиянинг Украинадаги урушда Беларуснинг ёрдамини тан олиш истаги билан боғлиқ. Бироқ, дейди доктор Курт, Хитой ҳам Беларус билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқчи.
Аммо учрашувда Россияда яқинда содир бўлган теракт муҳим мавзу бўлиши мумкин.
2024 йил март ойида қуролли шахслар Москва чеккасидаги Кросус Сити Ҳоллга ҳужум қилиб, 145 кишини ўлдирган ва 500 дан ортиқ одамни яралаган эди.
Масъулиятни ИД-Х ўз зиммасига олди ва Россия ҳукумати ҳужумда гумонланувчилар Тожикистондан бўлганини айтмоқда.
Доктор Гулд-Дэвис: "Россия эътиборни терроризм мавзусидан бошқа томонга қаратмоқда, чунки унинг асосий эътибори Украинадаги урушда".
"Ҳозир у террорчилар қандай қилиб Тожикистон ҳудудидан ўтиб, Россиянинг юрагига кириб бориши ҳақида ўйлаши керак. Бу ШҲТнинг классик муаммоси, уни ҳал қилиш керак".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














