Тошкентдаги гап гаплигича қоладими, Путинга ишонса бўладими ёки Ўзбекистонда қандай танлов бор? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Аҳвол қанчалик жиддий - бугунги вазиятга яқиндан бир назар.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Россия қўрқитмоқчими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
Эшиклар ёпиладими ёки буёғи нима бўлади?

Фақат Марказий осиёлик мигрантлар айбланган ва гумон қилинган Крокусдаги қонли ҳужум ортидан Россия янги рақамларни эълон қилди.
Расмий маълумот тафсилотларидан сўнгги тўрт ойнинг ўзида Россиядан 20 мингдан зиёд хорижлик чиқариб юборилгани маълум бўлди.
Бунинг ўтган йилнинг худди шу даври билан таққосланганда, қарийб икки баробар кўп экани айтилди.
Россия Ички ишлар вазирлиги ўзининг ҳисоботида уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.
Аммо сўнгги рақамлар шу йилнинг март ойидаги худди шу ҳужум ортидан Россияда Марказий осиёлик мигрантларга қарши босимлар ниҳоятда кучайгани айтилаётган бир пайтга тўғри келди.
Айрим фаолларнинг Россия тарихида "бунақаси бўлмаган"ига оид баҳолари манзарасида расмий Москванинг кескинлашган антимиграцион сиёсати саноқли кунларнинг ўзида ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳам Россиядан ёппасига ортга қайтишларига оид қўрқувларни пайдо қилган, бу каби эҳтимол Ўзбекистонда ҳам президент эътиборига молик масалага айланган.
Шавкат Мирзиёев ўтган ой жорий йилнинг илк чорагидаёқ 100 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг меҳнат миграциясидан ортга қайтгани, шу йил охиригача яна 250-300 минг нафарининг келиши кутилаётганини маълум қилган.
Янгилик ўша соатларнинг ўзидаёқ ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида кўплаб етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортган, ҳатто сарлавҳаларига ҳам чиққан.
Ўзбекистон президентининг устма-уст ўтказаётган видеоселектор йиғилишларидан расмий Тошкентнинг ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш, имкон қадар янги иш ўринлари яратиб, уларни мамлакатнинг ўзида банд қилиш ҳаракатида экани ҳам кўрилган.
Ўзбекистонлик айрим таниқли маҳаллий блогерлар яқинда мамлакатдаги "бозорлар ҳувиллаб қолгани мавзуси трендга чиққани" ҳақида ёзишаркан, айнан Россиядаги баъзи ҳуқуқбонлар бунинг сабабини мигрантлар сони ва улар ортга юбораётган маблағлар "кескин камайиб" бораётгани билан изоҳлашган.
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи фонида Россияга ташқи меҳнат миграцияси ва мигрантлар масаласи Москва, Душанбе ва Тошкентда кетма-кет ҳатто президентлар даражасидаги мулоқотларнинг кун тартибига чиққани кўрилган.
Айни мавзунинг Россия президенти билан музокаралари чоғида "нозик" ва "муҳим" масала сифатида муҳокама қилингани эса, Ўзбекистон бўладими ёки Тожикистон - минтақа давлатлари президентларининг шахсан ўзлари томонидан эътироф этилгани хабар берилган.
Президент Путиннинг ўтган ой Тошкентга қилган давлат ташрифи чоғида шу ёзнинг ўзида Ўзбекистонда қуришни бошлашга келишилган, Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган ва аллақачон мамлакатдаги етакчи зиёлиларнинг жиддий танқид ҳамда хавотирларига сабаб бўлаётган зиддиятли АЭС лойиҳасини ҳам айнан миграция муаммосига боғлаётганларнинг ҳам борликлари кўрилган.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун Россия таҳдиди қаршисида нима қила олади? Подкаст:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Россия, йилларки, Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.
Худди шу боис ҳам, айнан постсовет ҳудудидаги иқтисоди энг йирик ва визасиз Россия мисолида ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим саналади.
Айнан Ўзбекистон энг кўп сондаги фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий Осиё давлати бўлади.
Россия яқин-яқингача миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаросини расман ва норасман иш билан таъминлаган.
Россияга ташқи меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг каттаси бўлган (расман 36 миллиондан зиёд) Ўзбекистонда бугун ҳам нисбатан долзарб экани кўрилувчи ишсизлик ва камбағаллик муаммосининг энг имконли ва энг амалий ечимларидан бири бўлади.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, мамлакатда эҳтимолий ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган муҳим восита вазифасини бажариб келган ва келади.
Ўзбекистон президентининг шу кунларда Бухоро вилоятига қилган ташрифи манзарасида янграган рақамларга таянилса, 2016 йилга қадар Россияда ўртача тўрт ва ҳаттоки олти миллион нафаргача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида банд бўлган.
Бугунга келиб эса, бу рақам бир миллионга тенглашган.
Бу расмий Тошкентнинг янгича миграцион сиёсати, ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш, улар учун мамлакатнинг ўзида янги иш ўринларини яратиш саъй-ҳаракатларининг натижасими ёки коронавирус пандемияси, Украина уруши ёхуд Крокусдаги қонли ҳужум оқибатлари - президент матбуот котибининг маҳаллий телевизион каналлардан бирига берган қисқа суҳбати тафсилотларидан сабаби ноаён қолган.
Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги меҳнат муҳожирлиги назарда тутилганда, ноқонунийси ҳам алоҳида эътиборга молик воқеълик бўлиб келган.
Россиядаги фаоллар уларнинг сонини расмийсидан бир неча баробар кўп, дея тахмин этишган.
Крокусдаги қонли ҳужум ортидан эса, Россияда Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишга қаратилган чақириқларгача янграган.
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи фонида Россиядан кейин ўзбекистонликлар учун йирик ташқи меҳнат бозорлари бўлиб келаётган Қозоғистон ва Туркияда ҳам Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши текширувларнинг кучайганига оид хабарлар олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги постларидан шу кунларда Туркиядан ҳатто қонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонликларни ҳам ортга депортация қилиш ҳолларининг ортиб бораётгани англашилган.
Туркия ҳатто фуқаролари Крокусдаги ҳужумнинг асосий айбланувчилари ва гумондорлари сифатида кўрилаётган Тожикистон мисолида аксар аҳолиси четда меҳнат муҳожирлигида банд бир Марказий Осиё давлати билан виза тартибини бекор қилишгача борган.
Бу ҳам Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатларида кўпчиликнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.
Сўнгги ҳафталарда Москванинг ўзида янграгани бўладими, Душанбе ёки пойтахт Тошкентда - Россия томони ва президентининг мигрантлар масаласидаги некбин ваъдалари ҳам ҳозирча минтақадаги барчани ўзига ишонтира олмаган.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги фуқаролари, йилларки, Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий, геосиёсий, геоиқтисодий босимини ўтказишда расмий Кремль қўлидаги энг унумли воситалардан бири бўлиб келади.
Шундай экан, буёғи нима бўлади? Россия бўладими, Қозоғистон ёки Туркия, ўзбекистонликларнинг бу уч давлатда ишлашлари қанчалик қийинлашган, бу нималарда кўринади? Бунинг натижасида ортга, Ўзбекистонга қайтаман, деяётганларининг сони қанчалик кўп? Бу уч давлат бундан кейин ҳам Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозорилигича қоладими?

Соҳиба Ҳаёт
Migrant.uz мухбири. Россиядаги Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг муаммоларини ёритиш билан шуғулланиб келаётган фаол ҳамда журналист.
Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар учун сўнгги беш йилни осон, деб бўлмайди.
Улар учун ҳамма қийинчиликлар кетма-кет бўлди.
Дейлик, бу нарса пандемия давридан бошланган бўлса, қийинчиликлари бир-бирига уланиб кетди.
Пандемиядаги кризислар, ишсизлик, пулсизлик, ундан кейин Россиянинг Украинага босқини сабаб, рублнинг қадрсизланиши.
Бунинг ортидан, яъни орадан икки йил ўтиб, ўтмай, Крокус трактидан кейин мигрантларнинг таъқиб қилиниши.
Мана шу охирги беш-олти йил мигрантлар учун энг қийинчилик даврларининг юқори чўққисига чиққан даврлари, десак бўлади.
Чунки мигрантлар асосан ишлаш, пул топиш учун Россияда бўлишса, АҚШ долларига нисбатан рубль ўша пандемия давридан бери қадрсизланишда давом этди.
Ҳалигача 90 атрофида ва буни мигрантлар учун у қадар фойдали, деб бўлмайди.
Улар кутган даромаддан тенг ярмига кам. Бу биринчиси.
Иккинчиси бу - уларнинг хавфсизлиги. Дейлик, пандемия даврида мигрантларга қарши бошланган ва кучайган рейдлар уруш даврида янада ортди.
Чунки ҳар бир жойдан мигрантларнинг орасида Россия фуқаролари борлигини аниқлаш баҳонасида тинимсиз рейдлар ўтказилди, ўтказилишда давом этди ва бу рейдлар ҳозир Крокус терактидан кейин жудаям бир ёмон, бироз даҳшатли тус олди. Чунки мигрантлар ҳозир ўзини хавфсиз ҳис қилмай қўйди.
Дейлик, уларнинг ҳужжатлари томонидан босимлар, яъни кўчада тўхтатиб, шахслари, ҳужжатларини текшириш, ҳужжат бермаслик устига уларнинг энди ишлаш имкониятларини ҳам чеклаш бошланди. Дейлик, ҳозир Россиядаги мигрантларни ҳайдовчилик соҳасидагилар ёки курьерлик - шунга ўхшаган соҳаларда бир неча иш ўринлари қисқартирилиб, Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистон, умуман Марказий осиёлик фуқароларни ишга олмайдиган ҳам бўлди.
Бу дегани улар фақат энди чекланган соҳаларда ишлашга мажбур ва ўша доллар курси 90 атрофида ойлик олишга мажбур. Ҳамда яна камига ўша зўравонлик, таъқиб, полициядан қочиб яшаш, мана, яқинда, шу ҳафталардаги янгилик, ҳатто патент бермаслиги ёки ҳужжатлари жойида бўла туриб, уларни олиб кириб, сўроқ қилиниши ҳоллари жудаям кучайиб, таранг вазиятга келиб қолди.
Россияда меҳнат муҳожири бўлиш ҳозир жудаям оғир вазиятда, ҳозир энг мажбурий ҳолатда бўлиб қолди.
Бунинг натижасида ортга қайтиш...
Албатта, бунақа вазиятга ҳар ким ҳам чидаб яшамайди, чидаб ишламайди.
Шунинг учун ҳам ортга қайтиш бошланди.
Ўзимнинг кузтишларим бўйича, мисол учун, миграция бўйича таҳлилчи сифатида ортга қайтишни беш йил олдинги билан таққосланганда, элликка-эллик, деган бўлардим.
Эллик фоиз муҳожирлар, ўзбекистонликлар ортга қайтишни истайди. Қолган 50 фоизи истайди, аммо қайтолмайди.
Чунки уларга иш, пул зарурати ҳамма нарсадан муҳим.
Қайтаётганлар бор, кўп, буни ҳатто Россия ҳам таъкидлаяпти. Мигрантлар сони камайиб бораяпти.
Масалан, яқинда Санкт-Петербургда ҳатто бу рақам янгради. 2024 йил апрел ойидан бери, мисол учун, Питерда иш талабгорлари тожикистонликлардан 60 фоизга камайиб кетган, ўзбекистонликлардан 40 фоизга камайган. Бу дегани мигрантлар камайган, дегани.
Статистикага қарасак, статистика бўйича ҳам мигрантлар камайган. Мен таққослаб чиқдим. Дейлик, 10 йил олдин Россияда 12 миллионга яқин мигрантлар бор эди ва дунёда муҳожирлари сони кўплигидан Россия тўртинчи ўринда турар эди. Аммо камайиш охирги йилларга тўғри келади. Пандемия давридан буёнга тўғри келади асосан.
Мен энди умумий қилиб ўн йилликни таққосладим.
Масалан, ҳозир Россияда 6.5 миллион чет эллик бўлса, шуни, барибир, фоиз ҳисобида оладиган бўлсак, ўзбекистонликлар энг кўп сонли муҳожир бўлганлиги учун бунинг бир ярим миллионга яқини ўзбекистонликлар.
Олдин бу рақам икки миллион атрофида бўларди. Бундан, тахминан, 500 мингга яқин ўзбекистонликлар қайтган, деган фикрга келишимиз мумкин.
Қаранг, бу йил, йил бошидан бери бу статистика, ўтган тўрт ой, беш ой давомида юз мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ўзбекистонга қайтган. Бу тўрт ойда юз мингдан ортиқ.
Яқинда Мирзиёев ҳам худди шу фактни тасдиқлади. Йил охиригача яна 300 мингга яқин ўзбекистонликлар қайтиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.
Бу дегани мигрантлар ҳақиқатда қайтаяпти. Чунки бу босимларда, бу шароитда яшаб, ишлаш жуда қийин.
Қолаётганлар эса, боя, юқори айтганимдек, қайтишни истайди, аммо иш, пул заруратидан, эҳтиёжи юқорилигидан қолишга, Россияда ишлашга мажбур.
Россия энг йирик меҳнат бозорилигича қоладими?
Россия, афсуски, бу яқин йилларда ҳам ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозорилигича қолади. Чунки бошқа давлатлардаги меҳнат бозорлари оддий халқ учун қулай эмас.
Дейлик, Жанубий Кореяга кетиш ёки Европа мамлакатларига кетиш учун маълум талаблар бор. Бу тил билиш талаби ё тўловлар талаби, виза талаблари оддий одамлар учун қулай эмас, осон эмас.
Шунинг учун ҳам визасиз бўлган ва шундай бориб, ўзбекистонликларнинг ичида, қурилишда ёки тил талаб қилинмайдиган жамоаларда, йирик фабрикаларда ишлаш - ўзбекистонликлар учун, Россияда, афсуски, қулайлигича қолади. Шунинг учун кетиш давом этади.
Мактабни битирган, ўқишга киролмаган ёш йигит-қизлар ўз-ўзидан Россияга кетмайди, у ерда уларнинг кимларидир бор, танишлари, дўстлари ва уларнинг ичига бориб жойлашиш ва ишлаб, Ўзбекистонга пул юбориш, барибир, ойликлар орасида катта фарқ бўлганлиги учун, Россия ўзбекистонликлар энг кўп борувчи давлатлар юқорилигида қолади.
Туркия ҳам бор, Қозоғистон ҳам бор, аммо бу икки давлат вариантлари ўзбекистонликлар учун Россияга қараганда маошлари нисбатан кам ва иш имкониятлари Россиячалик кўп эмас.
Шунинг учун ҳам бу ерларга талаб Россия қадар бўлмайди. Бунинг устига ҳозир Қозоғистонга киришга ҳам чекловлар қўйилган, ҳатто Россияга киришга таъқиғи бор одам Қозоғистонга киритилмайдиган бўлди.
Бу ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар учун ҳам жуда адолатсиз. Аммо келишувимиз бор, деб, шундай бўлди. Қозоғистонда чекланди.
Туркияда эса, биласиз, ҳужжатларга, қонуний ишлашга талаб кучайтирилди. Ҳужжатлар талаб қилина бошланди.
Четга ишлашга кетамаган деган оддий ўзбекистонлик учун четга чиқиш тобора қийинлашди.
Айрим давлатлар бор-йўғи Ўзбекистон фуқароси бўлганлиги учун киритмаяпти мамлакатга.
Охирги хабарларни кузатадиган бўлсак, асоссиз киритмаяпти.
Туркияга, Қозоғистонга, дейлик, агар Россияда таъқиғи бўлса, визасиз борадиган мамлакатлари жуда чекланди.
Шунга қарамасдан, ўзбекистонликлар энг кўп кетишга ҳаракат қилаётгани, Россияга боришни истамай, бошқа бир жойдан ишлаб, пул топиш тилаги бўлган мамлакатлар бу Европа давлатлари бўлаяпти.
Ўша Россиядан қайтган, Россияга қайтишни истамаган энг кўп ўзбекистонлик мигрантлар Европага ҳаракат қилаяпти.
Буни кузатиб бораяпман. Эркаклар, дейлик, ўша юк машиналари ҳайдашга, аёллар уй ишларига виза орқали бўлса ҳам, қандайдир имконларини қилиб, ҳаттоки, тил ўрганиб, кўпроқ ўртакаш ширкатлар орқали иш топишга ҳаракат қилаяпти.
Россия эса, ўзбекистонликлар учун, қўштирноқ ичида, ихтиёрий-мажбурий миграция мамлакатига айланганича қолаяпти.

Сапарбой Жубаев
Иқтисодий таҳлилчи, Қозоғистон
Россия билан Қозоғистонни тенглаштириб бўлмайди...
Чунки Қозоғистоннинг иқтисодиёти бир ўн баравар камроқ.
Шунинг учун ҳам бир ўн баравар камроқ одамни қабул қилиши мумкин яна қўшимча.
Нимага, чунки Россияда айрим маълумотларга кўра, бир уч миллионга яқин одам бор десак, улар Қозоғистонга келса, сиғмасди.
Лекин 10 фоизи, яъни 300 минги Қозоғистонга сиғади. Чунки Қозоғистонда бугунги кунда 700-750 минг бўш иш ўринлари бор.
Асосан шу қурилишда, йўл қурилишида, яна бошқа маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам.
Масалан, шу Остонанинг ўзида қурилишда бир 50 мингми одам керак.
Шу ерга, менимча, ўзбекистонликларнинг, энди 300 мингининг ҳаммаси бўлмаса ҳам, бир учдан иккиси, 150-200 минги иш ўрни топа олади, бунга муқобили бўла олади Қозоғистон.
Асосан, Қозоғистоннинг шимолида умуман иш ўринлари бўш.
У ерда 3 миллионга яқин славян, рус, беларусь, украинлар бор.
Қозоғистонда тил масаласи, бошқа нарсаларда талаб кучайгани учун улар ҳозирги вазиятда Россияга кетишаяпти.
Шимолий жойлар, қишлоқлар, овуллар бўшаб қолаяпти. Шу ерга жанубдан одамларни кўчириш программаси бор. Шу билан бирга четдан келган одамларни ҳам шу шимолий ҳудудларга жойлаштириш, деган нарса бор.
Агарда ўзбекистонликлар келиб, шу ерда ишлайман, мол боқаман, қурилишда ишлайман, йўл қураман, сув, бошқа ишларни қиламан, деса, ҳеч қаршилик йўқ, барини ишлатаверади.
Мигрантларнинг даромади жиҳатидан Қозоғистонни Россияга солиштириб бўлмайди, албатта.
Россияда, масалан, энди 100 дейлига, 100 олса, Қозоғистонда олтмиш, етмиш, етмиш фоиз олади-да.
Аммо Ўзбекистон билан солиштирганда, Қозоғистондаги маош икки, икки ярим баравар кўпроқ.
Шунинг учун ҳам кўпчилик одамлар Қозоғистонда хизмат турларида, бошқа ишларда жуда кўп ишлашади.
Нега кўпроқ норасмий?
Бу ерда рўйхатга туриш, кейин солиқ тўлаш масалалалари бор. Чунки солиқни нафақат ишлаш учун келган одам, иш берувчининг ҳам тўлаши тақозо этилади. Бу ерда жуда кўп солиқлар бор. Бир етти турли солиқ бор. Кўпчилик шунақа тўловлардан қочади.
Шунинг учун, Қозоғистонда ҳам қариндош-уруғчилик деган нарса кучли бўлгани боис, ўзбекистонлик қозоқ миллатига мансуб кўп ёшлар бу ерга келиб, бемалол, ҳеч қанақанги қўрқмасдан ишлайверади.
Улар шу ўзбекистонликни, бошқа миллат вакиллари, тожик бўлсин, ўзбек бўлсин, ҳаммасини ишлатаверади.
Айниқса, қишлоқ хўжалик ишларида жуда кўп. Мен буни жуда яхши биламан.
Расмий статистикасига келсак, бир 40-50 минги рухсат берилгани деб айтилади, норасмийси шу 400 минг дейилади, ўн баравар катта.
Чунки кўпчилик меҳмон бўлиб келиб, дўстлариникига келиб, шунақа ишлайверади, асосан қурилишда.
Бизда 18-20 фоиз соя иқтисодиёти бор, қурилишда асосан. Шу қурилишда асосан ўзбекистонликлар ҳеч расмий ишламасдан, иш берувчилардан пул олиб, ишлайверишади.
Буларни ишлатаман, дейдиган уюшма бўлса, у жавобгарлигини ўзига олади. Одатда, энди очиқ айтавериш керак, текширув органлари билан ҳам тил топишади. Шунақа нарсалар бор, кўп.
Лекин расман ишлагани яхши. Солиғини тўлаб, отчисленияларини қилиб, шундай ишлаганида, унда ҳеч ким норози бўлмайди.
Энди яна иккинчи нарса, боя айтганимдек, 20 фоизча соя иқтисодиёти одамлари ишлатади. Кейин одамлар норози бўлиб юради, пулини вақтида бермади, у, бу деб, менга ҳам кўп ўзбекистонликлар мурожаат қилишади. Мен қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.
Лекин сифатли ишламади, вақтида ишга келмади, шунақа, шунақа деганлар бор.
Остонада, ошхоналарда жуда кўп ўзбекистонликлар ишлашади, официант бўлиб, ошхона ишларида, идиш-товоқ ювишда, шу ерда жуда кўп. Энди, ҳар бир ресторанга борсангиз, беш, ўнта одам шу ерда юрибди.
Лекин бу ерда бир, иккита масала бор...
Чунки Қозоғистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида Россия билан бирга. Яъни, биз Россиянинг чегарасимиз Ўзбекистон билан ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқи бўйича.
Шунинг учун ҳам, Россиянинг талаби бўйича уларда ўзбекистонликлар, тожикистонликларга қўйиладиган талаблар Қозоғистонда ҳам қўйилади. Масала шунда, шуни инобатга олиш керак бўлади.
Қозоғистонга (ишчи кучи - таҳр.) керак, лекин талаб сал кучлироқ бўлса керак, дейман.
Чунки олдин Россияга киритилмайдиган одамлар Қозоғистонда юраверарди. Энди эса, назоратга, ҳисобга тушиб қолиб, Россияга киритилмасин, деган одам, энди Қозоғистонга ҳам киритилмайди. Россия қанақа талаб қилса, Қозоғистон ҳам шунақа талаб қилади энди.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи бўйича талаблар бор, четдан келган одамларга квота қўйиш керак, уларнинг солиқлари, уларни рўйхатга олиш, уларни турадиган жойларини ҳисобга олиш масалалари бор.
Энди, очиғини айтиш керак, ҳалиги сепаратизм, терроризм, деган фикрлар бор. Шунинг учун қозоғистонликлар томонидан чегарада сал қаттиқроқ текширув бўлади.
Лекин иш жойи бор, демоқчиман-да, агарда ким ҳақиқатан ҳам Қозоғистонда ишлайман, бутун қонунларига риоя қиламан дейдиган бўлса, уларга чеклов бўлмаса керак.
Бошқа томондан, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик тўғрисидаги шартномага асосан бу ерда ўзбекистонликларга қонуний иш беришга ҳеч қанақа қаршилик йўқ.
Албатта, барибир, Қозоғистон шу ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг талабларини бажариб, иш бериши мумкин. Чунки Қозоғистонда мана, хитойликлар ишлаяпти, вьетнамликлар, Бангладеш, покистонликлар ишлаяпти.

Фазлиддин Мадиев
Анқара Ҳожи Байрам Валий Университети Халқаро алоқалар бўлими докторанти.
Сўнгги пайтларда эмас, аслида, йиллар давомида Туркияда меҳнат муҳожирларига нисбатан (ёки, умуман муҳожирларга нисбатан) рейдлар доим бўлиб турган.
Туркияда бу йигирма йиллардан бери давом этиб келаётган жараён.
Илгари ҳодисалар Туркия ТВларида кўпроқ ёритилган бўлса, интернетнинг ривожланиши туфайли хабарлар кенгроқ оммалашди. Қолаверса, ўзбекистонликлар (айниқса, хотин-қизларимизнинг) Туркияга асосан уй ишлари, бола қараш ва хасталарга қараш учун келишининг кўпайгани ўзбекистонликларнинг эътиборини бу борадаги масалаларга яна ҳам диққат билан қараш долзарблигини оширди.
Гап шундаки, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида узоқ йиллар давом этган "сиёсий совуқлик" бир томонлама, яъни Туркия томонидан жиддий эътиборга олинмас ва Ўзбекистондан келган ишчи-муҳожирларга норасмий бўлса ҳам ишлаш имкони кенг эди ва бу имкониятдан икки томон ҳам манфаатдор бўлган. Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд.
Лекин кейинги пайтларда, Туркияда ноқонуний муҳожирларнинг миллионлаб кўпайиши (Сурия, Ироқ, Афғонистон, Покистон, Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан келган муҳожирлар сонининг ўсиши) улар орасида турли ноқонуний ва норасмий жиҳатларнинг кўпайгани ҳукуматни ҳам аҳолини ҳам жиддий безовта қилмоқда.
Айрим сиёсий партияларнинг буни ўз сиёсий дастурлари учун дастак қилиб олгани ҳам халқ орасида бунга қарши норозиликни кучайишига олиб келаяпти.
Қолаверса, Туркияда меҳнат муҳожирлари учун бир эмас, бир қанча стандартларнинг ишлаётгани, бу борада бирор бир қатъий расмиятчиликнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда, деб биламан.
Москвада бўлган воқеадан олдин ҳам ўзбекистонликлар учун Туркияга киришда муаммолар бўлаётганини кузатиб келаётгандик. Яъни Москва воқеаси бунга сабаб эмас.
Гап шундаки, кейинги йилларда Ўзбекистондан ва унга қўшни бўлган давлатлардан АҚШга (ва бошқа Европа давлатларига кетиш) ноқонуний кетиш нуқтаси Истанбул бўлиб қолди.
Бу борада икки давлатнинг махсус идоралари томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар ва бундай ноқонуний ишларнинг олдини олиш учун келишувнинг бўлгани туфайли бўлса керак, кейинги пайтларда Ўзбекистондан Туркияга бир томонлама билет олганлар (бунинг бошқа шкалалари ҳам бор) яна қайтариб юборилмоқда.
Бунга яна бир сабаб қилиб, Ўзбекистондан келадиган эркак ишчи кучининг ўрнини юқорида санаб ўтилган давлатлардан келган муҳожирларнинг тўлдираётгани ҳам бўлиши мумкин.
Бўлди, ортга, Ўзбекистонга қайтаман, ўша ерда бир кунимни кўрарман деганларқанчалик кўп, яъни ортган?
Энг яқин нуқтадан оладиган бўлсак, ўзбекистонликлар учун Туркияда меҳнат қилиб пул топиш кейинги икки йилда унчалик ҳам жозибадор эмас.
Бутун дунёнинг хабари бор, кейинги икки-уч йилда Туркияда жуда қаттиқ инфляция ва иқтисодий стабилликда беқарорлик мавжуд.
Лекин бу дегани, ўзбекистонлик муҳожир ишчилар учун иш имконлари йўқ дегани ҳам эмас.
Ўз маошларини глобал валюта ҳисобида олишга келишган ишчиларимизда унчалик муммо йўқ. Айниқса, уйларда ишлаш учун Туркияда ўзбекистонлик хотин-қизларга доимо талаб юқори бўлиб келган.
Бундан ташқари, эркак иш кучи талаб қиладиган чорвачилик ва қурилиш ишларида ҳам яхши даромад қилса бўлади.
Лекин, юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, Туркияда мигрант ишчилар борасида тизимга тушган стандарт йўқ (масалан, Жанубий Корея, Япония, Исроилдаги каби).
Мана шу жиҳат биздан келган ишчиларимизнинг кўпинча ноҳақ вазиятларга тушиб қолишига сабаб бўлади, бўлаяпти.
Негадир, Туркия давлатининг ўзи ҳам бу борада бирор тизим яратишга шошмаётгани ҳам алоҳида мавзу.
Қизиқ томони, кейинги пайтларда иқтисодий вазият Туркиядан кўра, Ўзбекистонда анча барқарор (лекин бу қиёслаш учун ўрнак, холос).
Йиллар давомида ишлаб, Туркиядаги иқтисодий вазият қийинлашгандан кейин Ватанимизга қайтиб кетаётган ишчи ватандошларимизнинг салмоғи кўпайганини ҳис қилиш мумкин.
Аммо бу борада аниқ статистиканинг борлигини билмайман.
Умуман, Ўзбекистондан бу ерга келиб ишлаётганлар тарихининг ўзи алоҳида бир (балки бир қанча) илмий тадқиқот масаласи бўлиб ўртага чиққанига ҳам анча бўлган.
Агар бу борада илмий тадқиқотлар олиб борилса, Ўзбекистондан бу ерга келадиган ишчи-муҳожиларни гуруҳлаштириш, расмий ва қонуний салоҳиятини ошириш учун жуда фойдали бўлади, деган фикрдаман.
Туркиянинг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари учун муқобил йирик ташқи меҳнат бозорларидан бири бўлиб қолиши, айниқса бугун, нимаси билан муҳим?
Бир сўз билан айтганда, йўқ. Туркия катта миқдорда Ўзбекистондан келадиган мигрант ишчилар учун йирик муқобил ташқи меҳнат бозори бўлиб қолиши эҳтимоли анча паст (энг камида расмий томондан бунинг бўлиши қийин деб ўйлайман).
Бироқ, юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, Туркияда ўзбекистонлик ва уйда ишлайдиган хотин-қиз ишчилар учун талаб доим бор.
Аммо бу расмий тизимга солинмаган иқтисодий-инклюзив иш соҳасидир ва бунинг ҳар иккала томон учун фойда-зарарини ҳисоблаб чиқиш учун аниқроқ статистикалар керак бўлади.
Бироқ Туркия барибир иқтисодий томондан ўсиб бораётган давлат ва маълум вақтга келганда, ишчи кучига талабнинг ошишини кузатиш мумкин.
Лекин бу қанчалик тизимлаштирилади бунга жавоб бериш мушкул.
Гап шундаки, Туркия ёшлари ҳам айни йилларда чет элга мигрант ишчи сифатида кетаётганлар статистикасида энг юқорида турган давлатлар қаторида турибди.
Бундан ҳам ёмони, малакали ишчи синфида ҳам шундай жараён авж олган.
Балки буни Туркиянинг кейинги пайтларда ҳарбий саноат учун жуда катта бюджет ажратаётгани билан изоҳлаш мумкиндир.
Бу эса Туркияда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий параллеликнинг бир биридан фарқ қилиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Кейинги жиҳат эса, Ўзбекистонда ҳам кейинги пайтларда иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар ҳаёт стандартларини Туркия билан деярли бир хил даражага олиб келмоқда.
Энг катта фарқлардан биттаси, Туркияда "истеъмол саватчаси" (асгери ужрат) иқтисодий-сиёсати амал қилади ва энг кам иш ҳақи борасида аниқ рақамга эга.
Лекин Ўзбекистонда ҳали бу сиёсат амалга оширилмади.
Ўзбекистонликлар учун Туркиянинг яна бир жозибали тарафи бу ердаги сиёсий эркинликнинг биздан кўра анча юмшоқ экани ҳамдир.
Балки шу сабаб, бу ерда камроқ топса ҳам эркинроқ юришни афзал кўргани учун ишлаб юрган бўлишлари эҳтимол (аммо кейинги пайтларда бу ҳам анча қийинлашди).
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтсак бўлар. Кейинги йилларда ўзбекистонлик хотин-қизларнинг Туркияга турмушга чиқиши анча кўпайган ва бу борада расмий статистикада 1-ўринда турибди (алоҳида эътиборга молик томони шуки, жуда кўп хотин-қизларимиз Туркияга ишлашга келиб, маълум вақтдан кейин Ўзбекистонга қайтиб кетишган ва кейинги келишларида Туркияга турмушга чиқишмоқда. Мана шу ҳолат ҳам алоҳида илмий-психологик тадқиқотни талаб қилади).
Шундай хулоса қилсак бўладики, Туркия Ўзбекистондан бу ерга келин бўлиб келадиган хотин-қизларимиз учун йирик ва муқобил бозор бўлиб қолиши эҳтимоли катта.
Лекин асосий даромад топишга қаратилган эркаклар ишчи қатлами учун етарли даромадга сабаб бўладиган ташқи бозор бўлиб қолиши мушкул.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













